loader

Искандар... Зулқарнайнми ёки Мақдуний?

Бу масала ҳанузгача олимлар орасида тортишувлидир. Қуръони каримда келган Зулқарнайн ҳақиқатан ҳам македониялик Искандарми ёки бошқами?



Жумбоқни қўлимизда мавжуд манбалар асосида таҳлил қилиб кўрамиз. Қуръони карим Каҳф сурасининг 83-98-оятларида Зулқарнайн ҳақида баён этилган. «Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида ҳукмронлик, молу дунё, аскарлар ва бошқа катта имкониятларни берган. Турли хил илмларни ўргатган». (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол, 3-жузъ, 514-бет.)

Қурьонда яна Зулқарнайннинг сафарлари ҳақида ҳам хабар келади: ғарбга боради, йўлида учраган қавмларнинг Аллоҳ йўлидан узоқ бўлиб кетганларини жазолайди, мўминларини мукофотлайди. Машриққа сафари ҳам шундай кечади. Борган жойларининг ҳукмронлиги унинг қўлига ўтаверади. Бир қавмнинг илтимосига кўра Зулқарнайн уларни Яъжуж ва Маъжуж бузғунчиликларилан асраб темир ва мис эритмаси қоришимасидан бир мустаҳкам девор қуриб беради. Зулқарнайн барча яхшиликларини Аллоҳнинг раҳматидан деб билган. Бундай хулқ фақат ҳақиқий мўминларга хос хулқдир.

Ибн Касир ўз тафсирида бу масалага бошқа битта олим қараши асосида тўхталади ва шундай дейди: «Искандар Зулқарнайнни румлик деювчиларнинг далиллари кучсиздир. Румлик иккинчи Искандар Филис (Филипп) ўғли Мақдуний (македониялик)дир». Қуръонда келган Зулқарнайн тўғрисида Азроқий бундай дейдилар: «Байтуллоҳни Иброҳим (а.с.) билан бирга тавоф қилишган, вазирлари Ҳизр (а.с.) бўлган..Искандар Мақдунийнинг вазири эса Арасту бўлган ва милоддан тахминан 300 йил олдин ҳукмронлик қилган. Қуръондаги Зулқарнайн Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган».(Ибни Касир. Тафсирул Қурьанил Азим, Каҳф сурасининг тафсири. Дарул маърифа, Байрут. 3 жузь, 1989 й. 106-бет.) Демак, Қуръонда келган Зулқарнайн билан Мақдуний Искандар яшаган даврлар ораси тахминан 2700 йилга фарқ қиляпти. Жалолиддин Суютийнинг «Тафсири Жалолайн» асарида келишича: «Зулқарнайн солиҳ киши, одил подшоҳ бўлган, пайғамбар бўлмаган. Баъзилар Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган ва Иброҳим (а.с.) қўлларида Исломга кирган дейишади. У Искандария шаҳрини қурган Искандар Мақдуний эмас. Чунки у мушрик бўлган ва Зулқарнайндан анча кейин яшаган. Ораларида минг йилдан ошиқ муддат ётибди. Иккаласини битта деганлар ҳам бор. Масалан. Иби Асир «ал-Комил» ва Ибн Хишом «Сийрат» ларида шундай келган, Зулқарнайннинг исми ҳақида аниқ далил йўқ. Бу ҳақда айтилган гаплар далилсиздир. Аллоҳ таоло айтганидек, «Зулқарнайн» дейиш бизга кифоя қилади».(Тафсири Жалолайн. Қаҳф сураси тафсири. Дорус саъада, Истанбул. 392-бет.)

Турк тилидаги «Қуръони карим ва маънолари таржимаси»да қуйидагича изоҳ келади: «Зулқарнайннинг ким бўлгани тўғрисидаги яҳудийларнинг саволига аниқ бир жавоб йўқ. Байзовий тафсирида унинг Буюк Искандар экани, пайғамбарлиги аниқ бўлмаса-да, лекин солиҳ бир банда бўлгани, баъзи олимларнинг фикри бирлиги зикр этилади. Ҳалбуки Зулқарнайн, Аллоҳнинг китобида ойдинлашишига кўра, қирол Искандардан анча олдин келган, пайғамбарлиги эҳтимоли барибир кучли кўринади».(«Қуръони карим ва маънолар таржимаси», муаллифлар жамоаси, Каҳф сураси тафсири, Анкара, 1993й.. 301бет.)

Ғарб шарқшуносларининг аксарияти Александр Македонскийни Қуръондаги Зулқарнайн деб ҳисоблайдилар. Масалан, Ольга Бибикованинг «Кругосвет.net»да эълон қилган мақоласида Қуръонда келган қиссалар тўғрисида фикр билдирилади, шунда Зулқарнайнни Александр Македонский бўлган деб тушунтиради. Бошқа Ғарб олимлари ҳам Зулқарнайн ҳақида ёзсалар, қавс ичида Александр Македонский деб қўшиб қўядилар.

Искандар Мақдуний 356-323 йилларда яшаган юнон-македон давлати раҳбари, жуда кўп давлатларни босиб олган подшоҳ. Ҳатго бизнинг диёримизгача ҳам келган. У тузмоқчи бўлган салтанатига марказ қилиб Бобилни танлайди. Эрта вафоти туфайли мақсадига эриша олмайди. У Бобилда вафот этади.(А Кабиров. Жаҳон тарихи. 6-синф учун. Тошкент. Ўқитувчи. 2001. 240-248 бетлар.)

Қиёсий таҳлил

Искандар Мақдуний асосий тарбияни устози Арастудан олган. Эътиқоди қандай бўлганини Арастудан қиёс қилиб билишимиз мумкин. Шунда бу Макдуний Қуръондаги Зулкарнайн эмаслиги ўз-ўзидан ойдинлашади.

Қуръонда фақат «Зулқарнайн» тарзида келган, исм айтилмаган. Шунинг учун «Тафсири Жалолайн» китобида: «Зулқарнайн бўлиб келдими, фақат шундай аташимиз кифоя қилади» (Тафсири Жалолайн. Каҳф сураси тафсири. Дорус саъада, Истанбул. 392-бет.), дейилади.

Зулқарнайн яшаган давр ҳам тортишувли масала. Ибн Касирда келган Азроқийнинг фикрича, Зулқарнайн Иброҳим (а.с.) замонларида яшагани тўғрисидаги хабарни ўқидик. Буни тўғри дейдиган бўлсак, Абу Лайс Самарқандий тафсирларида бунга тўғри келмайдиган маълумот берилган: «Дунёнинг деярли барча жойларини босиб олган тўртта йирик подшоҳ ўтган, шулардан иккитаси мусулмон, иккитаси мушрик - кофир. Мусулмонлари Сулаймон (а.с.) билан Зулқарнайн, кофирлари Намруд ва Навахуданаср бўлган».(Абу Лайс Самаркандий. Баҳрул улум. Каҳф сураси тафсири.)

Намруд Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган машҳур подшоҳ. Зулқарнайн билан Намруднинг замондош бўлишгани ишончсизроқдир.

Зулқарнайнни пайғамбар дейдиганлар ҳам бор. Ҳазрати Алидан (р.а.) пайғамбар бўлганми деб сўралганида: «Одамларни тўғри йўлга бошлаган Аллоҳнинг солиҳ бандаси бўлган»,(Ибни Касир. Тафсирул Қуръанил Азим, Каҳф сурасининг тафсири. Дарул маърифа, Бай-рут, 3 жузъ, 1989 й. 106-бет.) деб жавоб берганлар. Қуръони каримда номи зикр этилган учта шахснинг пайғамбарлиги баҳслидир. Улар Луқмони Ҳаким, Ҳазрати Ҳизр ва Зулқарнайнлар. Турк олими Мустафо Осим Кўксол ўзининг «Пайғамбарлар тарихи» китобида Зулқарнайнни ҳам киритган. Лекин, Зулқарнайннинг пайғамбарлигини инкор этувчилар ҳам бор, дея изоҳ беради. (М.О.Кўксол Пайғамбарлар тарихи, 2 жилд Анқара, 1993. 286-бет.) Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг «Қуръон мавзуларининг маънавий-тарихий аҳамияти» номли китобида келган: «Икки шохли Искандар»атамаси Македония хукмдорининг кейинчалик Амон худоси - буқа сифатида тасвирлаганидан келиб чиққан (Раҳматуллоҳ Обидов. Курьон мавзуларининг маънавий тарихий аҳамияти. 306-бет. 2006.). деган таъриф Қуръондаги Зулқарнайн билан македониялик Искандар бир шахслигига ишора қилади. Искандар Мақдуний ва ундан кейинги тарих анча яхши ўрганилган. Макдуний ҳам «Зулқарнайн» деб ном олган бўлиши мумкин.

Мумтоз адабиёт нима дейди?

ХΙΙΙ-ХΙV асрларда, айниқса, Мовароуннаҳр ва Хуросон адабиёт аҳллари орасида «Хамса» ёзиш удум бўлган. Маълумки, Хамса бешлик дегани. Яъни. бешта мустақил достондан иборат битта йирик асар. Шу бештадан биттаси албатта Искандарга бағишланган достон бўлган. Низомий Ганжавийнинг «Искандарнома», Хусрав Деҳлавийнинг «Ойнаи Искандарий», Абдураҳмон Жомийнинг «Хирадномаи Искандарий» достонлари шулар жумласидандир. Алишер Навоий ҳам худди шу йўлда «Хамса» битган ва ичида «Садди Искандарий» достони бор. Унда шоир македониядик Искандарни қаҳрамон қилиб олади. Унинг ҳарбий юришлари, устози Арасту билан савол-жавоблари, суҳбатлари, умуман олганда, қилган ишлари ҳақида сўз юритади.

Достонда «Зулқарнайн» сўзи учрамайди, Искандар бўлиб келади ва асосан Искандар Мақдуний яшаган давр тасвирланган. Савол туғилади: нега достон «Садди Искандарий» деб номланган? «Сад» девор дегани ва уни, Қуръонга кўра, Зулқарнайн қурган. Тўғри, Алишер Навоий достонни «Садди Искандарий» деб номлайди, лекин бевосита девор ҳақидаги тасвирларни бор-йўғи икки бетга жойлаган. Унда келишича, Искандар девор қурдиради, девор хом-ашёси асосан тош бўлади ва темир билан мустаҳкамланади. (Алишер Навоий. «Садди Искандарий». 11 том, 465-466 бетлар.)

Ваҳоланки, Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн деворни Яъжуж ва Маъжужлардан сақланиш учун темир ва мис эритмаси қоришмасидан қуради. Алишер Навоий «Искандар Мақдуний кўчманчи қабилалар ҳужумларига қарши Ўрта Осиё ва Қовқозда қурган девор»10ни назарда тутган бўлиши мумкин. Алишер Навоий замонида ҳам бу икки шахс ҳақида тортишувлар бўлган. Тўғри, «Садди Искандарий» достони тарихий асар эмас ва ундаги воқеаларга биз тарихий ҳужжат сифатида қарай олмаймиз. Шоир «Хамса»нинг қолган достонларида - «Фарҳод ва Ширин»да жавонмард йигит, «Лайли ва Мажнун»да афсонавий ошиқ, «Сабъаи сайёр»да адолатсиз подшоҳ тимсолларини тасвирлагани сингари, «Садди Искандарий» да ҳам бадиий ижод маҳсули ўлароқ буюк ва фазилатли подшоҳ тимсолини яратди. Яъни, улуғ шоир инсонпарварлик ва адолат ҳақидаги ғояларни етказишга аниқ шахс - шоҳ Искандар номидан фойдаланган. Бадиий ижодкор бундай усул қўллашга тўла ҳақлидир.

Келтирилган манбалардаги маълумотларни кўриб битта ва узил-кесил хулоса чиқаришга етарли далил-ҳужжатлар учрамади. Фикрларни умумлаштирадиган бўлсак, аксинча, илм аҳли орасида уч хил қараш бор экани маълум бўлади. Бир тоифа олимлар Зулқарнайн ва Искандар Мақдунийни бир одам дейишади. Яна баъзилари бошқа-бошқа бўлган дейишади. Учинчи тоифа олимлар, ҳали бир тўхтамга келишмаган. Бу уч хил фикрнинг мавжудлиги Зулқарнайн билан Мақдуний масаласининг аниқ ечимга эга эмаслигини билдиради. Лекин ўтмишда Зулқарнайн лақабли бир нечта подшоҳлар ўтган. «Зулқарнайн» дейилиши уларни буюклик даражасини кўрсатган, балки шунинг учун ҳам одамлар бу икки шахсни бир деб адашаётгандирлар. Кейинчалик тарихий изланишлар натижасида бу мавзу яна ҳам ойдинлашади, деб ўйлаймиз.

Файзуллох Нуруллоҳ ўғли