loader

Ошоба фожиаси

Ошоба фожиаси Туркистондаги чор босқини манзараларидан бир лавҳа холос. Шунга қарамай, у бизга кўп нарсаларни ойдинлаштириб беради. Рус қўшини осонлик билан юртимизни қўлга киритган эмас. Ўлкани тўла бўйсундириш учун бу ваҳший тўда дарё-дарё инсон қонини оқизган. Минг-минглаб кўҳна иморатлар вайрон қилинган, юзлаб қишлоқлар, катта-катта шаҳарлар ёндирилиб, кули кўкка совурилган. Мард ватандошларимиз, номуси, ори мустаҳкам аждодларимиз ёвга осонликча бўйсунмаганлар. Улар она юрт учун, ҳар бир қарич муқаддас тупроқ учун жон олиб, жон бериб, мардона курашганлар. Ошобаликлар жасорати ана шу тенгсиз жангларнинг кичик, аммо ибратли намунасидир. Мен бу эрксевар, жасур қишлоқ аҳлининг сўнгги нафасга қадар ёв билан юзма-юз олишгани, ҳатто аёллар ҳам тиз чўкишдан, қул бўлишдан ор қилгани, ўз шаъни-шавкатини юксак тутганини ўқиб, қойил қолдим. Айни замонда бу қишлоқ фожиаси рус зобитларининг чинакам башарасини ҳам очиб беради. Уларнинг юртимизга осойишталик, эркинлик, тенглик, маданият олиб келганмиз деган даъволари пуч гап, қуруқ, ҳавойи алдамчилик эканини фош этади.

Тарих ва тақдир

Ошкоралик туфайли рус чоризмининг ўлкамизга қилган тажовузига доир турли ҳужжатлар ва манбалар юзага чиқа бошлади. Уларни ўқир эканмиз, бу кўнгилсиз ҳодисанинг кўлами ва моҳиятини теранроқ ҳис этамиз. Тарихнинг шу пайтгача яшириб келинган саҳифалари бизга даҳшатли манзараларни, мислсиз ёвузлик ва адолатсизликларни сўзлаб беради.

Очиғини айтганда, Туркистондаги йирик шаҳарлар қай тарзда босиб олингани илгари ҳам айрим тарихчи олимларнинг асарларида бир қадар ёритилган эди. Тошкент шаҳри қандай забт этилгани, Чимкент неча марта қўлдан-қўлга ўтгани, Алимқул сардорнинг фидойилик билан кураш олиб боргани ва қаҳрамонларча ҳалок бўлганига доир маълумотлар тарихнавис Ҳамид Зиёевнинг “Тошкентнинг Россияга қўшиб олиниши” (1967) номли рисоласида анча батафсил баён қилинган. Кейинги йилларда шоир Хуршид Даврон ва тарихчи олимлар – Ҳайдарбек Бобобеков, Ҳамдам Содиқовнинг самарали изланишлари натижасида анча-мунча масалалар ойдинлашди. Ҳозир хорижда босилган айрим тадқиқотлар (Боймирза Ҳайит, Маҳмет Сарой асарлари) нашрга тайёрланмоқда.

Рус босқини манзараларини тасаввур этишимиз учун чор зобитлари ва амалдорлари томонидан ёзилган турли асарлар, мақолалар ва хотиралар ҳам бизга катта ёрдам беради. Мен ўтган йилларда Москвадаги Давлат кутубхонасида бир муддат ишлаб, айрим манбалар билан танишган эдим. Машъум босқин қандай маккорлик билан тайёрлангани ва амалга оширилгани, унга кимлар бевосита раҳбарлик қилгани, жанг тафсилотлари ҳақида И.А. Терентьев, А.Серебренников, А.Маслов, Н.Гродеков, Н.Куропаткин (булар ниҳоятда кўп, мукаммал рўйхат бир неча бетга чўзилади) сингари зобитларнинг асарларидан кўп маълумотлар олиш мумкин. Қизиғи шундаки, ҳатто босқинчи рус зобитлари биздаги айрим тарихни сохталаштириб кун кўрган олимлардан кўра ростгўйроқ, ҳақгўйроқ бўлган. Улар ўзи кўрган ёки бевосита иштирок этган даҳшатли воқеаларни яширмасдан, оқизмай-томизмай ёзиб кетишган экан. Бугунги кунда уларни ўқиб, тарихнинг кўп номаълум сиру асрорлари билан танишамиз.

Мана, қўлимда “Военний сборник” ойномасининг сарғайган саҳифалари. Унинг 1987–1901 йиллардаги турли сонларида зобит А.Серебренниковнинг “Қўқон юриши тарихига доир” сарлавҳали йирик мақолалар туркуми чоп этилган (жами беш мақола). У рус ҳарбий қароргоҳи ҳужжатлари асосида ёзилгани учун катта қимматга молик. Муаллиф 1875 йилда Қўқон хонлиги ҳудудида рўй берган сиёсий воқеаларни, ҳарбий ҳаракатлар солномасини деярли холислик билан қайд этишга ҳаракат қилган, барча тафсилотларни имкони борича қамраб олишга интилган.

Мен Москванинг рутубатли кунларида бу мақолалар туркумини ўқиганимдан кейин бир неча кунгача ўзимга келолмай юрдим. Алам ва ўкинч, надомат ва изтироб вужудимни тилкалаб ташлади. Назаримда, шу кунларда шивалаб дамба-дам ёғаётган ёмғир менга қўшилиб йиғлаб, кўнглини бўшатаётгандек нохуш таассурот пайдо бўлган эди. Кўз ўнгимда Туркистоннинг биринчи ҳарбий генерал-губернатори фон Кауфман, генерал М.Д.Скобелев, Колпаковский, Троцкий каби даҳшатли генераллар, полковник барон Меллер-Закомелский, полковник Пичугин ва бошқа зобитларнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қилмишлари, ёвуз ҳатти-харакатлари жонланди. Оғир саволлар қаршисида ожиз қолдим. “Нега бу даҳшатли воқеалар доим сир тутиб келинди, нега тарих китобларида бу қонли манзараларни четлаб ўтиб, рус истилосининг нуқул “прогрессив аҳамияти”ни зўрма-зўраки ёритишга беҳуда куч сарфладик? Ўтмишимизни яшириб, халқимизни узоқ йиллар алдаб, кўзини кўр, қулоғини кар қилиб нимага эришдик?!”

Мазкур катта мақола вақти-соати келиб тўла таржима этилади ва кенг жамоатчилик ҳукмига етказилади. Шунинг учун ҳозир унда баён қилинган кичкина тоғ қишлоғи – Ошобада рўй берган қонли бир тўқнашув ҳақида тўхталишга жазм этдим.

Босқинчи рус қўшини Қўқон хонлиги ҳудудига гўё тартиб-интизом ўрнатиш, ҳокимият осойишталигини бузган қўзғолончиларни жазолаш ниқоби остида киритилади. Бунда Худоёрхон, валиаҳд Насриддин ва бошқа амалдорларнинг ҳам машъум хизмати бор, албатта. Ёвуз қора қўшиннинг босган қадамларини кузатсак, у аслида тинч аҳолини беомон қириб, зўравонлик, таловчилик, ваҳшийлик билан шуғулланганини кўрамиз. Жазо ҳаракатларига рус салтанатининг эркатойига айланган генерал Скобелев раҳбарлик қилади. Унинг ҳамда генерал фон Кауфманнинг бевосита топшириғига мувофиқ полковник Пичугин етакчилигида 3-Туркистон ўқчи батальонига қарашли бир неча рота ҳамда Сибир казаклари бўлинмаси 16 ноябр тонгида Оқжар кечувидан ўтиб, Наманганнинг ғарбидаги тоғ қишлоқлари устига юриш бошлайди. Вазифа қўзғолончиларга мадад берган ва уларни яширган аҳолини аёвсиз жазолашдан иборат эди.

Тоғ қишлоқлари орасида катта йўллар йўқлиги учун замбараклар олинмайди. Қўшин Қамишқўрғонда тунни ўтказади. 17 ноябрда эса уларни Шайдон қишлоғи аҳолиси омонлик билан қаршилайди. Полковник Пичугин ноиб Мирза Абдулланинг чақувига мувофиқ азалдан русларга нисбатан адоват билан қараган икки оқсоқолни халқ ўртасида жазолайди ва отряд учун зарур озиқ-овқат ҳамда ем-хашак ҳозирлашни буюради.

Шайдондан юқорида – тоғ орасида жойлашган Бободарҳон қишлоғида отлиқ қўзғолончилар (рус зобити ўз юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун курашган фидойиларни ҳамма ерда “шайка” деб атайди – О.А.) борлиги аниқланади. Панғоз қишлоғида уларга дуч келадилар, учта милтиқ ўлжа олинади.

Бободархон қишлоғида истиқомат қилувчи аҳолининг ҳаммаси рус қўшини истиқболига бўйин эгиб чиқадилар ва полковник Пичугин талаб этган барча нарсаларни (озиқ-овқат, от, ҳатто наматгача – босқинчилар ерга ўтирганда тагидан зах ўтиб кетмасин деган бўлсалар керак. Меҳрибончиликни қаранг-а!) дарҳол муҳайё қиладилар. Шу орада шайдонликлардан чопар келиб, исёнчи Танаберди бошчилигидаги тўдани Шайдон аҳолиси қишлоққа киритмагани, улар Ошоба тарафга кетгани хабарини етказади. Мақолада баён этилган воқеаларни айнан келтирганимиз маъқул: “Душман бизнинг кучли отрядларимиз билан юзма-юз олишишдан қочиб, якка-ёлғиз ёки кичик-кичик гуруҳларга қўққисдан ҳужум қилиб қоларди. Унинг бу одатини яхши билган полковник Пичугин Танаберди шайкаси билан тўқнашиш учун туғилган қулай имкониятни бой бергиси келмади. У 17 ноябрда тоғ йўллари оша Ошобага қараб йўлга чиқди.

Пиёдалар яёв юришди, йигирма бешта аравакаш отга ўн кишилик қозонлар ва беш кунга етадиган озиқ-овқат, ўқ-дори ортилган эди.

Тоғ йўли чуқур жарликлар оралаб ўтар, гоҳ пастликка тушиб, гоҳ ўр тортиб узоқ юришга тўғри келарди. Бунинг устига тун қоронғилиги аҳволни янада қийинлаштирган эди. 20 чақиримдан ортиқ йўл босган отряд тонгги соат еттиларда тинч уйқу оғушида ётган қишлоққа етиб борди.

Отряд билан ёнма-ён тор сўқмоқ йўлдан келаётган полковник Пичугин йўлга пистирма қўйилганини сезмай қолди. Аммо баландликка, қишлоқ томонга от қўйиб кетаётган бир неча душман қўриқчисига кўзи тушди.

Уларни тутиш учун 5-Сибир бўлинмаси суворийлари изма-из юборилди. Мазкур бўлинма қишлоққа яқинлашганда, уларга қараб қишлоқдаги деярли ҳар бир қўра, ҳар бир уйнинг томидан ўқ ёғилди. Ўнг томондаги тепаликда отлиқ шайка пайдо бўлди.

Казаклар дарров отдан тушдилар, отишма бошланди.

Душманнинг муттасил ўқ ёғдириши ва нишонга аниқ уришига қараганда аҳоли милтиқлар билан яхши қуролланган ва мудофага пухта тайёргарлик кўрган эди.

Пиёдалар олис йўлдан толиқиб келишганига қарамай, тепаликкача югуриб бориб ётиб олдилар ва дўнглар орасига яшириниб, душманни таъқиб этишга киришдилар. Отишма ниҳоятда кучли бўлди. Бизнинг ўқчиларимиз қатори казаклар ҳам тинмай ўқ узишарди.

Ниҳоят, қишлоқдан отилаётган ўқлар сийраклашди ва ўнг қанотдаги душман ўқчилари орқага қараб чопиб кетаётгани кўринди.

Пиёдалар ҳужумга ўтишди: штабс-капитан Бертенев раҳбарлигидаги учта взвод қишлоқнинг ўнг томонига, 1-рота капитани Русанов ихтиёридаги взвод эса чап қанотга ташланди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам кучли қаршиликка дуч келишди. Аҳоли тўсиқлар ортидан ва уйлар ҳамда деворлардаги махсус туйнуклардан тинмай ўқ отарди.

Бутун қишлоқ мустаҳкам истеҳкомга айланган бўлса-да, шиддатли ҳужумга ўтган аскарларни тўхтатиб қолишдан ожиз эди.

Шафқатсиз қирғин бошланди. Ошобаликларнинг биронтаси ҳам таслим бўлишни хоҳламасди, ҳамма қўлида қурол билан ҳалок бўлди. Ҳатто хотинлар ҳам қўлига пичоқ олиб аскарларга ташланар ёки томдан туриб тош билан урар эдилар.

Ҳар бир ҳовлини жанг билан ишғол қилишга тўғри келди, ҳар бир бурчакда пистирмага йўлиқиш мумкин эди.

Ниҳоят, қишлоқ эгалланди, дуч келган тирик жон найзадан ўтказилди.

Поручик Журавлев етакчилигидаги 2-ротага қарашли взвод тепаликка кўтарилишга муваффақ бўлди ва шу ердан туриб, отлиқ шайкага қарата дўлдек ўқ ёғдирди. Шайка жон сақлаб қолиш умидида бизнинг ўқларимиз остида довонга ўзини урди ва тезда кўздан ғойиб бўлди. Майдонда ўнларча ўликлар қолиб кетди.

Казаклар батамом ҳолдан тойгани ва тоғ йўлларининг оғирлиги туфайли қочган отлиқ шайкани қувиб, бирон натижага эришиш қийин эди. Шунинг учун полковник Пичугин таъқибни тўхтатишга қарор қилди.

Эрталабки соат тўққиз яримда жанг тамом бўлди. Фақат ҳар замонда якка-ёлғиз ўқ овозлари эшитиларди: баъзи фидойилар яшириниб ётган жойларидан сакраб чиқиб, бизникиларга қараб ўқ отиб қоларди ва у шу заҳотиёқ найзага санчиб ўлдириларди. Ноғора чалиб, қўшинни бир ерга тўплашди. Полковник Пичугин уларнинг бир бўлагини қишлоқни вайрон этиш учун жўнатди. Кўп ўтмай қишлоқ қуюқ олов халқаси орасида ловуллаб ёна бошлади. Кўчаларда, боғ ва ҳовлиларда сочилиб ётган ўликлар ҳам ёниб кетди…

Биз байроқ, нишон, 120 милтиқ, 60 қилич, 80 найза ва 200 дан кўпроқ батикни ўлжа қилиб олдик.

Душман катта талафот кўрди. Биргина Ошоба қишлоғининг ўзида 150 дан ортиқ мурда топилди. 100 га яқин жасад боғлар, ўралар ичида ва тоғ ён бағирларида чўзилиб ётарди. Бундан ташқари ёқиб юборилган уйлар ичида ҳам кўп одамлар тириклай ёниб кетди…

Биз ҳам бирмунча қурбон бердик. Икки ўқчи солдат ва бир казак ўлди. 11 киши ярадор бўлди, шулардан тўрттасининг жароҳати енгил…

Кейинги куни, яъни 19 ноябрда отряд Ашт қишлоғига келди. Аҳоли қўшинни бутунлай итоаткорлик билан қаршилади. Шу куни кечқурун Оқжардаги манзилга қайтилди.

Танаберди, Ботирқул ҳамда бизга номаълум бўлган шайка бошлиғи Раҳмат Ошобадаги мағлубиятдан кейин Сарвак қишлоғига жойлашдилар. Оқжар отряди Наманган бўлимининг шимоли-ғарбидаги тоғ қишлоқларида ўта муваффақиятли равишда, намунали тарзда ҳаракат қилдилар. Ошоба қишлоғида исёнчи шайкаларнинг тор-мор этилиши эса атрофдаги аҳолига кучли таъсир этиб, уларни ларзага солди. Улар русларга қарши курашишнинг оқибати қандай тугашини яхши билиб олдилар”.

Шундан кейин мақолада фон Кауфман полковник Пичугиннинг “жасурона” ҳатти-ҳаракатларини маъқуллаб, ёзма миннатдорчилик билдиргани, Русанов, Бертенев, Журавлев, Батурин каби “қаҳрамонлик кўрсатган” зобитлар ва бир қанча аскарлар ҳарбий нишонга тақдим этилгани ва бошқа воқеалар ёритилади.

Ошоба фожиаси Туркистондаги чор босқини манзараларидан бир лавҳа холос. Шунга қарамай, у бизга кўп нарсаларни ойдинлаштириб беради. Рус қўшини осонлик билан юртимизни қўлга киритган эмас. Ўлкани тўла бўйсундириш учун бу ваҳший тўда дарё-дарё инсон қонини оқизган. Минг-минглаб кўҳна иморатлар вайрон қилинган, юзлаб қишлоқлар, катта-катта шаҳарлар ёндирилиб, кули кўкка совурилган. Мард ватандошларимиз, номуси, ори мустаҳкам аждодларимиз ёвга осонликча бўйсунмаганлар. Улар она юрт учун, ҳар бир қарич муқаддас тупроқ учун жон олиб, жон бериб, мардона курашганлар. Ошобаликлар жасорати ана шу тенгсиз жангларнинг кичик, аммо ибратли намунасидир. Мен бу эрксевар, жасур қишлоқ аҳлининг сўнгги нафасга қадар ёв билан юзма-юз олишгани, ҳатто аёллар ҳам тиз чўкишдан, қул бўлишдан ор қилгани, ўз шаъни-шавкатини юксак тутганини ўқиб, қойил қолдим. Айни замонда бу қишлоқ фожиаси рус зобитларининг чинакам башарасини ҳам очиб беради. Уларнинг юртимизга осойишталик, эркинлик, тенглик, маданият олиб келганмиз деган даъволари пуч гап, қуруқ, ҳавойи алдамчилик эканини фош этади.

Шу ўринда ўлкамиздаги ҳамма қишлоқлар худди ошобаликлар каби ёвга қарши бир жон, бир тан бўлиб курашишга журъат этмаганини ҳам очиқ айтиш керак. Чор қўшини истиқболига бош эгиб, тиз чўкиб чиққанлар ҳам кўп бўлган. Улардан айримларининг номи юқорида тилга олиб ўтилди. Ҳатто Каттақўрғон шаҳри аҳолиси битта ҳам ўқ узмасдан таслим бўлганки, бу ҳақда рус зобитларининг ўзи ғашлик билан сўкиниб ёзганлар. Чунки жанг бўлмагани учун мукофот ва нишон олиш, мансаб пиллапоясидан кўтарилиш имконияти қўлдан кетгани уларга ниҳоятда алам қилган эди. (“Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси” деган мақолни эсланг!).

Ана шундай осон таслим бўлган қишлоқлардан бирининг аянчли тақдири машҳур қирғиз ёзувчиси Тўлаган Қосимбековнинг “Синган қилич” романида (Турсунбой Адашбоев таржимаси, Тошкент, 1980) анча ишончли тасвирланган. Ҳар жиҳатдан ибратли бўлгани учун ана шу асарга бир қадар тўхталиб ўтайлик. Умри тугаб, парокандаликка юз тутган хонликдаги ўзаро қирғинлар, чорасиз ўзбек ва қирғизларнинг аччиқ қисмати, рус аскарларининг хунрезликлари роман саҳифаларида санъаткорона гавдаланиб, қалбимиз ва шууримизни ром этади. Муаллиф уйдирмачилик йўлидан бориб, кўпдан-кўп тўқима образларга мурожаат этса-да, барибир, тарихий ҳақиқат мезонларидан чекинмайди. Унда биз қамчисидан қон томган, заҳар, золим Скобелевнинг ёрқин чизилган, пухта далилланган сиймосига дуч келамиз. Ёзувчи маҳорати туфайли бағри тош генералнинг ёвуз кирдикорлари тасвирланган саҳифалар чинакам реалистик қудрат касб этади ва узоқ вақтларгача қалбимизни ларзага солади. Келинг, яхшиси, шу ўринларни биргалашиб ўқиб чиқайлик:

“Қор икки кун бўралаб ёғиб, эндигина тинган эди. Гўзал Фарғона водийси оқ ҳарир кўйлак кийган келинчакка ўхшайди. Ҳаво муздек. Отряд оппоқ қорда илондек чуваланиб келарди. (Бўёқлар зиддиятини қаранг: оқ қор ва қора илон. Қишлоқларга, тинч аҳолига ўлим олиб келаётган босқинчи аскарларнинг рамзий қиёфасини муаллиф усталик билан жонлантириб берганига қойил қолиш керак.– О.А.). Уларни Найман қишлоғининг аҳолиси қўлларини кўксига қўйиб кутиб олди. Холис ният белгиси сифатида ҳамма оқ белбоғ боғлаб олибди.

Генерал Скобелев Насриддин (Қўқон хони Худоёрхонинг ўғли – О.А.) билан ёнма-ён туриб тўплаган халойиқни кўздан кечирди. Аламзада Насриддин зориқиб, “Қир” деган буйруқнигина кутарди. Соқоли кўксига тушган оқсоқол қорга тиз чўкаркан, таъзим қилиб:

– Раҳм қилинглар, одамзоднинг фарзандлари,– деди. Тилмоч таржима қилди. Генерал мазах қилиб кулди. Чол ўша ҳолатда жавоб кутарди.

– А-га!– деди Скобелев.– Нима? Урушиб бўлдингларми?

– Кесатяпти,– деб тилмоч таржима қилди.

– Қуруқ ердан ўт чиқмайди. Нима қилайлик, ҳаёт тақозоси экан. Мана, тиз букиб, кечирим сўраяпмиз. Қишлоқда чолу кампир ва ёш болалардан бошқа одам қолмаган. Эгилган бошни қилич кесмайди,– деди оқсоқол.

– Нима?– деб бақирди Насриддин. У Скобелев тек турганини кўриб шаштидан тушди, тилмоч чолнинг гапини генералга аста тушунтирди.

– Бузуқиларни кечириш йўқ, қириб ташланглар,– деб буюрди генерал Скобелев.

Бир ёқдан солдатлар, бир ёқдан Насриддиннинг йигитлари халойиқни ўртага олди. Одамлар ўзларини ҳар томонга ура бошлади. Шунда ҳалиги оқсоқол ҳамқишлоқларини инсофга чақирди.

– Фойдаси йўқ. Жон талашманглар.– Барча жим бўлди. Насриддин биринчи бўлиб қиличини суғурди. Хаш-паш дегунча қор қонга бўялди. Навбат соқоли кўксига тушган оқсоқолга келди.

– Унга тегма,– деди генерал Скобелев.– Мен уни бу ерда тирик қолдираман. Энг яхши жазо шу…

Қишлоқ тўрт томондан қуршалиб, хотинларнинг нолиши, гўдакларнинг йиғиси ҳаммаёқни тутди. Зўравонлар қўлларига нима илашса олишди. Қош қорайганда уйлар ҳувиллаб қолди, итлар ули тортиб, ғингшиб изғишга тушди.

Энг охирида генерал Скобелев қишлоқда биронта тирик жон қолмаслигини, уйларга, молхоналарга ўт қўйишни буюрди. Қишлоқда на ит қолди, на ёнғиндан қочиб дарахтга тирмашган мушук қолди.

Жазоловчилар отряди ўлжани юклаб, молни ҳайдаб йўлга тушди. Қишлоқдан бурқсиган куюнди ва қон ҳидию бир чеккада оппоқ соқолидан қон аралаш ёш томаётган ёлғиз чол қолди”.

Даҳшатли тасвир! Ёзувчи воқеаларга аралашиб, шарҳлаб ўтирмайди. Бечора оқсоқол чол ҳам, шафқат кутиб оқ белбоғ боғлаб олган одамлар ҳам, золим Скобелев ҳам, ундан қолишмайдиган югурдак Насриддин ҳам бир-икки чизги воситасида жонли, аниқ гавдаланади. Ёзувчининг холис, совуққон нигоҳида шафқатсизлик бор. У қирғин манзараларини синчковлик билан суратлантирар экан, турли деталлар, тафсилотларни ўринли қўллай боради. Парчани ўқир эканмиз, хотинларнинг ноласи, чирқираб йиғлаётган гўдаклар фарёдини эшитиб сесканиб кетамиз, ули тортиб ғингшиган итлар, ёнғиндан қочиб дарахтларга тирмашган мушуклар кўз ўнгимизда аниқ жонланиб, фожиани бўрттириб кўрсатади. Муаллиф чор босқинчилари ҳақида бир оғиз ёмон гап айтиб, ҳақоратомуз, ножўя сўзлар ишлатиб ўтирмайди. Бу вазифани генерал ва аскарларнинг қилмиши, ҳатти-ҳаракатларининг ўзи яхши бажаради. Мустамлакачиларнинг ёвуз қиёфасини, қирғин ва ўлим уруғини сепиб, юртни қандай қонга ботиргани ҳақида яққол тасаввур беради. Ёзувчи очиқ айтмаган, аммо кўзда тутган босқинчи қўшинга нисбатан беадад нафрат ҳисси ўқувчи қалбига беихтиёр кўчиб ўтади. Тарихчи олимларимиз ва ҳукмрон мафкура оғиз кўпиртириб мақтаган “ихтиёрий қўшилиш” қай тарзда амалга оширилганини ҳис этгач, бояги нафрат туйғуси икки ҳисса кучаяди. Энди унинг тиғи мустамлакачилар билан бирга уларнинг содиқ югурдагига, ҳимоячиларига айланиб, ҳақиқатни яшириб келган маддоҳ мафкура тўтиқушларига ҳам қаратилади. Босқинчи қўшиндан меҳр-шафқат кутиб алданган бечора халойиқнинг аччиқ қисматига қаттиқ ачинамиз. Халқимизда “Тиз чўкиб яшагандан кўра тик туриб ўлган яхши!” деган мақол бор. Юқоридагига ўхшаб хор-зорликда беҳуда ўлгандан кўра мардона курашиб шаҳид бўлган афзал эмасми?..

Мен Ошоба қишлоғида бўлган эмасман. У ердаги одамларни, Ватан мустақиллиги йўлида азиз жонларини аямаган фидойи қаҳрамонларнинг ворислари – набиралари, эвара,чевараларини ҳали кўрганим йўқ. Аммо олис аждодларимизнинг эрксевар руҳини, жасоратини бағрига жойлай олган ошобаликлар Туркистондаги қаҳрамон қишлоқлардан бирида туғилиб-ўсганликлари билан ҳар қанча фахрланса арзийди деб биламан.

Тўғри, бу қишлоқдаги жанг ҳал қилувчи аҳамиятга молик бўлган эмас. У даҳшатли қирғинларнинг кичик бир томчиси, холос. Аммо тоғ одамларининг жасорати, мардлиги, эрксеварлиги таҳсинга сазовор. Улар ҳақида қўшиқлар тўқилса, йирик асарлар ёзилса арзийди.

Биз рус халқидан тарихни қандай ардорқлашни ҳам ўрганишимиз зарурга ўхшайди. Улар мўғуллар устидан қозонилган ғалаба шарафига Куликово майдонида улкан ёдгорликлар тиклаб қўйишган. Бородино жанги хотираси учун муҳташам обидалар ўрнатишган. Севастопол мудофасини жонлантирувчи панорамалар барпо этишган. Бу жойлар қадамжога, зиёратгоҳга айланган.

Ўзбекистонда эса миллий ғуруримизни юксалтирадиган бундай обидалар қуриш, афсуски, ҳануз ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Бунинг ўрнига биз бутунлай бошқа манзараларни кўрамиз. Азим Самарқанд остонасида – Чўпонота тепаликларида чор босқинчи аскарларига қўйилган улкан обида ҳамон савлат тўкиб турибди. Неча бор гап-сўз бўлганига қарамай, уни бузиб ташлайдиган марди-майдон негадир топилмаяпти. Мен бу ёдгорлик Ватан мустақиллиги йўлида курашиб ҳалок бўлган инсонлар, улуғ аждодларимиз хотирасини топташ, уларга нисбатан қилинган жуда катта ҳурматсизлик деб биламан. Айни замонда ўлкамизнинг бирон-бир бурчагида – на Тошкентда, на Самарқанд, на Қўқону Хевада босқинчиларга бўйин эгмасдан, тиз чўкиб яшашдан кўра мардона ўлимни афзал кўрган фидойи қаҳрамонлар хотирасига қўйилган бирон-бир ёдгорлик ёки оддийгина лавҳа борлигидан хабарим йўқ. Нега биз уларни эсламаймиз, эъзозлаб, бошимизга кўтармаймиз?! Шу оддий инсоний бурчни, эзгу вазифани бажариш учун йиллаб бошқа жойдан буйруқ, фармон кутиб қўл қовуштириб яшашимиз керакми?!

Ватан озодлиги, Туркистон мустақиллиги йўлида курашиб ҳалок бўлган фидойиларни юртимиз қаҳрамонлари сифатида улуғлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади. Ҳар бир қишлоқ ва шаҳарда уларга ёдгорликлар тикланиши, уларнинг порлоқ хотираси эъзозланиши шарт. Балки, бу эзгу ишни биринчи бўлиб ошобаликлар бошлаб беришар? Ҳар ҳолда бу жасур тоғ қишлоғида – қаҳрамон аждодлар яшаган муқаддас масканда Озодлик ҳайкали тикланишига ишонгим келади.

Рус босқинчи қўшинига қарши мардона курашган ва таслим бўлмаган Ошоба қаҳрамонларининг жасорати тарих дарсликларида ёритилиши, ёш авлодни Ватан мустақиллигини, эркини баланд тутувчи мард, жасур, жанговар кишилар қилиб тарбиялашда намуна сифатида олиниши зарур. Уларнинг юксак жасорати ана шундай ардоқланишга ҳар жиҳатдан лойиқ.

Бугун жумҳуриятимиз мустақилликка эришган қутлуғ айёмда ошобалик шаҳидлар руҳи олдида таъзим қиламан. Уларнинг пок руҳи Оллоҳ марҳаматига сазовор бўлсин. Омин!

Ортиқбой Абдуллаев