Бутун ўлкада маориф ишлари тўғрисида жиддий ҳаракат ва самимий фикр олишмоқлар кўрулишга бошлади. Бу бизнинг маориф ишлари тарихимизда биринчи даврдир. Бу кунгача бу янглиғ асосли суратда музокаралар, фикр олишмоқлар кўрулмаган ва маориф ишлари учун қизиқ мажлис бўлмаган эдики, бу кунги тебранишимиз эса бунинг учун қувонарлиқ ҳоллардандир.
Ўлкамизнинг ҳар бир шаҳрида мактаб, маориф деган товушлар эшитилмакка, ҳар ерда матбуотимиз шу ҳақда сўз очиб қичқирмоққа бошлади. Вақти келганда биз ҳам шу умумий маориф муҳокамаларига қотишмоқ ва ожизона фикримизни арз қилмоқ бўлдик.
«Инқилоб» мажмуасининг олтинчи сонида «Шайх ота» ўртоқнинг «Умумий таълимни амалга қўйиш мумкинми?» унвонли мақоласи босилиб ўтди. Мақолада маорифимиз тўғрисида баъзи фикрлар баён этилди. Биз «Шайх ота» ўртоқнинг мақоласини ўқиб чиққач, «бу ўртоқ ишга ошно эмас экан ва ё билфеъл ишга қотишмаган экан» дейишга мажбур бўлдик. Мақола муқаддима тарзида эски гаплар билан бошланиб, ўртасида бир неча асоснинг тўғри ҳал қилиниши кераклиги кўрсатиладир ва охирида яримчиқ ҳолда тугаб, қатъий бир натижа берилмайдир.
Биринчи асос масала қилиб, «Мактаблар тузишга қандай тип мактаб — шаҳар мактабими, қишлоқ мактабими асос қилиб олинмоғи керак» деган модда қўйилган. Жавобда ҳам «бирлик мактаби масаласига шундай маҳкам асос солинганки...» деб нимагадир қатъияга берилиб кетадир. Лекин биз «шаҳар мактабими, қишлоқ мактабими» деб кетишнинг маъносига шаҳар мактабидан мурод нима ва ўзи қандай мактаб, қишлоқ мактаби-чи, деб яна савол қўямиз. Бу эса бир муаммо бўлгани каби жавоби ҳам шу йўсин бўлиб чиқадир. Бизда ҳали ҳеч бир турли мактаб йўқки, биз уларни бирлаштириб «бирлик мактаби» деб атасак. Сўнгра бизда «бирлик мактаби» масаласи ҳал этилмаган, фақат таржимагина қилингандир.
«Бирлик мактаби»дан мақсад шу бирлашган меҳнат мактаби бўлса, ҳали бу оврўполик муаллимларнинг ўз эътирофича ўлкамизда бирта ҳам йўқ!
Ҳол шундай экан, қатьий ўлароқ «бирлашган меҳнат мактаби асос қилиб олинадир» демак туш кўрмакдир.
Иккинчи асос, деб кўрсатилган кўчма халқлар мактабига ҳам мақола эгаси «музокарадан кейин бир гап бўлар» деб айтадир. Бошқа асосларига ҳеч нима демайдир. Учинчи, тўртинчи ва бешинчи асосларга бир «таълим-тарбия» қоидаларига ва аҳволнинг мусоадасига қараб бўлсин, деймиз. Олтинчи асос ҳам ҳал қилиш керак бўлган масалалардандир.
* * *
Бизда муҳим ўрин тутадирган масалалардан бири «умумий, мажбурий текин таълим»ни амалга оширишдир. Лекин биз бунга икки турлик монеъ кўрсатамиз:
1. Моддий кучсизлик.
2. Маънавий кучсизлик.
Бунинг устига халқимизнинг ўқишга ҳаваси сўнганлигини ҳам қўшсак, монеъ учта бўладирким, бизга қолса монеъларнинг энг кучлиги шу кейингисидир.
Агар халқимизга «ўқиш ва ўқитиш» тарғибот қилинса, бу масалалар енгил ҳал этилур эди, деб ўйлаймиз. Бу ўқиш дарди сўнганлик тарихини текшириб кетсак, жуда узоқ йилларни дарак этамиз, энг оз уч юз йиллаб шу касалга мубталолигимизни мушоҳада этамиз.
Шунча кўб йиллардан бери кундан-кунга сўнишда давом этиб келган маорифимизни тиргизмак ва бирдан оёққа босдириб юбормоқ енгил ҳал этиладурган ишлардан эмасдир. Нечукким, шўролар ҳукуматининг ўтган йилларидаги тажрибалари шуни кўрсатади.
Бизлар «умумий маориф» тўғрисида ўйлар эканмиз, халқимизнинг қайғусини ер эканмиз, аҳволга кўзимизни очиб қарамоғимиз ва тузук қилиб асослар тузишимиз керакдир. Йўқса, бошқа миллатларнинг маорифи билан ўзимизникини ўлчамак, адади бутун ўлкада бир нечадан ошмаган яримталик ибтидоий мактаблар билан бир нарсага ҳукм этмак тўғри бўлмас.
Шу янглиш асоссиз, муҳокамасиз ишларимизнинг натижасидирким, ҳеч бир ишимизни ҳамиша тўғри ва асослик бир йўлга қўя олмай келамиз.
Бир вақтлар мактабларни халқлаштириш керак, халқ билан яқин муносабатда бўлмоқ керак, деб кўб оғиз кўпиртиришдик. Бу кун эса биз бошқа айтайликки, шунинг ила сўнган маорифимизни йўлга қўйиб юборган бўлайлик. Биз бундан сўнг бу кунгача бўлиб келганидек «Юқоридан халққа қараб оқмайлик-да, халқ билан бирга юқорига қараб интилайлик!» Мана шу йўлгина бизни натижага қараб тортар.
Биз энди текшириб кўрайлик.
Бизда эски мактаб — янги мактаб отлари ила икки турлик мактаб бор, тағин айтамиз бизда «қишлоқ мактаби, шаҳар мактаби» деган мактаблар йўқ. Бутун ўлкада тахминан эллик (50)дан ошмай турган яримчиқ, аксарият эътибори билан бузуқ мактаблар бор. Эски мактабга келганда булар ёлғиз Самарқанд вилоятининг ўзида уч юздан ортиқдир. (Бутун ўлкадаги мактаблар ададини билмоғимиз учун «Инқилоб»нинг шундай бир ҳисоб жадвалини топиб тарқатишини тилар эдик.) Биз мана шу заминда муҳокамага киришмоғимиз керақдир. Мана шу икки турлик мактабни кўзда тутиб бирлашган мактаб ясаймизми, текширилса, маълум бўлар.
Эски мактабимизда ўқитиш йўли ила эски «қуруқ васат» усули таълим бўлғони каби янги мактабимизда яримчиқ (таъбир маъзур кўрилсин) янгидир.
Модомики биз халқ билан бирга бормоқчимиз, эски мактаблар ҳам бизга керакдир. Қўлимизда халқнинг эҳтиёжини тамоман қоплайтурган кучимиз бўлса эди, уларнинг бизга кераклиги ҳам бўлмас эди. Ҳол шу нуқтада экан, бизнинг учун икки иш кўндаланг келадир:
1. Замонамизнинг таълим-тарбия қонунларига мувофиқ мактаблар.
2. Умумий маориф мактаблари.
Буларнинг биринчиси ҳозирги янги мактабларни моддий ва маънавий жиҳатлардан таъмин этмак билан бўлса, иккинчиси эски мактабларни ислоҳ қилиш билан бўлур.
Замонамизнинг таълим-тарбия қонунлари турган жойда мактабларнинг ишлари, прўграммаси тўғрисида гапириб ўтириш ортиқдир. Чунки унинг асоси қачонлар қурилгандир. Шунинг учун биз ёлғиз умумий маориф мактаблари тўғрисида сўз сўзламоқчимиз.
Умумий маориф мактабларини ҳозирдан вужудга чиқара бошламоқ мумкиндир. Аммо басит бир прўграмм тайёрламоқ керакдир. Бундаги қавойи ва умумий таъбирга мувофиқ «бирлашган мактаб» шу умумий маориф мактаблари бўлғусидир. Чунки биз мунда янги билан эскини бир ерга жамлаб икки ёрти бир бутун чиқара оламиз.
Эскининг дин ва ахлоқ дарсини, янгининг ҳисоб ва дунё маълумотини олиб ўқув-ёзувни қўшамиз; эски бўлсин, янги бўлсин муаллим топиб қўлига дарс, дарсликлар топширамиз. Маҳаллаларда, қишлоқларда ва масжидлар қошида ўқитила берадир. Буларнинг таъминотини халқнинг ўзидан олмоқ ҳам мумкин, вақфлар билан бажарса ҳам бўлур.
Буни таълим жиҳатидан идора этиш ҳам қийин эмасдир. Ҳар бир ўн мактаб устига бир раҳбар бериб эллик (50) раҳбар тайёрласак, беш юз (500) мактабни идора қила оламиз. Бу умумий маориф мактабларига муаллимларни замон етиштирган кишилардан топмоқ ҳам мумкиндир. Шунинг учун бу йўсин мактабларнинг тез тараққий қилиши ҳам умидликдир. Сўзимиз охирида шуни ҳам айтиб ўтамизким, маорифимизнинг бошида ерлик халқ маорифини тушуна олатурғон кишилар бўлгандагина маориф ишларимизнинг йўлга қўйилиши мумкиндир.
Ҳозирги аҳволда бизнинг ишларимиздан бутунлай бегона шахслар билан бир ерга етиш жуда қийиндир. Агар бизга маориф ишларини тўғридан ҳам энди йўлга қўймоқ керак бўлса, асосан тузатмак, бошқатдан қурмоқ керак бўлур.
Бу эса бизнинг дардимизни англай олғон кишиларнинг иш бошиға минишларига мувофиқдир.
«Маориф ишлари тўғрисида мулоҳазалар» номли мақола «Инқилоб» журналининг 1923 йил 9-10-сонларида босилган.