loader
Foto

Туркистон ва Чимкентнинг бўйсундирилиши

Рус аскарлари генерал Черняев бошчилигида Авлиёота томонидан ҳаракат қилаетган вақтда полковник Веревкин 1864 йил 22 майда Перовский фортидан (Оқ-масжиддан) чиқиб, 8 июнда Қорачиқ ва 9 июнда Туркистон шаҳри атрофидаги боғларга ўрнашади.

Шаҳар баланд девор билан ўралган бўлиб, шимоли-шарқий томонида ҳарбий истеҳком бор эди. Рус манбасига кўра, қалъада 1500 аскар ва қуролланган оломон мудофаада турган. Ўша 9 июн куниёқ ватан ҳимоячилари душманга қарши тўп ва милтиқлардан ўқ ёғдирганлар. Бу вақтда руслар 4-5 рота, 200 казак, 20 замбарак, 6 мортира, 2 ракета станоги билан жанг қилмоқда эдилар. Аммо ватан ҳимоячилари мардонавор туриб душманга қарши жангни давом эттирдилар. 10 июн кечасига ўтар вақтда душман 8 батареяни шайлаб, тонг отганидан сунг қалъани тинимсиз ўққа тутади. Оқибатда қалъа ичида ёнғин чиқиб, аҳволни оғирлаштиради. 11 июн кечаси душман қалъага янада яқинлашиб, қўшимча батареяни ўрнатадилар. Соат ўн бирларда ватан ҳимоячилари уч маротаба ҳужумга ўтиб, душманни анча гангитиб қўядилар, босқинчилардан уч киши ўлдирилиб, 25 киши жароҳатланади.

12 июнга ўтар кечаси қалъага ҳужум давом этади. Лекин ватан ҳимоячилари ўнг ва чап томондан ҳужум қилаверганлар. Натижада штабс-капитан Каховский ҳалок бўлади, 8 киши жароҳатланади. Айни бир пайтда ватан ҳимоячиларидан жуда кўп кишилар шаҳид бўлдилар. Шунда руслар тўпларни Аҳмад Яссавий мақбарасига туғрилаб, таслим бўлмасалар, уни ер билан яксон этишларини шаҳар аҳлига маълум қиладилар. Туркистон аҳолисининг қаҳрамонона кураши, оз булса-да, маҳаллий манбаларда ҳам битиб қолдирилган: «Туркистон шаҳрининг ҳокими Мирза Давлат додхоҳ, — деб ёзади Муҳаммад Солиҳ Тошкандий, — Туркистондаги Тошкент ва Дашти Қипчоқ жангчилари билан урушга тайергарлик кўриб, шаҳар қалъасидан ташқарига чиқиб, руслар билан урушиб, иккинчи томондан, Тошкент ва Қўқонга ахборот юбориб, ердам беришни илтимос қилиб, интизорлик чекиб урушни давом эттирдилар».

Ўша муаллиф ўз асарининг бошқа саҳифасида жанглар тафсилотини янада аниқроқ ёзиб, ватан ҳимоячиларидан кўп кишилар ўлдирилганлиги ва тирик қолганлар шаҳардан қочиб кетганликларини уқдириб утади: «Туркистонни руслар қаттиқ қамал қилиб, эрта тонгдан бошлаб руслар шаҳар қалъасига ҳужум қилиб, шаҳар ичига бостириб кириб, маҳаллаларда кўп фуқароларни, навкарларни ва ғозийларни ўлдирдилар. Тирик қолган ғозийлар захмдор ва мажруҳларни ўзлари билан олиб Туркистондан Чимкентга ва бу ердан Тошкентга келдилар».

Аммо Аваз Муҳаммад Аттор Ҳуқандий воқеани бироз бошқачароқ таърифлайди: «Бир неча минг ўрус ва кўпгина казак сарбозлари Оқмасжиддан сўнг Ясси, яъни Туркистон шаҳрини мухосара (қамал) қила бошладилар. Бу ернинг ҳокими Мирза Давлат шижоат ва мардлик намунасини кўрсатди, ўз лашкари билан кофирлар ўрдусига қарши чиқиб, оғир жанг қила бошлади ва шаҳарга қайтмоқчи бўлди. Аммо Мирза Давлат келиб кўрса, вилоятнинг қаллоб, касофат ва бузғунчи кишилари олдиндан ўрусларга сотилиб, уларнинг хизматларида юрган эканлар. Улар вилоятни кофирларга тақдим қилиб, шаҳар дарвозасини мусулмонларга очмадилар. Улар қалъа деворларини тешиб, кофирларни шаҳарга қуйган эканлар. (Мирза Давлат ўз сарбозлари билан) бу хиёнат хабарини эшитиб, афсус-надомат қилиб ўз жойига қайтди. Улар кечани бирнав ўтказиб, эрта тонг билан Тошкент вилоятига йўл олдилар. Йўл-йўлакай Чимкентга кириб, мазкур Нормуҳаммадни кўрмасдан, Қорақамиш мавзеига етиб келдилар ва ҳазрат Миён Халил Соҳиб боғига туш-дилар».

Рус манбаларида Туркистон атрофида Қўқон аскарлари билан отишма бўлганлиги қайд этилган.

1864 йил 12 июнда рус аскарлари Туркистон шаҳрини босиб олиб 4 замбарак, 117 милтиқ, 200 ггуд порох, 100 пуд қўрғошин ва бошқа нарсаларни ўлжа олганлар. Урушда руслардан 5 киши ўлдирилиб, 33 киши жароҳатланган. Руслар Туркистон шаҳрига 1495 снаряд, 43208 ўқ отганлар. Бу — жанг даҳшатли бўлганлигидан, кўп кишилар ҳалок этилганлигидан далолат беради.

Аммо шаҳар катталари, хусусан шайхулислом Насрулло Исҳоқов, нақиб эшон Алиакбархўжа Хонхўжаев, азизлар — Шарифхўжа Бекбетов, қозикалон Отахўжа Бухоров, Қози Эшонхўжа Мазлумхўжаев, Қози Ботирхужа Хўжабеков, аълам Абдушукур Қўрмонбеков, раис Ғарибхўжа Афзалхўжаев, Асқархужа Судурхонхўжаев ва бошқа кишилар генерал Веревкин номига қуйидаги мазмунда хат ёздилар: «Биз ўзимиз Қўқон хонлиги даврида Мирза Давлатнинг ғайриқонуний сиқувлари ва зулмидан холи булиш учун шаҳар дарвозасини очдик ва ихтиерий равишда император олий ҳазратларига бўйсундик. Биз қўқонликларнинг зулмидан ва зўравонликларидан ҳамда юз бераетган қимматчиликдан жуда қашшоқлашдик, эҳтиёжимизнинг қондирилишига ниҳоятда муҳтожмиз. Шу боис янги ҳукмдоримизга бахт-саодат тилаб қуйидаги сўровларимизнинг инобатга олинишини илтижо қиламиз:

1. Ҳозиргача сақланиб келаётган барча ҳуқуқларимиз ва эҳтиёжларимиз ўз кучида қолдирилиб, ҳамма ишлар ислом дини доирасида амалга оширилсин, суд ҳам шариат асосида олиб борилсин.

2. Отамерос сифатида фойдаланилаётган ерлар, боғлар ва тегирмонлар ҳамда шаҳар ичида ва ташқарисидаги пулга сотиб олинган ерлар шахсий мулк ҳисобида сақлансин.

3. Эндиликда Рус давлати тобелигига ўтганлигимизни ва камбағаллигимизни назарда тутиб, бизларни закот, хирож (буғдойдан), хонадонлардан ва жон бошидан олинадиган барча солиқлардан озод этилсин.

4. Ҳарбий хизмат бизга татбиқ этилмасин, бошқа барча давлат ишлари эса бажонидил бажарилади.

5. Биз хўжалар — Ҳазрат Султоннинг авлодлари қадим вақтлардан буён ва хонликлар даврида ҳам барча давлат солиқларидан озод этилган ҳолда ўзимизнинг еримизга, боғларимизга, тегирмонларимизга тўла эгалик қилиб келганмиз. Бундан буён ҳам мазкур имтиёзлар қолдирилсин. Шунингдек, Ўртоқ ва Суяр сингари икки ариқ сувидан фойдаланишимизга ҳеч ким тўсқинлик қилмасин».

Кўриниб турибдики, бир гуруҳ дин пешволари, биринчи навбатда, уз имтиёзларини сақлашга кўпроқ эътибор берганлар. Улар шу даражада нодонлик қилганларки, ислом динида бўла туриб «кофирлар» қўл остида яшашни афзал кўрганлар. Улар учун имтиёзлар сақланса, бас. Амалда эса, улар «ёмғирдан қутулиб қорга тутилган» кишилар эди.

Бу вақтларда Туркистон шаҳрида 958 хонадон бўлиб, 10000 киши яшарди. Улардан 68 хонадон юқорида қайд этилган хўжа авлодларидан ва 22 хонадон татарлардан иборат эди. Шу боис хўжаларнинг генерал Веревкинга ёзган хати халқ номидан эмас, балки бир гуруҳ дин пешволарининг қаламига мансуб эди. Туркистон музофотига Иқон (200 хонадон), Чилич (150 хонадон), Бобой (20 хонадон), Қарноқ (160 хонадон) сингари қишлоқлар кириб, шимолда Чу дарёси, ғарбда Янгиқўрғон, жанубда Сирдарё ва шарқда Арис билан чегараланган эди. Туркистон атроф жойларида қозоқ қабилалари истиқомат қилганлар. Хуллас, Туркистон Қўқон хонлиги ҳаётида ҳар жиҳатдан муҳим ўрин эгаллаб, тобора қад ростлаб бораётган шаҳар эди. Афсуслар бўлсинки, бу азиз жой ҳам қўлдан бой берилди.

Авлиёота ва Туркистоннинг руслар томонидан босиб олинганлиги ҳақидаги хабар бутун хонлик халқини оёққа турғизди. Султон Саъидхон Қуқондан «ҳамма қасаба, вилоятларга фармон ва иноятномалар жўнатиб, ислом дини орқали таъкид ва таҳдид кўрсатиб, қўшин йиғишга киришди. Хон фармонини эшитиб ҳар томондан жасур аскарлар ва ботир сарбозлар тўпланишиб келдилар... Неча-неча манзиллардан ўтиб, жаноби хон (лашкари ила) Тошкентга келиб истиқомат режасини тузди. Бир неча муддатдан кейин қолган қўшин ҳам етиб келди. Сафар анжомларини камчилигини тўлдириб аста-секин рахшсифат саман жиловини мақсад томон тортдилар». Душманга қарши зўр тайергарлик кўрилганлигини Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ҳам таъкидлаб ўтган. Унинг сўзича, Султон Саъид Тошкентнинг Мингўрик деган жойига қўшин билан ўрнашган. Бу ерда тўп ва милтиқлардан отиш бўйича ҳар куни машқ ўтказилган. «Шундан кейин, — деб езади муаллиф, — уруш жиҳозларини отларга, араваларга ва туяларга юклаб, тонготар чоғда саф тортган жангчилар ҳукумат саройи олдидан ўтиб, Чимкент томон юрдилар. Уларнинг орқасидан тўплар билан бирга Султон Саъидхон ва амири лашкар Мулла Олимқул бошлиқ саркардалар ва сардорлар ҳар бир маҳалла ва масжид олдида тўхтаб, халқдан ва дин пешволаридан дуо ва фотиҳа олиб, бутун халқ қўлларини дуога кўтариб йиғлаб, муллалар ваъзу насиҳат қилиб, ҳаммани йиғлатиб ғазога, урушга даъват этиб ташвиқот юрғиздилар».

Мазкур сатрлар шу ҳақда гувоҳлик берадики, Рус давлатининг тажовузига қарши кураш умумхалқ ишига айланиб, ўз сафига аҳолининг барча тоифаларини тортди. Султон Саъидхон ва Олимқул бошчилигидаги қўшин ва халқ оломони Чимкент яқинидаги Шарафхона деган жойга ўрнашадилар. Бу вақтга келиб руслар Чимкентга яқинлашган эдилар. Черняев 6 пибда рота, 100 нафар казак, 10 замбарак, 2 ракета станоги ва умуман 1300 аскар билан йулга чиқиб, 1864 йил 10 июлда Арис дареси еқасидаги Ёқчисув деган жойга ўрнашади. Бу вақтда штабс-капитан Мейер 1,5 пиСда рота, 100 нафар казак, 2 тўп ва 2 ракета станоги ва ҳаммаси бўлиб 400 аскар билан ўша Арис даресининг бўйидаги Қораспаз номли ерга келади. 15 июлда эса, бу ҳарбий қисм Чимкентдан 12 чақирим наридаги Оқбулоққа келиб жойлашади. Черняев старшина Катанаев бошчилигида 75 отлиқ ўқчи, 50 нафар казак ва 2 замбаракни хавф остида қолган Мейерга ердам учун жўнатади. Аммо Катанаев аскарлари йўлда ватан ҳимоячилари томонидан қуршаб олиниб, жанг 5 соат давом этади. Унинг икки аскари ҳалок бўлиб, учтаси жароҳатланади.

Бу вақтда Олимқул бошчилигидаги аскарлар ва халқ кўнгиллилари Чимкент атрофига жойлашиб олган эди. Уларнинг бир қисми Катанаев қўшинига ҳужум қилади. Черняев дарҳол йўлга чиқиб оғир аҳволга тушиб қолтан старшина Катанаев билан қўшилишга уринади. Бунга эришгач, у Чимкентдан 8 чақирим масофада жойлашган Олтинтепа қўрғонига бориб жойлашади. Шунда қарши томонда 6-9 минг атрофида ватан ҳи-моячилари турганлиги ҳақида маълумот олади. Бошқа маълумотларга кўра, улар сони 10-12 минг кишини ташкил этган. Маълум вақтдан кейин Лерх ва Мейер уз қўшинлари билан Олтинтепада Черняевга қўшиладилар. 1864 йилнинг 13 июлида капитан Мейер аскарлари Арис даресидан кечиб Оқбулоққа ўрнашгандан бир кун ўтиб, 14 июлнинг эрта тонгида ватан ҳимоячилари рус аскарларини қуршаб олиб, жангни бошлаб юбора-дилар. Икки томондан тўп ва милтиқлардан ўқлар ёғдирилиб, жанг 16 июлнинг эрталабигача давом этади. Унга Олимқул бошчилик қилди. Солиҳ Тошкандийнинг ёзишича, оддиндан белгилаб қўйилган тартибга кўра, Мингбой Қипчоқ баҳодир бошчилигидаги аскарлар жангни бошлаб берган. Ундан кейин Мирза Давлат қўмондонлигида тошкентликлар, сўнгра Хўжанд ҳокими Мирза Аҳмад қушбеги йигитлари майдонга отилиб чиққанлар. Сўнгра бирин-кетин Марғилон, Қўқон, Андижон, Ўш, Наманган навкарлари жангга киришганлар. Ҳарбий сардорлар орасида эшони Калонхўжа судур, Муминхўжа судур, Мирбобо понсодбоши, Аваз Муҳаммадбий ва бошқа жасур кишилар бор эди. Жанг майдонида дин пешволари, олиму фозиллар ва бошқа нуфузли кишилар Ватан оддидаги ўз бурчларини адо этиб, кишиларни руҳлантириб турганлар. Бу хусусда ва, умуман, жанг ҳақида Муҳаммад Солиҳ Тошкандий шундай бзади: «Ўрусларни пастқам ерда чашма ёнида мужоҳидлар тўрт тарафдан қамал қилдилар. Бир кеча-кундуз тўплардан ва милтиқлардан отишма бўдди. Шундан кейин уламолар ва фозиллар навкарлар, жангчилар ва йигитлар орасида юриб, пайғамбар ҳадисларидан гапиришиб жиҳод ва ғазотга чақирдилар, зафар ва муваффақиятлар тиладилар.

Лашкарбоши Мулла Олимқул мужоҳидларнинг ҳар бирининг кўнглини кўтариб, ҳаммани отдан тушиб ҳужумга ўтишга фармон берди. Шу равишда карнайлар садоси остида тўрт томондан ўрусларга қарши ҳужум қилинди. Ўша онда ҳозир бўлган кишиларнинг сўзларига қўра, мужоҳидлар 2-3 минг қадамгача олға чопдилар, аммо икки томон ўртасида бир ярим минг қадам жой қолганда ўруслар замбарак ва милтиқлардан шундай қаттиқ ўқ етдирдиларки, бирданига 12 минг киши жанг майдонида ўлдирилди ва жароҳатлантиридди». Шундан кейин рус қушини бошлиғи Мейер урушни тўхтатишни ва ўликларни ҳамда ярадррларни майдондан олишни таклиф этди. Бундан мақсад Мейернинг ўзи бошлиқларига берган рапортига кўра, камайган ўқ-дориларни тежашдан ва вақтни ютишдан иборат бўлган. Унинг таклифи мағзини чақмаган Олимқул дарҳол рози бўлиб, майдондан ўликлар ҳамда ярадорлар олинган. Шу фурсатдан фойдаланиб капитан Мейер аскарлари билан жуфтакни ростлаб қолган. Ваҳоланки, Олимқул жангни тўхтовсиз давом эттираверганда душманни тамомила тор-мор этиб, анча қурол-аслаҳани қўлга киритган булур эди.

Капитан Мейер орқага чекинаетганда йўлда подполковник Лерх қўшинини учратиб унга қўшилади.

Жангларда 10-12 минг кишилик ватан ҳимоячиларидан, бир маълумотга кўра, 2000, иккинчиси бўйича 3000 киши ўлдирилган. Аммо Солиҳ Тошкандий айтганидек, ўлганлар сонини бир неча минг ошиқ қилиб кўрсатган. Ҳар ҳолда ўлганларнинг сони кўп бўлган. Руслардан эса 13 киши ўлдирилган ва 67 киши жароҳатланган. Рус қўшини жангда 210 ядро, 19 жанговар ракета ва 25.319 дона милтиқ ўқи ишлатди. Хуллас, Ватан ҳимоячилари душман устидан ғалабага эришадилар. Аммо рус ҳарбий бошлиқлари бу мағлубиятни очиқ-ойдин ёзмай, соддатлар Авлиёота ва Туркистонга қайтдилар, деб силлиққина равишда таъкидлаганлар, холос. Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий Чимкент остонасидаги жангни ва ғалабани шундай тасвирлайди: Ватан ҳимоячилари «бор куч-қудратлари билан динимиз душманларига қарши урушайлик ва зарба берайлик, шоядки, кофирларга кимлигимизни кўрсатсак, деган қарорга келишди... Мулла Олимқул эшикоғаси қўлига зафар жиловини олиб, иқбол остонасига қадам қуйди, шарафи эса осмон авжига етиб, фатҳу зафар учун аскарларга ишорат қилди... Икки томондан ҳам ҳарб ноғораси ва уруш найи чалинди. Мусулмонлар тантанаси фазода акс-садо берарди. Довул садоси, ешу қари фарёди аршдаги малак қулоғини ҳам кар қилди. Ғазабнок суворийлар ва шиддаткор йигитлар душман томон ҳамла қилдилар. Омонлик товуси оромини йўқотиб зоғга ўхшаб бир чеккада турарди. Ажал лочини уруш майдонида парвоз қилиб, руҳ қушини сайд этарди. Қатл олови шундай ёниб кетдики, осмон тоқига етарди, уруш шуъласининг таъсири шундай эдики, унинг нури фалакни ёритарди. Диловар аскарлар уз жонларидан кечиб, ширин ҳаётни унутиб баҳордаги чақмоқ қамишзорга ургандек, курашга ташландилар. Хусусан, аҳли ислом кофирларни қаттиқ жазоладилар, уларни жило тиғи билан уриб, шижоат ўқини отиб, бошларини танидан жудо қилиб ташладилар. Кўп кушойишлардан сўнг зафар насими Оллоҳ инояти ила мусулмонлар томонига эсди, кофирлар бошига бадбахтлик тупроғини ҳовучлаб сепди ва уларни шарманда қилди. Ўруслар тез орада омонлик сураб мусулмонлар олдида тиз чўкиб бош қўйдилар».

Манбаларда кўрсатилишича, ватан ҳимоячилари ажойиб ғалабани қўлга киритгандан сўнг душман томонидан Олимқул ҳузурига Северцев деган киши элчи сифатида келган. Афсуски, бу элчининг фаолияти рус манбаларида ўз аксини топмаган. Генерал Черняевнинг сўзича, аввал гуё Олимқул элчи юборган, бунга жавобан эса Северцев жунатилган. Менингча, ғолиб томон ҳар қандай шароитда душман ҳузурига элчи юбориб сулҳ тузишни сўраб бошини эгмайди. Буни Олимқулнинг Северцевдан Авлиёота ва Туркистоннинг Қўқон хонлигига қайтарилиши ҳақидаги талаби ҳам тасдиқлайди. Рус элчиси ҳақида бирмунча тўлароқ маълумот Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий асарида мавжуд. «Кўп ўрус кофирлар, — дейилади унда, — бошяланг, кулоҳларини қўлга олиб, қўрқиб узр сўраш учун Мулла Олимқул сардор ҳузурига келдилар. Совға-саломларини тортиқ этиб, душманлик ва адоват руҳидаги калималарни унутиб, улар ўз мақсадларини баен қилишди. Мусулмонлар сулҳ васиқасига имзо қўюб, ўруслардан икки лак миқдорида Россия тиллосида пул талаб қилишди, бу эса Хўқанди латифнинг 225 минг бир мисқолли ашрафийсига тенг эди. Улар Туркистон вилоятини ҳам қайтариб беришга рози бўлишди. (Уруслар) рухсат олиб ўз қўшинларига қайтиб кетишди».

Рус элчисининг келганлгини Муҳаммад Солиҳ Тошкандий ҳам ўз асарида кўрсатиб утган. Чунончи, «ўруслар томонидан, — дейди у, — бир элчи ҳайъати келиб аҳду паймонлар қилиб, Султон Саъидхон оддида ўз шартларини изҳор қилиш мақсадида амири лашкар Мулла Олимқулга совға сифатида тўн келтирдилар ва жавобга мунтазир бўлиб турдилар».

Олимқул тошкентлик Юнусхон шиғовулга сардорлар, қабила бошлиқлари ва бошқа нуфузли кишиларни тўплашни буюрган. Шундан кейин рус элчиси билан тинчлик сулҳини тузиш масаласи бўйича муҳокама ўтказилиб, бир гуруҳ "кишилар сулҳ тузишни ёқлаб, бошқалар, хусусан, тошкентликлар уни кўзбўямачилик ва алдаш учун қилинаёттанлигини айтиб, рўс аскарларининг орқага дарҳол қайтишини талаб этишни сўрадилар. Бу фикр қувватланди ва элчилар Туркистонга қайтдилар.

Умуман айтганда, рус элчиси Северцевнинг фаолиятига доир қўлимиздаги маълумотлар етарли бўлмай, бир-бирига зид фикрлар мавжуд. Бу масала келажакда қўшимча маълумотлар асосида ўрганилиши лозим. Шунга қарамай, айтиш мумкинки, рус ҳарбий саркардалари мағлубиятга учраб танг аҳволга тушганликлари учун элчи юбориб, ғолиблар нима талаб қўйсалар шуни қабул қилганлар ва фурсатдан фойдаланиб тамомила тор-мор этилишдан сақланиб қолганлар. Айниқса, рус аскарларида ўқ-дори жуда оз қолиши катта хавф туғдирган эди.

Чимкент остонасидаги ғалаба тезда хонликнинг кўп жойларига маълум бўлиб, у том маънодаги байрамга айланди. Бу хусусда Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий шундай езади: «Мулла Олимқул сардор бу фарахбахш хабарларни (ғалабаларни) вилоят ва музофотларга тарқатиб чиқди. Сағиру кабир ва ғанию шариф ҳамма жойда бир ҳафта хурсандчилик қилиб, бир-бирларига суюнчи берардилар».

Аммо ғалаба байрами узоққа чўзилмади. Черняев, Мейер ва Лерх бошчилигидаги қўшинлар бирлашиб, 1864 йилни 22 июлида Оқбулоққа ўрнашдилар. Сўнгра улар Чимкент шаҳри томон юриш бошлайдилар. Уларни 15-18 минг атрофидаги ватан ҳимоячилари қуршаб олади. Бу воқеа Чимкент қалъасининг ташқари томонидаги Жинон қабристонида содир бўлган. Аммо бу ердаги жанглар рус ҳарбийлари ахборотида гўе ҳеч нарса бўлмагандек тарзда ёзилган. Шубҳасиз, мағлубиятни яшириш мақсадида шундай қилинган, албатта. Аслида ватан ҳимоячилари бу галги урушда ҳам жасорат ва мардлик намуналарини кўрсатиб, ажойиб ғалабага эришдилар. Бу жангнинг тафсилоти Муҳаммад Солиҳ Тошкандий асарида ҳам ўз ўрнини топган: «Мингбой Баҳодир биринчи фотиҳани олиб қипчоқ қабиласи йигитлари билан ўруслар йўлини тўсиб, урушга ҳозирланди. Иккинчи тарафдан тошкентлик жангчилар уруш майдонида пайдо бўддилар. Шу ҳолда Мирза Аҳмадбек қушбеги бошчилигидаги Хўжанд навкарлари урушга киришдилар. Хўқандлик, марғилонлик, андижонлик ва наманганлик сарбозлар амири лашкар Мулла Олимқул қўмондонлигида Жинон қабристонининг бир томонида жанг қилдилар. Бу ерда қилич ва найзабозлик билан ёқама-ёқа ушлашиб шундай қирғин бўлдики, ўликлардан тепалар ҳосил бўлди. Жангда Мингбой Қипчоқ от устида қилич билан у ёқдан бу ёққа чопиб душманлар калласини танасидан жудо қилди. Аммо унинг ўзи ҳам душман уқидан ҳалок бўлди. Хуллас, кун ботгунча тўхтовсиз уруш бўлиб, ўруслар охири чидай олмай орқага қайтиб Авлиёотага чекиндилар».

Ватан ҳимоячилари бу иккинчи даҳшатли урушда ҳам қаҳрамонона равишда курашиб таҳсинларга сазовор бўлганлар. Ҳатто улар чекинаетган душман орқасидан қувлаб борганлар. Бу ҳақда Аваз Муҳаммад Аттор Хуқандийнинг маълумоти диққатга сазовордир: «Сафар ойининг чоршанба, йигирма иккинчи кунида (28 июлда) бир неча минг кофир ўз «гўрхона»ларидан тўсатдан чиқиб, ислом лашкарини писанд қилмасдан, уларга тўпу тўфангдан ўқ отиб, Чимкент қалъаси томон йўлга тушдилар. Камози талигача етиб келиб, шу ердан шаҳар қалъасини тўпга тутиб, шундай уруш қиддиларки, (кўрган) одамнинг журъати ваҳимага тушиб, ҳайратдан гунг ва лол бўлди. Мулла Олимқул сардор жаноблари ҳар бир паҳлавон гуруҳини ҳар жойга тайинлаб, Мингбой қушбегини ўзини орқасига жойлаштирди. Мулла Олимқул эшикоғасининг ўзи бир неча душман билан урушарди...

Алқисса, икки томон ҳам шу хатарли ҳамда хавфли жойда матонат ва сабот ила бир-бирлари билан қаттиқ олишди. Фарғона қўшини эртадан кечгача муҳораба қилди...

Охирда зафар шамоли Фарғона томон эсди ва кофирлар тор-мор бўлиб, қочишга ихтиер қилдилар». Мазкур сатрлар муаллифи уруш майдонида Мингбой қушбегининг ўқдан ўлганлигини ва ватан ҳимоячиларининг «шеру йўлбарсдек ҳамла қилиб» рус солдатларининг орқасидан таъқиб этганликларини ва улар билан жангга кирганликларини ҳам баен этган.

Рус ҳарбий бошлиқларининг тан олишича, тўп ва милтиқлардан мўлжалга уришда ватан ҳимоячилари анча юқори даражага кўтарилган ҳамда Қўқон қўшинида бир хил чиройли ҳарбий кийимдаги 500 кишилик гвардия қисми ташкил топган. Бу гвардиячилар ўзларининг жанговар маҳорати ва кийими билан рус солдатларида яхши таассурот қолдирган. Ҳатто генерал Черняев Қўқон артиллериясининг тобора такомиллашиб бораётганидан безовталаниб, агар тез орада хонлик тор-мор этилмаса, кейин унга бас келишнинг иложи бўлмаслигини ҳукумат вакилларига маълум қилган. Гарчанд Қўқон хонлигида ҳарбий соҳада силжиш кўзга ташланиб, ғалабага эришилган бўлса-да, лекин йўл қўйилган катта хатолар ёмон оқибатларга олиб келди. Аввало Олимқул ҳаддан ташқари қўполлик ва зўравонлик билан иш юритиб бир баҳона билан тажрибали саркардаларни ўлдирган. Масалан, у Ниёзали понсод-бошини Авлиёотани руслардан сақлаб қололмаганлиги учун тўпнинг оғзига бойлаб оттирган. Ваҳоланки,. Авлиёота уруши вақтида унга ҳеч қандай ердам кўрсатилмаган эди. Шунингдек, турли айблар қўйилиб, Султон Маҳмудтўра, Улуғжонтўра, Нормуҳаммад қушбеги, Муҳаммад Назарбек парвоначи ва бошқалар ўлимга маҳкум қилинган.

Олимқулнинг, айниқса, қозоқларга нисбатан юргизган сиёсати вазиятни янада кескинлаштирганди. У энг обрўли қозоқ бийларидан ҳисобланган Бойзоқбийга кўпчилик ҳузурида «Бойзоқ, сен аввалдан ислом аскарига закот берар эдинг, нега энди бизга бермай, Русияга бердинг?» деганда, Бойзоқбий амири лашкарга: «Тақсир, мен бир юз йигирма бийнинг отасиман, буларга яйлов керак, деб, «Русиядан 25 чақирим ерни ижарага олганман, унинг ижарасини бераман, сизга эса закот бераман», деганда, амири лашкар: «Сен икки марта аҳд қилдинг, яна буздинг» деб, «Шуни замбаракка солиб отқил», дея тўпчига фармон берибди. Шунда Бойзоқ чол қари киши бўлиб ёши юздан ўтган экан, деб-ди: «Ҳой, амири лашкар, мени бундай қилма, кўзимни кўр қилиб, Ҳўқандга жубор, мен Русияга даф бўламан, мени хабарим болаларим ва бийларимга етса, сенга ёв бўлурлар, Русияни сенга бошлаб келурлар, ҳар қалай, мени ўлдирма» деса, амири лашкар қулоқ солмай, «Кафил хат берайин» деса ҳам қабул қилмай, охири кўп порохни замбаракка солиб, кичкина одам экан, ёнига икки боғ қуруқ беда тиқиб оттирибди. Уни танаси осмонда парчаланиб «на улуги ва на суяги ҳам кўрин-мабди».

Бу даҳшатли фожеа бутун қозоқ элининг Қўқон хонлигига нисбатан қаҳр-ғазабини уйғотиб, Бойзоқ-бийнинг икки ўғли отаси қасдини олишга аҳд қилиб ҳамда тўда-тўда бўлиб русларнинг ҳарбий юришларига қўлларидан келганча мадад ва ёрдам берганлар. Шунинг учун ҳам Мулла Олим Маҳдумҳожи бу қилмишни қоралаб: «Мулла Олимқул бир неча кун Чимкентда туриб, қозоқиянинг энг улуғ ва эътиборли одамларидин Бойзоқ додхоҳни тўпга бойлаб, отиб ўлдуриб, бир неча сартия ва элатия саркардаларини отиб ўлдириб, ўзига емон ном олиб, душман устига душманни кўпайтирди», деб езганди.

Вазият нозик ва хатарли бўлиб турган бир пайтда ички ва ташқи тарафда душманнинг кўпайтирилиши, меъеридан ортиқ зўравонлик Рус давлатига жуда қўл келганди. Шунингдек, Султон Саъидхон ва Олимқулнинг энг катта хатоси шундан иборат бўлдики, улар барча ҳарбий кучларни Чимкентга жалб қилиш ва шу ерда бош-қош бўлиб туриш ўрнига Тошкентга ва бу ердан Қўқонга кетиб қолишди. Гарчанд улар қўшиннинг муайян қисми ҳамда 40 тўпни қолдириб, Чимкент қалъасини мустаҳкамлашни ҳоким Мирза Аҳмад қушбегига топширган бўлсалар-да, лекин иш ниҳоясига етмасданоқ рус аскарлари келаетганлиги ҳақида хабар олинади. Бу вақтга келиб рус ҳукумати Туркистон, Авлиеота, Марки ва Тўқмоқни ўз ичига олган Қўқон чизиғини ташкил қилиб, унга генерал Черняев қўмондон этиб тайинланган эди. Бу линия Ғарбий Сибир генерал-губернаторлигига бўйсундирилди.

Ўта шуҳратпарастлик ва манманликка берилган генерал Черняев ўзбек хонликларини шиддат билан эгаллаш тарафдори бўлган. У кўп ҳолларда, бошлиқлари билан келишмасдан ҳам ўзбошимчалик билан ҳарбий юришлар уюштирган. Масалан, у Чимкентни дарҳол босиб олиш лозим, деб бошлиқлари рухсатисиз ҳарбий юришни бошлаб юборади. У 10 пиёда рота, 200 нафар казак, 12 тўп, 5 мортира, 1000 кишилик қозоқ милиционерлари қисмлари билан Туркистондан чиқиб, 1864 йил 18 сентябрда Чимкентга яқинлашади. Бу ҳарбий қисмда подполковник Лерх бошчилигидаги аскарлар ва ҳарбий техника ҳам бор эди. 1864 йил 19 сентябрда рус аскарлари Чимкент атрофида жойлашиб, тайёргарлик ишларини олиб борди. 20 сентябр эрталабдан бошлаб душман шаҳар қалъасини ўққа тутиши билан жанг бошланиб кетади. Бутун 21 сентябр куни давомида икки томон ўртасида уруш давом этган. 22 сентябр эрталаб душман кучлари шаҳарга бостириб кирадилар ва қалъани эгаллайдилар.

Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг ёзишича, Чимкентдаги ватан ҳимоячилари ва рус аскарлари ўртасидаги олишув аёвсиз кечган. Аммо Мирза Аҳмад қушбегининг бир гуруҳ кишилар билан Тошкентга қочиб кетиши мудофаанинг сусайишига олиб келган. Руслар шаҳар ичига бостириб киргандан кейин қўлга тушган одамларни ўлдираверганлари орқасида «мурдалар тўп-тўп бўлиб» етган. Бунга шаҳар аҳолининг душманга қарши қаттиқ жанг қилганлиги ҳам сабаб бўлган. «Икки томон ҳам саъй-ҳаракат ила камоли қаҳрамонлик кўрсатиб, сабту қарор қадамини босиб, бир-бирлари билан жанг қилдилар... Пиёда ислом лашкарлари имкон қадар кофирларга қарши курашиб, муродсизликдан тушкунликка туштан ҳолда нобакорлар ўқидан ҳалок бўлавердилар...»

Рус аскарлари қари-ёшга қарамай хонадонларга бостириб кириб, шафқатсизларча кишилар калласини танасидан жудо қилганлар. Шу равишда шаҳар қонга беланган ва бойликлар таланган. Бу тўғрида рус муаллифи шундай ёзганди: «Чимкент генерал Черняевнинг ҳужуми орқасида Рус давлати қўлига ўтди. Қирғин-барот ниҳоятда шафқатсизларча олиб борилиб, солдатлар бозорни таладилар ҳамда хонадонларга кириб кишиларни бўғдилар. Шунингдек, кўп аёллар ва болалар қаттиқ азоб чеқдилар. Жамоа аҳли ўша вақтдаги қирғин-баротлар йиллигини катта мотам ва дод-фаред билан нишонлайдилар. Бунинг учун улар кофирларям жа-золашга, яъни ўч олишга тайердирлар. Лекия бунга имконлари йўқ. Чунки улардан қурол-аслаҳалар тортиб олинган».

Босқинчилардан ҳужум вақтида 2 киши ҳалок бўлиб, 36 киши жароҳатланган. Улар кўплаб қурол-аслаҳа ва турли-туман бойликларни ўлжага оддилар. Чимкент ҳам қонли жанглар ва қурбонлар эвазига Рус давлати томонидан босиб олинди. Рус ҳарбий маъмурияти Сидиқ Назар додхоҳни Чимкент шаҳри мингбошиси қилиб тайинлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Рус давлати тажовузига қарши курашларда айрим қозоқ ботирлари ўзбекларга брдам қўлини чўзганликлари маълум. Масалан, машҳур қозоқ ватанпарвари Кенесари Қосимовнинг ўғли Содиқ 120 кишилик йигитлари билан ёрдамга келиб, Туркистонда рус аскарларига қарши жанг қилган. У даставвал Рус давлати тобелигида бўлиб, қариндош-уруғлари билан Оқмасжидда яшаган. Сўнгра Рус давлатининг ҳукмронлигидан ва тажовузларидан норози бўлиб, Қўқон хонлиги тарафига ўтди.

Содиқ Кенесари ўғли Чимкент атрофларида генерал Черняев бошчилигидаги тажовузга қарши ўзбеклар билан қўлни-қўлга бериб жанг қилиб, бу ерда қўлга киритилган ғалабага салмоқли ҳисса қўшган. У жангда ҳалок бўлган моҳир лашкарбоши ва Олимқулнинг ўнг қўли Мингбой ўрнига тайинланган эди. Душман Чимкент қалъасини қуршаб, ҳужум қилган вақтда Содиқ Қўқон отлиқларига бошчилик қилган. У кейинги озодлик курашларида ҳам ўзбеклар билан биргаликда фаол қатнашди. Бу тўғрида сўз ўз ўрнида айтилади.

Туркистон ва Чимкентнинг босиб олиниши рус ҳарбий саркардалари ва солдатларининг босқинчилик иштаҳасини янада очиб юборганди. Эндиликда минтақанинг энг катта ва бой шаҳарларидан булмиш Тошкентни босиб олишга кенг йўл очилганди.

Ҳамид Зиёев