loader

Ҳожи Муин. Азроилми, солиқчими? (1924)

Замонимиз қизиқ бир замон бўлди! Кунда бир закун, соатда бир хил қонун чиқаётибдур. Магар Николай вақтида биздан бирон ношукрлик ўтган эканким, букун Ҳақ таоло «болшевик» деган бир тоифа махлуқни бошимизга мусаллат қилди... Худоё, тавба қилдим. Яна ўзинг биласан. Мулк ўзингники, нима хоҳласанг қилмоққа қодирсан...

Қайси кун бозорға чиққан эдим. Дўкондорларнинг шўри қисқон экан. Бир вақт «солиқчи келаётибдур» деган сўз овоза бўлиб қолди... Тақур-туқур, шақур-шуқур дўконлар ёпидди. Халқ ҳар томонға пишакни кўрган сичқондек қоча берди. Салла жомасини ўғирлатғон, носкадусини йўқотқон ва кавушини йитиргонларнинг сони йўқ эди. Кўчаларда совуқ сув сотиб юрган болалар ҳам қочиб ёшириндилар. Ҳатто гадойлар ҳам солиқдан қўрқуб қочдилар.

Бу маҳшарасар ҳодисани кўруб ман ҳам «ла ҳавла» ўкудим. Кўнглимга ваҳима тушди. Тезрак ўзимни бир четга олдим. Энди бозорға чиқишқа ҳам юрагим қолмади. Мумкин бўлса, бундан кейин уйгинамда беш вақт намозимни ўқуб ётай дейман...

Эзма

«Машраб» журнали, 1924 йил, 1-сон