loader

Вадуд Маҳмуд. Яхши эмас (1923)

Бу кунларда ҳукумат доираларида муассасаларни марказлаштириш фикри қўзғолгандир.

Бу жуда яхши фикрдир. Албатта, ҳукумат идораларининг бир ерда бўлиши ҳам шул идораларнинг ишларининг тартибли боришига сабаб бўлур, ҳам мурожаатчиларга осон бўлур. Бу фикрни биз ҳам олқишлаймиз.

Маълумки, ҳозир Туркистоннинг ҳар ерида маориф ишларига жиддий кўз билан қаралиб турилибдир; ҳатто марказ маориф комиссиялиги муаллимларни таъмин этмакни биринчи ишдан санаб бу жиҳатда жиддий ташаббус қилмоқдадир.

Бу ҳаракатлар Туркистонда маориф ишларининг зарур ва муҳимлигига далолат қиладир.

Биз ҳам, албатта, бир умумий фикрга қўшилмоғимиз ва шу йўл билан бормоғимиз керакдир.

Самарқанд вилоятида маориф ишларини яхши йў'лга қўймоққа қанча тиришилса ҳам, кўриниб турибдирким, муваффақ бўла олмаймиз; ҳатто ҳозир ҳам очиқ айта олмаймизким, битта ҳам тузук мактабимиз йўқдир. Бу йўлда бизнинг ҳам кўб ишлар қилмоғимиз керак бўладир.

Бутун Самарқанд вилоятида биргина кўзимизга кўринадирган мактабимиз бирдан-бир билим юртимиздирким, унинг ҳоли ҳам газета ўқиғувчиларга очиқдир. Шу мактабни ҳам нима бўлса ҳам бир оз тузатмоқ учун қанча ғайратлар сарф қилинса ҳам истаганимизча муваффақ бўла олмаймиз.

Эшитганимизга кўра ҳукумат идораларини марказлаштириш учун шу билим юртининг биноси муносиб кўрилмишдир, ўткан йил шу ойларда тамом сўнган ва битган эди. Бунинг бу ҳолга тушишига сабаблар бор эди. Муаллимсизлик, идоранинг оузуқлиғи, моддий жиҳатнинг торлиғи ва бошқалар. Ўтган ёз билим юрти талабалари буткул тарқалғондилар, фақат 10—20 бола қолғон эди.

Қўлидан иш келатурган талабаларининг ҳар бири ўз иши орқасидан кетдиким, шу йил қанча тиришсак ҳам кўбини келтура олмадиқ.

Ҳозир юз элликка яқин билим юрти талабаси бор ва мактаб қошида татбиқот мактаби ҳам қурулдиким, 50 дан ошиқ бола ўқийдир.

Биз шундай умид этамизким, бу йил бир оз маънавий ва моддий жиҳатдан тузатганимизнинг натижаси бўлиб келаси йил бу мактаб ҳақиқатан бир билим юрти ва ибтидоий мактаби бир намуна мактаб бўлар деб. Бу ичги тараф.

Халқимизнинг маориф ишларига қараш рағбатига келсак, шуни айтиб ўтмоқ керакким, ҳар бир ерлик мусулмон ва маорифпарварнинг мактабнинг маориф деганда кўзига кўринатургани бирдан-бир шу билим юртидур. Ушбу билан севинадур, фахр қиладур.

Инқилобнинг фойдаси бўлиб, унинг қўлига тушган бир ғанимат деб шу бинони кўрсатадир ва шу муассасани биладир. Бу бинони ҳукумат идоралари учун олмоқ мана шу жиҳатдан маориф ишларининг боришига бирдан бир зарардир. Бизнинг Самарқандда бирдан-бир илмий муассасамиз шудир, бунга зарба бермак яхши эмасдир. Сўнгра шуниси ҳам маълум бўлғайким, бу бино фақат мактаб учун ясалғондир, бунда идораларни жойлаш нотўғридир.

Шу беш йил ичида бу бинони олмоқ учун кўб маротабалар ташаббуслар бўлди, фақат ишга ошмади. Биз умид этар эдикким, халқнинг руҳи ва маориф ишларининг бориши билан ҳисобланиб, шу сира ҳам шу масала ишга ошмасун ва шу бино бир илмий муассаса бўлиб билим юрти учун қолдирилсун. Бу мактабни ҳақиқатан бир илмий муассаса ҳолига қўймоқ учун ғайрат ўрнига, буни бузмакка тиришмак айб бўлса керак.

Бир ишни тузатмоққа тиришайлик, ўртоқлар, бузмакка эмас. Шуни эсдан чиқармайлик.

Ўз даврининг маърифий-ижтимоий масалаларига бағишланган бу мақола «Зарафшон» газетасининг 1923 йил 12 апрел сонида эълон этилган.