loader
Foto

Саййид Махмуд Тарозий-Олтинхон тўра

Олтинхон тўранинг номи мусулмон Шарқида машҳур. Зеро, у асрлардан буён Мовароуннаҳрда ривож топган ислом дини илмий анъаналарини изчиллик билан хорижда давом эттирган улуғ инсондир.

Ватандош олимларимиз хақида биз тўплаган маълумотлардан мукаммалроғи ушбу зот хақидадир. Олтинхон тўранинг номи мусулмон Шарқида машҳур. Зеро, у асрлардан буён Мовароуннаҳрда ривож топган ислом дини илмий анъаналарини изчиллик билан хорижда давом эттирган улуғ инсондир.

Саййид Махмудхон Саййид Назирхон ўғли Тарозий 1895 йили Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистонга туташ қадимий Тароз (ҳозирги Жамбул) шахрида таваллуд топган. Тароз ушбу минтақада қадимдан ривожланган машҳур шаҳарлардан хисобланиб, халкаро савдода ҳам ўз номига эга бўлган, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги машҳур диний марказлардан бири ҳисобланган. Кейинчалик шахарнинг номи ўзгариб «Авлиё ота» деб аталган. Саййид Махмудхоннинг насаби Ўзганда ўтган Иликхонларга бориб тақалади. Бобурнинг ёзишича, «Фарғона вилоятида бу табақа муқтадо ва шайхулислом ва қози бўлиб келишган». Оталари Саййид Назирхон тўра қатағон йилларидан олдиноқ хибсга олиниб, бедарак кетган.

Саййид Махмудхон ёшлигиданоқ ноёб истеъдоди ва ўткир қобилиятига эга бўлган. Ҳофиз ва Саъдий асарларидан кўп нарсаларни ёд олган, шунингдек, Қуръон тиловатига ҳам моҳир бўлган. У киши Тошкентдаги Кўкалдош, кейинчалик Бухоро мадрасаларида ўқиди, араб ва форс тилларини пухта эгаллади.

У кишининг Маккадаги шогирдларидан Мухаммад Қосим Аминнинг гувохлик беришича, Саййид Махмудхон 1917 йили юз берган сиёсий бесаранжомликлардан кейинги йиллари она шахри Авлиё отада мактабдорлик қилган. Сўнгра шаҳардаги мадрасада мударрислик вазифасига тайинланган. Олим сифатида шухрат топиб, номи атрофдаги Туркистон, Чимкент, Сайрам, Марки томонларда ҳам машҳур бўлиб кетган.

Сўнгра юртда бошланган сиёсий парокандалик туфайли кўп уламолар қатори, Саййид Махмудхон Тарозий ҳам таъқиб остига олинади. Бир муддат Фарғона водийси шахарларида яшириниб юради, бошпана излаб, Андижонга ҳам келади. Ўша йиллардаги ёшгина мулла йигит Абдулаҳад Азизов (шоир Анисий) у кишини кўрган ва суҳбатини олган. Унинг айтишича, 20-йиллари Саййид Махмуд Тарозий кундузлари қабристонда яшириниб ётар, тунда эса дўстларининг уйига келиб, суҳбат қурар эди.

Ниҳоят, Фарғона водийсида ҳам сиёсат танглашиб, Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади. Бу - 1930 йилларнинг бошланиши эди. Саййид Махмудхон Афғонистондан муборак хаж сафарига бориб, ҳаж амалларини бажаргач, Хиндистонга келади ва Бомбайнинг мусулмонлар махалласида муқим туриб қолади. У шахардаги маҳаллий масжидлардан бирига имом-хатиб этиб тайинланади. Шу тарзда Бомбайда ўн йил истиқомат қилиб етук -тасаввуфшунос олим ва мухаддис бўлиб танилади, катта обру қозонади. Ушбу йиллар шеърий машқлар ҳам қила бошлайди.

Саййид Махмуд Тарозий Бомбайда Қуръони каримни туркийнинг «ўзбекча лаҳжаси»га ағдарган биринчи таржимондир. Карочи, Лохур, Лакнав, Мултон каби мусулмонлар яшайдиган шаҳарларда «Тўра соҳиб», кейинчалик «Олтинхон тўра» тахаллуси билан машхур бўлиб кетади. Ўша йиллардан бошлаб араб ва ўзбек тилларида ғазаллар, кўпроқ мусаддаслар ёзади. Карочидаги «Таржимони афкор» уюшмасининг рахбари Аъзам Хошимий ҳаракати билан унинг мусаддаслари ва шеърлар тўплами 1953 йили биринчи марта «Мусаддасоти Махмудия» номи билан нашр этилади. Ушбу тўпламнинг сўзбошисида айтилишича, «Саййид Махмуд Тарозий хазратлари учун таърифга хожат йуқдур. Илму одоб сохасидаги мақомлари барчага аёндур».

Ҳиндистонда бошланган ва Покистон давлатининг ташкил топиши билан тугалланган харбий-сиёсий нотинчликлар мухожирлар, жумладан, Саййид Махмудхон Тарозий -Олтинхон тўранинг ҳам оромини бузади ва ниҳоят, у Саудия Арабистонига келиб ўрнашади.

Олтинхон тўранинг 40 йилдан ортиқ давом этган сўнгги илмий-исломий ва адабий-маърифий фаолияти муқаддас шахарлар — Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада кечди. Асосий асарлари шу ерда яратилди ва улар туфайли катта обрў-эътибор қозонди.

Дастлаб Маккада хусусий мактаб очиб, ватандошларимиз болаларига, шунингдек, махаллийларга ҳам дарс бера бошлайди. Ўшанда унинг кенг қамровли олим экани Арабистонда ҳам маълум бўлиб, хукумат томонидан Ҳарами шарифда дарс беришга таклиф қилинади. У кишининг олимлик истеъдоди, классик араб тилини чуқур билиши, нотиқлиги хақидаги хабар Саудия Арабистони подшохигача етиб боради. У зотнинг олимлик фаолиятини эътиборга олиб, Харамга мударрисликка тайинлайди ва бир неча йил мана шу мартабали лавозимда хизмат қилади.

Саййид Махмудхон Тарозий, юртдошларимизнинг эътироф қилишларича, мухожирларнинг хақиқий маънавий суянчиғи эди. Хамюртларининг мусофир юртда бирон хаётий муаммоси бўлса, у киши подшоҳ ёки шахар амири қабулигача бемалол кириб, арз ва илтимос қила оладиган даражада обрў қозонган эди.

Домла Тарозий арабчани билмайдиган туркийзабон халқларга исломга оид илмий ва одоб-ахлокда доир манбалар билан уларни ошно қилиш ва охир-оқибат бундай асарлар уларнинг севимли китоби бўлиб қолиши хақида кўпроқ ўйларди.

Шу мақсадда мусулмон оламида машхур бўлган ва тарбиявий аҳамиятга молик баъзи асарларни ўзбек тилига таржима қилади, уларни Ватанга юбориш йулларини қидиради. Айрим асарлари Ўзбекистонгача етиб келади. Бунинг натижасида олим биздаги дахрийлик тузуми оқибатида халқларимиз хаётида пайдо бўлган маънавий бўшлиқни бироз бўлса-да, тўлғазишга ҳисса қўшади. Китобларни арабчадан таржима қилар экан, уларни муҳим изоҳлар ва зарур шарҳлар билан тўлдиради. Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомийнинг 40 хадис хақидаги форсча рисоласини изох ва шархлар билан рубоий шаклида ўзбекчага таржима қилиб, натижада «Арбаъин» номли мустақил асар яратгани каби, Олтинхон тўра ҳам тарбияга доир айрим арабий асарларни ўзбек тилига таржима қилиб ва муфассал шарҳлар билан нашр эттириб, мустакил асарлар яратади.

Чунончи, «Риёз ас-солихин» китоби, гарчи шархлар билан қилинган таржима бўлса ҳам Олтинхон тўранинг муҳим асари ҳисобланади. У кишининг Қуръони каримнинг изохлар билан қилган таржимаси эса ўзбек тилига қилинган биринчи таржимадир. Тўра Сохиб Хиндистонда эканидаёқ бу машаққатли ишни бошлаб, ўн йил меҳнат қилган. Ушбу таржима аввал Хиндистон, сўнгра Покистонда, 1980 йили Саудия Арабистонида учинчи марта нашр қилинди. Олимнинг «Нур ул-басар» (Пайғамбаримиз ҳақида) асари ҳам муҳим тадқиқот бўлиб, 1964 йили Карочида, 1982 йили Мадинаи мунавварада нашр этилди ва ўша йиллариёқ хуфя тарзда бўлса ҳам Ўрта Осиё республикаларида ҳам тарқалди. Булардан ташқари, Расулуллоҳ ҳаёти, баъзи исломий қоидалар хақидаги асарлари ҳам мавжуд.

Хаммаси бўлиб, хозирда олимнинг 20 га яқин асари аниқланган. Улардан «Девони қасоиди Махмудия» асарида или ва одоб, она-Ватан ҳақидаги қасида ва назмлар жамланган. Карочида босилган «Мусаддасоти Махмудия» китобчасида Ватан ва унинг озодлиги хақида ёзилган жозибали мусаддаслари жам қилинган. Улардан айрим парчалар келтирамиз:



«Замзамаи озодий» мусаддасидан:



... Қани хорижга чиққан раҳнамолар, марду, майдонлар?

Мужоҳидлар, мудаббирзода туркистонлик ўғлонлар?

На бўлди ул Ватан йулида берган аҳду паймонлар?

Жўнар соатда кўздин оқизилган бебаҳо қонлар?

Колур токай асири фирқаи илҳод Туркистон,

Илоҳи, қил карам, лутфингдин ўлсин шод Туркистон.



«Шамоили Муҳаммадия» асарининг таржимасига бағишланган мухаммас-қасидадан:



Муҳожирлар, ўқинглар, бир китоби мухтасардир бу,

Набий авсофидин сизларга тўпланган гуҳардир бу,

Асалдан ҳам асалдир бу, шакардин ҳам шакардир бу,

ўқилсин, ҳар даму кулфат учун даф асардир бу.

Мукаммал нахшан ул хазрати хайр ул-башардир бу.



«Риёз ус-солиҳин»га бағишланган қасидадан:



Ассалом, эй аҳли миллат, марҳабо, эй аҳли дин.

Уммати маҳбуби Аҳмад, рахмати руйи замин,

Пайрави Қуръон ва Суннат хайрул мурсалин,

Сизлар-а бўлсин муборак муждаи жон офарин.

Меҳрибон бўлди муҳожирларга раббил оламин,

Лутфидин бўлди мутаржим бу Риёз ус-солиҳин.



Олмонияда чиққан «Миллий Туркистон», Мисрда чиққан арабча «Савт ат-Туркистон» ва туркча «Озод Туркистон», шунингдек, Покистонда чиққан «Таржимони афкор» ва Истамбулда чиққан «Туркистон» журналларида Олтинхон тўранинг Ватан мадҳига бағишланган мақолалари ва ғазаллари муттасил босилиб турган. Уларда муаллиф Ватан озодлиги, истиқлоли учун барча ватандошларни бирдамликка чақиради, она-юрт ишқида куйиб ёнади, унинг гўзалликларини куйлайди. Домла Тарозий бир мақоласида шундай деб ёзади: «... Русия ила Чин ўртасида мустақил Туркистон давлати шартдир... Иншооллоҳ, бир кун келажак, Туркистонимиз миллий мустақиллигини олажак». Бу гаплар 1975 йили ёзилган. Бизнинг кунларда унинг ушбу гаплари худди башоратга ўхшайди. Вақти келиб, устознинг барча мақолаларини тўплаб, мустабид тузумдан озод бўлган халқимизга хадя этадиган кунлар насиб қилади, деган умиддамиз.

Ватандошларнинг эътироф этишларича, Олтинхон тўра Саудия Арабистонида яшовчи туркистонликларнинг маънавий рахбари эди. Бу ёруғ кунларга етиб келгунча Олтинхон тўрага ўхшаш не-не мунаввар ватандошларимиз, юртдан ташқарида бўлса ҳам Ватан озодлиги йулида захмат чекдилар, она юрт фироқида куйиб ёндилар. Олтинхон тўра бир гурух ҳаммаслаклари билан биргаликда Туркистондаги оғир мехнат шароити, пахта яккаҳокимлиги туфайли унга сепилган захарли моддалардан турли касалликлар тарқалаётгани хақида, умуман юртимизнинг умумжахон тараққиётидан орқада колаётгани хақида Саудия Арабистони ва бошқа чет эл матбуотида, турли радио тулқинларда чиқишлар қилиб турган.

«Улуғ Октябр инқилоби» деб аталган 1917 йилдаги давлат тўнтаришининг 40 йиллиги муносабати билан 1956 йилдан СССРда бошланган кенг тарғибот-ташвиқот ишларига жавобан, бу найрангларни фош қилувчи чиқишларга Олтинхон тўра бошчилик қилган. «Таржимони афкор» журналининг муҳаррири Аъзам Хошимий: «Бу зот мухожирларимиз таржимонлиги соҳасида ўз вазифасини бажарган бир миллатпарвар ва ватанпарвардир», — деб ёзган эди.

Мана бу воқеа хам ғоятда эътиборлидир: маълумки, 1953 йили март ойида Сталин вафот қилди. Шу муносабат билан «Отамиз ўлди» деб кўз ёшлари тўкиб юрилган чоғда Олтинхон тўра ташвиқоти билан Саудия Арабистонидаги ватандошлар хурсандчилик митинги уюштиришган. Ўшанда Тура соҳиб Сталин ҳақида танқидий мусаддас ёзган ва тўпланганларга ўқиб берган.- Биз «Мусаддасоти Махмудия» рисоласида босилган бир юз йигирма байтдан иборат ушбу мусаддасни тўлалигича келтирамиз. Зеро, ғазал шафқатсиз тузумни фош қилувчи нодир шеърий асардир.



Ситамкор Сталин



«Ситамкор Сталин Туркистон ва бошқа турк ўлкаларнинг ҳуррият ва истиқлолларини маҳв ва мунқариз айлаб, у мамлакатлар мусулмонларининг керак диний, керак миллий анъаналарини поймол этмоққа жони борича тиришган кечирилмас душмандир. Унинг даврини нихоят дахшатли террор даври деб қарор берилган».



Тарк айлади дунёни ситам кор Сталин,

Фиръавни замон — золим-у хункор Сталин,

Оламдаги динсизлара сардор Сталин,

Ер юзида бемисли дилозор Сталин,

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Фикр этмади - йуқ эрди бу дунёни бақоси.

Қолмас эди оламни шаханшох.-У гадоси,

Золимлар учун бор эрди Тангрининг балоси,

Дер эрди: «худо йўқ», кўринг — ўлдурди худоси.

Тадбири жаҳон фикрида хушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Нолишда эди зулм ила кўп хаста жигарлар,

Хар лаҳза мусулмонлара хар турли хатарлар,

Пайваста ўтар эрди фиғон бирла саҳарлар,

Шак йўқки, дуоларда бўлур бўйла асарлар,

Тадбири жахон фикрида хушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Масжидлари майхона қилиб эрди бу малъун,

Дер эрди киши сўзласа дин бобида - мажнун.

Динсизлар анинг чун эди ул гумроҳ мафтун,

Дин душмани бу лаҳза вафоти ила маҳзун.

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Шод ўлди жаҳон - душмани ислом йиқилди,

Ахлоқи ёмон кофири бадном йиқилди,

Озори ила шахраъи айём йиқилди,

Сайёд ситамгар кетиб дом йиқилди.

Тадбири жаҳон фикрида хушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Мотамда бу кун куфри хароб ўлди паноҳи.

Хақ даргоҳина етди ситам дийдалар оҳи,

Динсизлара юзланди ажаб бахти сиёхи,

Маҳв айлади душманни Муҳаммадни Илоҳи.

Тадбири жаҳон фикрида хушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Бу ҳодисадин ибрат олурмиз уммолар.

Дин душманига Ҳақ юборур бўйла балолар,

Қутқармади жонини дувалар-у ҳукамолар,

Суд этмади ул аслаҳалар, жони фидолар,

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгила ночор Сталин.



Қўрқитмиш эди қунбуласи бирла жаҳонни,

Тукмиш эди қонларни, бузиб амни омонни,

Маръуби қилиб эрди замин ила замонни,

Топширди бу кун моликина жисми-да жонни

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Кўрдингми ҳудони, эй, худосизлар отоси?

Наф этдими дардингга хакимлар давоси?

Охирда керак булдими бу халқ дуоси?

Боқ тўлғуси жисминг-ла жаҳаннамни фазоси!

Тадбири жаҳон фикрида хушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Оз кунда худо хоҳласа мулкингни очармиз.

Қабрингга бу мазлумлар ўтларин сочармиз,

Фўлад ҳудудингдин аёғ ила кечармиз,

Маҳбуб Ватан кўксида замзамлар ичармиз,

Тадбири жахон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Ёраб, сенга ҳамд, дил озор ўлибдур,

Бизларга ситам қилгучи бадкор ўлибдур,

Макр ила жаҳон олгучи ғаддор ўлибдур,

Қон тўккучи, босқинчи жафокор ўлибдур,

Тадбири жаҳон фикрида хушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Эй, жабр ила-афгор Ватан! Сенга муборак,

Зулм остида ночор Ватан! Сенга муборак,

Душман қўлида хор Ватан! Сенга муборак,

Авлоди учун зор Ватан! Сенга муборак,

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Маҳв айлади Ҳақ душмани хункоринги охир,

Эшитди худо нола ила зоринги охир,

Иқбола мубаддал қилур идборинги охир,

Маҳжурларинг кўргуси гулзоринги охир,

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Эй, қавм, келинг фатҳга тайёр бўлайлик,

Ғафлатни отиб орқага, бедор бўлайлик,

Бирлик ила ҳар лаҳза хабардор бўлайлик,

Жон ила-ю, мол ила хабардор бўлайлик,

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Душманларимиз оқлари тайёр эрурлар,

Оқ дема, қизиллари каби ғаддор эрурлар,

Ҳар иккиси дин душмани куффор эрурлар.

Бу қавм алардин ҳама безор эрурлар.

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Биз эмди, сано Ҳаққаки, танпарвар эмасмиз,

Бемарказ эмасмиз, яна берахбар эмасмиз.

Бор давлатимиз, бирлигимиз, аҳқар эмасмиз,

Бегоналар эҳсонига биз музтар эмасмиз,

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Эй, яхши Ватан кўксида бор ота-оналар,

Сизларга муборак бу кун, эй, ини-оғалар,

Биз мунда-ю, Сиз унда қилинг Ҳаққа дуолар,

Сизларни халос этмака ҳозир бу фидолар,

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Ёраб, сенгадур эрта-ю кеч арзи рижомиз,

Қолсин бу жаҳон борича шоҳу умаромиз,

Сен молики оламсан-у биз барча гадомиз,

Ҳар лаҳза Худоё, сенгадур ушбу дуомиз,

Тадбири жаҳон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Эй, ёшлар, ўқинг, илм ила дунёни олурсиз,

Душман бошина турли балоларни солурсиз,

Ғайратлар этинг, йуқ эса сиз сўнгда - қолурсиз,

Беному нишон биз каби сиз ҳам йўқолурсиз,

Тадбири жахон фикрида ҳушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Махмуд ҳазин қавмини курбони ҳамиша,

Илгида қилич, кўксида Қуръони хамиша,

Бордир Ватанин фатҳина иймони ҳамиша,

Хақ бўлса мададкор, анга Раҳмони ҳамиша,

Тадбири жаҳон фикрида хушёр Сталин,

Қолди бу ўлим илгида ночор Сталин.



Саййид Махмуд Тарозий-Олтинхон тўра ўзидан анчагина илмий ва адабий мерос колдирди. Бирок илмий меросининг адади хамон тўла аникланмаган. Хозирча биз аниклаган айрим асарларининг номларини келтирамиз. Олимнинг илмий ва таржима ишларининг номлари арабча бўлса хам барчаси узбек тилида ёзилган. Бизга хозирча унинг қуйидаги асарлари маълум:



1-Қуръони каримнинг таржимаси ва тафсири (Покистон, Хиндистон ва Саудия Арабистонида нашр килинган.)

2.«Нур ул-басар фи сийрати хайр ул-башар» (Пайғамбаримиз (с, а. в.) ҳаёт йуллари). 1964 йили Покистонда ва 1982 йили Саудия Арабистонида нашр килинган.

З.Имом Абу Закариё ан-Нававийнинг «Риёз ус-солиҳин» («Солих кишилар бўстони») номли турт жилдли асарининг шархлари, луғати ва таржимаси. 1964 йили Покистонда ва 1982 йили Саудия Арабистонида нашр килинган.

4. «Фазой и ул-вуруд ва ало саййид ул-вужуд» (Пайгамбаримиз (с.а.в.)нинг намоз ўқишлари хакида).

5.«Ақоид ул-ислом» («Ислом дини акидалари»). Муаллифнинг вафоти арафасида босмадан чиққан (1991).

6.«Хизб ул-аъзам» ( Улуғ ва мўътабар коида ва низомлар).Ўгитлар тўплами.

7. Абу Ханифа ан-Нуъмон ибн Собитнинг «ал-Фикҳ ал-Акбар» (Шариат қоидалари туплами) асарининг шархли

таржимаси.

8.Имом ат-Таховийнинг «Акидаи Таховий» («Таховий акидалари») асарига манзума ва шарх- Бу асар Покистон,Хиндистон ва Саудия Арабистонида нашр килиниб, кенг таркалган.

9.«Девони касоиди Махмудия» (Илм ва одоб хакида ўзлари ёзган қасида ва назмлар тўплами). Турли шахарларда килинган ваъзлар ва айрим сафар таассуротлари хам ушбу тупламга киритилган.

10. Абу Исо ат-Термизийнинг «Шамоили Мухаммадия» асарининг шархланган таржимаси. Таржимон суз бошида ёзишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) сифатлари хакида ривоят килинган сахобаларнинг номлари аникланган. Бундан ташкари, ушбу асар киммати хакида махсус мусаддас хам ёзган (муаллифнинг ушбу асари 1991 йили Тошкентда хам нашр килинган).

11. «Китоб ал-хаж» — Муборак хаж сафари коидалари хакида. Асар 1993 йили Тошкентда хам нашр килинган.

12. «Ёсин» сурасининг таржимаси ва шархи (қўлёзма).

13. «Аъмма» сураси таржимаси Карочи, 1951.

14. «Мусаддасоти Махмудия», Карочи, 1953.

15.Саудия Арабистони ва бошка мамлакатлар матбуотида турли йиллари босилган маколалар ва шеърлар. Шунингдек, араб тилида ёзилган куплаб маколалари ва шеърлари хам бордирки, уларни излаб топиш анча мушкулдир.



Биз уюштирган суҳбатларда айтишларича, матбуотдаги чикишларида Олтинхон тўра Туркистоннинг озодлиги ва истиқлоли учун барча ватандошларни бирдамликка чакиради, Ватан, она юрти ишкида куйиб ёнади ва унинг гузалликларини мадх этади.

У кишидан бир канча фарзандлар колди. Биринчи. рузгоридан Саидахон исмли кизи ва угли Муҳаммаджон хожи Янгийулда истикомат киладилар. Отадан бир ярим яшар колган бу кизи 1991 йили хаж сафарига бориб, отаси билан куришди-ю, аммо гаплашишга муяссар бўлолмади: ота узок нотобликдан бехуш ётган эдилар (кизи хаж амалларини бажариб юрган кунлари Олтинхон тура казо килдилар. Эшитишимизча, Саидахон хам 1999 йили Янгийулда вафот килган).

Олтинхон туранинг кейинги рузгоридан Абдулкодирхон, Мунаввар кори, Усмонхон каби угиллари хозирда Саудия Арабистонида истикомат киладилар. Улар, гарчи ота юртини кўрмаган булсалар ҳам Туркистонни доимо ёдда сақлаб яшамокдалар. Угли Мунаввар кори билан Маккада биз кўп сухбатлашдик.

Олтинхон тўра Ватан мустақиллиги эълон килинишидан атига икки ой илгари — 1991 йил 26 июнь куни вафот қилдилар. 1995 йил ноябрь ойида тугилган юрти Жамбул шахрида у зотнинг 100 йиллик юбилейига бағишланган тантаналар ўтказилди.

Бухорийлар қиссаси китобидан. Сайфиддин Жалилов