Ботухон барча бутпараст мўғул хонлари каби золим эди ва шу сабабли рус халқига жуда қаттиқ зулм ўтказди. Шунинг учун унинг ҳукмронлик даври рус солномачилари тарафидан тарих варақларига “мўғуллар зулми” дея хат этилгандир.
1255 - йилда Ботухон вафот этиб, Олтин Ўрда тахтига унинг укаси Беркехон ўтиради. Орадан кўп ўтмай у Олтин Ўрдани мўғул империясидан мустақил, алоҳида хонлик деб эълон қилади. Хонликнинг пойтахтини ҳам Ботухон қурдирган Сарой Боту шаҳридан шахсан ўзи қурдирган Сарой Берке шаҳрига кўчиради ва давлат ишларини тубдан ислоҳ қилишга киришади. Ўша ерда яшаган халқларнинг, шу жумладан русларнинг тарихида ҳам биринчи бор статистик ҳисоб- китоб ишларини бошлаб, мамлакатдаги фуқароларнинг ва уй ҳайвонларининг ҳисобини олади. Хонларнинг одатига айланган талончилик ва зулмни тақа - тақ тўхтатади. Во ажаб! Беркехонга не бўлди? Нима уни зулмдан тўхтатди? Ожиз ва тарқоқ Русь князликлари устига юриш қилиб, шаҳар ва қалъаларини қамал қилиш билан қўрқитиб, жарақ - жарақ олтинлар ундиришдан уни қандай куч қайтарди? У кимдан қўрқди?
Ҳа. Беркехон Аллоҳдан қўрққан эди. Чунки у Ислом Динини қабул қилган эди. Исломда эса зулм ҳаромдир. Олтин Ўрданинг энг биринчи мусулмон хони Берке Исломни қабул қилганидан кейин номини Саид Баракатхон деб ўзгартирди, саройга ислом уламоларини йиғиб, улардан давлат ва фуқаролар ҳамда мамлакат бошқариш ҳақидаги исломий ҳукмларни ва исломий адолат асосларини ўрганди. Агарда у исломга кирмай ёввойи мўғул ҳолида қолганида ва аждодлари каби зулмни давом эттирганида рус халқи яна кўп қирғинларга учрар эди. Аммо, рус халқининг тарихий бахтига яраша у, яна бир мўғулий сулола - элхонийларнинг таъсирида исломни қабул қилди. Элхонийлар Чингизхонниг невараси ва ўзининг ваҳшийлиги билан донг таратган Ҳулокунинг авлодлари эди. Эрон, Ироқ тарафга юриш қилиб, ўша тарафда қолиб кетган Ҳулокунинг авлодлари у вафот қилганидан кейин ерли халқнинг динини қабул қилган эдилар.
...Шу ерда таъкидлаб ўтишимиз жоизки, ўша вақтга қадар инсоният тарихининг барча даврида ғолиб халқнинг динини мағлуб халқ қабул қилиб келган эди. Аммо ислом... илоҳий ҳақиқатлиги ва ботиний бўйсунмаслик қудрати туфайли уни ғолиб халқ - мўғуллар мағлуб халқ - араблардан қабул қилдилар!
...Элхонийлар Беркехонга тоға бўлганлари сабабли бир бирларининг аҳволларидан тез - тез хабар олиб турардилар. Беркехоннинг мусулмон бўлишига кучли таъсир қилган яна бир шахс ислом оламини ёввойи мўғуллар истилосидан сақлаб, уларни тор - мор қилган эрюрак Миср ҳукмдори Рукнуддин Бейбарс бўлса ажаб эмас. Асли келиб чиқиши Еттисувлик қирғиз туркларидан бўлган Бейбарс Аббосий халифаларга ҳарбий хизматга ёлланган мамлук эди. Тақдир тақозоси ҳамда ўзининг довюраклиги ва уддабурронлиги натижасида у Мисрдаги мамлуклар давлатининг султони даражасига етди. Рукнуддин Бейбарс ислом ҳукмларини маҳкам ушлаган, адолатли султон бўлганлиги сабабли жуда кўп подшоҳларга ўрнак бўлган. Унга ҳатто насоро подшоҳлари ҳам ҳавас билан қарашиб, ўзаро муносабатлар ўрнатишга интизор бўлишган. Кечаги ёвуз Берке, бугунги Саид Баракатхон ҳам Бейбарс каби адолатли бўлишга интилди. Мамлакатга ислом адолати билан ҳукм қилди. Шаҳарларга масжидлар қурдириб, ислом даъватини бошлади. Аммо, икки юз йил илгари насоро динини қабул қилган рус халқини исломни қабул қилишга мажбурламади. Ваҳоланки, руслар Олтин Ўрда хонлигининг фуқаролари эди. Саид Баракатхон 1266 - йилда вафот қилди.