Бизнинг энг катга дардларимиздан бири шу баҳосиз жаҳолат дардидур. Бошимизга ҳар бало келса, шу билмаслигимиздан келадур. Биз ҳар мушт есак, шу билмаслигимиздан еймиз. Болаларимизнинг тарбияси қанча зарур бўлса, катталаримиз шунча жоҳилдир, хотинларимизнинг тарбияси шунча ноқисдур. Бунинг устига эски тарбиянинг таъсири жуда кучлидур.
Ҳол шундай экан, бутун Туркистонимизда бармоқ билан кўрсатилурлиқ бир мактабимиз йўқдур; бизда тарбия ишларимиз шундай муҳим экан, билим юртларимиз хароб; бизда ўқуғон кишилар қанча бўлмаса, факултетларимиз шунча бузуқ. Ҳозир биз тартиблик суратда ўқитувчи чиқара олатурғон бир илмий муассасага эга эмасмиз. Ҳозир ҳеч бўлмаса, таълим-тарбия ишларига раҳбарлик қила олатурғон бир журналимиз йўқ. Очиқча айтганда, бизда ҳали асослик бир нарса йўқ...
Барчаға маълумки, Туркистоннинг аҳволи ва табиати бошқачадур, бундага ишларини олиб бормоқ учун ўз табиатига мувофиқ ишлаб чиқармоқ арур. Бўлмаса, шу неча йилдаги тажрибаларимизнинг кўрсаткани каби, натижасиз қоладур. Тузуккина бир ўқитувчимиз йўқ экан, ибтидоий мактаб учун тузилган прўғраммда 15 турлик фан киргизамиз, иш талаб қиламиз; ҳали мактабда талаба йўқ экан, биз Амриқо усули билан таълим йўллариға машғул бўламиз. Бу ишларнинг ҳаммаси биздаги маориф ишларининг бир марказга боғланмагони ва шу ишларни ишлаб чиқоратурғон бир муассасамизнинг бўлмағонидир.
Шу ҳақиқатларини англаб бўлса керак, «маорифга муттаҳид фрўнт» ташкил этмакчи ва «Нашри маориф» уюшмалари ташкил қилинмоқчидур. Биз бу ҳаракатларни олқишлаймиз ва бошқа ишларимиз каби сусайиб қолмаслигини кутамиз. Факат шу тўғриларда ўз фикримизни ҳам айтиб ўтмакчи бўламиз.
Туркистонда иқтисодий ва ижтимоий фойдасиға ишлатмак ва натижалик ишлар майдонга қўймоқ учун шу мамлакатнинг аҳволи ва руҳига мувофиқ ҳаракат этиш қанча керак бўлса, маориф ишларининг жиддий, Туркистон бошлиқ — раҳбарларга муҳтожмиз.
Ҳозиргача қўриб келган ишларимиз, ўткарган ҳолларимиз бизга шуни зарур топадур. Биздаги ишларини «нари ёқ» гази билан ўлчамак тўғри эмас.
Ёлғиз маориф ишларини эмас, ёшлар уюшмаларини ҳам шу кўзқараш билан текширсак, бу кунги ёшлар уюшмаларининг ўткан йиллардан кўра хароблиғининг сабабини шундан топа оламиз. Бизда ёшларнинг тарбияси муҳим. Ҳолбуки, бунинт бирдан-бир ташкилоти бўлғон жой кундан-кун руҳсиз, кундан-кун бузилмоқда. Бунга ҳам жиддий боқмоқ абас эмасдур. Биз бир вақт бўлса-ку, шу асосларни ишлаб чиқсак ва шулар билан ишимиз битса... Бу ҳам тўғри эмас; шу ўзимиз яшағон асосларни йўл юритмак учун ўз қўлимиз билан олиб бормоғимиз лозим.
Биз тағин шу сўзни такрор қиламиз; биз ўз кишиларимизга ишонч йўқ, ўз кишиларимизни танимаймиз, аҳамият бермаймиз. Гўё бизнинг кишиларимиз ҳеч нарсани билмайлар, гўё биз бир ишни қўлға олсақ, бажара олмас эканмиз!
Бошқалар олим-фозил, уларнинг қўлидан ҳар иш келар эмиш, улар билиб иш килар эмишлар!
Мана бу эътиқод бузуқ, қуруқ даъво.
Бизнинг кишиларимиз ўзимизга қараб, бошқалардан кўра пухта етишкан кишилар. Бизнинг кишиларимиз назарий эмас, амалий ишчилар.
Хайр, биз ўз кишиларимизни унча маълумотлик деб ҳам айтмайлик. Шу ҳолда биз даъво қиламизки, шу кишиларимиз бошқаларининг олим, фозилларидан кўра бизга кўбрак фойда еткиза оладур. Чунки бизнинг ҳолимизни, руҳимизни биладур.
Бир вақглар «аҳволи руҳиячи» деб сўкиш ҳам кўб одат бўлғон эди. Бироқ, таассубка қарши шу аҳволи руҳияни риоя қилишга мажбур эканимизни бу кун эътироф қилишга тўғри келур. Чунки бизнинг ўзимиз чопиб бир ёққа кетмакчи эмасмиз, халқимизни олиб бормоқчимиз, шунинг учун халқнинг руҳини ўрганмак, текширмак ва сўнг ишламак керакдир.
Маориф ишларимизни йўлга кўймоқучун бизда «Нашри маориф» очилди. Бунинг бўйнига олғон вазифаси жуда катта, жуда зўр. «Нашри маориф» тўғрисида ёзилғон бир мақола хусусий жамиятларнинг бу майдонда аҳамияти кўб деб айтадур ва хусусий жамиятларнинг бошқа мамлакатлардаги ишлари кўрсатиладир. Бу бир жиҳатдан тўғри. Яъни қайси мамлакатдаки, уюшмак, ишламак умумий ва халқ кўбрак уюшган ва шу уюшманинг орқасида маорифни энг қоронғи нуқталарига элтмак осон жойлар учун муносибдур. Факат ўшал ерда ҳам ҳукуматдан ортиқ таъсир берадур, деб айтиб бўлмайдир. Айниқса, бизнинг жумҳуриятдаки, хусусий мактаблар очмоқ мумкин эмасдур ва ҳар бир тарбия муассасаси ҳукумат карамоғида бўлиши лозимдур. Бу хусусий жамиятнинг рўли иккинчи даражада қолур.
Ҳолбуки, бизда биринчи даражада ишламак учун майдон зарур.
«Нашри маориф» уюшмаси ўзининг низомномасида жуда кўб ишларни ёзғон, кўзини юмуб устига юк ортғон (таъбир маъзур кўрилсун).
Биз шу ишларнинг барчасини хусусий жамият орқали эмас, ҳукумат воситаси билан олиб бормоғимиз мумкиндур ва осондур.
Бу кун мактаб ишларимиз барбод деймиз, ўз жумҳуриятимиз бўлгон Туркистоннинг ижтимоий тарбия шўъбасида ўз кишимиз йўқ. Мен ундаги ишчиларни айбламак истамайман; ҳар қанча ишчи киши бўлсалар ҳам бизча фойдалиқ иш қила олмайлар. Чунки бизни билмайдурлар.
Билим юртимиз бузуқ экан, шуларни идора эта турғон касабачилик маориф идорасига бир кишимизни қўя олмаймиз. Ўзбек илмий ҳайъати иш қилмоқ истайдур, лекин қила олмайдур. Чунки ёлғиз. Қисқаси, кишимиз йўқ. Ишимиз юрмайдур.
Бултур айтилар эди: Тошкентнинг янги шаҳар мактаблари яхши таъмин этилган, эски шаҳарга кимса қарамайдур.
Самарқанднинг ҳунар мактаби мудирига қанча мукофот берилар экан, ўлка ўзбек билим юрти икки ойдан бери ойлиқ олмайдур. Янги шаҳар факултети яхши таъмин этилган, бизнингча — эски тос!..
Мана бу ҳолларни тузатиш хусусий жамият тузиш билан бўлмайдур, яна бўлмайдур!
Ҳукумат идоралари орқали озғина ғайрат билан буларни тузатиш мумкин. Қалам учи билан бу ҳолларни ўзгартиш осон. Бизнинг ҳар ишчимиз шуни эта олур. «Нашри маориф» шу ҳолларға қандай чора кўра олур. Ҳали бу маълум эмас. Қилса — маорифка доқлад қилар; нари ёғи тағин маълум эмас! Эски вақтда ҳукумат бизни «ўгай» дер эди, ҳозир биз ўзимизни ўгай қаторида тутамиз. Бир оз ўзимизча жасорат киргиза олмаймиз, ташқаридан туриб бошимизни эшикдан чиқиб қараймиз-да, кириб ўлтирмаққа журъат эта олмаймиз. Ҳолбуки, эшик биз учун очиқ. Истасак, жой ҳам бизга ҳозир.
Менга қолса, бизнинг «Нашри маориф» таъсис этишимиз ишдан узоқроқ боришдур. Марказдаги маориф ишчиларимиз ва ҳукумат бошлиқларимизнинг кичкина, арзимас бир ғайрат ва ташаббуслари орқасида маориф идорасини нашри маориф руҳига айлантирмак мумкин-дур ва ўзимизни ўгайлиқдан чиқармоғимиз осондур. Фақат бир оз ғайрат, бир оз жасорат лозим...
В. М. Самарқанд.
Идорадан: бу мақола мубоҳаса йўли билан босилди.
Бу мақола «Туркистон» газетасининг 1923 йил 25 март сонида эълон этилган.