loader

Вадуд Маҳмуд. Навоий учун (1925)

(Навоий туғилғониға 500 йил тўлиши муносабати билан)



Навоийни танимағон бир ўзбек бўлмаса керак. Эскиларимиз ва эски мактабларимиз ғазаллари билан, янгиларимиз ва янги мактабларимиз суратлари ва шахсияти билан танишдирлар.

Навоий 844 ҳижрийда туғилиб, 906 да дунёдан ўткан буюк турк адибидир. Унинг ўттиздан ортиқ асарлари бор. Машҳурлари: Тўрт девони—ғазаллари, беш маснавийси, «Муҳокамат ул-луғатайн», «Мажолис ун-нафоис», «Лисон ут-тайр», «Тарихи ажам», «Мезон ул-авзон», «Адвори мусиқа», «Маҳбуб ул-қулуб», «Ақоиди манзума», «Рисолаи муаммо», «Вақфия», «Муншаот», «Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Насойим ул-муҳаббат»дир.

Навоий турк тилини тиргизган ва чиғатой адабиёти деган бир адабий мактабнинг бу кунгача яшамоғиға сабаб бўлғон бир кишидир. Шунинг учун уни танимоқ, уни тақдир этмоқ бутун турклар учун бир вазифадир. Мана шу ҳолни назарга олиб, бу кун турк дунёсининг ҳар ерида — Туркияда, Озарбойжонда ва бизда (Ўзбекистонда) уни эслаб йиллик тўйини ўтказмак истайдирлар.

Балки 1926 йил феврал ойининг бошида бўладурғон «Туркистон қурултойи» турк дунёсининг буюк шоири ва тил мутахассиси Навоийнинг 500 йиллигига тўғри келиб қолғонидан Бакуда катта бир тантана берилса керак. Турк олимларидан Кўпрулузода Фуод ва Чўбонзода ўртоқлар бу тўғрида фикрларини ёзиб ўтдилар. Ўзбекистонда ҳам бу юбилей феврал сўнгларида, март бошларида ўтказилса керак; бунинг учун катта ҳозирлик кўрилмоқдадир. Бошлаб, унинг тўрт асари айнича босиладир, мукаммал таржимаи ҳоли ва унга бағишлаб бир мажмуа чиқариладир. Шу ишларнинг ҳозирликларини кўрмак учун маориф комиссари ўртоқ Ризоев раислиги билан бир комиссия тузилган ва ўттиз минг сўмлик бир исмета топширилғондир.

Агар марказ ижроқўми ва комиссарлар шўроси бу пулни тахсис қилсалар, комиссиянинг плани тезда амалга оша оладир.

Алишер Навоий таваллудининг беш юз йиллиги муносабати билан ёзилган ушбу «Навоий учун» деган мақола «Ер юзи» журналининг 1925 йил 3-сонида босилиб чиққан.