СОВЕТ ИТТИФОҚИ ВА ҲУР ДУНЁ НУҚТАИ НАЗАРИДАН ТУРКИСТОННИНГ СТРАТЕГИК АҲВОЛИ*
Қуйида атоқли олим, тарих фанлари доктори Б.Ҳайитнинг “Совет Иттифоқида туркликнинг ва Исломнинг баъзи масалалари” (Истанбул, 1987) китобидан олинган бир мақоласини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этаётирмиз. Мақола АҚШ, Англия, Олмония, Индонезия, Туркия каби йирик мамлакатларда, шунингдек, араб юртларида ўнлаб тилларда газет, журналларда босилган. Ўзбек тилида биринчи марта эълон қилинмоқда. Ундаги баъзи атамалар, айрим фикрлар бироз эскирди. Чунончи, “Совет Иттифоқи” деган атаманинг ўзи истеъмолдан тушди. Бир қатор жумҳуриятлар ўз Давлат мустақиллигига эришдилар. Аммо мақола ҳамон ўз қимматини йўқотгани йўқ.
Туркларнинг бешиги сифатида қабул қилинган Туркистон бу кун Ўрта Осиё ва Қозоғистон деб юритилмоқда ва 4 миллион квадрат километрли тупроқлари билан Совет Иттифоқи ҳудудининг 20 фоизини ташкил этмоқда. 15 иттифоқдош жумҳуриятдан 5 таси (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) Туркистондир.
Туркистон, маълумки, дунёнинг муҳим цивилизация марказларидан ҳисобланади. Бу ўлка 1925-йилдан бери Совет терминологиясида “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” бўлиб қолди. Совет идора органлари бу ўлканинг исмини рад этиб, туркистонликлар орасида миллатга мансублик онгини йўққа айлантириш ниятида зўр бериб “Туркистон” номининг қўлланилишига қаршилик қилдилар. Одамни ҳайратлантирувчи ва янглиш бир шаклда, баъзан ғарблик тадқиқотчилар ҳам 1950-йилдан буён совет таъбири бўлган “Ўрта Осиё”ни қўлламоқдалар. Шу тариқа ғарб афкори умумиясида ва Ислом оламида “Туркистон” калимасининг унутилишига ҳисса қўшиб, совет нуқтаи назарига хизмат қилмоқдалар. Туркистон бутун Ўрта Осиёни юзага келтирмоқда, фақат Ўрта Осиё тупроқлари ичида бўлмоқда. Дунё қомусларида (масалан: Америка энциклопедияси, Британия энциклопедияси, Брокҳаус энциклопедияси ва бошқаларда) бу ўлка жўғрофий жиҳатдан очиқ-ойдин суратда “Туркистон” сифатида зикр этилмоқда.
АҚШ Конгрессининг 1959-йил июл ойида қабул қилинган “Асир Миллатлар Ҳафтаси” номли қонунида ҳам аён суратда “Туркистон” исмининг қўлланилиши диққатни ўзига тортади. Шуларга қарамай Радио Либерти (Озодлик радиоси)нинг раҳбарияти 1978-йил кузида ўз нашрларида “Туркистон” ўрнига “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” таъбирини қўлланиш мажбуриятини ўртага қўйди. Шундай қилиб, жуда катта обрўга эга бўлган Америка ташкилоти, АҚШ Конгрессида қабул қилинган қонунга зид иш қилди. Агар Ғарбда, совет терминологиясида Ўрта Осиё (“Централ Асиа”) атамаси ўрнига “Туркистон”ни қўлласайдик ва ўзимизни совет таъсиридан ҳимоя қилиб, бу ўлканинг миллий борлиги ва шахсиятини рад этмасайдик, фойдалироқ ва одилроқ бўлардик.
Бу кун Туркистонда яшаётган 42 миллион инсондан 32 миллиондан ортиғини турк ва мусулмон бўлган ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, қорақалпоқлар, уйғурлар, татарлар, озарбайжонлар ва тожиклар ташкил қилмоқда. Булардан қолган халқ эса рус мустамлакачилари (идора персоналлари, аскарий персоал) ва бу минтақага жойлаштирилган украинлар, белоруслар, эстонлар, литваликлар, олмонлар ва корейслардир.
Умуман, маълумки, Туркистоннинг бу кунги тупроқлари 1715–1897-йиллар орасида Россия томонидан одим-одим ишғол этилгандир. Шунга қарамай, Бухоро ва Хева давлатлари Чор Русияси замонида ич ишларида мустақилликларини сақлаб қолгандилар. Фақат бу давлатлар ҳам 1920-йилда совет тажовузи оқибатида “Бухоро ва Хева совет Халқ Жумҳуриятлари” ўлароқ эълон этилдилар. Совет ҳукумати бу икки давлатнинг мустақиллик ҳақларини музокаралар чоғида қабул этган эди. Аммо 1924-йилда совет ҳукумати бир уруш операцияси йўли билан бу икки давлатнинг чегараларида ёйилиб ва таҳдид этиб, давлат борлиқларига барҳам бериб, амалда тупроқларини ҳам ўзига қарам қилди.
Совет Иттифоқининг идора кучлари, Туркистоннинг дунё сиёсатидаги ва стратегик аҳамиятини халқлардан яширмоқдалар. Биз бу ҳолни хусусан қуйидаги соҳаларда кўряпмиз.
Туркистон Осиё ва Оврупо орасида боғланиш бунёд этган кўприкдир
Туркистон Татар-Бошқирдистон, Сибирия, Мўғулистон, Хитой (Хитой ҳокимиятидаги Шарқий Туркистон билан), Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Кавказия билан муштарак чегаралари бўлган жўғрофий бир макондир. Туркистонга қўшни бўлган бу ўлкаларнинг катталиги 33 миллион квадрат километрга тўғри келади. Бу ўлкалар Туркистоннинг 4 миллион квадрат километрлик юз ўлчови билан биргаликда жуда катта жуғрофий минтақа эканлиги шак-шубҳасиздир. Туркистон ва унга қўшни бўлган ўлкалар маданий, иқтисодий ва диний нуқтаи назардан бир-бирлари билан мустаҳкам боғлиқдирлар. Туркистондан Оврупога ва Ўрта Шарқ ўлкаларига қулай ва қисқа йўллардан бориш-боғланиш мумкин. Масалан, Москва Туркистон чегарасидан ҳаво йўли ила 1000 км, Краков – Украина 770 км, Ростов – Дон 711 км, Арзрум, – Туркия 1010 км, Бағдод – Ироқ 1210 км, Теҳрон – Эрон 640 км, Кобул – Афғонистон 290 км узоқликдадир. Рақамлардан ҳам англашиладики, Туркистоннинг Оврупо, Ўрта Шарқ ва Ич Осиё билан боғланиш имконлари жуда қулайдир. Бундай бир геополитик минтақа узра жойлашган Туркистон Совет Иттифоқига ҳар турли ташаббуслар имконини бермоқда.
Туркистон Совет Иттифоқининг бебаҳо ҳарбий истеҳкомидир
Совет Иттифоқи Туркистонда қўшни ўлкаларга қарши икки ҳарбий округига эга. Туркистондаги Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон Совет Жумҳуриятлари орқали Ўрта Шарқ, Ҳиндистон ва Покистон давлатлари ва Ўрта Осиёдаги Қозоғистон, Қирғизистон Совет жумҳуриятлари орқали Хитой ва Мўғулистон давлатлари контрол қилиб борилади, керак бўлганда ижро этиладиган ҳарбий операциялар шу икки ҳарбий округ томонидан планлаштирилади ва амалга оширилади. Ҳар икки ҳарбий округ ҳам энг замонавий қуроллар билан таъминланган бўлиб, совет ҳарбий идораси томонидан ҳам ҳамлакорлик кучи жуда юксак баҳоланмоқда. Бу икки аскарий қўмондонлик айни замонда Шарқда кўтарилиши мумкин бўлган масалаларга қарши совет аскарий идорасининг стратегик ва тактик жиҳатдан илк планлаштириш марказлари бўлиб қабул қилинмоқда. Туркистон, Ўрта Шарқ, Ич Осиё, Оврупога қарши совет планлари ва амалга оширадиган тадбирлари жиҳатидан ҳам етакчи куч сифатида саналмоқда. Бутун дунё жамоатчилиги, 1979-йил декабр ойидан буён Совет Иттифоқининг Афғонистонга қилган урушининг Туркистондаги ҳарбий округ томонидан планлаштирилганини яхши билиб олди. Туркистон геополитик ва табиий жўғрофияси ҳолатига кўра (жуда кенг ва ранг-баранг майдон эканлиги: саҳролар, водийлар, жарлар, тоғлар) атом бомбаси, ракеталар, учоқларнинг эҳтиёт қисмлари каби совет уруш воситалари ва Совет Армиясининг едириб-ичирилиши учун керакли бўлган маҳсулотларни сақлай олувчи асосий омбор бўлиб диққатни тортмоқдалар. Совет Иттифоқи ракеталарини ўт олдирувчи ва ҳаракатга солувчи майдон ҳам Туркистоннинг Бойқўнғир шаҳрида жойлашгандир.
Совет Иттифоқи керак ҳолларда эҳтиёжи бўлган уруш материалларини Туркистонда созлаб (ўнглаб) олиш имконига ҳам эгадир. Сталин 1943-йилда сўзлаган бир нутқида ўз фикрини изоҳлаб: “Ўрта Осиё Совет Жумҳуриятлари ва Қозоғистон (яъни Туркистон) Қизил Армиянинг энг муҳим қурол омбори бўлганини” маълум қилган эди. Биз, бошқа совет нашридан ҳам 1942-йилда Совет Иттифоқининг бутун тупроқларида фойдаланилган ҳарбий материал ИИ жаҳон урушидан олдин Туркистонда тайёр қилиб қўйилганлигини ўргандик. Бундан ҳам, Совет Иттифоқи керакли ҳолларда Совет Армиясининг эҳтиёжи бўлган бутун ҳарбий материлалини Туркистонда созлаб олиш имконига эга, деган маъно чиқмоқдадир. Туркистондаги совет қуролли кучларининг Ўрта Шарқдаги бутун ўлкалардан кучли эканлиги очиқ-равшандир.
Туркистон Совет Иттифоқининг хом-ашё базасидир
Афкор оламга маълумки, Туркистон советларнинг энг қимматли хом ашё базасидир, буни советларнинг ўзи ҳам бир неча бора эътироф этганлар. Совет индустриясининг хом моддага бўлган эҳтиёжини қоплашда бу ўлка ҳал қилувчи рол ўйнамоқда. Бу ҳақда “Бу кунги Туркистоннинг сиёсий ва сотсиал манзаралари” номли мақоламизнинг бир бобида баҳс юритгандик. Бу ердаги гапларга қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, Туркистонда яна ниҳоятда бой запасга эга бўлган уран, олтин, кумуш ва платина конлари мавжуддир. Бир совет газетасида Туркистоннинг бой қазилма бойликларига мисол қилиб шундай маълумот берилган: “Қозоғистон Совет Жумҳуриятида ҳар йили 120-130 миллион тоннага яқин темир, 100 миллион тонна нефт ва 35 миллион тонна пўлат олинади”.
Туркистоннинг ер ости манбалари нормал бир шаклда Совет Иттифоқининг бутун эҳтиёжларини қоплайди.
Туркистоннинг зироат бойликлари ҳам кенг бир суратда маълум бўлмоқда. Совет Иттифоқидаги бутун пахта ҳосилининг 95 фоизи, мева маҳсулотларининг 60 фоизи, каноп ҳосилининг 100 фоизи, пилланинг 75 фоизи, гуручнинг 65 фоизи, каучукнинг 100 фоизи, қоракўлнинг 100 фоизи Туркистонда тайёрланмоқда. Туркистон айни замонда Совет Иттифоқининг учинчи катта ҳубубот ётоғидир. Туркистоннинг иқтисодий бойликлари Совет Иттифоқига дунёнинг иқтисодий сиёсатида бир супер куч бўлиб ўз сўзига эга бўлиш имконини беради. Туркистоннинг иқтисодий бойликлари бўлмасайди, Совет Иттифоқининг эришган муваффақиятларига эришуви тўгрисида гап ҳам бўлолмасди.
Туркистон Шарқда коммунизмнинг таъсир марказидир
Туркистон коммунизмнинг Шарқдаги энг илғор қуролли кучи бўлиб майдонга чиқиши керак, деган тушунчаси, совет идорасининг қуйидаги ғоялари коммунизмнинг Шарқда ёйилиши борасида Туркистоннинг ўйнаган ролини тўла-тўкис намоён этмоқда.:
“Туркистон Шарқда ғояларимизнинг таъсир марказидир”;
“Туркистон коммунистик инқилоб микробини Шарқдаги ёювчиси бўлиши керак”;
“Туркистон тарихда Осиёнинг Оврупога очилган эшиги ролини ўйнаган. Ҳозир эса Оврупо учун (Русия учун деб тушунаверинг) Осиёга очилган эшик ролини ўйнаши керак”;
“Шарқ халқлари келажакда сотсиализм ва коммунизмдан қочиб қутулолмайдилар”.
Совет Иттифоқининг Шарқ сиёсатида Туркистон қандай масалаларда керак бўлиши ва янада аниқроғи Шарқда коммунизмнинг ёйилишига хизмат қилиши зарурлиги мавзуида совет идорасининг бундан бошқа яна бир қанча кўрсатмалари бордир.
Кенг жамоатчиликка маълумки, советлар коммунизмни Шарқда (айниқса, Ўрта Шарқда) тарқатиш учун олис масофаларга қўл узатганлар. Бу ерда мисол тариқасида совет ибораси бўлган “Тошкент руҳи”нинг туғилишини кўрсатиб ўтиш ўринли бўлар эди. Осиё, Африка ва Жанубий Америка ўлкалари учун 50-йиллари Туркистонда ташкил қилинган халқаро конференсия ва симпозиумларда Туркистоннинг оз ривожланган мамлакатлар учун “Совет системасининг мўжиза модели” сифатида тақдим этилганини ва кам ривожланаётган мамлакатларда кўпгина тарафдор ва симпатия қозонилганини эслайлик. Аслида Совет Русияси ҳокимияти остида эзилиб ётган Туркистон гўё ривожланган машъал жумҳурият сифатида кўрсатилиб, у орқали советлар тарафидан Ислом ўлкаларида қанчадан-қанча тарғибот олиб борилганини унутиб бўлмайди.
Совет Русияси Афғонистонни ишғол этгандан кейин, коммунизм аввал Русиядан Туркистонга киритилганлиги ва қурол кучи билан ўрнатилганлиги ойдинлашиб қолди. Коммунизм бу сафар айни ўша методлар билан Афғонистонда иш олиб бормоқда. Бу орада 20000 дан ортиқ туркистонлининг Ўрта Шарқ ўлкаларида совет мутахассислари сифатида иш кўрганлиги ва советларнинг обрўсини орттириш мақсади билан қўлланганлиги ҳам қайд этишга арзигулик бир хусусдир.
Совет рус империализмининг миллий мустақиллик масалаларидаги афсоналари ва буларнинг Шарқдаги таъсирлари дунё аҳлига маълумдир.
Руслар томонидан икки марта забт этилган Туркистон (биринчиси чоризм даврида, иккинчиси Совет Русияси замонида) мустамлака сифатида миллий борлиғини давом эттиришга, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурриятларидан баҳраманд бўлишга ҳақли эмасдир. Туркистон Москванинг жуда кескин ва қаттиқ контроли остида қолган. Совет Иттифоқи Туркистонни босиб ушлаб туриш учун қўлидан келган ҳар нарсани қилган. Шунга қарамай, Туркистон ҳақли равишда мустақиллик истагидан ҳеч қачон воз кечмаган. Биз бу ҳақиқатни 1918–1934-йиллар орасида (1923-йилгача жуда кенг миқёсда) олиб борилган миллий-озодик урушларидан, совет маданияти остида яшаётган туркистонлиларнинг миллий маданиятлари, урф ва одатларини сақлаб қолиш учун олиб борган курашларидан, ислом динининг коммунизмга қарши олиб бораётган кураши таъсирларидан ва ниҳоят, туркистонлиларнинг ИИ жаҳон уруши пайтидаги курашларидан тушуниб олишимиз мумкин. Бу кун Афғонистонда сиғинди бўлиб яшаётган минг-минглаган туркистонлиларнинг (ўзбек, туркман ва тожик) совет ёйилмачилигига (совет аскарлари ва ғояларининг Афғонистонга зўравонлик билан киритилиши ва у ерларда ўрнашиб қолиб кетишга интилиши назарда тутилмоқда) қарши афғон муҳожирлари билан бирга энг олдинги сафларда урушганлари ҳар бир киши билиши лозим бўлган ҳақиқатдир. Айни чоқда, Совет Армиясининг Афғонистонга киритилиши асносида совет сафларидаги туркистонли аскарларнинг Афғонистонга қарши жанг қилишга рози бўлмаганлари ҳам аён бўлди. Советлар шу сабабли мусулмон ва турк бўлган бу совет ватандошларини жабҳадан қайтармоққа мажбур бўлгандилар. Мана шуларнинг ҳаммасидан, коммунизм туркистонлилардан содиқ совет ватандошларни бунёдга келтириш имконига эга бўлолмаган, деган ҳақиқат келиб чиқади.
Туркистонда мустақиллик курашининг бошланиши дунё сиёсати ва хусусан, Ўрта Шарқ сиёсатида ғарбли кучларга ва шарқдаги мусулмон ўлкаларга қимматли бир стратегик позиция олиб берди. Туркистоннинг миллий мустақиллика қовушишини талаб қилувчи асосий иш шундан иборатки, энг олдин Туркистонда миллий шуурнинг катта куч касб этишига эришиш керак. Фақат шундан кейингина Туркистон муаммоларини ҳал этиш мавзуи билан шуғулланиш мумкин бўлади. Ғарбли кучлар ва ислом ўлкалари Туркистон миллий мустақиллигини таъмин этиш йўлида муштарак дўстлар бўлиб биргаликда курашмоқлари лозим. Мустақил Туркистон давлатининг қурилиши – Русия ва Хитойнинг бир-биридан ажралишини, Ўрта Шарқда совет таъсирининг тугатилишини, шундагина Ўрта Шарқ ўлкаларининг бехавотир яшашлари мумкинлигини англаб етмоқ керак. Фақат шундагина Туркистон Шарқда, ислом оламига ва ҳур дунёга очилади ва ҳур дунё ҳам Туркистон экономикасига боғлана олади. Фақат шундагина Туркистоннинг миллий борлиғи таъмин этилади.
Туркистон мустақиллигини талаб этиш асло Совет Иттифоқининг ички ишларига аралашиш деб баҳоланмаслиги керак. Совет Конституцияси шаклан бўлса-да, Совет Жумҳуриятларига хоҳлаганлари тақдирда СССРдан чиқиш ҳуқуқини берган. Байналмилал принсиплар ўрин олган декларацияларда, масалан, Бирлашган Миллатларнинг 14-декабр 1960-йилда эълон қилинган “Мустамлакачилик ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқлари” номли декларация ва 19-декабр, 1968-йили қабул этилган “Миллатлараро пакт”, “Маданий ҳуқуқлар” билан боғлиқ декларацияда “Туркистоннинг миллий борлиғини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари” рад этилмагандир. Дунё тарихида биринчи марта 1959-йилда АҚШ Конгресси қабул қилган “Асир Миллатлар Ҳафтаси” қонунида Туркистон ҳам асир миллатлар орасида саналгандир. Бу қонун мустақиллик талабларини ўртага қўйиш учун бебаҳо бир маънавий манба бўла олади. 1965-йил май ойида Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтган “Дунё мусулмонлари бирлиги” халқаро йиғилишида Туркистон би
лан алоқадор бўлган қарорлар қабул қилинган.
Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеяси йиғилишларида “колониализм”га оид олиб борилган муҳокамаларда Туркистонда рус колониализмига барҳам бериш ва бу ўлканинг миллий мустақилликка қовуштирилиши мавзуларида байналмилал чиқиш фурсатлари бўлди. Юксак тараққий этган миллатлардан инглиз тамсилчиси 26-ноябр 1962-йилда бўлган Бош Ассамблея йиғилишида сўзга чиқиб, жумладан қуйидаги очиқ гапларни ўртага қўйди:
“Айни тарихларда мустақил Марказий Осиё давлатларининг ўз маданиятлари билан бирга руслар томонидан мустамлака қилинганлиги ҳаммага маълум. Сўнгра Қозоқ давлати 1854-йилда рус бўйинтуруғига кирди. 1876-йилда Туркистондаги уч ўзбек давлатининг ишғоли тугалланди. 1880-йилда бутун Туркманистон Русия ҳокимияти остига кирди. Ўртача ҳисоб билан айтганда бир аср кейин, 1957-йилда Гана, 1960-йилда Нигерия мустақилликка қовушдилар. Ўрта Осиё тупроқлари (Туркистон)нинг мустақилликка қовушадиган пайти қачон бўлади?”
Сўралиши керак бўлган асил сўроқ шудир. Совет ҳукумати бу саволга бу кунгача жавоб бермади. Лекин Бирлашган Миллатларга аъзо ҳеч бир ўлка Совет Иттифоқидан, бу саволга қачон жавоб бўлади, деб сўрагани йўқ. Шу сабабли савол ҳамон жавобсизлигича турибди. Дунё афкори умумияси “Совет ўрта Осиёси” (“Туркистон”) қачон мустақиллигига қовушади, саволини беришга, Москвадан бу борада бир жавоб олишга, берилажак жавобни муҳокама қилишга ва бу йўлда Туркистоннинг мустақиллиги учун тайинли бир кунни белгилашга ҳақлидир.
Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига Миразиз АЪЗАМ уйғунлаштириб, нашрга тайёрлади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1992-йил, 8-май.
ХАЛҚИМГА СЎЗ
АЛҲАМДУЛИЛЛОҲ РАББИЛ ОЛАМИЙН.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокот.
Азиз ватандошларим. Сизларга, сизларнинг фарзандингиз Боймирза Ҳайит мурожаат қилмоқдадир. Азиз ватандошларим, 52 йил ватандан жудоликда, Ватандан ташқари узоқ мамлакатларда яшадим, миллатим дея тушундим, бутун борлиғимни, ғоямни, вужудимни ва фикр-ҳаётимни миллатимизнинг тақдири, ўтган кунлари ва келажакдаги истиқболи деб, фаолиятларда бўлиндим. Табиий, муҳожирликнинг аччиқ-чучук шартлари, Ватансизлик, бошқа миллатлар орасинда яшашлик, қийин бир ҳолда фаолиятларда бўлинмоқ табиати ила осон бўлмаган бир масала эди. Алҳамдулилло, Ватан деб, миллат деб, яъни унинг озодлигини талаб этиб, узоқ йиллар ҳаракатда… Қўлда қалам билан майдонда бўлиб келинди. Ватанимнинг бир фарзанди сифатида кўп-кўп ҳақоратларни мен Советлар Иттифоқининг матбуотларидан ва Туркистонимиздаги матбуотлардан, айниқса, совет коммунист матбуотларидан, ёзувларидан, китоб ва рисола ҳамда мақолаларидан кўрган бўлдим. Фикрларимга қарши ёки менинг шахсимга қарши 436дан ортиқ китоблар, рисолалар, мақолалар ёзи
лди ва бунингда баробар телевидение ва радиоларда, қурултойларда, менинг фикримга қарши, айниқса шахсимга қарши ҳужумлар, туҳматлар, иғволар юритилди.
Мени қотил дедилар, судга берилишимни илтимос қилишди, аммо судга беролмадилар. Фашист дедилар, фашистлигимни исбот этолмадилар, ватан хоини дедилар, мени ватан хоини бўлолганимни исбот этолмадилар. Ленин миллий сиёсатини сохталовчи, дедилар, аммо Ленин миллий сиёсатининг сохтакорлигини Москва ёки Туркистондаги совет арзандалари энди ўз кўзлари билан кўриб турибдиларки, энди Ленин миллий сиёсати сохтакорлик сиёсати экан. Буржуа миллатчиси дедилар, табиий, мен миллатчи бўлиб, ўз миллатимни бошқа миллатлар устидан юқори кўтариш учун эмас, ўз миллатимизнинг ўз ҳолинда мустақил яшаши, эркин нафас олиши, бахтли ва саодатли яшаши, ўзимизни ўзимиз тарафимиздан идора этилиши талабларида бўлдим. Бу табиийдир, миллатимни севиш аломатидир, буни бир миллатнинг бошқа миллат устидан ҳокимлигини таъмин этадиган фикр сифатида кўриб бўлмайди ва бунингда, бундай сўзлар асосидан тузилган иғволарни ҳам ҳазм қилдик. Аллоҳ бугун бизнинг ҳақли бўлганимизни, совет режими ва унинг туркистонлик хизматчилари бу соҳада буюк бир тарихий ёлғон қилганликларини бугун ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Аллоҳнинг раҳми ила эски совет сотсиалист республикалари бирлиги, деган бир императорликнинг чўкиши, 16 миллионга яқин аъзоси бўлган, ҳаммани титратган, ҳаммани қўрқитган зулмнинг ҳукмронлари бугун ўртада йўқдирлар…
Алҳамдулилло, биз энди коммунизм идеалогиясининг ҳокимиятидан қутила билдик. Аммо биз коммунизм руҳини ташиган, эски вақтда бу руҳдан тарбияланган одамларнинг ҳокимиятидан қутила билдикми, мен буни билмайман, буни сизлар биласизлар. Биз коммунизмдан айрилган, ўзларини миллий раҳбар деб атаган ватандошларимиз фақат устидаги кийимларини ўзгартирдиларми, буни ҳам мен билмайман. Аммо, миллат бундай одамларнинг ўз миллатига хизмат этишига секин-секин даъват этади, агар даъватни самимий қабул этмаса, ҳаттоки, демократик ҳуқуқлар билан, жанжал-ғавғолар, ур-йиқитлар билан эмас, ўзининг талабларини, қонуний талабларини ва табиий ақлни ҳимоя қилиб бугунги раҳбарлардан масъулият талаб қилиши мумкиндир. Бизнинг халқ кўп қийинчиликларни кўрди, зулмнинг не бўлганлигини кўрди, мазлум бўлиш осон, аммо мазлумликдан қутулиш қийин эканлигини ҳам кўрди.
Маълумингиздирки, Туркистон истилоси 182 йил давом қилди. 182 йилдан бери Туркистон билан Русия ўртасида уруш, ғавғо, ўлиш, ўлдириш давом қилди. Мағлуб бўлдик, мағлуб бўлдик, ҳоким бўлдилар. Оғиз очолмайдиган даражага келдик. Ҳоким давлат, мустамлакачи ҳокимлар мустамлака бўлган бизлардан ўзининг таржимонларини, ҳамтовоқларини, ҳайбаракаллачиларни топа билган эди. Унутмайликки, бизнинг бошимизга келтирилган фалокатлар фақат Москва режимининг, совет режимининг ёки совет регионида яшаган русларнинг ягона қўли билан эмас, балки уларга ҳомий бўлган ўз ватандошларимизнинг жирканч қўллари ва жирканч қалблари билан идора этилган эди. Буни шунинг учун ҳам унутмаслик керакки, биз бугун истиқлолга эришган бўлсак, истиқлолнинг қонуни асосида кўринишига эришган бўлсак, аввалам, Аллоҳнинг раҳмати, қолаверса, халқимнинг асрлар бўйи тўккан қонининг ёки қонларининг бугунги натижасидир. Унутмаслик керакки, чор Русияси давринда, яъни Туркистон чор Русияси ҳокимиятлиги остига киргандан кейин 4600 дан кўпроқ исён кўтарилди. 1919-йилги исённи ҳам унутманг. 1916-йилги қўзъғолон у замонда Петербургда Русияга қарши очилган 2-фронт деб ҳисобланарди. Буни ҳам унутмангиз. 1918-йилдан 1934-йилгача давом қилган 16 йилги мужодала, буни совет руслари босқинчилик дедилар, – у ҳақиқий миллий озодлик кураши бўлиб, тарихимиз, қонли тарихимизнинг буюк бир фожиали кўринишидир. Биз босмачилик дедикларини туҳмат деб биламиз. Миллий ҳуррият, исломобод бўлсин, Туркистон туркистонликларники бўлсин, Туркистонда мустақил давлат бўлсин… дея ўртага чиққан бизнинг фидокор, қаҳрамон одамларимиз жабҳаларда қарши курашиб, миллий ҳақларини қурол билан талаб қилган вақтларида 2 миллиондан ошиқроқ кишимиз шаҳид бўлдилар. Шаҳидларимизнинг руҳлари шод бўлсин, ё Оллоҳ! Нима учун бу қадар кўп қон тўкилди, яъни бу алдамчи, ёлғончи болшевизм миллатларга ҳақ-ҳуқуқ бермаганлигининг оқибати бўлди. “Босмачилар” деб аталган буюк миллий мужодалага қарши курашда туркистонлилар эмас, совет рус ўрдусининг 140 ва 160 минг қуролли, замбаракли ва қувватли қуролларга эга бўлган аскарлари курашдилар. Биз яна ишғол этилдик, иккинчи марта ишғол этилдик, аммо миллат ўлароқ таслим бўлмадик ва таслим бўлиш ниятида ҳам эмасмиз. Бизнинг бошимизга тушган кўп-кўп қийинчиликлардан бириси – халқ билан ҳокимият орасиндаги алоқасизлик бўлди. Халқ совет коммунизм режимининг қурбони бўлди. Халқдан сўраб келинган бир иш йўқдир. Тайин этиладиган амалларга функционерларни – партия одамларини ва давлат одамларини тайин этиб, халқдан сўрамасдан халқни идора эта бошладилар, яъни шоиримиз, шаҳид шоиримиз Элбекнинг дедигидек, йиртқичлар мажлисинда арслон бўрини, маймунларни, қўйларни ва тулкини мажлисга даъват этиб, қўйларни идора этиш учун ким керак деганда, тулки чиқиб: “қўйларни идора этадиган ягона қувват бўрилардир”, дебди. Арслон: “Ҳа, бундай бўлса қўйларни бўрилар идора этсин”, дебди. Бизнинг ҳам шаклимиз бу бўлди. Биз каби одамлар қўйлар деб ҳисобланди. Тулкининг тавсияси билан бўрилар бизга ҳоким бўлди. Бизнинг яшашимизни табиий ҳолда кўрмасдан йиртқич бўрилар ҳаётимизни тўнкара бошлади, бунинг оқибатини ўзингизлар кўп кўрдингизлар. Оллоҳ бундан кейин будай жазоларни, бундай даҳшатни, бундай пасткашлик зулмини бошимизга келтирмасин. Халқ билан ҳисоблашиш энг муҳим масаладир, халқ билан ҳисоблашиш ва халққа ҳисоб бермоқ демократиклигимиз, системнинг, яъни давлатни идора этмоқ системининг асосий қонунидир. Агар халқнинг розилигини олмасдан, халқнинг овозини олмасдан қилинган бир иш бўлса, бу халққа хизмат, демократик йўл билан халққа хизмат эмас, балки бир тўда инсонларнинг бирлашган янги диктатураси бўлиб ўртага чиқаверади. Бу сабабдан келажакда халқ масаласига кўп диққат қилишимиз керак бўлади. Истиқлол деган билан ҳали оғзимиз ширин бўлмади. Аммо истиқлолимиз эълон қилинганидан кейин унинг нақадар тотли эканлигини ҳис этмоқдамиз. Оллоҳ истиқлол қонунини муборак этсин. Бизларни ўз мамлакатимизнинг, ўз миллатимизнинг тақдири, келажаги ва унинг тараққиёти, бахт-саодати учун ишлашга илҳом ва мажбуриятлар юкласин.
Кўп вақт йўлларда ёки бошқа жойларда бўлган вақтимда ёки бўлмаса тушкунлик кунларимда ҳар доим Чўлпони эслаб келдим. Бизнинг шаҳид, мужоҳид ва кўп жозибали шоиримиз Чўлпон ўзининг “Халқ” деган шеърида:
Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар.
Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар.
Бутун кучни халқ ичиндан олайлик
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!
Будир бизнинг асосий ғоямиз: халқдан халққа, халқ ишидан халқимизнинг ҳаёти ва бахт-саодатига боришимиз керак бўлади. Табиий, бизнинг бошимиздан кечирилган мазлум ҳаётларнинг сабаблари ўзимизда бироз бор. Ҳар вақт ташқари қувват – душман бизга зарар келтирди дейишимиз мумкин, келтирди, аммо бу келтиришнинг сабабларини англаб билишимиз керак. Машҳур шоир, адиб, драматург, сиёсатчи, профессор Абдурауф Фитрат ўзининг “Темур сағанаси” деб аталган саҳна асарида дейди: “У Темурнинг сўзи сўзиди. Амир Темурни сўзга чиқариб, Амир Темурнинг шиддатли бир овози билан миллатга хитобни ахтаради. Кўринг – Амир Темур нима дейди. “Мен сизларга кўп нарсаларни қолдирдим. Не бўлдики, бу замонларнинг шарафли ва жасур миллатининг зулми остида қолмиш. Кимлар боғларимнинг қушларини қувмоқда. Оталар меросидан нима қилдингизлар. Сизлардан талаб этеюрум, қалқингиз, сизларга амр қиламан, қалқингиз! Ўлкамизни тузатингиз. Авлодларимни ҳур яшашини таъмин этингиз. Агар бундай қилмасангизлар, ўлка, яъни мамлакат буюк бир мозорлик ҳолига келажакдир”.
Табиий, бундай мозорликни қилишда ўзимизнинг ҳам айбимиз кам эмас. Орамиздан чиққан хоинларнинг роли ҳам кам эмас. Аммо булар ўтишга керак, ўтиш ҳам керак. Аммо хоинларимизнинг миллатимиз бошига келтирган фожиаларини ҳам унутмаслигимиз керак. Ёшларимизга бўлган, ўтган ҳодисаларимизни, шарафли ўтмишимизни ёки орамиздан чиққан баъзи бир шарафсиз ҳолларни ҳақиқатлар билан, яширмасдан тўғри ҳолда ўргатишимиз керак. Ҳақиқатдан қўрқсак, Аллоҳдан ҳам қўрқмаган бўламиз. Чунки Аллоҳ ҳар доим ҳақсеварлар, ҳақ истаганларнинг орзу-ҳаваслари ва ниятларининг ижроси учун ёрдамчи бўлгандир. Аммо биз кўп вақт алдандик, миллатимизни алдадилар, алдатдилар. Бунинг учун ҳам машҳур шоир, адиб ва драматург Абдурауф Фитрат ёзадики: “Биз мусулмонлар, ёлғиз алданмоқ учун дунёга келдикми. Бойимиз, ишчимиз, хўжамиз, талабамиз, адибимиз, фалсафачимиз, буюкимиз, кичигимиз Оврўпонинг газетасига, китобига, сўзига, ишига, қонунига, низомига, олтинига ва қизига алданишдан бошқа нарсани билмадилар”.
Буни ҳам унутмаслигимиз керакдур. Келажакда биз халқимизнинг истиқболини таъмин этиш масаласида кўп ўйлаб, тушуниб, кенг усулда халқимизга хизмат қиламан, деб ҳаракатда бўлишимиз керакдур, шартдур. Агар бундай қилмасак, истиқлолимизни эълон қилиб ўтирмасдан, яна бизга ҳокимлар ўз истаганларини юритаверсинлар, биз уларга қул бўлиб хизмат қилаверамиз, деган маъно ҳам келиб чиқиши мумкин. Бундан қутилиш учун, табиийдирки, ўз истиқлолимизнинг мевасини кўришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Аллоҳ миллатимизни, шу ,жумладан, сизларни ва бизларни ўз паноҳида сақласин. Чет мамлакатларда бўлган беш миллионга яқин мусулмон, туркистонлик муҳожирлар Ватандан йироқда яшамоқдалар. Улар эрталабдан кечгача дуолар билан, ҳаракатлар билан, умидлар билан мамлакатимизни озодлигини, мамлакатимиздаги халқни ҳурликда яшашини Аллоҳдан орзу-ҳавас этмоқдалар. Аллоҳ буларни ҳам улушсиз қолдирмас. Биз қўлимиздан келгани қадар Ватаннинг хизматида бўлиб келдик, бундан кейин ҳам Ватан йўлида хизмат қилишга ҳозирмиз. Аммо сохтакорларга хизмат қилиш тарафдори эмасмиз. Биз холис, демократик равишда сайланган ҳукумат ва демократик қонунга асосланган инсон ҳақларига итоат этган ва қурган, миллатимизни ҳурмат этган раҳбарларни истаймиз. Биз ватан ташқарисида қолдик, аммо ҳар куни, ҳар соат қалбимиз Ватан билан бўлиб келди. Биз Ватаннинг биринчи озод бўлган инсонлари деб ҳис этамиз ўзимизни. Бу эса кўп қийин масаладир. Биз, аввал, озод бўлдик, аввал, озод бўлишганда мажбур бўлдик. Коммунизмнинг энг жирканч хуружи бўлган сталинизм даврининг қурбонлари бўлдик. Қайси қуш ўзининг қимматли бўлган гулидан айрилмоқни истайди. Бизни ватандан кетишга мажбур қилишди. Бизни хоинлар дедилар. Бизни муллаю феодаллар дедилар, аксилинқилобчи дедилар, ўғрилар дедилар. Чет мамлакатлардаги империалистларнинг қуллари, хизматкорлари деган иғволар билан кўрсатдилар, аммо аслида биз ундай эмас эдик. Буни иншаооллоҳ, келажакда тарих сизларга яна кўпроқ ўргата билади. Аллоҳдан сизларга бахт-саодатлар, миллий истиқлол йўлида муваффақиятлар тилайман. Ҳар вақт қалбим ҳар ерда сизлар билан бирга, бахт-саодатингизга эга бўлинглар, бу бахт-саодат миллатимизнинг бахт-саодатидир. Айни замонда бу менинг ҳам бахт-саодатимдир. Миллатимиз ўлмаса, ҳар биримизнинг бу жамият ишида, бу миллат ишида ўйнаган ролимиз бордир.
Бизнинг борлиғимиз, шўбамиз бўлсин, ишчимиз бўлсин, ҳаммолимиз бўлсин, ҳаммаси бизникидир. Табиати бузуқ инсонларимиз ҳам бордир, аммо табиати, феъли-хўйлари ёмон деб уларни кўчага ташлаш керак эмас. Уларни жамиятимиз ичига олишимиз керак. Инсоф, ахлоқ, миллат ила баробар яшамоқни ўргатишимиз керак. Бизнинг мамлакатимизда меҳмон бўлиб, яшашга мажбур бўлганларни, миллий озчиликдаги гуруҳларнинг ҳаётини таъмин этишимиз керак. Уларни сиҳат-саломатликлари ва роҳатда яшашларига ёрдам беришимиз керак. Айни замонда шуни ҳам қилиб келдик. Бизга келган, озчиликда бўлган миллий гуруҳлар ўз миллатимиз бўлган турк, яъни маҳаллий халққа қараганда баъзилари ҳаттоки, яхши ишлаган бўлиши ҳам мумкин. Аммо бу демак, эмаски биз келажакда уларга қарши бир нарса чиқарамиз. Йўқ, иғволарга йўл бермаслигимиз керак. Биз тарихимизда адолатли инсонлар бўлиб келганмиз. Қаршимизда бириси нонсиз бўлса, нон бериб келганмиз, суви қолмаганларга сув етказиб берган одамлармиз. Бунинг учун бизга қарши қилинган иғволардан мумкин қадар қутулишимиз керак.
Муҳим масала – халқимизнинг иқтисодий ҳаётини яхшиламоқдир. Бизнинг ҳолимизда яшаган дунёда бундай бир миллат йўқ.
Кечаги кун ҳақида айтсак, 9 миллион инсоннинг бир ойда топган пули 10 кунга етмаса, пахта майдонларидаги касалликлар натижасида, кимёвий моддалардан заҳарланиш натижасида 3 ярим миллиондан ортиқ одам сариқ касал билан касал бўлса. Ҳар йили Ўзбекистонда 284 минг бола бир ёшга кирмасдан ўлса, икки йил ичида 753 та хотин-қизларимиз ўз-ўзига ўт қўйган бўлса, бундай ҳодисаларни ҳозирга қадар на ислом дунёси, на христиан дунёси кўрмаган. Бугунги Туркистондаги бошимизга тушган фалокатларни кўринг. Семипалатинскда очиқ ҳавода ташкил қилинган 140 нафар синалган атом бомбаларининг таъсирини кўринг. Сонсиз ўлган инсонлар, ҳайвонлар, заҳарланган инсонлар, касал бўлиб кўчада инграб ётган одамларни кўринг.
1930-йилда Хидир Алиев дегани каби: “Пахта қизил империализм даврида кафан бўлди, кафан”. Буни унутмаслигимиз керак. Пахтадан воз кечмаймиз. Аммо пахта бизни эзмаслиги керак. Биз пахтани идора қилишимиз керак. Аммо пахта бизни қул қила олмайди. Бунга ҳеч кимнинг ҳақи йўқдир. Баъзилар, аввал, биз иқтисодий жиҳатдан тараққий этайлик, мустақил бўлайлик, кейин сиёсий жиҳатдан мустақил бўлиб кетамиз деган хаёллардалар. Мен бу фикрда эмасман. Агар сиёсий жиҳатдан мустақил бўлмасангиз, яъни, ўзингизни ўзингиз идора этмасангиз, ўзингизнинг ҳудудингиз бўлмаса, сизга бутун қалби, виждони, имони-ла борлиғини хизмат қилдирган давлат муассасаси бўлмаса, бундай ҳолда мен иқтисодий тараққиётда бўламан, ундан кейин мен мустақил давлат сиёсатида юраман, дейиш хатодир ва бундай қиладиганларнинг ташвиқотлари бўлса, менимча, буларда бир хоинлик изи бор. Мумкин қадар сиёсий мустақилликни, аввал, ўртага қўйишимиз керак. Сиёсий мустақиллик эса ўзининг бутун борлиғи ила иқтисодий мустақиллигимизни таъмин эта билажакдир. Русларга муносабат масаласи бу ҳаётимизнинг муҳим масаласидир. Чор Русияси бўлсин, коммунизм бўлсин, рус халқининг исмидан ҳаракат этди. Бу ҳақиқатдир. Аммо бунинг учун рус миллати айбдор бўлолмайди. Фақат рус миллати ичидан чиққан баъзи бир одамларнинг ёмон табиати бордир. Булар ҳурриятчилик, яъни озодлик туйғуларини билмайди. Эзилган бир мужикдан бир бошлиқ чиқариб қўйсангиз, эски мужикни эзиб бораверади. Бу эса руслардаги сиёсий характернинг бир кўринишидир. Алҳамдулилло, бундан қутила бошладик, яъни янгидан тузоқларга тушиб қолмаслигимиз керак.
Энг яхшиси, русларнинг ҳокимияти остида эмас, руслар билан ёнма-ён, дўстона, бир-биримизга ёрдам ҳолда яшашга ўрганишимиз керак. Буни энг аввал, русларнинг, ўзлари ўрганишлари керак. Бизларнинг ўрганишимиз осондир. Биз кекчи, ўч олувчи одамлар эмасмиз. Бизнинг табиатимизда, динимизда, хулқимизда, анъанамизда бундай нарса йўқдир. Фақат айтмоқ керакки, бизга қарши қилинган суиистеъмолни бундан кейин биз ҳазм эта билмаймиз. Аллоҳ сизларга ёрдамчи бўлсин!
Сизларга бахт-саодат, миллатимизнинг истиқболи учун энг яхши ниятли фаолиятлар, саломатликлар тилаб қоламан. Сизнинг каби ҳар ерда, ҳар замон қалбим сизлар билан биргадир. Биз туркистонлик мужоҳидлар ва муҳожирлар қўлимиздан келгани қадар Ватан учун хизматга ҳозирмиз.
Ватанимизга озодлик талаб этдик, ўлдик, ўлдирдилар, аммо яна миллатим яшамоқдадир. Соғ бўл, Миллатим!
Миллатимга хизмат қилган қадрли миллатдошларим соғ бўлсинлар. Аллоҳ ҳаммамизни ҳар жойда ҳимоя этсин! Омин.
Сўзларимни тинглаганингиз учун минг марта раҳмат. Мени сўрасангиз, мен фалсафа фанлари доктори Боймирза ёрқўрғонлик Ҳайитмирзанинг ўғли, Туркистон тадқиқотлари институтининг мудири, Байналмилал Туркистон жамиятининг фахрий раисиман. Бутун муҳожирларимиз отиндан сизларга қалбий саломлар, ҳурматлар билдираман, оналаримизнинг қўлларидан, укаларимизнинг кўзларидан, сафдошларимизни юракдан қучоқлаб, хайр. Аллоҳ саломатлик-ла кўришишга насиб этсин, деб умидларда қолган ватанимизнинг бир фарзанди сифатида бу сўзларни айтишга, билдиришга, журъат қила билдим. Хатойим бўлса, Аллоҳ кечирсин ва сизлар кечиринглар. Бу суҳбатни ўғлим Бекмирзани 51 йилдан кейин илк дафъа қайта кўрганлигим учун, бунинг хурсандлиги, бунинг нашъаси, бунинг севгиси, бунинг фожиаси, бунинг ҳаяжони билан сўзладим.
Энди эмдийлигим келди, агар хато сўзлаган бўлсам, қўпол сўзлаган бўлсам, ишонаманки, менинг азиз миллатим кечиради. Аллоҳ кечиргучидир. Унинг-да баробар Аллоҳ бизнинг ҳаммамизга инсоф, баробарликда ишламоқ, баробарликда тушунмоқ ва миллатимизнинг келажагини ўйламоқ туйғусини, иродасини, қувватини берсин, омин!
Унолғи тасмасидан оққа кўчириб нашрга тайёрловчи Дадахон ҲАСАН
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1992-йил, 3-январ сонидан олинди.
ВАТАН СИЗЛАРНИКИ БЎЛГАНИ КАБИ МЕНИКИ ҲАМДИР
– Муҳтарам Боймирза Ҳайит! Энг аввало, ўзингиз ҳақингизда батафсил гапириб берсангиз. Зеро, сиз туғилган юртда бу ҳақда тўла маълумотга эга эмасмиз. Қолаверса, бу борада турли хил фикрлар юради…
– Шахсим ҳақида батафсил сўзлаб бермоқ учун, аввало, ҳаёт хотираларимни эслашим керак бўлади. Аммо, бунгача саволларингизга қисқа бўлса-да жавоб беришим лозим. Чунки ёзганингиздек, ватанда мен ҳақимда турли хабарлар тарқатилгандир. Мен 1917-йилда, Октабр инқилобидан бир ой кейин Қўқон мухторияти кунларида деҳқон оиласида туғилган эканман. Бир она (Робия) ва бир ота (Ҳайитмирза)нинг 15 фарзандидан 9-симан. Бошланғич мактабни Наманган даҳасининг (Кейин Уйчи даҳаси) Ёрқўрғон қишлоғида, ўрта мактабни Наманган шаҳрида, олий таълимни Тошкентда кўра олдим.
Мамлакатда “халқ душманларини ва миллатчиларни” йўқ этиш давридаги “қамашларнинг сотсиалистик мусобақалари” пайтида кўпчилик ўқитувчиларнинг қисмати қамоқхоналарга бориб тақаларди. Шу боис кўп ерда ўқитувчилар етишмасдан қолганди. Шунинг учун мени ҳам 1938-йилнинг бошида бўлса керак, ўқитувчиликка сафарбар этишди. Тошкентнинг Бешёғоч маҳаллада жойлашган педагогика институтида қисқа вақт ичида “ўқитувчиликни” ўргатдилар. Дастлаб Тўрақўрғонда муаллим бўлиб ишладим. Сўнгра Уйчи раёнига юбордилар. У ерда ҳам ўқитувчилик қилдим. Кейин раён маориф бўлимининг мудири лавозимига тайин этдилар. Шу билан бирга Тошкентдаги педагогика институтининг тарих факултетига сиртдан ўқишга имкон бердилар. Кундузи вазифам билан, кечаси дарс тайёрлаш билан шуғулландим. Давлат имтиҳонларини ёз ойлари (1939-йилда) топширдим. Шу йил “намунали ўқитувчи” эган ном бердилар ва менга “Ҳурмат белгиси” нишонини ҳам тақдим этдилар. 1939-йилнинг ёз ойларида ревматизм касалига учрадим. Шол бўлиб қолдим. Аввал, табибларнинг ҳаракати, Оллоҳнинг марҳамати ва Жалолободдаги шифо сувнинг таъсири боис ноябр ойида икки қўлтиқ таёқ билан зўрға оёққа турадиган даражага етишдим. Шу йилнинг ноябрида Уйчи раён ички ишлар шўбасининг бошлиғи Монғишев чақириб: “бизга сизни қамаш ҳақида буйруқ келди”, деди. Мен: “энди нима учун бундай буйруқ? Октабрнинг боласи Октабрга қарши бўладими? Туҳмат борми?”, дедим. Эртасига прокурор Болакеев йўқлади . У “сени қамоққа олишимиз керак. Аммо сени қамоқхонага юбормоққа қаршиман. Бунинг учун Қизил Армияга кет”, деди. Мен “хўп” дедим. Орадан уч тўрт кун ўтгач, раён ҳарбий комиссариатининг сафарбарлик комиссиясидан даъват келди. У эрга бордим. Докторлар: ”бу одам бундай касал экан, уни аскарликка қабул этишмайди”, деб қарор бердилар. Бир дўстим, Марғилонли Ўктам Аҳмад: “қамоқхонага кетгунча, Қизил Армияга кетиш яхшидир. Бунинг учун маршал Ворошиловга бир телеграмма юбориб, мен касал бўлганлигим учун ҳарбий хизматга олмадилар. Ватанга хизмат қилмоқни истайман. Бунинг учун мени армияга қабул этишингизга рухсат сўрайман”, деб ёз деди. Шундай қилдим. Маршалдан буйруқ келди. Қўлтиқ таёқ билан сафарбар этилганлар сафига киритдилар.
1939- йилнинг 24-декабрида Наманган шаҳридаги оташарава (поезд) стансиясидан юк вагонлари ичига киритишди. Худо раҳматли онам: “ўғлим, мендан айрилмасдан аввал қариндош-уруғларимиз ва дўстларимиз қаршисида калимайи шаҳодатни ўқи”, дедилар. Мен орзуларини ижро этдим. Ота-онам ва ватанимдан ажралган ҳолда йўлга чиқдим. Йўлда дардим оғирлашди. Ватандошларимнинг ҳимматлари билан улардан ёрдам кўрдим. Оллоҳ уларга кўрсатган марҳамати учун қутлуғ йўлласин. Бир ойдан кейин (1940-йилда) Полшанинг Чижов деган жойига келдик. Бизни қабул этган офитсер: “нима учун бу касал одамни бизга юборишган”, деди. Биз билан борувчи: “ўртоқ капитан, бу одам йўлда касал бўлди. Бунга қўлтиқ таёқ топдик ва бу ерга келтира бордик, чунки хизмат этмоқни истайди”, деди. Капитан докторнинг ихтиёрига ҳавола этди. Баҳорга қадар тузалдим. Танк қисмига тайин этдилар…
Июл ойининг бошида (1941-йил) бомба парчаларидан бўлаги ўнг оёғимга келиб теккан эди. Бундай бир заиф,ярадор, оч ва сувсиз қолған бир вақтда олмонларга асир тушдим. Асирлик бизни Зилитск шаҳри яқинидаги асирлар лагерига киритдилар. Бу лагерда олмонлар асирлар орасидан яҳудийларни излаша бошладилар. Қандайдир бир одамга ўхшаган Оллоҳнинг бир ҳайвони, “булар (бизни кўрсатиб) яҳудуйлар” деб маълумот берибди. Олмон офитсери одамни сочига, бурнига ва суннат ерига қараб, “яҳудий” деб қарор чиқаргач, буларни отиб ўлдиришарди. Навбат менга келди. “Отишга ол”, деб у буйруқ берди. Мен ялинган ҳолда таржимонга (таржимон бир лазгин эди, олмонча-русчани яхши билган кавказли яҳудий экан) айтдим: “ўлдирмасдан аввал, икки ракат намоз ўқишга рухсат сўрайман”. Офитсер ўқисин, дебди. Намоз ўқидим. Дуо ўқиганимдан кейин, “амр этингиз, мен ўлимга ҳозирман”, дедим. Олмон офитсери ҳайрон бўлди. “Яҳудий эмасмисан”, деди. Мен, “йўқ, яҳудий эмасман, мусулмон ва турк-ўзбекман”, дедим. У икки қамчи урди ва кет, деди. Асирлар орасига қайтиб кириш насиб бўлди. Асирликнинг жабри-жафоларини баён этмоқ учун туйғу ва ирода етишмайди. Бу инсон ҳаётидаги фожиалар тўпламидир. Полшанинг Чнестахов шаҳрида асирлик кунларини бошимдан кечирдим. Бу лагерда, аввалон, ёрдамчи ишчи, ишчи, ошпаз, сўнгра биринчи ошхона бошлиғи, гуржистонлик Гого Удигиндан кейин асирлар лагерининг ушбу ошхонасига мудир бўлдим.
1942-йилнинг қиши. Асирларни икки олмон чўпон ити билан назорат этувчи бир олмон аскари ошхонага кириб: “сен итларимга овқат тайёрлай оласанми?” деб сўради. Мен, албатта, биламан, дедим. Фақат итларингиз нималарни яхши ейди, деб сўрадим. Булар ҳар куни лаҳм гўшт ейди, деди. Менинг ҳунарим ошпаз бўлмагани боис энди нима қиламан, деб ҳайрон бўлдим. Олмонга “гўшт, сабзи, гуруч ва тоза ёғ келтиринг, аввал буни пишираман, есалар, унга қараб ҳаракат қиламан”, дедим. Хўп, деди. Айтганларимни келтирди. Палов пиширдим: унинг итлари овқатни яхши ейишди. Ҳар куни палов қилардим: аввал ўзим ейишим керак эди, чунки итларининг заҳарланишидан қўрқар эди.
Асирлар лагерларида дунё тарихида кўрилмаган хўрликларни кўрдик. Биз ишонган давлат ва Сталин очиқдан-очиқ байналмилал қизил ой жамиятига: “биз асирларни танимаймиз ва бунинг учун уларга ёрдам бера олмаймиз”, дейишган экан. Бунинг устига “доно ва доҳий Сталин” ўзининг 270-сонли буйруғи билан “совет асирлари қаерда тутилса, шу ерда йўқ этилсин”, деган “доҳиёна”, аслида ваҳшиёна амрини билдирган. Бизнинг аҳволимизга йиғлайдиган “маймунлар” ҳам йўқ, деган таассурот остида эдик. Оврупода икки туркистонлик – Мустафо Чўқай билан Вали Қаюмхон – бизнинг фожиали қисматимизни ўрганганлар ва бизларни қутқариш учун йўллар қидиришган. Шуни ҳам баён этайинки, Чнестахов шаҳридаги лагерда 260 мингга яқин туркистонли асирлар тўпланганди. 1942-йилнинг баҳорига келиб фақат 300 га яқин юртдошларимиз тирик қолишди. Совуқ, очлик, касаллик кўпчиликнинг умрига зомин бўлди.
Олмонлар рус бўлмаган Қизил Армиядан келган асирларни кўнгилли ўлароқ аскарликка қабул қилишга қарор қилишганди. Шу асосда 1942-йилнинг март ойи ўрталарида Туркистон легионига кирдим. “Аскар бўлиб, Туркистон учун курашамиз, Москванинг зулмидан ўзимизни, яъни халқимизни қутқарамиз”, деган ёшлар Туркистоннинг нима эканлигини билмас эдилар. Легионнинг бир қисм ҳолида, Туркистон фидойилари компаниясини ташкил этишган экан. Фидойиларда Туркистон тарихи ҳамда жуғрофиясини ўргатадирган одамларни излаганлар ва уларнинг қаторида мени ҳам бунга қобилиятли кўришган. 1942-йилнинг 6-октабрида бу ерда Туркистон тарихини ўргатиш билан машғул бўлдим. Мактабларда таълим олган вақтида ҳеч бир устозим Туркистон тарихи ҳақида таълимот бермаган эди. Туркистон тарихини ватанда, талабалик вақтида ва легионда, Бартолднинг “Туркистон тарихи” (русча), “Туркистон мўғул истилоси замонида”, “Туркистон маданий ҳаёти тарихи” (рус тилида) асарларини яхшигина ўзлаштирган эдим.
Уруш тугади. Урушнинг сабаб-уқубатларини кўргандан кейин яна бир ҳаяжонли ҳаёт ичига киргандек бўлдик. Буларни орасида мен ҳам бор эдим. Кўп юртдошларимиз Совет Иттифоқига қайтмасликни истадилар. Лекин уларни мажбурий равишда Совет Иттифоқига йўлладилар. Баъзилардан, 800 га яқин кишилар бу тарафларда қолиб кетишга муваффақ бўлдилар. Улар орасида мен ҳам бор эдим.
1956-йилдан эътиборан, Совет Иттифоқида ва Туркистонда менга қарши, яъни фикрларимга қарши жиддий ташвиқот бошладилар. Мени “ватан хоини”, сотқин, гитлерчи, қотил, империалистларнинг айғоқчи-хизматчиси, Ўрта Осиё тарихини ва ленинча миллий сиёсатни сохталаштирувчи, пантуркист, панисломист, жосус, миллатчи” каби шиорлар билан тасвир этишга киришилди. Менга қарши ҳисобсиз мақолалар, рисолалар, китоблар ва радиоешиттиришлар уюштирилди. Бундай туҳматлар билан халқимизнинг кўзини бўядилар, афкор умумиянинг фикрларини буздилар ва ҳатто чет мамлакатдаги дўстлари ва лаганбардорлари воситаси билан менинг фикр-фаолиятимга зарба бермоқ йўлидан кетдилар. Бу шунинг учундирки, кози очилиб, бошқа эркинлик ҳаётини кўрмаган ёш авлод, советларнинг туҳматчи ташвиқоти таъсири остида қолган бўлишлари ҳам мумкиндир. Энг яхшиси, менинг ҳаёт йўлим ҳақида бошқа бир вақтда ва бошқа шароит ичида муфассал ёзиш керак бўлади.
– Урушдан кейинги фаолиятингиз нималар билан боғлиқ бўлган? Сизда ўтган йиллар мобайнида ватанга қайтиш ҳисси туғилганми?
– Урушдан кейинги фаолиятларим ҳам ўзига хос бир тарихга эгадир. Аммо буларни қисқа равишда ифода этишга ҳаракат қиламан. Урушдан кейин Олмония дорулфунунларидан бирида таҳсил олмоқ орзусида эдим. Бунга муваффақ бўлдим. Мюнхен дорулфунунининг (1946–1950-йиллар) фалсафа факултетида, Ислом илмлари (араб, эрон, турк тиллари ва ислом тарихи), яъни янги замон тарихи ва славяншунослик (рус, украин, поляк, чех, словак, серб тиллари) бўлимида ўқидим. Имтиҳонларни топширгандан кейин “Қўқон ва Олаш Ўрда ҳукуматлари” мавзусида ёзган диссертация асосида фалсафа доктори унвонини олдим. 1951-йилдан эътиборан илмий тадқиқотлар билан машғулман. Оврўпада тўғридан тўғри Туркистон тарихи ва маданияти билан шуғулланувчи илм одамлари бўлмаганлиги сабабли менинг олмон профессорларим менга Туркистон тадқиқотлари билан машғул бўлиб, бу соҳадаги бўшлиқни тўлдиришга хизмат этишимни тавсия қилишди. Мен бир тарафдан буларни тавсияси ва асосан ўзимнинг ватан туйғуларимни ифодаси ўлароқ шу йўлдан боришни ният этдим. 1987-йилга қадар 9 китоб, 11 рисола, 260 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар ёзиб нашр эттирдим. Буларнинг ёнида илмий анжуманларда Туркистон тарихи ва бу билан боғлиқ бўлган масалалари мавзуида маърузалар ўқидим. Дунёнинг қайси мамлакатида, чет юртларда туркистонликлар бўлишсалар, у ерларда Туркистон миллий масалалари билан машғул бўлдим. Унинг натижасида кўп сонли дўстлар ҳам топдим. Ҳозир 1974-йилда ташкил этилган Туркистон Тадқиқотлари институтининг бошлиғи бўлиб, тадқиқотларга даъват этмоқдаман. Бизнинг ватандаги юртдошларимиз фикрларини очиқ билдиришга, Горбачев жанобларининг ошкоралик сиёсати кўланкасида имкон топа олдилар. Мен эса муҳожирлик ҳаётининг аччиқ-чучук шароитлари ичида аввалроқ фикрларимни манбалар асосида илмий жиҳатдан ишонганимдан кейин, билдириш имкониятига эга бўла олдим.
Иккинчи саволингизнинг кейинги қисмида “сизда ўтган йиллар мобайнида ватанга қайтиш ҳисси туғилмадими” деган жумла бор. Менда ватанга қайтиш туйғуси 1940-йил 6-январдан бери мавжуддир, чунки 1939-йил 24-декабрда оташ аравага чиққанимдан кейин ўша куни Туркистон диёридан айрилдим. Шундан бери ватанга қайтиш туйғусидан ҳеч бир ажралган эмасман. Ватанга қайтишнинг ҳам ўзига хос бир саволи бор. Қайси шаклдаги ватанга қайтишим керак? Инсонлари инграган, кўз ёшларидан оққан қонли дарёси хусусиятини билдирган ватанга келгиндиларгина эмас, узлуксиз равишда чет ҳокимият остида яшашга мажбур бўлган ватанга борайми ёки мустақил ва озод ватанга борайми? Қаноатимча, мен мустақил ва озод ватанимга қайтиб боришни истайман. Бу қарорим менинг виждонимнинг бўлинмас бир парчасидир. Қафасдан қутилган қуш яна қафас ичига киришни ҳавас қиладими? Йўқ, бундай қила олмайман. Мен ватан деб 51 йилдан бери улуғламоқдаман. Оллоҳ умр берса яна бир неча йиллар ҳайратларда бўларман. Лекин титраган, ҳақсиз, эзилган мазлумликка ўргатилиб, бизни “зағчалар” ҳолига келтирганларга раҳматномалар билдириш учун ватанга бора олмайман.
– Ўтган вақтда ватанингиз билан алоқа боғлашга ҳаракат қилдингизми?
– Ватан билан ўтган вақтда алоқалар ўрнатиш учун ҳаракатларда бўлдим. Натижа аъло бўлмади. Балки тузумнинг бюрократияси ва менинг ҳақимда у тарафларда юритилмоқда бўлинган туҳматлар натижасида бўлса керакки, ватан билан боғлана олмадим. Орадан 51 йил ўтгандан кейин менинг ҳаёт бўлган бир синглимнинг бор эканлигини ва ҳатто бир ўғлим ҳам бор эканлигини билдиришди. Буларнинг қанчалик тўғрилигини тўлиқ ўргана олмадим. Горбачев давридан илгари чет мамлакатларга илмий мажлисларга келган илм одамлари билан алоқаларни фақат мажлис пайтида боғладим. 1939-йил 24-декабрдан бери Ватандан хабар келмади.
– Ҳозирги кунда биз сизни ўзбек адабиётининг чет элдаги билимдонларидан бири сифатида биламиз. Айтингчи, сизнинг ижодий фаолиятингиз адабиётнинг қайси даврларини кўпроқ қамраб олган? 20-30-йиллар ўзбек адабиёти ҳақида сизнинг фикрингиз қандай?
– Саволингизда менинг ўзбек адабиётининг чет эллардаги билимдони сифатида танилганимни баён этган экансиз. Мен адабиёт тарихчиси эмасман. Тарихчиман. Тарих ичига адабиёт руҳий ҳаётнинг муҳим бир қисми шаклида ҳам киради. Бунинг учун тарих тадқиқотларида адабиётимизнинг яқин ўтмишимиздаги кўринишларига ҳам бироз диққат берган эдим. Бир тарихчи сифатида айтишим мумкинки, 20-30-йиллар адабиёти бир томондан, яъни янги даврда қоронғи кечалардан ёруғликка чиқиш нурларини кўрмоққа бошланган бир даврда ва бир тарафдан “пролетар адабиёти”, кейинроқ эса “сотсиалистик таълим” деган оқимнинг адабий ҳаётимизга киритилишининг бошланишидир.
– Адабиётимизнинг босиб ўтган йўлини қандай баҳолайсиз? Бугунги ўзбек ижодкорларидан кимларнинг асарлари сизга маълум?
– Адабиётимизнинг босиб ўтган йўли фожиалар йўлидир. Жадид адабиёти очиқ туйғуларни ташвиқ этган бир даврда унга зарба берилди. “Шаклан миллий, мазмунан сотсиалистик маданият” яратиш деб маданиятсизлар орасига ёки қаторига киритиб юборган эдилар. Табиийки, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби адибларнинг таъсирлари ва ижодий жозибалари ўткирдир. Аммо буларнинг сони оздир.
– Жумҳуриятимизнинг мустақиллик йўлидаги дастлабки қадамлари сизни қизиқтирадими?
– Ватаннинг мустақиллиги фақат менигина эмас, балки ҳамма муҳожирларнинг, булардан копроқ ва жиддийроқ халқимизнинг истагидир. Бунга қизиқмаган кишини орамиздан топа олсак, у вақтда буюк устозимиз Мир Алишер Навоийнинг “Одамий эрсанг демагил одамий, оники йўқ халқ ғамидин ғами” деган ҳикмати билан жавоб беришимиз мумкин. Бугунги ватанда мустақиллик ҳақида сўзлашлар кўп, лекин бу соҳада ҳатто мустақилликнинг чегарасига кела олмадик. “Ҳолва” деганимиз билан оғзимиз ширин бўлмайди”, деган халқ мақолига назар солайлик. Бизнинг илм одамларимиз, айниқса, ташвиқотчиларимиз Сталин ва ундан кейинги ҳукуматлар даврида ҳам “суверен жумҳуриятмиз”, деб айтар эдилар. Ватанда бошланган мустақиллик ҳаракати севинчли ва умидли ҳамда миллий ироданинг яққол кўринишидир. Биз чет элларда ватанга мустақиллик берилсин, деган фикр билан ҳаракатда бўлиб келмоқдамиз. Миллий мустақил бўлмасдан аввал бизлар байналмилалчи бўлолмаймиз. “Пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга” деганлар. Биз ўзимизни танимасдан, қандай қилиб бошқаларни яхши таний оламиз? Ватанда бошланадиган мустақиллик талаблари орзуларимнинг табиий кўринишидир. Бу бизга сўзсиз ва шартсиз керак. Агар бунга эриша олмасак, у вақтда бизни асрлардан кейин йўқ қилиб юборадилар. Миллий мустақиллик миллатлар орасида ҳамкорликни ва уларнинг бирини бошқасига нисбатан ҳурматини оширади. Мустақиллик сўзлари бошланди. Бу истакни амалга ошириш учун ташаббусларнинг бор эканлигини, ҳатто жиддий эканлигини ўрганмоқдамиз. Ниятга етмоқ учун қиладирган кўпгина юмушларимиз бор. Булардан бир қисми билан бандмиз, уни декабр ойининг бошларида (1990-йил, Истанбул) тўпланган иккинчи байналмилал Туркистон қурултойида баён этган эдим. Маърузамни таҳрир қилмаган ҳолда ёзув орқали билдирган эдим. Бу ёзувни Тошкентдан келган кузатувчи юртдошларга ҳам бердик. Мустақиллик масаласида менинг фикрларимни ўрганишни истаган юртдошларимиз топилса хурсанд бўлардим. Шу боис уни “Мулоқот”га юбориб, балки уни танқидий нуқтаи назар юзасидан эълон этилиши мумкин.
– Олмонияда яшаётган ўзбеклар билан алоқангиз қандай? Улар нима билан шуғулланишади? Қайси мамлакатлардаги ватандошларингиз билан алоқа ўрнатгансиз?
– Менинг Олмонияда яшаётган ўзбеклар билангина эмас, балки барча туркистонликлар (ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, қорақалпоқ, уйғурлар) билан ҳам яқиндан алоқаларим бор. Шунинг билан бирга дунёнинг қайси мамлакатларида (чет элларда) туркистонликлар бўлсалар, уларнинг кўпчилиги билан алоқаларим ва дўстлик-ватандошлик ҳамда ғоя бирлигимиз мавжуд. Ватандошлар ўз имкониятларига кўра турли соҳаларда ишлашади. Уларнинг ҳаёт шароити ёмон эмас. Ораларида бойлар ҳам кўп (бой сўзини ёзар эканман, юрагим бироз титради, чунки Туркистондаги қатлиомнинг жирканч кўринишларидан бири бойлар масаласи эди).
– Агар сизни Тошкентга таклиф қилишса, келармидингиз? Ватандошларингизга айтадиган биринчи сўзингиз нималардан иборат бўларди?
– Тошкентга даъват қилишса, келармидингиз, деган саволингизнинг ҳазилкашликми ёки жиддий эканлигини билмадим. Мени нега Тошкентга таклиф қилишмоқчи? Ватан сизларники бўлгани каби меники ҳамдир. Ватанимга мен даъватсиз боришим керак. Бунинг учун эса шарт-шароитлар етарли эмас. Ҳар бир шахсда шон-шараф ва иззат-орият туйғуси бор. Мени 35 йилдан кўпроқ вақт ичида “Ватан хоини”, “қотил” деб келган мамлакатга бориб: “сизлар ватанпарварсизлар!”, “сизлар адолатлисизлар” десам қандай бўларкин? Мана энди замон нақадар бузилдики, бир “ватан хоини” совет ватанпарварлари билан бирга ўлтириб чой ичайлик ёки муаммоларни баравар муҳокама этайлик!?
Ватанга борадиган бўлсам, айтадиган сўзларим жуда ҳам кўп. Аввало, миллий мустақиллик учун кураш масалаларини баён этар эдим. Сўнгра руслар билан туркистонликлар орасида ўтмишдаги ва келажакдаги муносабатлар, миллий маданиятимизни қурмоқ, Ислом дини ҳаётини тикламоқ, ўзимизни ўзимиз танишимиз, ҳозирги иқтисодий бўҳрондан қутулмоқ, халқнинг ҳаёти ва тўқ яшаши йўллари каби масалалар, тарихимизнинг сохталаштирилишига қарши курашнинг зарурлиги, дунё халқлари орасидаги мавқеимиз, Туркистон ташқарисида Туркистон масалаларидаги тадқиқотларнинг кўринишлари, энг охирги муҳим масалалар сифатида Ўрта Осиё ва Қозоғистон атамаси ўрнига Туркистон атамасининг тикланиши каби масалалар ҳақида фикрлар билдирар эдим.
– Оилангиз, фарзандларингиз ҳақида сўзлаб бера оласизми? Улар ўзбек тилини билишадими? Рўзғор тутиш тартибингиз қандай?
– Оилавий ҳаётим ҳақида маълумот беришим мумкин. Хотиним – олмон, тиббия докторидир. Уч фарзандимиз ва олти набирамиз бор. Улар дорулфунун таълимини олишган. Икки ўғил – нашриётчи. Қизимиз спортчи, яъни спорт муаллимаси. Чўлоқ, кўр, жинни, юраги оғир хасталарни ва қарияларни спорт йўли билан соғлом тутиш соҳасида ишлайди. Ўзбек туркчасини ўргана олмадилар. Туркистонга боғлиқдирлар. Оила ҳаётимиз самимийдир. Фарзандлар, келинлар ва куёв, набиралар ҳар ҳафтада бир дафъа уйимизга келиб, Фарғона паловини еб, оилавий маслаҳатлашиб кетадилар.
Сўзларимни сизларга раҳмат билдириш билан битирмоқчиман. Чунки юрагимда тўпланган зардобларимни чиқаришга имкон берган бўлдиларингиз. Саломат қолингизлар. Менинг фикрларимни ўқиётганларга ҳам чандон раҳматлар билдираман.
Ислом УСМОНОВ суҳбатлашди.
“Мулоқот” журнали, 1991-йил, Май