loader

Вадуд Маҳмуд. Адабий танқидга бир назар (1924)

(А. Саъдийнинг «Ўзбек ёш шоирлари» мақоласи муносабати билан)

Шу кунларда ўзбек матбуотида ўзбек адабиёти тўғрисида кўпгина нарсалар ёзила бошланди. Бу эса бизнинг учун буюк аҳамият билан текшириладурғон бир майдондир. Ўзбек адабиётига оид жиддий бир нарса ёзмоқ учун керагича замин ва восита йўқ даражасида бўлғон шу замонда бундай ҳаракат қўб қийиндир. Чунки бу ҳақда ҳалигача ҳеч бир қадам отилмағон ва ҳеч тажриба йўқдир. Бу мавзуда тажриба ўлароқ А. Саъдий ўртоқнинг бир неча мақолалари қўлимиздадир. Албатта, шундай яшланмаган бир мавзуга бир кун бизнингда иштирок этишимизга, тўғриси, А. Саъдий ўртоқнинг «Ўзбек ёш шоирлари» унвони остидаги адабий танқидлари сабабчидир. Бўлмаса ҳали биз ҳеч бир жиҳати очилмағон — хом бир мавзу устида бирдан умумий фикр баён этишга жасорат қила олмас эдик. Бизга қолса, ўзбек ёш шоирларининг текширилиши учун бошлаб уларнинг асарлари бирма-бир, атрофлича текширилиб, сўнгра ҳар шоирга айрича қиймат бергач, умумий фикрга кейиндангина киришмак мувофиқ бўлар эди.

Биз А. Саъдийнинг мақоласини биринчи қатла кўздан кечирганда фаҳш хатолар кўрганимиздан бу ҳақда чуқурроқ тафтишларга киришдик. Биз бошлаб ўзбек ёш шоирлари сарлавҳасини кўруб, мавзу ҳақида қандай тасаввурларда бўлғон бўлсақ, буткул тескарисини кўрганимиздан бу ҳақда сукут билан ўтиришни ўзнмизга мувофиқ кўрмадик. Бошлаб шуни айтишга тўғри келадирки, шунча катта бу мавзуни олғон ёзғучи ҳеч бир жиддий текширишга кириша олмағон. Қуйида кўрсатиладурғон бузуқ хатолар буни очиқ қўрсатадир.

Бошлаб Саъдийнинг янги адабиётимизни чиғатой ўзбек адабиёти атаб, бу ўзбек услубининг боши ўлароқ Абулғози томонидан бошланғонини ва бу йўлни Беҳбудийлар таъқиб этган деган фикрини кўрсата оламиз. Бу «назар» бизнинг текширишимизга қаралса, тўғри бир назар бўлиб чиқмайдир. Чунки Абулғозининг на тили, на услуби чиғатой тил — услубидан бошқа нарса эмас, Абулғозининг насри том маъноси-ла чиғатой тил ва услуби билан ёзилғон. Мана «Шажараи турк»дан бир парча (айнан): «Чиғатой хон ҳайбатлик ва сиёсатлик подшоҳ эрди ва доно эрди ... Бу айтилғон вилоятнинг ҳеч қайсисиға ўзи борғон йўқ, аммо доруғалар қўйуб эрди ва мулла Сакокий онинг надими эрди...».

Сўз чўзилмасин деб қисқа бўлаклар кўрсатдик. Шу билан ҳам умумий бир фикр олиш мумкиндир. Чиғатой адабиётининг энг муҳим рукнларидан бири бўлғон Бобирнинг «Бобирнома»сидан кўз олдиға келтириб чоғиштириш учун тағин бир парча тақдим қиламизким, шудир (айнан):

«Андижон устида воқе бўлубтур. Фарғона вилоятининг пойтахтидур - ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур, қовун маҳалида фолиз бошида қовун сотмоқ расм бўлмас, Андижоннинг ношбатисидан яхшироқ ношбати бўлмас, Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўрғонидан сўнгра бундан улуғроқ қўрғон йўқтур...».

Бу мисоллар текширилганда ва чоғиштирилганда на тил, на услубда ҳеч бир «айрилиқ» эмас, балки «бирлик» кўринадир. Балки Саъдий «Шажараи турк»да истеъмол қилинган бир нечагина луғат-сўзнинг Бобирларда ёки бошқа чиғатой адабиётида бўлмаганидан шундай катта бир «кашфиёт»да бўлгандир. Ҳолбуки ўзбеклик деган жараёнлар борлигига далил бўла олмайдир. Балки бу ўзгалик бир тилнинг, яъни чиғатой тилининг бир неча аср орасидаги такомули ва ўзбекнинг ўзбеклиги натижаси деб қаралса маъқул бўлиб қоладир. Ҳолбуки юқоридагидан ҳам маълум бўлгани каби иккови орасида ҳеч бир айирма йўқдир. Бу хато эса текширилмай ҳавоийгина фикр юритишнинг натижасидир.

Бунинг орқасидан Беҳбудийларнинг Абулғози тил — услубини бошқадан тиргизганликларини айтадиким, бу ҳам тўғри эмасдир. Мана Беҳбудийнинг «Ойна» журналидаги «Бир миллат қандай тараққий этадир» деган мақоласидан бўлак: «Тажрибакор ва олим бир муҳаррир ёзадирки: тараққийнинг энг биринчи унсури ва тухуми маорифдир ва клмдир. Шубҳасизки, бир миллатнинг фардлари, яъни бир тоифанинг одамлари нақадарки, саъйи қилгувчи ва нақадарки, олим ва ишбилгувчи бўлса, у миллат маданийда шунча муҳим ва шунча юқори бир маҳал тутар. Масалан бир рўзғорда бир она ва тўрт ўғул бор. Буларнинг ҳар бири иш билгувчи ва ҳар бири тинмас ва коркун ва фойдакордирлар. Албатта бу рўзғор бой ва обод бўлур ва атрофдагиларга нуфуз қилар...».

Беҳбудийнинг ва унинг билан бирга ишлаган «янги адабиёт» эгаларининг тиллари ҳам Саъдий айтганича ўзбекча, яъни чиғатойдан бошқа бир тил ва услуб бўлмай айни ўшал тил ва услубдир ва унинг бир оз такомул этган ва замоннинг ўтиши билан аҳамиятсиз ўзгарган суратидир. Бугунги адабиётимизни ўзбек адабиёти деб аташимизнинг сабаби дунёда бўлмаган Абулғози ўзбекчаси билан ёзилиши учун эмас, шундай «илтизомий» бир суратда фақат от учунгина «ўзбекча» бўлгани учундир.

Энди ҳалигача кўрилмаган ва текширилмаган бир масалага келайлик: ҳақиқатан ўзбек тили деган бир тил бормидир, йўқмидир ёки бу фақат юқорида айтганимиз каби қуруқ бир отдан иборатмидир?

Бунга қўлимиздан келганича жавоб берайлик: Туркистонда «ўзбек» аталган бир қавм бўлгани каби «ўзбекча» деган бир тил ҳам бордир. Лекин у тил бугунги газета ва китобларимизнинг тили эмас. Балки у тил ҳали адабиётимизга кирмагандир. Бу ўзбекча соф ўзбеклар яшаган жойларда ишлатиладирким, унинг намунасини Ғози Олим ўртоқ адабиётимизга биринчи ўлароқ ҳадя этди («Билим ўчоғи»нинг 2-сонида «Алпомиш» достонини қарангиз). Достондан намуна учун бир бўлак оламиз (айнан):

«Ай, Бойбўри жолғиз соғон бир ул бир қиз берди, жолғиз эмас эгиз берди. Мундан борсанг парзандини даврсанг халойиқти жийиб тўй-томоша берсанг, тўйға қаландар бўлиб бориб отини ўзим қўйиб келаман», деб равзадан овоз келди. Бу сўзди эшитиб бийлар зиёда вақти хуш бўлиб минди биров отти, бийлар манзилига жетти, бийлар вақти хуш бўлиб халойиқти жийиб қирқ кечаю қирқ кундуз тўй-томоша бериб жотди».

Мана бу тил ўзбекчадир. Бу тил чиғатойдан кўб жиҳатдан айриладурғон бир тилдир. Бунинг услубида ўзгачадир. Абулғозининг «Шажараи турк»и эса бу тил билан ёзилган эмас, балки чиғатой тили билан ёзилган. Мана шу келтирган намуна ва далилларимиз бу даъвомизни исботига кифоят этса керак. Бундан шу натижа чиқадирки, бу кунги адабий тилимиз ва Беҳбудийларнинг тили ва услуби, А. Саъдий айтганича ўзбекча бўлмасдан юқорида кўрсатганимизча чиғатойчадир.

Энди келайлик Фитратнинг шоирлиғи тўғрисиға.

Энди А. Саъдийнинг иккинчи бир билмаган нарсасига келайлик. Бу эса Фитратнинг шоирлиқ шуҳратининг феврал инкилоби билан йўлдош эканидир. Бу шундай бир ёлюндирки, бундай бир сўзни муҳаррирнинг қандай уялмай айтишига киши ҳайрон бўлмай қолмайдир. Бир оддий таржимаи ҳол ёзғонда бу неча билмай сўз сўзлаш қандай уят бўлса, бир миллатнинг шоири деб танилғон бир кишисини текширмак даъвоси билан чиққан адабиётчининг бу қадар жаҳолати унутилмас бир гуноҳдир. Балки Тотористонға Фитрат феврал инқилоби вақтида танилғондир, балки А. Саъдий ўртоқ инқилобдан кейингина Туркистонға келгач Фитратни таниғондир. Лекин бу билан Туркистонда ҳам шул вақтларда таниши лозим келарми экан? Бунга бизнинг шубҳамиз бор.

Ҳар ҳолда Фитратни шоир ва адиб ўлароқ Туркистон 1910 нчи йилдан бери танийларким, ўшал вақтларда унинг ёзғон шеърлари ҳатто ёзма ҳолда қўлдан қўлға юрар эди. Ҳали бу ҳам нари турсин, Болқон уруши вақтида Адарнанинг булғорлар томонидан олиниши муносабати билан Фитратнинг айтган марсияси ёлғиз Туркистонда эмас, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистонларғача тарқалиб неча тилларда достон бўлғони ҳар бир туркистонлиққа очиқдир. Фақат шугина Фитратнинг қандай бир шоир ва қачон танилғонини кўрсатишга етса керак.

А. Саъдий ўзининг қандай бир ишка урунғонига сира қиммат бера олмағон кўринадур. Чунки оддий бир таржимаи ҳол ёзадурғон киши каби ҳам текширишни ортиқча топадир. Ва айтадир: «Фитратнинг бизга маълум бўлғон асарлари «Ўзбек ёш шоирлари» мажмуасидаги шеърлари билан «Чин севиш» ва «Ҳинд ихтилолчилари» деган томошалиқлари ҳам 23 нчи йилда босилғон «Қиёмат» деган хаёлий ҳикоясидир. Фитратнинг ёзғон асарларини, ҳеч бўлмаса, отларини ҳам билишни ҳожат билмайдир. «Текшириш» даъвоси билан ўртаға отилғон бу зот билмаслиги билан кулги бир ҳолга тушиб қоладир. Саъдий ўртоқ бир ёзувчининг қандай кучга эга бўлганини билиш учун унинг ёзғон асарларини кўриб текширишга эҳтиёж йўқ деб билган бўлсангиз, буни билингики, бу ишни сиздан бошқа киши қилмайдир. Ёзғучини текшириш учун унинг асарларини кўриш керақдир ва шундан кейингина унга бир киймат бермак мумкин бўлур. Бу қилғон ишингизга биз ҳеч бир от топа олмадик. Бунда сизнинг қилғон кашфиётингиздан бириси каби танилишға муносиб сифатларингиздандир.

Бунда фақат шунигина айтиб ўтайлик, ким Фитратнинг сизнинг қўлингизға тушмаган ва октябр ўзгаришидан илгари ёзилғон ва босилғон 10 га яқин асари борким Фитратни сизнинг танишингиздан илгари бизга шоир ва адиб ўлароқ танитқон ушбу асарлардир.

А. Саъдийнинг юқорида кўрсатган «уч кашфиёти» бизга шундай бир фикр берадирким, бу киши ёзғон нарсасини ҳеч бир илмий асосга кўра олмағон, балки кайфича ёза борғон. Чунки юқорида кўрсатилган моддалар «адабий танқид»даги энг муҳим жумлалардир. Бу қадар буюк ва кенг мавзуга бунча тор маълумот ва ҳеч тафтишсиз осилишнинг маъносини билиш қийиндир.

Юқоридағи фаҳш хато ва ёлғонлар бизга биринчи кўришда қизиқ туйилғонидан бу мақолалар ҳақида тузукроқ бир фикрга келмак учун Саъдий ўртоқнинг бошқа ёзғон нарсаларини ва унинг ҳоли билан таниш бўлғон кишилардан у ҳақида кенгроқ маълумот олмоқ нияти билан баъзи тафтишларда бўлиндиқ. Бу тафтишларимизнинг натижаси ҳам бу ўртоқнинг адабий танқиднинг қийматини яхши тақдир этмак учун чоғи келганда оз-моз айтиб ўтишни муносиб кўрамиз.

Мақоладаги бутун назарларнинг янглиш ва тўғри эмаслиги аниқ бўлса ҳам, тоғин бир неча жойига ўз фикримизни айтмай ўта олмаймиз.

Маълумдирки, адабиёт ижтимоий ҳаётнинг натижасидир. Бир миллатнинг ижтимоий ҳаётидир. Шу асос қабул қилинғондан кейин очиқ белгиликдирким, бир миллатнинг адабиётини текширганда у миллатнинг ижтимоий ҳаётини текшириш керак. Ҳолбуки ўзбек адабиётини турлик даврларига бўлиб текшириш даъвоси билан чиққан А. Саъдий ўзбек миллати ҳаётини текширишини ортиқ кўрган, яъни адабиётнинг ижтимоий ҳаётдан айри ўлароқ текширган ва шу асосга таяниб ўз фикрларини ўртаға ташлағон.

Биз бу тўғрида шуни айтамиз: замонимиз янгилашган сари янгилашадир. Эски назариялар кундан-кун кўмулуб бормоқда, эски замонларда адабиётнигина эмас, умуман илмларни юқоридан келадурғон, илоҳий деб биладурғон назариялар бугун борса келмас йўлиға тушган. Бу кун ҳар «ҳол»ни ижтимоий ҳаётдан чиққан бир «ҳодиса» деб таниш замонидир. Очиқ айтганда замонамиз идеалистлиқ замони эмас, материйалистиқ замонидир. Шунинг учунда букун эски жилдларни ташлаб, оз бўлса ҳам, янги жилдларга бурунмакни тавсия қилиб ўтар эдик. Бу кун идеалистлиқ йўлида қилинадурган хизмат бир хизмат эмас. Матирийалистлиқ усули маъқул эмас экан, ўзингизгагина маъқул бўлмасун, уни матбуотга чиқариб ўқувчиларни заҳарлаш керак эмас. Айниқса, ўзбек ёшларини идеалист бир ҳаётдан ва тушунчадан матирийалист ва асрий бир ҳаётга киргизиш керак бўлғон шу даврда сизнинг келиб бошқадан эски чуруб кетган илмларни сочишингизға майдон йўқдир. Бу ҳақида албатта у сизнинг вақтингиздағи «асҳоби каҳф» таҳсиллари кифоя қилмайдир, айниқса сизнинг бу илмингиздан «мустағний»дирмиз.

Мана А. Саъдийнинг бир жумласи: «Булар энг илгари «Таржумон» шогирдлари бўлсалар, кейиндан «Шўро» ҳам «Вақг» шогирдлари бўлуб, асл руҳ ёғидан шу газета шу журнал йўлида давом этадилар». Бу жумла билан ёзғучи шуни айтмакчи бўладирки, бу адабиёт Туркистоннинг ҳаётидан туғулғон эмас, балки юқоридан келган ва устозлар оркалиғина туғулғон бир нарсадир. Яъни агар «Таржумон», «Вақт», «Шўро» бўлмаса, Туркистонда у адабиёт ҳам бўлмаса эди, демак истайдир. Ҳолбуки, адабиётни ижтимоий ҳодисадан танийдурған биз матирийалистлар ундай ўйламаймиз.

Балки Туркистон шу 20-30-йиллар ижтимоий ва иқтисодий ҳоли билан «Шўро» ва «Вақт» бўлмаса ҳам, шундай бир адабий бир давр кечирар эди, деймиз. Бу эса ортиқ бу куннинг комсомолларига ҳам маълум бўлган бир қазиядир.

Адабий танқид эгаси юқоридаги асос билан бориб, бу давр шоирларининг энг очиқ типи «Авлоний» эканини ва бу майдоннинг ваъз майдони қилинғонини ва ҳар вақт бол ўрнида қора нон емакка тўғри келганини ёзадир.

Бу нима демакдир? Сизнингда шариат деб қичқириб юрган вақтларингиз, дин отидан халқни илм ва маърифга ташвиқ қилғон кунларингиз йўқми эди; бу уятмидир? Сизнингча у даврнинг шоир ва адиби бу куннинг материйалист—марксистчами муҳокама этсунлар эди?! Сизга бу кун қора нон кўринган нарса ўз вақтида бол эмасми эди?

Ҳар даврнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳодисаларини ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидангина ахтариш керакдир. Кўкдан шакар тушиш даври ўтган.

Энди А. Саъдий ўртоқнинг шеър текширишидаги кучини синаб кўрайлик.

А.Саъдийнинг текшириш даражаси, маълумоти, усулининг моҳиятини кўрдик. Энди унинг шеър текширишидаги кучини бир синайлик.

«Адабий танқид»нинг бир жумласи: «Фитратнинг энг яхши асарлари форс тилида ёзилғон дегувчилар бор, биз уларни кўрганимиз йўқ. Фитратни бир ўзбек шоири сифати билан текширганимизда бизга унинг форс асарларининг кўб кераги ҳам йўқ. Уларни Эронни адабий танқидчилари текширсинлар».

Биз айтамизким, бу ўлканинг кўб жойларида: Самарқанд, Бухорода, Фарғонанинг кўб шаҳарларида икки тил била сўйлайтурғон «бир миллат» яшайдир. Бунинг устига шуни ҳам билдирайликким, Туркистоннинг адабиёти билан машғул бўлғон ҳар бир йигити илгари ҳам шундай бўлғони каби ҳозир ҳам форс тилини биладир, Ҳатто бу тил биланда «шоҳ асарлар» вужудга келтиргандир. Бу миллат форсчани ўқиб эмас, юриб ўрганадир ва шунинг учун ўз ҳиссиётини ҳеч ўзгалик сезмасдан ифода қила оладир. Сўнгра буни тушуниш керакдирким, адабиёт тилдангина иборат эмас, унда руҳ ва фикрнинг муҳим ўрни бордир. Фитратнинг форсча асарлари эса Эрон руҳ ва фикри билан эмас, шу Туркистондаги икки тил билан сўйлашатурғон ва бу кунги истилоҳ билан бири ўзбек деб аталган «миллат»нинг руҳ ва фикр таржимонидир. Шунинг учунда уни бир ўзбек ёзувчиси сифати билан текширганда ҳам форсий асарларини кўздан кечириш керақдир. Ҳолбуки А.Саъдий ўртоқ Фитратнинг ўзбекча асарларининг бир нечасинигина кўргандир. Балки ҳали бошқа асарларининг бору йўғини ҳам билмас.

А.Саъдий ўртоқ юқоридаги жумлада Фитратнинг форсча асарларини қўрганимиз йўқ дегандир. Ҳолбуки кўрганда ҳам уни ўқиб тушуна олмас эди. Чунки бу зот туркистонлик бўлмағони ва унинг устига ўз тилидан бошқасини билиш унга ортиқча бўлғони учун форсийчани ҳам билмайдир. Бу эса кенг адабий бир даврни текшириш учун эмас, Туркистоннинг бир шоиринигина текширишга ҳам энг бой бир манбани қўлдан чиқаришдирким, шу ҳолда бу адабий танқиднинг қийматини майдонга чиқарадир.

Фитратнинг шеърларини текширганда А.Саъдий бир-икки мисол келтирадир. У шеърларининг нима таъсири остида ёзилғонлиғини ва қачон ёзилғонлиғини ва бу шоирнинг кучи нима таъсири остида ўса бошлағонини сира кўрсатмайдир. Масалан, Фитратнинг бир шеъридан «истар эсанг менга келиб гапирма» деган мисра услуб ва фикрда буткул иктидорсизлик демакдир» деб айтадир. А. Саъдийча бўлса, «истар эсанг»ни олиб ташлаб «менга келиб гапирма» дейишга кифоя этадир. Ҳолбуки, «истар эсанг менга келиб гапирма» билан «менга келиб гапирма» орасида кўб айирма бордир. Бир нечасида шоир «истар эсанг» дейдир, чунки маҳбубасидан айрилмоқ истамайдир. Балки агар маҳбубаси истаса, унинг шоир қошиға келиши оғир келатурғон бўлса, келмаслигини айтадир. А. Саъдийча бўлғон мисрада эса, сира келмаслигини айтиши керакдирким, бунда А. Саъдий шеърни англамайдир. Шоирнинг руҳига кира олмайдир.

Иккинчи мисол «Яна ёндим» деган шеърида «Эришмадим сира сизга...» дегандан кейин:



Нега бўйла қиласиз?

Нечун мени сабабсиз унутдингиз - айтингиз!

Ўтинамен... ялинамен, қочмангиз, қайтингиз!



- деган уч йўл ҳеч кераксиз ва буткул ортиқдир дейдир.

Ҳолбуки мана шеърни тамоман ўкингиз, бу А.Саъдийча ёмон бўлғон шеърда ўзининг ҳаяжонини қандай тадрижий ортдуруб бориб қандай энг юксак тасаввурни беришга муваффақ бўлғондир. Агар шул кераксиз топилғон уч мисрани айтмасайди, шеърнинг ҳеч бир мазияти қолмасди. Мана шеър:



Яна ёндим...



Юрагимнинг қони, қизғин олови-ла қайнағон

Кўз ёшларим қайдасиз?!

Куним каби узун, қора шу кечада кутубмен,

Эришмадим сира сизга... нега бўйла қочасиз?!

Нечун мени сабабсизча унутдингиз — айтингиз!

Ўтунамен... ялинамен... қочмангиз — қайтингиз!

Яна бутун борлиғимнинг негизлари емирилди,

Умидимнинг кўб чидамли тераклари йиқилди.

Хаёлимнинг тотли, чучук соатлари бутунлай

Узоқлашиб кета мендан..!  Тўсиб турар йўлимни

Умидсизлик қайғулари тонги отмас бир тундай,

Ўлум дахи қутқарғали келиб тутмас қулимни...



Мана булар кўрсатадирким, А. Саъдий шеърни яхши англамайдир.

Тағин бир мисол: ғариб, кимсасиз ўзбекларнинг адабиётида бир оз йўл кўрсатмак умиди билан А. Саъдий томонидан ёзилган «Адабиёт дарслари»дан бир мисолгина келтирайлик ва шу билан у асарнингда моҳиятини кўрсатайлик. Ўзбек шоирларининг бобоси бўлган Навоийнинг энг юксак ва бизнинг асрий завқимизга ҳам мувофиқ, фасоҳат ва балоғатнинг санъаткорлик билан қандай уста уюшдирилгани тубандаги шеьрини А. Саъдий қандай англатадир. Бир кўриб ўтайлик. Айнан: «Услубда очиқлиқни қандай англаймиз? Ёзувчининг фикрини қийинлиқ билан чекинмасдан ҳам тўғри ва комил англай олсак, шу услубда очиқлиқ сифати топилғон бўладир. Навоийнинг шу қуйидаги мисралари очиқ эмасдир. Навоийнинг энг туманлик услубига мисол:



Саҳар ховар шаҳи чарх узраким, хайлу хашам чекги,

Шиои хат била кўҳсор уза олтун алам чекти.

Казо фарроши чекти субҳнинг сиймин супургусин,

Музаҳҳаб парларин аидоқки, товус ҳарам чекти...

Муаззин Каъба тоқи узра гулбонги самад урди,

Бараҳман дайр айвонида оҳанги санам чекти.

Ёқа чок этти гоҳи субҳ ул мотамғаким ошиқ,

Бу муҳлик шоми ҳижрон ичра юз хуноби ғам чекти.

Хушо, улким мунунгдек чоғи вафосиз умрни англаб,

Сабуҳи жомини аҳбоб бирла дамбадам чекти, -



дейдир. Бу шеърлар ҳар жиҳатдан мукаммал бир парчадир. Ҳолбуки А.Саъдийга қолса бу англашилмайтурғон услубдир. Чунки бу шеърдаги арабча, форсча луғатларни англамағонлиғин айтмайдир.

Иккинчидан бир адабий даврни текширмак учун юқорида изоҳ қилганимиз каби ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни текшириш керак бўладирким, буни А.Саъдий қила олмағондир. Демак, бу киши ўзбек ҳаёти билан таниш эмасдир.

Учинчидан, бу ўртоқ шеърнинг ўзини керагича англамайдир. Агар шеърни яхши англаса эди, юқорида қўрсатилган мисоллардаги ҳаяжонларнинг даражасини тақдир этар эди ва Навоийнинг шеършш «англашилмас» нарса деб кетмас эди.

Энди бу адабиёт муаллимининг «ёқламасдан энг тўғри бир, сўзини эшитайлик. «Фитрат шоир эмас, балки шоирликка интилгувчидур. Ул шоирлиқ билан файласуфлик ва мутафаккирлик орасида адашиб қолгон бир одамдир. Унинг фитрат ва табиатида мутафаккирлик, файласуфлик, тағин дурустроғи, ҳакимлик бор, лекин ҳали ғунчаси очилиб етмаган бир ҳакимлик!»

Мана «ёкламасдан айтилган энг тўғри сўз» шудир. Бир миллат тилини, руҳини, ҳаётини англамағон ва билмаган кишининг шеър ҳақида ёки бир шоир ҳақида айтилган сўзларнинг бундан ҳам ортиқ қулгу бўлишини ҳали ҳеч ким кўрган эмасдир. Бу илмий жиҳатини қўйуб туруб, бунинг қанча «ёқламасдан» айтилғон эканига бир назар солсак, бу «адабий танқид»нинг моҳияти майдонга чиқадир. Фақат буни бошқа мақоламизга қолдирмоқни муносиб кўрдик. А.Саъдий биринчи мақоласида Фитратнинг ўзбек адабиётига фалсафий янги бир тўн берганини айтиб туриб, иккинчи мақоласида «ҳали ғунчаси очилмағон бир ҳакимлик!» деб ўз сўзига ўзи қарши кетадир.

Фитрат сўзининг табиати ва руҳи ёғини текширган «адабий танқидчи» унда ҳам идеялий, ҳам ҳиссийлик, ҳам рўмантизм ва умидсизлик борлигини бизга очиқ кўрсатадирким, бу-да юқоридаги кашфлардан қолишмай-турган бир нарсадир. Бир кишининг ҳам идеалист, ҳам умидсиз, ҳам синтиминталист, ҳам рўмантик бўлишини майдонга чиқариш адбатта катта ходиматдир. Маатаассуф, биз бу ходиматга қарши унинг кутган мукофотини бера олмаймиз.

Сўзимизнинг охирида бу «адабий танқид»га ўзимизнинг қарашимизни айтиб ўтишни мувофиқ кўрамиз.

Биринчидан, бу бир адабий танқид эмасдир. Чунки, бунда «адабий» маъно ортида ҳеч бир нарса йўқдир. Тилни, ҳаётни, руҳни ва асосан шеърни тушунмай юритилган фикрларни адабий деб атамоқ муносиб эмасдир. Шу эътибори билан бу илмий нарса ҳам эмасдир. Иккинчидан, бу «танқид» эмасдир. Бу бир сўкишдир. Бир муни «ғунчаси очилмаган ҳакам», «Истамбул соя фоеларида юрган» каби таъбирлар билан ёритилғон бир муҳокама танқид эмасдир.

Учинчидан, бу ёзувда усул бузуқдир. Ижтимоий ҳодисаларни матирйалист усули билан текширмаслик тўғри фикрни топа олмасликдир.

_______________

Мунаққиднинг ушбу «Адабий танқидга бир назар» деган мақоласи А. Саъдийнинг «Ўзбек еш шоирлари» мақоласига жавоб сифатида ёзилган. Мақоланинг биринчи қисми «Туркистон» газетасининг 1924 йил 22 январ, 7 феврал сонларида, қолган бир қисми «Зарафшон» газетасининг 1924 йил 10 апрел сонида босилади. Мақола охирида таҳририят томонидан: «Бошқарма: Бу мақоланинг боши «Туркистон» газетасининг 222-230нчи сонларида босилиб, қоламаси босилмағонлиғи сабаблик, биз ёш адабиётимиз учун унинг аҳамияти борлиғини кўзда тутиб босилишини мувофиқ кўрдик», деган бир изоҳ ҳам ёзилган.

А. Саъдийнинг мақоласи эса «Туркистон» газетасининг 1923 йил декабр, 1924 йил январ сонларида чиққан.