ПИСЬМО ИЗ ТЮРЯ-КУРГАНА[1]
Эй, бизни мусулмон фирқалар, сизларни бу йиллардаги аҳволи аъмолларингиз ичкари шаҳарлардаги маданият топган халқға кулки бўладурғон ҳоллардурки, буни олдини ҳеч қайсиларимиз олмадук. Эмди олиб ҳам бўлмади. Бул қарздорликлар мулкларимизни ва обрўларимизни тўкмакка сабаб бўлган беилм, беҳисоб, бефикр ва маданиятсизликларимиз, бепарволигимиз ва эринчоқлигимиздур. Хусусан, ҳукумат бизни шаҳарларимизни забт қилгандин буён қайси бир сартиядин мадрасаларда хатм қилиб, замонага мувофиқ илмлар ҳосил қилди? Қанча сарт болалари ўқуйдур, билурмусиз? Йўқ, йўқ! Ҳоло ҳам биз қадимги, эски андишада мозорларга сиғиниб, ўз динимизга ҳаракат қилмай, оқча топсак, хоҳиш улоқ, тўйларга ўн минг сарфи беҳуда, исроф деган уламо йўқ. Ўлганга беш минг сарф-исроф учун қайси уламо буларга фатво берган, ҳалол деб. Ҳалол деса, бундан зарур ҳалоллар бор. Улар қолубдур. Ҳеч кимда халқға насиҳат йўқ, бўлса ҳам қулоқға олмайлар. Ёшлар бўлса, кукли ила юрадурлар. Қарилар аҳли аёлини бетартибда, ахлоқсиз қилиб ўстурган. Уйлангандин сўнг росхуд отасидин ейдур. Отаси бирор кун камроқ росхуд берса, они ўлдурмакда. «Ўзидин чиққан балоға қайға борсун давоға». Бу мубталолик, жаҳолат тартибсиз бўлуб, сўкуб, катта қилиб, ёшликда кўчада ёнғоқ, ошуқ, ондин каттароқ бўлганда гапхонада сафсата, азкия деган беҳуда сўз, урушмоқ, сўкушмоқни таълим оладур. Бу афъоли бадларни, бу мараз дардни доруси илмдур. Ёшларни мактабда тартиб қилиб ўстурмаганликдиндур. Ҳоло ҳам сизларга вақтдур. Илмсиз киши асоссиз девор деган. Асоссиз девор ғоятда беэътибор бўлур. Илм ўқунг, ўқутунг, ахлоқи фунун замонага даркорлик илмлар зарур, агар сиз шул замонда турмак бўлсангиз. Лекин, йўқ, сизни замонларингиз, бу замона, бул аср эрмас, бул асрда турмаклик сизга душвор бўлур. Агарда янги илм, янги йўл, янги олам, янги асрдин бидъатни орода қилиб, сўфилик қилурман десаларингиз, хотири жамъ бўлинг. Эски нимарса қолган? Йўқ, ҳар аср, ҳар қарн аҳволи ўз вақтига мувофиқ бўладур. Сизлар бул аср халқни ўз йўлларингизга солмоқ иложини қилсангиз, мана замон қилиб бўлмайдурки, Машраб девонани сўзига тўғридур: «Баёзидни вақти ўтти, шайхи сўфиён излама» дейдур. Ибратлик сўздур. Ҳар аср, ҳар қарн бир атвор илан кечар. Агар умрни хоҳлаб ёки қайтариб олмоқ мумкин бўлса эди, Ва лайсаш-шабоба биъавди қувватин[2], демас эдилар. Умрни қайтариб олур эдилар. Лекин бўлмайдур, замона турмайдур, аср ва тор вақт кетар, илмсиз, ахлоқсиз қолур. Сизлар вақт, аср лайлатулқадрдек ўтуб кетар, илмсиз, ахлоқсиз қолурсиз, ҳаракат даркор, ижтиҳод даркор. Ҳаётни сизга бойлаб бергани йўқ. Мамот ҳозирдур, воқиф бўлинг, амал қилинг, иш қилинг, йўл топинг, илм ўқунг. Оллоҳ ёр этур.
Қуруқ юрма, қуруқ дасти ажалда
Солур токи камон этмас маҳалда.
Туркистон вилоятининг газети, 1914 йил, №18, 2 март
[1] Ушбу мақола миллатни жаҳолатга судраётган иллатлар танқидига бағишланган. Миллатни янги илм-фан, техника тараққиётидан баҳраманд бўлишга даъват этади. Мақолада аёллар маърифати, бунинг фарзанд тарбиясидаги ўрни масалаларига, айниқса, алоҳида эътибор берилган.
[2] Ва лайсаш-шабоба биъавди қувватин — Қувват қайтса-да, ёшлик қайтмайди.