loader

Ҳожи Муин. «Таёқ» (1918)

Кўб вақтдан бери миллатимни тараққий этдируб, бошқа миллатларға ўхшаш осмонға учурмоқ нияти олияси кўнглимда ўрунлашиб, мунинг учун турли йўллар билан тиришиб кўрдим. Лекин бу бахтсизлиғимдан барча тадбир ва ҳамма хидматим фойда этмай, бўшға кетди. Яъни мил-латимни кўкларға учурмоқ нари турсун, лоақал кўрларнинг асокашидек ани дангасалик водийсиндан уч-тўрт қадам етаклаб бир четга чиқармоққа ҳам муваффақ бўлолмадим. Менга ўхшаш бошқа йўлдошларим ҳам бу тўғрида бирор турли муваффақият кўролмадиларки, бу шай мени ғоят чуқур ўйламакга мажбур этди. Бир неча йил кўкнорилардек ўйлаб юргандан сўнг охири муваффақиятсизлигимнинг сабабларини топдим. Яъни миллатни бўйни йўғонлиқ уйқусиндан уйғотиб кўзини очтурмоқ йўлини билиб олдим. Шунчасини ҳам айтмасдан, мақсадға кириша олмайманким, маним бу зўр кашфиётимға «илми аҳволи руҳ» фани яхшиғина ёрдам этди.

Мана, сизга ҳақиқат! Бизнинг мусулмонлар, бохусус туркистонлилар дангаса, бўйнийўғон, муфлис, мутаккабир, ғалати бир жонвор экан. Бу жонворларни турли бузуқликлардан чиқариб инсон қаторйға киргузмак, иккинчи бир иборат билан айтганда, хушёқмаслик уйқусиндан уйғотиб, қўзини очтурмоқ учун «Таёқ»дан бошқа нарса керак эмас экан.

Мен бу ишни бир неча мартаба тажриба этиб яхши натижасини кўрдимки, халқни ҳушёр этмак учун «Таёқ» афанди зўр омил ва муассир экан. Мана шунинг учун «Таёқ» отинда ҳажвий бир ғазета чиқармоққа қарор бердим.

«Таёқ»нинг мақсад ва маслаги:

Тўғрилиқ ва халқни тўғри йўлға солмоқ бўлуб, ул ҳеч кимга ва ҳеч бир қувватға бўйун эгмасдир. Ул ёлғиз чин инсоният ва ҳаққонийлик қошинда эҳтиром билан тенг турадир.

«Таёқ» тўғрилиқ йўлинда зўраки бойлардек синиб майда-чуйда бўлуб кетганча ўз вазифасини адо этадир, аммо эгриликни ҳеч вақт қабул этмайдир.

Сўзнинг қисқаси, «Таёқ» тўғрилар учун асои ҳузур, эгрилар учун зулфиқори Алидир.

Букун ўқувчи афандиларға ҳақиқат сўзидан бир-икки калима арз этиб сўзни битураман, мундан сўнграда ёзиб турмоқни риоя этаман.

Ботурбек

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 19 ноябрь