Хондамир номи билан танилган Хўжа Ғиёсиддин ибн Хўжа Ҳумомиддин Муҳаммад бин Хўжа Жалолуддин ибн Бурҳонуддин Муҳаммад Шерозий 880/1475 йилда Ҳиротда дунёга келди. У ё шлигидан солнома ва тарихий асарлар ўқишга қизиқади. Тез орада тарих, адабиёт ва бошқа ижтимоий фанлар бўйича чуқур ва кенг билимлар соҳиби бўлиб, ўз даврининг улкан олими сифатида танилади. Албатта, унинг билимдон тарихчи олим бўлиб етишишида она томондан бобоси Мирхонд катта роль ўйнади. Буюк мутафаккир Алишер Навоий эса, унинг тарих фанига бўлган ихлос ва садоқатидан хабар топгач, уни маънавий қўллаб-қувватлаб турди. Унга ўзининг шахсий кутубхонасидан фойдаланишга рухсат бериб, унинг илмий ишларида раҳномалик қилиб турди. Навоий ва Хондамир ўртасида самимий ва илиқ, ота-болага хос муносабат мавжуд бўлган. Улуғ шоир кўрсатган ҳомийлиги ва меҳрибонлиги учун Хондамир унга атаб миннатдорчилик юзасидан ўзининг "Маосиру-л-мулук" (904/1499 й.) асарини ёзди.
Тарихчи олим Хондамир 909/1503 йилдан бошлаб мамлакат сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол қатнаша бошлади. Тахминан ўша йилда Бадиъ-уз-Замон мулозаматида бўлиб, кўпгина юришларида унга ҳамроҳлик қилди ҳамда унинг давлат аҳамиятига молик дипломатик топшириқларини бажарди. Туҳфайи Сом Мирзода келтирилишича, Бадиъ уз-Замон яхшигина шеърлар ҳам битган1.
Афсуски, олимнинг ҳаёти ўта таҳликали даврга — темурийларнинг инқирози, Султон Муҳаммад Шайбоний, Заҳируддин Муҳаммад Бобур ва шоҳ Исмоил Сафавийнинг сулолаларининг ташкил топаётган пайтига тўғри келди.
Дунёнинг қалтис ва тахдикали воқеа-ҳодисаларига қарамасдан, форсий-дарий тилида ўн учта асар ёзиб, катта мерос қолдирди. Лекин улардан фақат саккизтаси бизгача етиб келган2.
"Маосиру-л-мулук"
"Хулосату-л-ахбор"
“Макориму-л-ахлоу"
"Дастуру-л-вузаро"
"Номайи номи"
"Равзату-с-сафо"нинг еттинчи жилди,
"Ҳабибу-с-сияр"
"Ҳумоюннома"
Бу асарлар орасида ҳажм жиҳатидан анча катта ва салмоқлиси — " Ҳабибу-с-сияр" дир. Бу асар 1520—1523 йилларда ёзилиб, унда жаҳон тарихи ўша давр услуби, яъни адабий-тарихий тарзда акс этган ва ўша даврдаги илм-фанларнинг энг илғор ютуғлари мужассамлашган.
Хондамирнинг "Ҳабибу-с-сияр" асари муқаддима (ифтитоҳ) ва хотимадан (ихтимом) ташқари, уч жилддан ташкил топган бўлиб, ҳар бир жилди тўрт бобдан (жузъ) иборатдир, ўзининг тили билан айтганда, “жамиъ ўн икки ўрамдан" иборат бўлиб, ҳар тўрт ўрами бир катта жилд сифатида тартиб берилган3.
а) Муқаддима ёки ифтитоҳ: Биринчи махлуқот (мавжудот) зикри; хотима ёки ихтимом; аҳоли яшайдиган ер шаридаги (рубъи маскун) ажойиботлар, яъни жуғрофия ва масолику-мамолик китоби;
Биринчи жилди исломдан олдин ва исломнинг пайдо бўлиши, рошидин халифаларининг аҳволи тўрт фаслда берилган:
1) анбиё ва ҳукамо;
2) қадимги араб моликлари ва подшоҳлари;
3) анбиёларнинг тугатилиш тарихи;
4) рошидин халифалари.
Иккинчи жилди имомлар маноқиби зикри, Уммавий ва Аббосий халифалар ва уларга замондош султонлар тарихи тўрт бобда:
1) муқаддас имомлар афзаллиги;
2) Уммавий ҳукмронлар;
3) Аббосий халифалар;
4) Умавий ва аббосийларга замондош бўлган султонлар.
Учинчи жилди Аббосий халифалардан кейинги султон ва ҳокимлар тарихидан иборат бўлиб, мўғуллар, Амир Темур ва бошқа сулолалар тарихини то сафавийлар давригача қамраб олган, у ҳам тўрт бобдан иборат:
1) Мўғуллар ҳокимияти ва уларнинг авлоди;
2) Мўғуллар давридаги султонлар, чунончи Форс, Луристон ва бошқа юртларнинг отабеклари;
3) темурийлар даври ва унинг меросхўрлари, ўша даврга замондош султонлардан то сафавийлар давлатининг ташкил топишигача;
4) Сафавий давлатининг ташкил топиши, шоҳ Исмоилнинг то 930 ҳ.й.нинг рабиъу-л-аввал ойигача бўлган тарихидан иборат.
"Ҳабибу-с-сияр" 927/1521 йилда Ҳиротнинг саййидларидан бўлмиш Ғиёсиддин Амир Муҳаммад ибн Амир Юсуф Ҳусайний шарафига таълиф этилган. Китобнинг биринчи жилди ёзилган ҳам эдики, Ҳиротда тўс-тўполон ва бош-бошдоқлик бошланиб кетди. Мир Ғиёсиддин ўша йили 56 ёшида ички душманлар (уларнинг бошлиғи Хирот ҳокими Амирхон эди) томонидан ўлдирилди. Натижада "Ҳабибу-с-сияр "нинг ёзилиши тўхтаб қолди.
Бироз муддат ўтгач, Ҳиротда вазият анча юмшади ва Хуросонга Дурмишхон ҳукмрон этиб тайинланди, вазирлик эса Каримуддин Хўжа Ҳабибуллоҳ Соважийга берилди. Хондамир ўз асарини ана шу вазир — Хўжа Ҳабибуллоҳнинг ҳомийлиги ва ташвиқи билан давом эттирди ва уни 930/ 1524 йилда, яъни 3 йилу 8 ойда ёзиб тугатди. Китобдаги асосий, энг катта қисмнинг ёзилишига Хўжа Ҳабибуллоҳ сабаб бўлганлиги учун Хондамир китобни “Ҳабибу-с-сияр фи ахбори-л-башар" ("Башар тарихида севимли дўстнинг тақдири") деб атади. Асардаги шеърларнинг кўпчилиги муаллиф томонидан ёзилган. Китоб охирида Хондамир ёзади:
Шукурки ин нома ба унвон расид, Пештар аз умр ба поён расид. (Мазмуни: Шукурлар бўлсинки, бу тарихга шундай ном берилди ва у умр тугашидан олдин поёнига етди).
Шундай улуғ инсон 934/1527 йилгача Ҳиротда турди, сўнгра Ҳиндистонга сафар қилиб, 942/1535 йили у ерда вафот этди. "Тарихи фаришта"да ёзилишича, ўзининг васиятига кўра, Хўжа Низомиддин Авлиё мазорида Амир Хусрав Деҳлавийнинг қабри яқинига дафн этилди.
Хондамир "Ҳабибу-с-сияр" асарини ёзишда, Утбий, Улуғбек, Ҳофиз Абру, Абдураззоқ Самарқандий, Шарафуддин Али Яздий каби улкан тарихнависларнинг асарларидан фойдаланган. Уларнинг баҳсли ўринларини ўзига хос услубда назокат билан "қайта тадқиқ этиш эҳтиёжи мавжуд" деб кўрсатади.
“Ҳабибу-с-сияр" жуда кенг тарқалган асар ҳисобланиб, ҳозирги пайтда Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида унинг турли йилларда кўчирилган ўн тўртга яқин қўлёзма нусхалари сақланмоқда. Мазкур нусхаларнинг энг қадимгиси 956/1549 йилда, энг сўнггиси эса XIX асрнинг иккинчи ярмида кўчирилган4.
Бу асар 1337/1954 йили Теҳронда типография усулида Жалолуддин Ҳумоий томонидан босилиб чиқди, бироқ бунда туркийча исмлар, жой номлари борасида анча камчиликлар мавжуд. Шунинг учун биз шарқшунослик института қўлёзмалар фондида № 2153-ашёвий рақам билан сақланаётган қўлёзмадан фойдаландик. Тўлиқ бўлган ушбу нусха чиройли настаълиқ хатида битилган, матнлар тилло ранг ва рангли чизиқлар билан ром ичига олинган. Асарнинг биринчи жилди Хўжа Али ибн Миракайи Самарқандий томонидан 1026/1617 йилда, учинчи жилди 1003/1595 йилда кўчирилган. Иккинчи жилднинг кўчирилган йили ва хаттоти кўрсатилмаган.
1880 йилда мазкур асарнинг учинчи жилдидан қисқа бир парча ўзбек тилида баён қилинган.
Ушбу асар ҳам № 1716-ашёвий рақам билан шарқшунослик института фондида сақланмокда, бироқ мазкур асар эски ўзбек ёзуви ва тилида ёзилганлиги учун бугунги китобхоннинг уни тушуниши амри маҳол.
Жалил ҲАЗРАТҚУЛОВ, ЎзР ФА Шарқшунослик институти, етакчи илмий ходим
1 Сафавий, Сом Мирзо. Туҳфайи Сомий. Ваҳид Дастгардий таҳрири остида. — Теқрон, йили кўрсатилмаган.
2 Юсупова Д., Жизнь и труды Хондамира. —Ташкент, “Фан", 2006. —С.4.
3 Мазкур асар. — Б. 82.
4 Мазкур асар. — Б. 83