loader

Амир Саййид Олимхоннинг Россияга киритган олтин ҳисобидаги сармоялари

Амир Саййид Олимхоннинг ҳаёт фаолияти ва тақдири ҳар жиҳатдан Россия билан боғлиқ бўлди. У ўн уч ёшга тўлгач, отасининг истаги ила Санкт-Петербургда уч йил (1894-1897 йилларда) ҳарбий билим юртида ўқиди. Рус тилини ўрганди. Махсус тузилган дастур асосида давлатни бошқариш ва ҳарбий билимдан таълим олди.

Буюк маърифатпарвар ва Россия қўли остидаги мусулмон дунёсида жадидчилик ҳаракати ривожига раҳнамолик қилган Исмоилбек Гаспирали Туркистонга 1908 йилда иккинчи бор келганида Бухорода бўлиб, 27 ёшли валиаҳд Саййид Олимхон билан ҳам учрашади ва мулоқотда бўлади. Шундан сўнг Қримга қайтиб, Бухоро ҳақида ёзган мақолаларида унинг рус матбуоти билан танишлиги ва рус тилида гаплашиши ҳамда дунёвий илмлардан хабардорлиги ҳақида илиқ сўзларни айтади.

Вассал Бухоро амирлиги тахтига 1910 йилда ўтирган амир Саййид Олимхоннинг давлатни бошқаруви, халқаро сиёсий ва иқтисодий аҳволи Россияга тобеликда кечди. Бу эса ўз-ўзидан амирлик хазинаси ҳамда иқтисодиёти ўз-ўзидан Россия билан боғланишига олиб келди. Амир, бир томондан, Россия ишлаб чиқаришига маълум мақсадда катта миқдорда инвестиция киритиб, унинг эвазига хазинани янада бойитишга бироз муваффақ бўлди. Иккинчи томондан эса, Россияга ҳар йили катта-катта миқдорда ўлпонлар тўлади. Маълумки, амир Саййид Олимхоннинг бобоси амир Музаффархон 1868 йилда Россия армиясидан енгилгач, 500 минг олтин товон тўлаш билан унга вассаллик ҳақидаги битимга имзо чекишга мажбур бўлган эди. Худди шундай ҳолда 1918 йил март ойида ленинчи большевик Колесов Бухорога хужум қилиб енгилган бўлса-да, ғолиб амир Саййид Олимхон келишувга биноан босқинчи коммунистик совет ҳукуматига 100 вагон буғдой товон тўлаш ва ўз армиясини 12 мингдан оширмаслик шартига мажбур бўлиш билан сиёсий мустақилликни қўлга киритади.

Амирлик хазинасига оид ҳужжатлар ва маълумотларга суянган ҳолда амир Саййид Олимхоннинг Россияга киритган сармояларини мазмунига кўра тўрт хил турга бўлиш мумкин: 1) Россиядаги қурилишлар, ишлаб чиқариш ва мануфактураларга сарфланган сармоя-инвестициялар; 2) Рус подшоси ва амалдорлари юбилейлари ҳамда бошқа муносабатлар билан уларга берилган қимматбаҳо совға-саломлар; 3) Россияга уруш олиб бориш ва бошқа шу каби фавқулодда ҳолатлар даврида олтин ҳисобида берилган ёрдам маблағлари; 4) Росси билан савдо-сотиқ ишларига сарфланган маблағлар.

Маълум бўлишича, амир Саййид Олимхон иқтисодиёт, яъни ҳозирги замон тилида айтсак, ишбилармонлик – бизнес соҳасида ҳам ўзининг муайян си ёсатига эга бўлган. У таниқли рус корчалон (ишбилармон)лари, савдо ва қурилиш ҳамда молия соҳаларининг ташкилотчилари А.А.Нератов ва Иван Стахеев каби кишилар билан шахсан яқиндан ҳамкорликда бўлган. Улар билан икки томонлама манфаатдорликка асосланган молиявий ҳамкорликни амалга ошириб, каттагина муваффақиятларни қўлга киритган. Бунга эса Россияда амирлик хазинасидан фойдаланишга катта иқтисодий эҳтиёж борлиги сабаб бўлган.

Ҳужжатларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, Россияда ишлаб чиқариш ва саноат ҳамда савдо ривожланишида амирлик хазинасининг ҳиссаси катта бўлган. «Товар» ва Правители» номли хазинага оид ҳужжатлар тўпламидаги маълумотлар ҳамда бошқа ёзма манбалар гувоҳлик беришича, Россияда ўнлаб йирик темир йўллар қурилиши, мануфактураларнинг ишга туширилиши ҳамда банкларнинг фаолият юритишига амир Саййид Олимхон каттадан-катта инвестициялар киритган. Булар Нева ва Старо-Горькин мануфактуралари, Стахеев фирмаси, Шуя ва Шибанов корхоналари, Волга-Бугульма ва Рус-Бухоро темир йўллари, Рус-Осиё, Рус-Бухоро банклари ва бошқалардан иборат бўлган.

1928 йил 17 мартда ВКП(б) Марказий Қўмитасига берилган 0251-рақамли ҳамда унга орадан уч кундан кейин 20 мартда қўшимча қилиб юборилган 02256-маълумотномаларда қуйидагилар баён этилади: «Саййид Олимхон ўз бйлигини Россиядаги катта тадбиркорларга бериб, олтин ва бошқа қимматбаҳо тошлардан иборат махсус фонд ташкил этади, ҳатто Голландияда қимматбаҳо тошлар савдосини йўлга қўяди. Инқилобдан олдин Россияда унинг бойлигидан фойдаланувчи катта бир фонд ҳам пайдо бўлади. Бунга тахминан 1914 йилда Россия Ташқи ишлари вазири дўстининг акаси охирги йилларда Россия молия сармояси (капитал) ривожланишига катта ҳисса қўшган таниқли тадбиркор арбоб А.А.Нератов воситачилик қилади. У орқали Бухоро амири Саййид Олимхон ўзининг шахсий бойлигини ҳиссадорлик асосида Стахеевнинг фирмаси корхоналарига уч босқичда ўтказган». Яна юқоридаги ҳужжатларда кўрсатилишича, 1917 йилга келиб, Россияга Бухоро амири киритган сармоя-инвестицияларнинг умумий миқдори олтин ҳисобида 42,5 миллион сўмга етган. Стахеев эса амирдан олган пулларга Россия тўқимачилик саноатининг бир неча йирик корхоналарини сотиб олган. Буларнинг қаторида гигант Нева мануфактураси ҳам бўлган. Амир билан Стахеевнинг олди-берди муомаласи Рус-Осиё банки ҳамда Бирлашган банк орқали амалга оширилган.

Тилга олинган юқоридаги ҳужжатда яна ўқиймиз: «Стахеев корхонаси қисман ҳозирги пайтда ҳам сақланиб қолган (1928 йил назарда тутилмоқда – С.Х.) Рус-Осиё банки бойлигининг катта бир қисми, бутун ўз бошқармаси билан бирга Стахеевнинг тасарруфида бўлган».

Бу йирик рус корчалони корхоналарининг Марказий бошқармаси Париж шаҳри (Франция)да бўлган экан. Юқоридаги ҳужжатда қайд   этилишича, амир Саййид Олимхон томонидан Россияга киритилган сармоялардан тушган фойда (дивиденд)нинг маълум бир катта қисми Париждаги банкка ҳам оқиб ўтиб турган. Шуни ҳам айтиш керакки, Росси я банклари амирнинг сармоясини муомалага киритиб катта фойда олганлар.



Катта тадбиркор А.А.Нератов Волга-Бугульма темир йўли қурилиши бошқармаси раиси бўлган. У бизнесмен сифатида Бухорода бир неча марта бўлиб, амир билан яқиндан алоқа боғлаган. Бевосита унинг воситачилигида амир Рус-Осиё савдо банки орқали Россиянинг Катта Рус қоғоз ишлаб чиқариш фабрикасига 33 миллион, Рус-Бухоро банки ташкил топишига 2,5 миллион, Рус-Бухоро акционерлик (ҳиссадорлик) жамиятига ҳам 2,5 миллион, Бухоро темир йўли қурилишига эса 3,5 миллион олтин ҳисобида сармоя ўтказгани ҳужжатларда қайд этилган.

Иккинчи катта корчалон Стахеев амир Саййид Олимхондан 8 фоиз ҳисобида кредитга олган 25 миллион олтин пулни Нева, Шуя, шибанов ва Старо-Горькин мануфактураларига сарфлаб, уларни оёққа турғизади. Булар эса, ўз ўрнида яхши фаолият юритиб, Россияга миллиардлаб моддий фойда келтиргани, шунинг билан бирга унинг иқтисодиёти тараққиётига катта ҳисса қўшгани ҳам аниқ кўриниб турибди. Бошқача қлиб айтсак, амирлик хазинаси Россияда «капитализм» ривожига сезиларли даражада мадад берган. Бу эса ҳозирги кундаги Ўзбекистон-Россия иқтисодий ҳамкорлигининг тарихий илдизларидан биридир.

Ф.Хўжаевнинг гувоҳлик беришича, «Амир миллион-миллион сўмлик маблағларини савдо соҳасида, темир йўл компанияларида, рус ва чет эл фирмаларининг саноат корхоналарида ишга солган». Шунингдек, у келтирган Россия подшо ҳукуматининг Бухородаги ваколатли амалдори П.Введенский томонидан 1920 йил 26 февралда амир ҳукуматининг талаби билан ёзилган амир ва рус ҳукумати иқтисодий алоқаларига оид тўла бўлмаган ҳисоботда ҳам эътиборга молик маълумотлар бор. Бу ҳисоботда кўрсатилишича, амир томонидан рус савдо ва саноатига киритилган маблағларнинг миқдори қуйидагича бўлган:

Жаноби олийларининг (амир Саййид Олимхон назарда тутилмоқда) рус корхоналаридаги иштироки

I. Нақд капитал

1. Рус-Бухоро акциядорлик жамиятида:

нақд пахтанинг қиммати                      — 4.608.800 сўм

2. Рус-Осиё акциядорлик жамиятида:

нақд пахтанинг қиммати                      — 2.500.000 сўм

3. Бухоро банкидаги:

нақд пахтанинг қиммати                      — 500.000 сўм

4. Ип йигириш корхоналаридаги:

нақд пахтанинг қиммати                      — 30.000.000 сўм

5. Бухоро темир йўлида:

нақд пахтанинг қиммати                      — 111.250 сўм

Жами:                          — 37.720.050 сўм



II. Товар ҳисобидаги капитал (сармоя)

1. Рус-Бухоро акциядорлик жамиятида:

а) Нақд пахтанинг қиммати                 — 46.088.000 сўм

б) Жуннинг қиммати                         — 361.500 сўм

в) Қоплар қиммати                           — 186.000 сўм

г) Қоракўл тери қиммати                    — 635.000 сўм

д) Сахтиён тери қиммати                    — 184.000 сўм

е) Ҳар хил товар ва материаллар қимати   — 80.000 сўм

Жами:                          — 47.534.500 сўм

Жаноби олийлари иштирокининг ярим улуш — 3.003.750 сўм

2. Рус-Осиё пахтачилик жамиятидаги:

а) Нақд пахта қиммати                       — 31.180.900 сўм

б) Чигити олинмаган пахтанинг қиммати    — 1.144.200 сўм

в) Уруғлик қиммати                           — 3.696.355 сўм

г) Линт қиммати                               — 245.400 сўм

д) Бўз (мато) қиммати                        — 72.190 сўм

е) Қоп-қанор қиммати                         — 571.450 сўм

ж) Сим қиммати                               — 237.600 сўм

з) Капоп ип қиммати                          — 106.000 сўм

и) Пахта толаси қиммати                      — 15.151.100 сўм

к) Уруғлик қиммати                            — 318.820 сўм

л) Материаллар қиммати                      — 200.000 сўм

Жами:                            — 52.924.015 сўм

Жаноби олийлари иштирокининг ярим улуши —3.147.538 сўм

III. Умумий маълумот

1. Нақд пул (капитал)                       — 38.612.500 сўм

2. Жаноби олийларининг икки

акциядорлик жамиятидаги иштирокининг

ярим улуши                                  — 62.151.288 сўм

Жами:                                        — 100.763.788 сўм  

Ушбу ҳисоботнинг тагидаги «Изоҳнома»да алоҳида таъкидлаб кўрсатилишича, амирга Бухоро банкига ва Бухоро темир йўлига қўйилган сармоялардан белгиланган шартлар асосида дивиденд (фойда) тўланиши шарт бўлган. Шунингдек, Ип йигирув корхонасига қўйилган сармоядан амирга 7 фоиз кафолатланган фойда берилган. Яна шу йилларда Бухоро ҳукуматидан Россиянинг Бухородаги резидентига ҳам маблағлар тушиб турган.

Агар юқоридаги ҳисоботдаги маблағнинг ҳаммаси жамланса, амирнинг Россиядаги нақд пули ва ҳар хил товарларининг умумий қиммати 160.445.803 сўмни ташкил этади. Бу ҳолат Россияга қилинган экспортда ҳам кўзга яққол ташланади: 1850-1860 йилларда Россияга 30-40 минг дона қоракўл экспорт қилинган бўлса, 1911-1914 йилларда бу 1,5 миллионга етган.

Бухоро амирлиги энг бой мамлакат бўлиб, россияга салкам ярим асрлик васаллиги даврида беҳад кўп миқдорда маблағ сарфлади. Бу тўғрида Файзулла Хўжаев шундай деб ёзади: «Жуда катта миқдордаги миллион-миллион сўмлар амир томонидан рус саноати корхоналари, темир йўллари компаниялари ва савдосига ҳамда чет эл фирмаларига сарфланган».

Евгений Березиков ўзининг «Красная Бухара» (Тошкент, 1988) номли тарихий романида агар рост бўлса, Россия Биринчи жаҳон уришига кириши ва унга бўлган амирнинг муносабати билан боғлиқ бир қизиқ воқеликни кўрсатиб ўтади. Амир Саййид Олимхон ўз мунажжими Сўфи ибн Зайдни чақириб, бу урушда қатнашаётган рус подшоси Николай II нинг тақдири қандай бўлади, деб срайди. Шунда у «оқ подшо» тахтга ўтирган йил ва соат вақтини билиш керак дейди. Шундан сўнг амир Россия Ички ишлар вазирлиги орқали Николай II нинг 1896 йил 14 май куни эрталаб соат ўн бирда тахтга ўтириши маросими бўлганлиги ҳақидаги маълумотни олади-да, мунажжимни чақиртиради.

Мунажжим Сўфи ибн Зайд «оқ подшо» тахтга ўтирган пайтдаги юлдузларнинг жойлашишига қараб, унинг ҳукмронлиги даврида катта муҳораба бўлиши, армия унга қарши қўзғалон кўтариши, ҳарбий бошлиқлар орасида норозилик кучайиши, охир-оқибатда эса подшо ҳалок бўлишини айтади. Шундан сўнг амир рус сиёсий агенти генерал Галкинни чақириб, унга «Уруш, касал ва ярадорлар учун» бир миллионлик чек, яна икки минг нақд пулни бериб, шундай дейди: «Уруш ёмон оқибатларга олиб келади. Армия қўзғалон кўтаради, халқ бўйсунишдан бош тортади ва ҳамма ҳукмдорларни ағдариб ташлайди».

Амир Саййид Олимхоннинг Россияга муруввати Германия уруш эълон қилиши биланоқ бошланган эди. Мана бир мисол. «Туркестанские ведомости» газетасининг 1914 йил 2 август сонида«Благой почин» («Мурувватли ташабббус») деган сарлавҳа остида қуйидагича хабар босилади: «Бухоро амири Ҳазрати Олийлари сахийлик билан «Қизил хоч» («Красный крест»)га юз минг олтин ҳисобидан пул ўтказиб катта ташаббус кўрсатди. Бу ташаббус ўзидан сўнг бир неча катта миқдордаги ионаларга йўл очиб берди».

Николай II амир Саййид Олимхоннинг бу ҳимматларини юқори баҳолаб, унга 1915 йил 30 декабрда генерал-лейтенант ҳарбий унвонини беради. Амир ҳақиқатан ҳам Россиянинг урушда ғалаб қозонишига катта ёрдам берди. У 1914, 1915 ва 1916 йилларда Россияга ҳар йили бир миллиондан жами 3 миллион олтин ҳисобида сармоя беради. Булардан ташқари амир Николай II талабига кўра, 1914 йилнинг ўзида Россияга 10 дона тўп, 500 та бешотар милтиқ, 1500 та чопқир от ва бошқа уруш учун керакли нарсаларни инъом этгани ҳам маълум.

давоми бор