Кучли тақвоси ва ниҳоятда адолат билан иш юритгани учун Ислом тарихида «Иккинчи Умар» номини олган Умар ибн Абдулазиз ҳукмронлиги даврини баъзан Хулафои рошидин (тўғри йўлдаги тўрт халифа) замони билан қиёслашади. У ҳижрий 99-101 (милодий 718-720) йиллари Ислом давлатига раҳбарлик қилди.Мусулмон тарихчилари маълумотларига кўра, у узоқ йиллар исломий билимларни, айниқса фиқҳни ўрганди. Халифа Валид даврида у Мадина волийи (ҳокими) эди, Сулаймон ибн Абдулмалик эса уни ўзига ворис қилиб тайинлади. Волийлиги охиригача у барча умавийларга хос бўлган ҳаёт тарзини танлади: ҳою ҳашамни ёқтирар, ноёб кийимлар кияр эди. Бироқ Мадинадаги ҳокимлигининг охирги ойларида бирдан ўзгариб қолди. Ҳаётидаги бу ўзгаришга бир фожиага иштирокчи бўлиб қолганини сабаб қилиб кўрсатишади.Халифа Валид ибн Абдулмалик волийга собиқ халифа Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ўғли Ҳубайбни қаттиқ жазолашни буюради. Буйруқни бажаришга киришган Умар ибн Абдулазиз уни дарахтга боғлаб қўйишни топширади. Кейин маҳбус устидан совуқ сув қуйиб, қиш куни масжид ҳовлисида банди ҳолда қолдиришади. Ҳубайб қийноқлардан ўлиб қолади.Ислом тарихчилари хабар беришларича, Ҳубайб вафотидан кейин Абдулазиз ўзини қўйгани жой тополмай қолади. У тинмай тавба-тазаррулар қилар, Ҳубайбга аза чекар, куну тунини ибодат билан ўтказар эди. Амалда у ўзининг бевосита вазифаларини адо этишни ҳам эсдан чиқаради. Бироз вақт ўтганидан кейин эса, истеъфога чиқиб, Шомга кетиб қолади. У ерда зуҳд ва тақво билан ҳаёт кечирди, одамларга панду насиҳатлар қилди, халифаларга маслаҳатлар бериб турди, ҳатто улардан адолатсиз ҳукмдорларни жазолашни талаб этди. У амалдорларни халққа адолат қилишга, Аллоҳ олдидаги масъулиятларини ҳамиша эсда тутишга чақирди. Оила аъзоларининг байтулмолдан (давлат хазинасидан) олган барча маблағларини жойига қайтаришни талаб этди. Ҳатто хотини Фотима олдига шарт ҳам қўйди: ё олтин ва қимматбаҳо тошлардан ясалган маржонингни хазинага топширасан ёки сен билан ажарашаман. Фотима маржонни хазинага топширди.Халифа этиб тайинлангач, Умар оилавий харажатларини кескин камайтирди. У байтулмолдан ҳеч нарса олмасликка қасам ичди ва Сувайддаги (Шом яқинидаги мавзе) еридан келадиган икки юз динор миқдоридаги йиллик даромад ҳисобига ҳаёт кечирди. Ҳарбий юришлардан келадиган ўлжадан бирор дирҳам (кумуш пул) ҳам олмас эди. Иш шунга бориб етдики, атрофидагилар унга тўғри йўлдаги халифа Умар (яъни, боболари) ҳам ўта тақволи, иймонли ва адолатпарвар бўлганлари ҳолда давлат хазинасидан бироз нафақа олиб турганларини эслатишди. Бунга у Умар ибн Хаттобнинг ҳеч қандай мол-мулки бўлмаганини, ўзида эса мулк борлигини рўкач қилди.Иккинчи Умар ўз фуқароларига эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини берди, мусофирлар учун карвонсаройлар қурдирди, кўплаб қудуқлар қазитди, йўллар чиқарди. У ўтказган иқтисодий ислоҳотлар натижасида аҳолининг яшаш даражаси анча ошди – халифалик ҳудудида бирорта ҳам қашшоқ қолмади. Кишилар турмуши шунчалик яхшиландики, закот оладиган одам ҳам топилмай қолди. У давлат амалдорларининг хизмат вазифаларини суиистеъмол қилмасликлари, пора олмасликлари, давлат хазинасидан ўмармасликлари ва тамаъгир бўлмасликлари учун улар маошини оширди. Умар ибн Абдулазиз адолатсиз ҳукм юритган ва давлат маблағларини талон-тарож қилган волий ва давлат амалдорларини ишдан олиб ташларди. У фаол даъват ишларини олиб борар, мусулмон уламоларини иззат-икром қилар ва рағбатлантирар эди. Унинг ҳукмронлиги даврида халифаликнинг кўплаб аҳолиси Ислом билан шарафланди.Унинг замонида турклар Озарбойжонга ҳужум қилиб, кўплаб мусулмонларни қириб ташлашди. Бунга жавобан Умар ибн Абдулазиз уларга қарши Ҳотам ибн Нўъмон ал-Бохилийни юборди. Унинг ўрдуси (армияси) туркларнинг кўпини мағлуб қилди, оз сонли жангчиларгина қочиб қутилишди. Бир пайтнинг ўзида Византия билан ҳам уруш борарди. Ғарбий Оврупада Шамс ибн Молик ал-Қуланий қўмондонлигидаги қўшинлар Пиренея тоғларидан ўтиб Септимания ва Провансни (Франсия жанубидаги тарихий вилоятлар) эгаллашди. У ердан Аквитания вилоятига бостириб кириб, Тулузани қамал қилишди. Бироқ герсог Аквитанияский катта ўрдуси билан мусулмонларга зарба беришга эришди. Жангда Шамс ҳалок бўлди, қолган мусулмон сарийялари (отрядлари) Нарбонига чекинишди.Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳижрий 101 йил ражаб ойида Дамашқда ўз аъёнларининг фитнаси қурбони бўлди. Улар Умарнинг ўзидан кейин халифаликни Язид ибн Абдулмаликка топширмай қўйишидан қўрқиб, бу мудҳиш жиноятга қўл уришган эди.
Ойдин Ориф ўғли АЛИЗОДА,
фалсафа фанлари доктори (Боку).