loader

Ҳожи Муин. Ёшлар! Юртнинг умиди ёлғуз сизгадур (1920)

Биродарлар! Сўнг асрларда олами исломнинг умуман, Туркистоннинг хусусан бошиндан ўткардиги фожеаларни бир-бир санасак, неча жидд китоб бўладир ва бу фожеаларнинг бошлича сабаби билимсизлик, жаҳолат, муҳокамасизлик, бир-бировга суи зан (бадгумонлик), бир-бировга ишонмаслик, бирон каттароқ ё мўйсафид одам ҳар нима деса ани Худо тарафиндан келган ваҳийдек билмакликдан иборат эди. Нодонлигимиз шу даражададирки, асрлардан бери ислом олами, Шарқ дунёсининг бошиға қандай фалокатлар кедди, бу фалокатларнинг сабаби кимлар ва нима эдикини билмаймиз. Ҳоло ҳам билмасликимизга давомат қилмоқдамиз. Ўтган асрларни бир ёққа қўяйлук, ёлғуз шу кейинги тўрт-беш йилда Туркистонда нималар бўлди, хабаримиз йўқ. Ҳолбуки, орамизда мундан олтмиш йил бурунги ҳолларни кўзи билан кўрган, рус ҳукумати мустабидаси билан мулоқот воқеаларда иштирок қилғон қарияларимиз кўб. Лекин бечора қарияларимиздан у фожеаларнинг сабабини сўрасак, «Фалон одамлар русларға тил берди, фалон авлиёнинг руҳи койиди ёки фалон девона айтдики, хизр Илёс рус аскарлариға пешдорлик қилмоқдадур. Шунинг учун таслимдан бошқа чора йўқ эди...»дек сафсата сўзлар сўзлайдилар.

Ҳақиқат ҳол нима эканлигига бир мисол бўлсун деб, қисқагина бир нарса ёзаман. Рус аскари Туркистон ҳудудини ошиб, Авлиёотани ишғол қилаётган вақтинда мағрур амир Музаффарнинг якка мақсади Хўқанд хонликини маҳв этмак эди. Анинг зимнича, Хўқанд хони хилофи шаръий ишлар қила эмиш. Шунинг учун шариатнинг ягона эгаси бўлғон Бухоро ҳукуматия Хўқанд хонлиғини махв этмак фарз эмиш. Хўқанд хонлиғи эса гоҳ Худоёрхоннинг тарафини олиб, гоҳ Мусулмонқулиға пабрўлик қилиб, гоҳ билмам қайси эшони миённинг истиҳорасиға имон келтируб, бир-бировини сўкмак билан овора эди. Иш шу даражага етдики, рус қозоқлари Тошканд шаҳрини ишғол қилдиғи вақтда, амир Музаффар шариат исминдин Хўқандни таламоқ, хотун-қизларни номуссиз қилмоқ билан машғул эди. Анинг зимнича, биринчи фурсатда Хўқанд аҳолисидан ўч олмак лозим эди. Аммо руслар бўлсалар, шариат исминдан муҳораба қиладургон амир Музаффар аскарининг қаршусинда тура олмай, Оренбурғдан нари ёқға қочиши аниғ эди.

Лекин иш амир Музаффар ўйлағонча чиқмади. Тошканддан кейии Хўжанд, Ўратепа, Жиззах, Янги Қўрғон, Самарқанд бири орқасиндан бири кета бошлади. Бу вақт эътиқодлар бошқаланди, бу мағлубиятларнинг сабаби, ҳикмати изланди: «Рус аскарининг олдайинда хизр Илёс, билмам яна қайси дажжол раҳбарлик қила эмиш. Шунинг учун бу мағлубиятларға биз туркистонлиларнииг ҳсч дахлимиз йўқ эмиш».

Баъзиларнинг зимнича, бунинг сабаби ўзимизнинг аъмоли бадимиз эмиш. Дарвоқе, бу бир даража тўғри фикр. Лекин масала, бундаги қайси қисм амали бадимиз бунда бир қисм ишларда гуноҳкор бўлур. Лекин бу гуноҳ ўз шахсига оид бўлдиғи учун анинг жазоси қиёматда мавқуфдир. Худо хохласа бағишлар, хоҳласа жаҳаннамга юборур (у шариат ҳукми). Аммо бир қисм гуноҳларга банда анинг жазосини шу дунёда кўрур. Мисол, илмсизлик, ёмон ахлоқдек гуноҳлар.

Маалтаассуф, бизнинг муҳтарам фахрийларимиз у фожеаларимизга аввалги қисм гунохларимизни сабаб кўрсата эдилар. Аммо, дарҳақиқат, охирги қисм гунохларимиз, яъни нодонлигимиз сабаб эди. Нодонлик бир гунохдирки, анинг жазосини ҳар кимса шу дунёда кўрмакга мажбурдир.

У фалокатларнинг ҳақиқий сабабларини тушунган, иш қўлдан кетмасдан бурун илож ва чорасиға фикр юритган баъзи бир одамлар бор эди. Лекин у бечораларнинг қайсиси тилчилик, қайсиси ҳукуматга хиёнат, қайсиси Хўқанд хонлиғи, балки Шаҳрисабз бекига жосуслик гуноҳлари билан кесилдилар, осилдилар, зиндонларға солиндилар.

Улуғ Туркистон парча-парча бўлуб, рус қозоқлари оёғи остинда эзилгандан кейин ҳам, биз бурунги аҳволимизга давомат қилдиқ. Келаси кунлар учун ҳеч бир ҳозирлик кўрмадук. «Бу ҳол билан кетаберсак, бир кун дунё юзиндан маҳв ва мунқариз бўлурмиз. Шунинг учун фурсат ўткармасдан илм ва маърифатга ёпишмоғимиз керак», деб орамиздан чиқиб бизга насиҳат берган мутафаккирларимизни яна Бухоро амирининг, Бухоро уламосининг иш ва сўзларини ўзимизга далил қилиб, шариат исминдан жонимиз борича илм ва маорифға қаршу турдуқ. Агар бизга ақл ва муҳокама бўлса эди, эллик йиллик асорат замонида чор ҳукумати бизни қанча қисса ҳам яна Туркистоннинг ҳар шаҳринда юзларча илмлик одамлар етишдира олар эдик. Бу инқилоб замонинда мунчалиқ хатолар, (одамсизлик)га учраб, фалокатларга гирифтор бўлмас эдик.

Эмди келайлук инқилоб замониға: биз бу нарсага ҳозир эмас эканмиз, буюк Русия инқилоби бошланди. Яна ўшал мўисафидларимиз, қариларимиз, уламомиз майдонға отилдилар. Ҳар нарсани ўзлари билдикича юритмоқчи бўлдилар. Табиий, буларнинг билдиклари нарсалар мундан эллик йил бурундаги одамларнинг билдиклариндан ошуқ эмас эди. Ёшларимизға келсак, буларнинг бир қисми қариларимизнинг асорати остинда эдилар, бир қисмлари дуруст тарбиялари, етарлик илмлари ва тажрибалари бўлмадиғи учун жиддий ишлар, инқилоб тошқунларини бажара олмас бир ҳолда эдилар.

Керинский замони ўтди, ишчилар даврони келди, лекин яна биз олами ҳайратда на дейишимизни, нима қилишимизни билмасдан сарсон эдик. Қариларимиз ва тажрибакорларимиз «15 кун, бир ойда шўролар ҳукумати йўқ бўлур», деб ҳукуматға яқинлашмадилар ва яқинлашганларга шариат исминдан, билмам, қайси имон кароматиндан қўрқуб йўл бермадилар.

Инқилоб ўсди, Русияни бутун ишғол қилди, икки йилни тўддуруб учинчи йилға қадам босди. Москов йўли очилиб, Туркистонға инсониятпарвар ўртоқлар раҳбар бўлиб келдилар. Туркистон аҳолисиға ота-боболарининг эсларига келмаган ҳақлар берилди. Бу ҳақларга эга бўлмоққа ярайдиган йигитлар етиштирмак учун мактаблар очилди. Миллиюнлар билан оқча сарф қилинди ва сарф қилинмоқдадир. Асоратдан қочиб ватанлариға бораётган усмонли қондошларимиз бизнинг жаҳолатимизга жонлари куйиб, муваққат бўлса-да, бир неча кун бизга раҳбарлик қилмоқ учун Туркистонда тўхтаб фидокорона хизматларга киришдилар. Усмонли қардошларимиз ёлғиз илм жиҳатдангина эмас, ҳатто, ҳукумат ва фирқа ишлариға киришиб сиёсий жиҳатдан ҳам бизга раҳбарлик қилмоқдалар.

Осмондан тушган шунча давлат, шунча тахт, шунча ҳуқуқ, шунча имтиёз муқобилинда биз нима қилаётирмиз? Биз яна 50 йил бурундаги эски жаҳолатимиз, эски суизанимиз (бадгумонлик), эски соддалигимиз (таъбири маъзур кўрилсун) эски акдсизлигимиз билан ҳар нарсая ўзимизча маъно бериб, халқни ташвишга, ёшларни жаҳолат ва ахлоқсизликга солиб шундоқ ғанимат ва тор бир фурсатни бўш ўткариб, туркистонлиларнинг келаси кунлари учун гўр қазмоқдамиз.

Хотирларга бўлса керак, ўтган йил мактаб болаларини фанний саёҳат учун рўйхат қилаётгондаги «бизнинг болаларни солдат қила эмиш», деб 8-10 яшар болаларни мактабдан қочируб боғларға элтиб ёшурдик. Таҳрири нуфус (аҳолини рўйхат) вақтинда «Худо урди! Солдат бўлиб ўлармиз?» деб йигитларимизни Шаҳрисабзларға, Қаршиларға, Бухороларға қочирдук ва неча кун орадан ўтди, ҳеч ким солдатлиққа олинмади. Ҳудуд қоравуллари қўллариға тушиб турмада қамалғон йигитлар ҳам озод қилиндилар. Шаҳрисабзга қочгонлар оёғлари шишиб, балоларга гирифтор бўлиб «бозордан қайтғон инак»дек такрор Самарқандга келдилар. Буларға ҳам «Қаерға кетиб эдинг!», деб ҳеч ким бир нарса сўйламади, бу алданғон қочқунлар кўб зарарларға, кўб фалокатларға учрадилар. Кўб ақчалари сарф бўлди, Самарқандца хотун-болалари кишисиз қолди. Баъзилари, устига устак, Шаҳрисабзда 50 таёқ шаллоқ ҳам едилар. Ҳар нима бўлди-ўтди. Яна Ватанлариға келдилар. Лекин буларни иғво билғон нодонлар, буларни қочурғон қарилар, буларни шунча фалокатларга учратган оталар қилғон ишларидан ҳеч уёлмадилар. Уёлмоқ нари турсин, у нолойиқ иғволариндан ибрат олиб, мундан буён ақл билан иш қилмоқ, муҳокама қилиб сўз сўйламоқни ҳам ўрганмадилар.

Мунча узун-узун сўз сўйлаб, ўқувчиларнинг бошларини оғритдигимга сабаб бўлғон кичкинагина бир ҳикоятни арз қиламан. Маълумки, 1919 йил ёз фаслиндан бошлаб Самарқанд ҳам илмга интила бошлади. Мактаблар тартибга қўйилди. Мутаадцид қурслар очилди. Бу ишларга усмонли қардошларимизнинг, хусусан, эски шаҳар маориф мудири Сулаймон Сомий афандининг фидокорона хидматлари сабоқот қилди. Ўқувчилар ўзларини халқ назариға кўрсата бошладилар. Хусусан, «Олтой дарнаги» қурсининг шогирдлари бутун Самарқанд аҳолисининг диққатларини жалб қилди. Бу жамиятнинг гимнастиқ, мусиқа ва тиётру учун бошқа-бошқа тўдаси бордир. Шу кунларда мусиқа тўдаси бир неча шарқийларни нўтасиға табиқот чолмоқдадир. Бу мусиқани доира ва нақорадан иборат билиб юрган, ёвруполилардек мусиқа чалишни, ёвруполиларға махсус бир ҳорқа гумон қилиб келган биз самарқандлиларга катта ишдир. Бунинг учун қанча қувонсак ҳақимиз бор. Лекин ишнинг ижоботи бошқа ўринда, «Олтой дарнаги»нинг мусиқа тўдаси аъзолариндан бирининг онаси ўғлининг ёвруполикдек мусиқа чалишини кўриб, ўз қисқа ақли билан ё бошқа бир нодоннинг иғвоси билан «Худо урди, энди ўглим солдат бўлди», деб ҳукм қилмиш. Гўёки буларға мусиқа ўргатиб, фрунтға юборур эмишлар. Йўқса, ёвруполилардек мусиқа чалмоқ нимага керак эмиш. Шул эътиқодға биноан ўғлини шаҳримизға қочирмоқчи бўлмиш... Ай аҳмоқ бобо! Агар шўролар ҳукуматининг фрунтлари санинг ўғлингдек уч шарқийни зўрға чаладурғон ўн икки нафар самарқандликка муҳтож бўлса эди, қачонлар шўролар дунёда йўқолиб, сан ва ман хотун-болаларимизгача ваҳший мутаассиблар, ажнабий аскарлар қўл остинда эзилиб, маҳв бўлур эдик. Шўролар ҳукуматининг икки миллиюндан ошиқ аскари ва шунга муносиб дасталари бор. Санинг ўғлингдек «нонхўр сарзабодий» ҳеч кимнинг газакига дору бўлмайдур. Ўтган йилдаги аҳмоқликларни эсингга кетур. Жондек гуноҳсиз ўғлингни ваҳший ҳамсоялар қўлиға ўз қўлинг билан топширма!

Ёшлар! Ай ёш йигирмадан ошган биродарлар, сизлар бундан буён мундақа аҳмоқларнинг сўзлариға қулоқ солманг. Бу фурсатларни ғанимат билиб, илм йўлиға югуринг. Ватанингиз, бу бекас Ватанингизнинг дардия даво бўладургон эр ва олим йигитлар бўлмоққа чолишинг!

Ўтган йил шундақа оғуларға алданиб ватандан қочған, йўлда ушланиб, турмаларга қамалган бир неча биродарларингиз бу йил сизнинг жамиятингизнинг ишликли энг фаол йигитларидандир. Уларнинг эсларига ўтган йилдаги воқеа тушса қизариб, уёлалар, у ишларга сабаб бўлғонларга нафрат баён қилалар.

Сўзнинг қисқаси: бизга нодон одамларнинг маслаҳатиндан зарардан бошқа нарса тегмайдур. У одамлар мундан сўнгра ақлға ҳам келмайдурлар. Сиз ўз пок вужудингиз, ғаразсиз кўнглингиз билан иш қилинг! Ёшлар! Юртнинг умиди ёлғиз сизгадир!

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1920 йил, 15 февраль