...Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимизда обрўй ва ривож топар...
Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, сил-ар-ия (ўпка сили) ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош (жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман.
Атомиздан меҳрибон Тангримиз жалла ва аъло Қуръони каримда “Ло талаққу би ядикум ала таҳликкатиҳи”, яъни ўз қўлларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз, дер. Биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз. Йилда икки ой наврўзи кофири учун сайр этармиз. Бир ой муқаддам Самарқандни Панжакент қасабасидаги наврўз сайриға мушак-фишанг отишдан учгина киши ўлуб, ўндан зиёда киши мажруҳ бўлди. Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати маълунонсиға ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар ила киши охиратға кўчар, на қадар киши мажруҳ ва маъюб бўлар. Кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироат вақтидан қолур. Уйиға йўқ, хўккузи ва соғар сийири йўқ экан, бир неча юз сўмға от олиб ва ҳар куни анга ҳиндек парастиш этиб, ҳар кун бир сўм сарф этар, на учун? Тўй ва сайрға кўпкари чопмоқ учун. Ўн-йигирма чақиримға тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб кўпкарига кетар. Деҳқон учун олтундан азиз вақт фавт бўлди- кетди. Эски биргина кун сўнгра йиғилган учун ёғинга қолиб, баъзи хирмонлар чириб кетар.
Маълум бир шаҳарда яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элитиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлса, ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто, ойлар ила ишдан қолурмиз. Ҳолбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқға ва ўлукҳона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар. Эй халқ! Эй мусулмонлар! Биз на учун Худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни наъфимизға амал қилмаймиз? Биз девонами? Биз таклифдан ташқарими (Таклиф-бу ерда, инсоний бурч, вазиф маъносида), Худо учун сўйлангиз. Биз нима?
Шариат китобларидан «Фароиз, яъни Худони буйруғи деган китобларға: «Улукни молидан аввалан ўлукға керакли мувофиқ суннат ва исрофсиз кафан қилиб, дафн қилмоқға сарф қилинсун, сўнгра қарзиии берилур. Сўнгра ортган молларни -варасасиға мувофиқи шариат Тақсим қилиниб берилур», — дейилган экан, биз билъакс кафандан сўнгра қарзга бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, хайрот, билмайман, нималар ужраси деб, қарздан ворисидан илгари тақсим қилиб олармиз. Беш-олти маърака ва худойи, 8—10 жумъа оқшоми деб бутун маҳалла ва қишлоқ халқиға палов берармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар. Баъзи қарзхоҳларни ҳаққи худойи ва хайрот, нохудойи ва шаррот сабаби ила куюб кетар. Бечора ўлукни зиммаси қарздан қутулолмай қолур. Худо учун айтингиз, бу хайротми, бу худойими? Беш—олти кун сўнгра бу худойи ва хайротлар учун варасани ҳаққи бўлган мол ва ерлар сотулур. Берилган дангга адрас, азойи ва ғаниларни олган йиртиш ва садақалари учун берилур. Энди бечора вариса дарбадар, ҳам отадаи, ҳам ватандан айрилди-кетди. Бир ўртаҳол, бир бечора фақир ўлар. Онинг ғани яқини ўлукни эгаси бўлуб, вариса молини «обрўй» этарман, деб исроф ва барбод этар. Натижада бечора вариса дарбадар. Эй, уйинг обод, обрўй қилғувчи! Улган ул, санга нима? Сан, ғани, ўз ўлукингға обрў қилгонинг бас эмасми?
Астағфурилло, субҳонолло. Бизни қилатургон ақлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур? Нима бўлур дейсиз? Ота-бобосидан қолган мулк ва ватанини ўз ихтиёри илан зўраки бойни ўзи ўлгандан сўнгра бир яҳудий ё бир армани ажнабийға сотиб, тўй ва таъзия қарзини берар. Узи сотмаганда судға сотилур. Мана, юқоридаги сарлавҳада «Бизни кемир-гувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур.
Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қатиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлгон илада қутулмас. Узидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр. Хўб, яхши, ўз молини тўй ва таъзияға исроф этсун, барбод этсун, кўзи чиқсун. Ҳай, бонка оқчасини, биров пулини на учун барбод этар. Бу девоналикни у тарафи эмасми? Бу ҳол ила 20—30 сана ўтса, ер ва ҳавлилар ажнабийларға ўтуб, аксар халқимиз гадойлик даражасиға инур. Эллик сана муқаддам ер сотилса, бир мусулмон оларди, энди бошқалар олур. Мана, энди биз шу ҳол илан яна йигирма — ўттуз йил ўткарсак, халқимизни ярмидан зиедаси ватанснз, ерсиз дарбадар бўлатургони маълум ва ошкордур. Бир ҳавлида, бир рўзғорда, масалан, икки ўғул, икки қиз бор. Ато ўлса, ани моли тўрт бўлунур. Аларни ҳар бириға никоҳ ва хатна ва ўлум мавридлари муқаррардур. Ўзларини замонча илми ва ҳунари йўқки, контурға, маҳкамаға, бонкаға кириб вазифа олса. Энди лоилож атторлик ва ё баққоллик ва у бўлмаса, муздурлик ва мардикорлик қилиши лозим келиб, бу ишлардан фақат аларни қорни тўядур. Ортдурмоққа йўқ. Мунинг устиға тўй ва таъзия деган даҳшатлик балолар келгандан сўнгра бу азиз оила ва рўзғорға ёниб кул бўлмоқдан бошқа илож йўқдур. Эллик сана муқаддам бир қариш ер бир пул экан, энди бир олтун ва келарға ер олтунға ҳам топилмайдур. Қирим ва Қафкоз мусулмонларида бизлардек ер қадрини билмаслар экан. Энди Қиримда бир таноб (600 сажин) ер ўн минг сўмдан ўттуз минг сўмғачадур.
Биз бир таноб еримизии 200 сўм сотиб тўй қилмоқчи бўлсак, «ерни хўб пулға урдум» деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар аҳмоқлиги ажибдур. Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳо-лимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонамизни ўйлайлук. Валлоҳ, хору зору мунқариз бўлмоқ эртаға офтобни чиқишидек муқаррардур.
Самарқандда бир маҳалла борки, аксар халқи фақру заруратдан, тўғриси, ақл ноқислигидан ҳавлиларини пулға қизиқиб яҳудийларға сотган учун маҳаллаға оз мусулмон қолди. Маҳалла мактаби йўқ бўлди. Масжиди-да яқинда йўқолур. Мана, бизни ақлсизлигимизни охири ва исрофларимизни хотимаси динимизға футур келмоқиға сабаб бўлур. Дин учун, масжид ва мактаб учун ақча, сарват, давлат, сомон керакдур. Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимизда обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур.
Қо эътабару йо аввал ул-абсар!
Махмудхўжа Беҳбудий
“Ойна” журнали, 1915 йил, 13-сон