Ўртоқлари ҳазиллашиб уни шундай деб аташарди. Дарҳақиқат, Бегали Қосимов илмий фаолиятининг ҳаммасини тўлалигича жадидлар мавзуига бағишлаган, уларнинг маърифатпарварлик соҳасидаги, миллатни уйғотиб ҳозирги замон цивилизациясига эш қилиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттирган эди. Деярли ярим аср давом этган бу иш жараёнида Бегалининг ўзи ҳам жадидларнинг қай бир хислатларини ўзлаштириб олгандек кўринарди. Шунинг учун “Сўнгги жадид” деган лақаб унга жуда мос тушган эди.
Бегали Қашқадарё вилоятининг Касби туманига қарашли кичикроқ бир қишлоқда туғилиб ўсган эди. Унинг болалиги уруш йилларига тўғри келди. У кезлари, айниқса, қишлоқларда шароит оғир эди. Шунинг учун Бегали ҳам бошқа қишлоқ болалари каби болаликнинг кўпгина қувончларидан маҳрум бўлиб ўсган. Қишлоқ аҳли чорвачилик билан шуғулланарди. Қўй-қўзиларнинг кетидан юриш, уларни парвариш қилиш, вақти келганда улоқлар билан қувлашмачоқ ўйнашлар қишлоқ болаларининг ягона овунчоғи эди. Бундан ташқари, она табиат Бегалининг қалбида илк марта ватан туйғусини уйғотди. Қашқадарё адирлари, айниқса, баҳор кезларида бетакрор бир гўзаллик касб этади. Адирлар ям-яшил либос кияди, ўт-ўланлар, майсалар кишига хуш ёқувчи муаттар ҳидлар таратиб гуркираб ўсади, теварак-атрофдан узлуксиз эшитилиб турадиган қўй-қўзиларнинг маъраши адирлар бағрида ёқимли музика садоларидек туюлади. Ложувард осмон тип-тиниқ, кишида аллақандай номаълум ҳис-туйғуларни уйғотади. Бу гўзаллик ичида яшаб, улғайиб уни севиб қолмаслик мумкин эмас. Бегали она қишлоғини, унинг теварагидаги паст-баланд адирларни жуда яхши кўрарди. У 50 ёшга кирганида бир гуруҳ дўстларини қишлоққа таклиф этганди. Қишлоқ озода, саришта, ғоятда файзли эди. Бегали ўзи ўқиган мактабни, болалиги ўтган қишлоқдаги кўчалару манзилларни қандайдир ички бир ғурур билан бизга кўз-кўз қилди. Кейин бизни туман марказидан унча олис бўлмаган қабристонга етаклади. Қабристон қадимий бўлиб, жуда катта эди. Ҳар бир мақбара таъмирланган, супириб-сидирилган. Одамларнинг бу қабристонга ихлоси ва ҳурмати ғоят баландлиги аён кўриниб турарди. Бу қабристонда жуда кўп улуғ уламоларнинг жасади қўйилган экан. У пайтлари Ўзбекистон мустақил ривожланиш йўлидаги биринчи қадамларини қўймоқда эди. Шунинг учун ҳали шўролар замонидаги баъзи удумлар бекор бўлмаган, ўтмишда яшаган буюк алломалар ва уламоларни, азиз авлиёларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш кўнгилдагидек эмасди. Лекин Касби яқинидаги қабристон бундан мустасно. Мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, Бегали ҳар бир мақбарадаги азиз-авлиёнинг кимлиги, қайси даврда яшагани, қандай ишлар билан халқ ўртасида донг чиқаргани, улар тўғрисида қандай эски-эски китобларда маълумот берилганини жуда яхши биларди. Бегали бу тўғрида тўлиб-тошиб гапирар экан, биз гўё олис тарихнинг садоларини эшитаётгандек ҳис қилдик ўзимизни. Мен Бегалидан бу гапларни қаердан билишини сўрадим.
— Болаликда уйимизда ҳам, мактабда ҳам кўп гапиришарди. Неча марта қабристонни зиёрат қилиб, бу ерда ётган азиз-авлиёларни тавоф қилганман. Қолган гапларни ҳар хил китоблардан ўқиб билиб олганман.
Суҳбатдошимга яна бир бор қойил қолдим — мен унинг билимдонлигини билардим, аммо ўз қишлоғини, унинг тарихини, қадриятларини бу қадар эъзозлашини билмасдим. Демак, унинг ёшлик йиллари шунчаки ўйинқароқлик билан ўтмаган экан. Бегали болалик кезларидан синчков, ҳар нарсага қизиқадиган, ҳар нарсани таг-туги билан чуқур билиб олишга интиладиган одам бўлиб ўсган экан. Хуллас, бу синчковлик, юрт тарихига, маданиятига қизиқиш уни ҳозирги Миллий университет даргоҳига олиб келди.
Бегали ўз гуруҳидаги талабалар ичида энг жуссаси кичиги эди. Эркин адирлар бағрида, ўт-ўланлар салтанатида, бир чўпончалик қўй-қўзилар кетидан югуриб ўсган Бегали нега бунчалик кичкина бўлиб қолган, билмадим. Лекин бир-икки йил ўқигандан кейин спорт билан астойдил шуғулланиб, бу қусурини анча тўғрилаб олди. У университет командасида 15—20 йил муттасил волейбол ўйнади. Жуда эпчил ва чаққон эди. Жуда қийин тўпларни ҳам ўйинга қайтара олар, умуман, яхши ўйинчилардан бири ҳисобланарди. Бегали дурустгина шахмат ҳам ўйнарди. Кафедрамиз аъзолари ёзги таътил вақтларида ҳар хил сафарлар ва саёҳатларга кўп бориб турарди. Бегали бу сафарларнинг доимий иштирокчиси эди. У билан Қашқадарёнинг тоғлиқ ҳудудларига сафар қилганмиз. Ҳисорак шоввасини, Қизил эмчак тоғини, Ғилон деган афсонавий масканни бирга кезганмиз. Узоқ Шарққа, Бадахшонга, Арошан бува булоғига, Сурхон воҳасига бирга борганмиз. Бегали жуда дилкаш йигит эди. У кўп гапирмас, лекин индамас ҳам эмасди. У ҳадеб бўлар-бўлмасга кулавермас, бироқ кулса, чин дилдан куларди. Бирон нарсадан ранжиса ёки жаҳли чиқса, дарғазаб бўлиб, бақириб-чақирмас, балки бирон оғиз заҳарханда гап айтиб ёки бирон пичинг билан, қошларини чимириб, муносабатини маълум қиларди.
Бегали жуда яхши ўқиди. У айниқса эски ўзбек тилини, араб ёзувини мукаммал ўрганди, бу унинг мумтоз адабиёт билан шуғулланишига имкон берди. У семинарларда, илмий конференцияларда жуда мазмунли маърузалар қилар, ўрни келганда, илмий масалаларда мунозара қилишдан қочмасди. Унинг ҳар бир чиқишида, албатта, қандайдир янгилик бўларди.
Бегалининг фаоллиги ва ғайрати, илмга астойдил берилгани домлаларнинг назаридан четда қолмади. Айниқса, профессор Ғулом Каримов унга алоҳида эътибор билан қарай бошлади. Кўп ўтмай улар ўртасидаги муносабат устоз-шогирдлик муносабатига айланди. Кейин Бегали Ғулом Каримовнинг аспиранти бўлди. Албатта, унинг номзодлик иши ҳам жадидчиликка бағишланган эди. Лекин Бегали, эҳтимол, Ғулом Каримовнинг маслаҳати билан бўлса керак, жадидчиликнинг умумий муаммолари устида эмас, бу ҳаракатнинг атоқли вакили Мирмуҳсин ижоди устида иш бошлади ва “Мирмуҳсин Шермуҳамедов (Фикрий) ва унинг адабий муҳити” мавзуидаги номзодлик диссертациясини муваффақият билан якунлади. Натижада унинг номи тикланди, ўзбек адабиёти ўзининг яна бир йирик сиймосини қайтадан бағрига қайтарди. Бу Бегали Қосимовнинг илмий жасорати эди. Шундан кейин Бегали докторлик диссертацияси устида иш бошлади. Табиийки, бу тадқиқот ҳам жадидизм масаласига бағишланган бўлиб, энди Бегали уни катта кўламда, ҳамма назарий жиҳатлари билан бирга ёритишни мақсад қилиб қўйган эди. Бироқ бу пайтга келиб, мафкурамизда яна бир эврилиш содир бўлди — энди жадидлар масаласини умуман тилга олиш мушкул бўлиб қолди. Маҳаллий “доҳийлар”имиздан аллақайсиси, билса-билмаса, “Жадидлар синфий душманимиздир”, деган ҳикматни айтипти. Шўролар даврида, айниқса, Ўзбекистонда мафкура ана шунақа аҳволда эди. Нима қилмоқ керак? Бу мавзудан воз кечиш — ўзбек адабиётининг чорак асрлик тарихидан воз кечиш, демак эди. ХХ аср биринчи чорагидаги адабиёт тарих саҳифаларидан ўчириб ташланса, адабиёт ривожида узилиш рўй берар, унинг тадрижий ривожланиш йўлларини изоҳлаш мумкин бўлмай қоларди. Бунинг устига, материаллар жадидчилик ҳаракатининг халқчил, демократик ҳаракат бўлганидан далолат бериб турган бўлса, ундан қандай воз кечиш мумкин? Хуллас, бу ерда мавзуни тасдиқлатиш учун анчагина муғомбирлик ишлатишга тўғри келди. Бегали ишнинг мавзуини “ХХ аср боши ўзбек поэзияси (Инқилобий шеъриятнинг шаклланиши ва тараққиёт масалалари. (1905—1917)”, деб белгилади. Албатта, биринчи қарашда жадид адабиётини “инқилобий” адабиёт деб аташ эриш туюлади. Бироқ масаланинг моҳиятига назар ташланса, бу ерда ҳеч қандай муболаға ёки сохталик йўқ эди. Негаки, эски тартибларга, феодал муносабатларга, қотиб қолган расм-русумларга қарши чиққан жадидлар ўзбекларнинг турмуш тарзини замонавийлаштириб, бутунлай янги йўлга солиб юбориш ғоясини олға сурган эдилар. Бу эса, шубҳасиз, инқилобий ғоя эди. Шундай қилиб диссертация темаси тасдиқланди ва Бегали ғайрат билан ишга киришди. Иш жараёнида Бегалининг олим сифатидаги муҳим бир хислати намоён бўлди ва камолга етди. Бу — академизм эди. Шўро замонида илмдаги академизм мактаби у ер-бу ерда сақланиб қолган бўлса-да, илмда енгил-елпи йўлларни қидирган ва осонгина фан чўққиларига кўтарилиб, шон-шуҳрат орттиришни истаган одамлар академизмни қоралай бошладилар. Улар академизмни услубий жиҳатдан мураккаб деб эълон қилдилар. Бу йўл билан яратилган асарлар кенг халқ оммасига тушунарли эмас деб даъво қилдилар. Ҳолбуки, бу академизмдан халос бўлган тадқиқотлар адабиётшуносликдаги саёзликни, масаланинг моҳиятига чуқур кира билмасликни, фактларни умумлаштириш салоҳиятининг заифлигини оқлар эди. Бегали бу йўлдан қочди ва тадқиқот услубида, Ғулом Каримов каби академизмга содиқ қолди. Бироқ бу тадқиқот устида бир неча баравар кўпроқ ва қаттиқроқ меҳнат қилишни, ишдаги ҳар бир факт, тилга олинган ҳар бир исм, унинг тўғрисидаги маълумотлар аниқ бўлишини талаб этарди. Бу усулда иш кўрувчи олим баландпарвозликдан, юзакиликдан қочмоғи, олдинга сураётган ҳар бир фикрини, ҳар қандай ғоясини ҳар томонлама далиллаши керак эди. Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, ўз фикрини олға сураётган олим бу фикрни деворга мих қоққандек қоқиб, бу михнинг қалпоғини узиб ташламоғи лозим эди, шунда бу михни, яъни фикрни ҳеч ким жойидан суғуриб ололмайди. Бегалининг докторлик диссертациясининг материаллари тарқоқ ҳолда эди. Бу тадқиқотчи олдига қўшимча қийинчиликлар қўярди. Жадидлар гарчи ХХ асрда, яъни нисбатан яқинда яшаб ўтгани учун, шўро ҳукуматининг сиёсатида қоралангани важидан, асарлари деярли унутилаёзган эди. Бегали бу борада ҳам чинакам матонат ва ғайрат билан иш юритди.
Олим Тошкент ёки Самарқанд кутубхоналаридаги материалларни аниқлаш ва тўплаш билангина шуғуллангани йўқ. У материал тўплаш учун қўшни республикаларга илмий сафарлар қилди, айниқса, Татаристон ва Бошқирдистон кутубхоналарида кўп ишлади. Айтмоқ керакки, Уфада ва Қозонда ХХ аср бошидаги ўзбек адабиёти намуналари Тошкентдагига қараганда кўпроқ сақланиб қолган. Масалан, мен ҳам Чўлпоннинг Ўзбекистондан топилмаган биринчи шеърий тўплами “Булоқлар”ни Қозон университетининг фундаментал кутубхонасидан топган эдим. Умуман, бу кутубхона каталогидан ўзбек адабиётининг менга маълум бўлмаган 400га яқин намуналарининг номини ёзиб олгандим. Хуллас, Бегали материалларни мисқоллаб йиғди. Ниҳоят, материал излаш жараёнида у Қиримнинг Боғчасарой шаҳарчасига ва унинг яқинидаги Ғаспирали қишлоғига ҳам борди. Бу қишлоқда бутун туркийлар дунёсини уйғотган, маърифат ғояларини тарқатган улуғ инсон Исмоилбек Ғаспирали туғилиб ўсган ва ижод қилган эди. Бегали бу буюк зотнинг уй-жойи, унинг хотираси билан боғлиқ жойлар, шу жумладан, унинг қабри ҳам қаровсиз, хароб бўлиб ётганини кўриб қаттиқ изтиробга тушди ва бу тўғрида мақолалар ёзди. Албатта, Бегали йиллар давомида тўплаган материаллар уни бу соҳанинг зукко билимдонига айлантирди. Бутун Ўзбекистондаги Миллий Уйғониш даврини, унинг адабиётини ўрганишни истаган ёшлар Бегали атрофига уюша бошлади, бутун бир илмий мактаб шаклланди. Бу эса, кейинчалик Миллий университет таркибида Миллий Уйғониш даври адабиёти кафедрасини ташкил қилишга имкон берди. Кафедрага тўпланган илмий жамоа қисқа муддатда катта ишларни амалга оширди. Жумладан, ҳозир “Маънавият” нашриёти чоп этаётган “Истиқлол фидойилари” туркумида биринчи марта жадид адиблар ва шоирларининг асарлари нисбатан тўла равишда дунё юзини кўрди. Бу китоблар, жадидларга бағишланган монографиялар, рисолалар, мақолалар Бегалининг номини фақат бизда эмас, чет эл илмий доираларида ҳам танитди. Америка, Франция, Германия олимлари билан унинг ўртасида ёзишмалар вужудга келди, улар манба сифатида Бегали чоп қилган асарларга мурожаат эта бошладилар. Туркиядаги туркшунос олимлар эса, туркий халқлар адабиёти бўйича ўнлаб жилддан иборат тадқиқотлар матнларини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишига Бегалини муаллиф ва муҳаррир сифатида таклиф қилишди. Бегали бир неча марта Туркияга таҳрир ҳайъатининг мажлисларига борди. У ерда нутқлар сўзлади. Бегалининг айтишича, бу улкан нашрнинг ўзбек адабиётига бағишланган жилдлари лойиҳасида парокандалик ва юзакилик мавжуд эди. Уни тузганлар ўзбек адабиётини яқиндан билмасликларини ошкор этиб қўйганлар. Албатта, катта меҳнат сарфланиб тайёрланган лойиҳанинг танқид қилиниши ҳеч кимга ҳам ёқмайди. Унинг устига, адабиётлар бўйича янгидан лойиҳага яна нималарнидир киритиш ҳақидаги таклифлар ҳам жуда катта қийинчилик билан қабул қилинади. Чунки ҳажм чекланган, уни ҳадеб кенгайтираверишнинг имкони йўқ. Бегали бу масалаларда принципиал позицияда турди, турли мамлакатлардан келган туркшунослардан ташкил топган таҳрир ҳайъатини ўзининг танқидий фикрлари ва таклифларига кўндиришга муваффақ бўлди. Натижада лойиҳадаги ўзбек адабиётига бағишланган жилд анча тўла, илмий жиҳатдан асосланган ҳолда нашр этилди. Фақат афсусланадиган жойи шундаки, бу қимматли китобдан Ўзбекистонга 2-3 донагина етиб келди, холос! Бегали бу жилдни менга кўрсатган, ҳатто бир неча кунга бериб ҳам турган эди. Мен у билан танишиб чиққач, бу китоб ҳақида тақриз ёзишни буюрдим ва уни “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилдик.
Бегали Қосимов фақат етук истеъдодли тадқиқотчи олим эмас эди, у айни чоғда ўқитувчилик санъатини пухта эгаллаган моҳир педагог ҳам эди. Талабалар уни жуда яхши кўришар ва унинг теварагидан аримасди. Бегали ҳам талабаларни ғоятда ҳурмат қиларди. Бироқ бу ҳурмат ҳар нарсада уларга ён босишда, уларни етаклашда эмас, аксинча, маърузаларнинг сифатида, уларда ҳар гал қандайдир илмий янгиликларга интилишида, уларнинг адабиёт тарихидан олинган мароқли ҳикояларга бойлигида кўринарди. Бегали талабаларни ҳар қанча ҳурмат қилмасин, уларга нисбатан талабчанликни асло бўшаштирмас эди. Унинг фанидан имтиҳон топшириш ғоятда қийин эди, бироқ бу қийинчилик домланинг ўринсиз инжиқлигидан туғиладиган сунъий қийинчилик эмасди. Талаба материални Бегалининг кўнглидагидек тўла ўзлаштирмаса, буюрилган бадиий адабиётларни ўқиб чиққан бўлмаса, Бегали унга ижобий баҳо қўймас эди. Албатта, кўпгина нўноқ талабаларнинг кетидан юрадиган “илтимосчи” одамлар кўп бўларди. Улар қўрқа-писа Бегалидан ҳам илтимос қилишарди. Бироқ Бегали уларнинг кўпчилигига рад жавобини берарди. У ҳатто менга ҳам шунақа муомала қилган. Мен ким тўғрисидадир илтимос қилган эдим. Бегалининг энсаси қотди, қошларини чимириб, истеҳзо билан:
— Ўқиб келсин, майли, қўйиб берарман, — деди.
Бегали талабчан бўлса-да, адолат билан иш тутар, имтиҳонни талабадан ўч олиш қуролига айлантирмас эди. Эҳтимол, университетда бунақа талабчан домла жуда кам бўлгандир, ҳар ҳолда, талабаларнинг Бегалидан ўқиган фанидан билимлари пишиқ-пухта бўларди. Бегалининг талабчанлиги ўз фанини жуда яхши кўрганидан, унга садоқатидан туғилган эди. Қани энди ҳамма домлалар шундай бўлса, менингча, таълим савиясини ошириш, биринчи навбатда, ўқитувчининг талабчанлигига боғлиқ.
Сўнгги марта биз Бегали билан 2004 йилнинг июл ойида кўришдик. Яхши мутахассис ва ажойиб инсон Омонилла Мадаев ўқитувчиларнинг таътилга чиқиши олдидан яқин дўстларига маҳалла чойхонасида ош қилиб берадиган одат чиқарган. Бегали ҳам шу йиғинларга келарди, лекин ҳар доимгидек бардам ва ҳаракатчан эмас эди. Ранги ҳам сўлғин, кайфияти паст. Ҳеч нарса емайди ҳисоб. Фақат домлалар билан гаплашиб, нима гаплигини сўрасак, ошқозони безовта қилаётганини айтди. Кейин орадан бир ой ҳам ўтмасдан Бегалининг касали жиддий эмиш, операция қилмаса бўлмас эмиш деган гап тарқалди. Лекин маълум бўлишича, операция учун 250 минг сўм тўлаш керак экан. Шунда университетнинг аввалги ректори, академик Тўрабек Долимов валломатлик қилди. У университет ҳисобидан керакли пулни ўтказиб берди.
Мен операциядан кейин 5-6 кун ўтгач, уни кўргани бордим. Бегали мени кўриши билан ётган жойидан турмоқчи бўлди. Мен, албатта, “Қимирламанг, ётаверинг”, деб уни тинчитдим ва бунақа пайтларда беморга айтиладиган тасалли сўзларини айтдим. Унинг кайфияти яхши эди — унга ҳам, менга ҳам операция муваффақиятли ўтди, ҳа демай тузалиб кетади дейишди. Биз Бегали билан келажакдаги илмий режаларимиз тўғрисида гаплашдик. Бегали Уйғониш даври адабиёти деган илмий дарсликни нашриётга топширганини айтди. Кўп ўтириш мумкин эмас эди. Бирор ўн дақиқадан сўнг қўзғалдим. Сўнг менинг ўзим ҳам шифохонага тушиб қолдим.
Кейин Бегалини уйига жавоб беришганини, анча мазаси қочганини айтишди. Юрагим “шув” этди. Уни операция қилган доктор Бегалининг рак эканини айтди. Қаттиқ қайғурдим, лекин бандасининг қўлидан нима ҳам келарди. Мен телефонда видолашдим. Йиғи босиб гапларимни айта олмадим. Бегали ҳам жуда ҳаяжонланиб кетди, икки марта “Раҳмат, Озод ака!”, “Раҳмат, Озод ака!”, деди. Бу унинг менга айтган сўнгги сўзлари бўлди.
Профессор Бегали Қосимов шу тарзда ҳаётдан кўз юмди. Шубҳа йўқки, бу ажойиб инсоннинг номи тарихдан муносиб ўрин эгаллади.