Ўктабр ўзгаришининг беш йиллик байрами муносабати билан биз «Таёқ»имизнинг ушбу фавқулодда сонини порахўрлиқ қаҳрамонлариға бағишламоқ билан баробар бу сонда ёлғуз «пора»нинг луғавий ва изоҳли маъноларидан ҳам порахўрликнинг бурунғи ва ҳозирги ҳолларидан сувга тегмаган нодир ва муҳим маълумот бериб ўтамиз:
«Пора», «пору»дан муштафиқдир. Пору ҳайвон тезаги бўлғанидек, пора ҳам инсон тезагидур. Мана шунинг учун бизнинг шариатимиз пора емакни мусулмонларға ҳаром қилмишдир. Бу поранинг луғавий маъноси бўлиб, истилоҳда виждонсиз «ходим ул-миллат»лар қошида она сутидан ҳам ҳалолроқ саналғон махсус бир оқча туридирким, буни еган киши оз кунда чўчқадек семириб ва давлатида ҳам фавқулодда баракот ҳосил бўладир. Кўп замон ўтмасдан, порахўрнинг ахлоқида катта «ўзгариш» пайдо бўлиб, ул дунёда бор фисқ-фужур илмиға чечан бўладур. Ўзи кунда ҳар қанча гуноҳсиз ва кучсиз кишига учраса, уларни жинни ит каби қопадур - талайдур. Охири, гуноҳсизлигидан осмонға учиб кетиб, қаттиғ бир елга йўлиқиб бирдан ерга йиқилиб ўладур.
Порахўрлиқ иши золим Николай замонида ёмон бир ҳолда эди. Ўзгаришдан кейин ҳар иш «тараққий» қилғонидек, порахўрлиқ ҳунари ҳам яхшигина тараққий қилиб олди. Ҳукумат ҳар ишни янги асосқа қўйишга тушган бир вақтларда порахўрлар ҳар бир янгиликдан ўзларига чексиз бир улуш чиқардилар.
«Ходим ул-халқ»ларимиз ҳурриятдан фойдаланиб ҳам ҳукуматдан ва ҳам камбағал халқдан «ойлиқ» ола бердилар. Булар ҳукуматдан олатурғон ойлиқлар ўз маишатларини таъмин эталмағонлиғи учун «закот» номи билан халқцан ўзлари истаганча «ойлиқ» олишға мажбур бўлдилар. Шунинг учун замонамизда порахўрлиқ тараққий этди.
Сўнгғи чоқларда халқнинг порахўрлардан зорланиб, берган қоп-қоп шикоятномалари вогун-вогун бўлиб Масковга борған бўлса керакким, унда порахўрлар билан узил-кесил курашишга қарор қилиниб бел боғланди. Бизнинг марказ (Тошканд)да ҳам шу тўғрида жуда катта қарорлар чиқарилиб, порахўрлар билан курашиш учун (труйкалар) учликлар тузилди. Дарҳол труйкалар кураш майдониға кириб Рустамдек ботирлик кўрсатдилар: бошлаб бир неча порахўрларнинг бўйнилариға сиртмоқ солиб жаҳаннамга судраб туширдилар.
Эшитканимизга қарағанда, бу қора хабар бундаги машҳур порахўрларға етиб, буларни қўрқиш ва ҳаяжонға туширибдир. Ўз мухбиримизнинг берган хабарига кўра, шаҳримиздаги каттакон порахўрлар яқинда каттакон бир йиғинда йиғилишиб, труйкаларнинг тузоғиға илинмаслик учун музокарадан кейин қуйидағи тадбирларни маъқул кўрибдурлар:
1. Труйкаларга бир миқдор ёғлиқғина улуш чиқарамиз.
2. Бу тадбир билан қутулиб бўлғон тақдирда очиқдан-очиқ ҳукуматга мурожаат қилиб маишатга етарлик ойлиқ сўраймиз. Арзимиз қабул бўлғонда, порахўрлиқни бир даража озайтирамиз. Бўлмаса, шу тутғон «муқаддас» йўлимизда қурбон бўлишни бўйнимизға оламиз, вассалом.
Юқоридағи қарор порахўрларнинг умумий мажлисларида ҳам «билиттифоқ» қабул қилинмишдир.
Ана энди, ўлмасак кўрамизким, бу ҳаёт-мамот майдонида қайси тараф енгар, қайси тараф енгилар?
«Таёқ» бу муҳим курашда ўзини бетараф тута олмайдур. Тўғридан-тўғри порахўрларни ёқлайдур. Чунки порахўрлар ҳукуматдан эмас, фақат халқдангина пора олурлар. Бу ишдан ҳукуматнинг хазинасига зарар бўлмас, ёлғиз халқнинг киссасигагина зарар бўлур. Шундай қимматчилик замонида порахўрликни қатағон этмак бечора «ходим ул-халқ»ларни тириклай гўрга тиқмоқ билан баробардир.
Хайр, ҳар ҳолда, икки томонға ҳам муваффақият тилаймиз.
Ботурбек
«Зарафшон» газетаси, 1922 йил, 16 ноябрь