loader

Ҳожи Муин. Шўрои исломия ва сайлов (1917)

7нчи сентябрда Самарқандда шаҳар думасининг сайлови бўлуб ўтди. Аммо не тариқада бўлди? Ушбу саволға лойиқинча жавоб ёзмоқ учун мазкур кунда воқеъ бўлгон кўб ваҳшиёна ҳаракатлар, қийновлар, талон ва такфирларни айнан зикр этуб ўтмоқ лозим бўладурки, бу аснода кўнглида зарра инсоният ҳисси бор одамнинг кўзларидан раҳм ва шафқат ёшлари оқмаслиги мумкин эмасдур.

Ғазетамизнинг ўтган рақамларида Самарқанд шаҳар думасининг сайлови хусусида мусулмонлар икки фирқага айрилуб, биринчиси «Шўрои ислом»дан бой, уламолар бўлуб, биринчи нумер, иккинчиси «Заҳматкашлар иттифоқи» бўлуб, булар иккинчи нумер рўйхат ҳозирлағонлари сабаби ва тафсиюти ила ёзилғон эдики, ушбу тўғруда сўз узайтурмоқни ортуқ кўрмаймиз ва тафриқа (айрилув)ға сабаб Самарқанд «Шўрои исломия»си бўлғонлиги маълумдур.

Мана ўшал кундан эътиборан «Шўрои ислом» тарафидан кўб бойлар ва муллолар, бечора нодон халқ орасида фитна солуб «Заҳматкашлар» ҳақида қанча туҳматлар қилдилар... Ораларида бир неча ёшлар борлиғини билуб ҳаммаларини жадидчи ва кофир дедилар... Ҳатто шўронинг бир неча мўътабар ва муҳтарам аъзолари маҳаллаларға боруб (ваъз ўрнида) заҳматкашлар ва ёшларни ёмонладиларки, бу воқеанинг шоҳидлари бордур.

Ана шул сабабли бечора «Заҳматкашлар иттифоки»нинг барча аъзоси ва тарафдорлари халқ орасида жадид ва кофирликға от чиқоргон эди. Шундай бўлса ҳам, «Заҳматкашлар жамияти» маъюс бўлмади, тек турмади, кеча-кундуз ҳаракат қидди. Ўзини мудофаа этди. Бир неча баённома ва хитобномалар тарқатиб халқнинг кўзини очди, секин-секин хейли одамларни ўз тарафиға олдики, охирги кунларда буларнинг адади бир неча мингга етган эди.

Лекин сайлов куни бирдан иш ўзгариб кетди. Кутилмаган воқеалар олдимизға чиқди, «Шўрои ислом»нинг халқ орасида солғон фитна-фасоди сайлов куни натижа берди. Бечора заҳматкашлар ва уларнинг тарафдорларидан бир неча кишилар сайлов участка(қитъа)ларида шўрочилар тарафидан уруддилар, сўкулдилар, такфир қилиндиларки, ҳозирда алардан бир нечаси ўлум тўшакида ётибдур.

Мундай йиртқичлик ва ваҳшийликни кўруб, бечора халқ бирдан қўрқушиб қолди. Табиий, жон ширин, ҳар ким қўрқар. Шундай ҳуррият замонида зулм ва истибдод асари бўлғон мундай қаро кунни кўрган халқ қўрқушидан иккинчи нумерни ташлаб, биринчи нумерға товуш бера бошлади. Шунинг учун сайловнинг эртаси ҳисобланганда, иккинчи нумерға садо берганларнинг сони 1700 миқдоридан зиёда чиқмади.

2нчи нумер оз садо олғони учун «Заҳматкашлар жамияти» хафа бўлуб ўзининг истиқболидан умидини узмайдур. Балки жамиятнинг таассуф этуб қайғурмоғи шундай ҳур-риятлик сайлов кунида бир неча гуноҳсиз кишиларнинг бир жамоа ваҳшийлар тарафидан ҳақсиз қийналуб ташланмоғидадур.

Ушбу таассуфлик воқеада ҳукуматнинг ҳам бир оз тадбирсизлиги сабаб бўлди. Чунончи, ҳукумат сайлов тўғрисида шунча мухолифат ва низо борлиғини билиб туруб сайлов кунида бирор тадбир қилмади. Яъни ҳар участкада ақалли 20 нафар аскар қўймади. Агарда ҳукумат тарафидан шундай тадбир қилинса эди, мундай воқеага йўл қўйилмаган бўлур эди.

Ҳар нима бўлди, энди ўтди. Бу воқеанинг бош сабаби «Шўрои ислом»дур. Бошдан «Шўрои ислом» заҳматкашлар тарафидан кўрсатилғон 10 нафар номзод кишиларни қабул қилуб, ўз сиёҳасиға киргузганида ва ё қабул қилмагон тақдирда, заҳматкашлар зарариға ҳаракат қилмагонида мундай қайғулик воқеалар юз бермаган бўлур эди. Мана шул сабабли демоқға ҳақлидурмизки, ушбу ихтилоф ва фитнаға «Шўрои ислом» сабаб бўлди.

«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 19 сентябрь