loader

Ҳожи Муин. Сўз, қарор ва иш (1921)

Маориф ва маданиятга ниҳоят даражада сувсағон Туркистонда уч ярим йиллиқ инқилоб давринда эзилган халқнинг тараққий ва таолийси учун нима ишлар қилинди, қандай муассасалар вужудга кетуридди?

Бу улуғ саволға аччиғ бўлса-да, тубандаги сўзлардан бошқа тўғрироқ жавоб тополмаймиз:

Бу уч ярим йиллик инқилобий даврда кўп сўзлар сўйланди. Митинглар қилинди, ташвиқотлар этилди. Ва ғоят яхши қарорлар чиқарилди. Лекин йўқ даражасинда оз иш қилинди. Мақтанурлик ва ифтихор этурлик ишлар ҳануз ишланмади.

Халқнинг олдин бориши, юртнинг тинчланмоғи ва кучли бўлмоғи маориф, аскарлик, иқтисод ва деҳқончилиқ ишларининг тузук бир-бирига қўйилиши билан бўладурким, маалтаассуф, бу тўғриларда ҳануз халқ учун фойдали ва кўзга кўринурлик ишлар қилинғон эмас.

Маориф ишлари ғоят паришон бир ҳолдадир. Мактаб бор, дуруст муаллим йўқ. Талаба бор, лекин унга кераклик китоб йўқ ёки мактабда кифоя этатурғон асбоб (мисол, парта, печка, ўтун) йўқ. Бу ҳолда биз маориф ишлари тевишли йўлға қўйилғон дея олмаймиз. Аскарлик жиҳатидан ҳолимиз ундан ҳам ёмондир. Ҳолбуки, юртни сақламоқ ва халқнинг тинчлигини тайин этмак учун аскар керакдир. Туркистоннинг ерли аҳолисиндан аскар олмоқ учун марказда яхши қарорлар чиқарилғон ва бултур аскар олина бошлағон бўлса-да, бу ишдан ҳануз яхши бир натижа кўра олғонимиз йўқ.

Агар бизнинг бошқа қарор ва ишларимиз ҳам шунингдек эътиборсиз ва натижасиз ўтуб кета берса, биз бу ҳол билан дунёда ҳеч бир иш қила олмаймиз.

Зироат ишлари аввалги ҳолидан ҳам неча даража кейинда қолди. Биз инқилоб даврида зироат ишларини бир йўлға солмоқ ўрнида деҳқонларни таладиқ. От ва ҳўкизларини олдиқ, отрядлар юбориб деҳқонларни таёқ ости қилдиқ, хотун, бола-чақаларининг ор ва номусиға тажовуз этдурдик. Мунинг билан уларнинг кўнглини ишдан совутдик. Охири, бу ишларимизнинг хато эканлигини билиб энди алар билан тўғри муомала этарга бошладиқ ва аларга ёрдам бермаклик лозимлигини англадик.

Сўз маносабати келгач, «Тил масаласи»дан бир оз ёзайлук.

Туркистонда аксар аҳоли мусулмон бўлдиғи эътиборға олиниб, мундан уч йил бурун туркча тил - расмий давлат тили деб эълон этилса-да, буни амалға киргизмак учун ҳануз жиддий тадбир кўролмадик. Балки бу «эски ҳаммом-эски тос» мазмунича кўп маҳкама ва идораларда ҳануз рус тили ҳукм фармойишдадир.

Ҳукуматнинг идора ва маҳкамаларида туркий тилни ишлатмак учун бошлаб таржимонлар, мирзолар ва бухғалтирлар етишдурмак керак эди ва мунинг учун керакли ишлар ҳозирламак лозим эдики, маалтаассуф, бу ишлар бу кунгача ишланмади. Шунинг учун бу қарор ва буйруқ-дан ҳам яхшироқ натижа чиқмади. Юқоридаги баёнотдан маълум бўладиким, биз ҳануз «сўз» ва «қарор» даврида бўлиб, бу уч ярим йиллиқ инқилоб замонида буйруқ, қарордан бошқа жиддий ва фойдали бирор иш қила олмағон ва бошлағон ишларимизни тинчлик бир йўлға қўя олмағон эканмиз. Энди қуруқ сўз ва қарорлардан тўйдиқ. Энди бизнинг ишламакимиз керак. Ва иш билатурғон ишчилар етишдирмоғимиз керак!

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1921 йил, 26 май