loader

Исҳоқхон Ибрат. По поводу выборов должностных туземцев в Намангане (1910)

ПО ПОВОДУ ВЫБОРОВ ДОЛЖНОСТНЫХ ТУЗЕМЦЕВ В НАМАНГАНЕ[1]



Туземний газет идорасиға бир хабари афсус осор 1910-йилги аҳволоти халқияларимиздин. Надомат қиладургон ишлар воқеъ бўлиб, халқни ҳайратга соладур. Алалхусус, аҳли илм ва аҳли фатвои шариат ишларига алоқалик ёки мурофлик одамлар гўё табодили олам ёки табодили мулк бўлган каби кўринадур. Чунончи, ҳар ерда бўлган сайловлар хусусидаги бетартибликлар ва бефикрликлар миллатга ошно кишиларни ниҳоятда ғусса ва андишаларга соладур. Чунончи, Ўзганд қози сайловидек Наманган аҳолисида ҳам атрофларида кўб ерларда барпо бўлган сайловларда Наманган атрофида бўлустлар муҳофазат қилиб, ўз қозилари илан тортишиб, элликбоши деган халқларни ўз ихтиёрига қўймаганларини ҳамма ерда пристўф ва ҳокимлар билиб туруб манъ қилмаганлари фикрга соладурки, бўлустлар ҳам қози сайловиға алоқалик эканлиги маълум бўладур. Халқни фаҳми шул эдики, бўлустнойлар фақат одам ҳозирлаб берувмакға ҳадди бор, бўлак хусусда дахли йўқ, деб фаҳм қилурдилар. Эмди маълум бўлдики, бўлак хусусда ҳам кўб дахли бор экан. Иккинчи шулки, элликбошилар сайлаганда халқ элликбошини андиша ва фикрлик дурбин кишидин қилмаганлари ўз инқирозига юз тутганларини кўрсатадур. Масалан, бир одамни қозиликка сайладилар, хоҳ яхши, хоҳ ёмон. Миллий қози бўлишни положенияда 223-бобда зикр қилингандурки, эътибори бор, етти кундин зиёда ҳибис бўлмаган, ўттиз сўмдин зиёда иштроф тўламаган, ёши йигирма бешдин паст эмас одам бўлур, деган экан. Олим ё оми, аҳмоқ ё доно киши ё шариат биладургон ва ё низом биладургон демагани шулки, фақат инсон бўлсун, мазкур айбларга дучор бўлмаган бўлсун дегани бул вилоятларимизга катта йўл бўлиб, саводи бўлмаса ҳам, миллий шарорати бўлса ҳам, миллий положенияда илми кифоя қиладургон ҳам деб ёзилмагандур. Ҳибис бўлмаган, иштроф тўламаган, ёши йигирма бешдан зиёда деган сўз катта важҳ бўлиб, алҳолда кўрасиз, кимларни қўлларига бул катта шариат ҳукмини топширадурлар. 15-номерлик газета бир муҳаққақ Салоҳ имзоси-ла ёзган мақола хўб дуруст, тўғри мақола эканки, башарти қозилар мулладин, уламодин бўлса, қодири имтиҳон бўлурлар эди. Лекин сад ҳайф, ўзимиз айбдор, на учунким миллатимизни қавий бўлмагани, ҳеч фикр-андиша қиладурган киши йўқ. Андиша қиладурган одамни одам ҳам ҳисоб қилмайдурлар. Бул ҳам ўзимизни бефикрлигимиздан бўлур. Хўб, оми ҳам бўлсун, оми ҳам фақат ўз ройи илан бир иш қилмоқға қодир эмас. Шариат масъалаларини муфти ва олимлар кўрсатуб фатво берадурлар. Анда ҳукм қилса керак. Шунчалик эканки, фалон ерда омидин қози қилибдур. Раҳмат ёки лаънат деганда ўттуз минг аҳли бўлса, ўттуз мингдин раҳмат ёки лаънат тегадур. Положенияни бобиға мувофиқ элликбоши деган халқ хоҳлаганига мувофиқ кимгаки шар кўб тушса, они ёзар экан. На қилсунлар, бул хил қилмасалар, положенияга мувофиқ бўлмайдур. Положенияда шариат биладурган мулладин деган эмас экан. Ўзимиз хоҳлаймизми, нима ва ким бўлса они қилурлар. Уларга ким ва нима бўлиши ҳам даркор эмас экан. Бинобарин, ўз халқимиз бири паст, бири баланд деб, беиттифоқ бўлурлар. Фард:



Бефикр ўлсанг, эй дўст, муҳтожи нон ўлурсан.



Идорадин:



Положенияда халқ орасида обрў ва эътибори бор одам бўлсун деган. Албатта, мингбошиликка мингбоши бўлмоқликка муносиб обрўси бўлуб, қозиликка қози бўлмоқға лаёқат ва муносабатлик обрў бўлмоқ лозимдур. Положенияни мулоҳаза қилмоқ керак.



Идора.



Туркистон вилоятининг газети, 1910 йил, №22, 21 март



[1] 1910 йили генерал-губернаторлик маъмурияти маҳаллий лавозимларга (мингбоши, қози, юзбоши ва ҳ.к.) сайлов ўтказишни жорий қилади. Шу муносабат билан Исҳоқхон Ибрат сайлов жараёнидаги найранглар, сохтакорлик, порахўрликларни ва айниқса, шундай масъулиятли лавозимларга нопок кимсаларнинг сайланганини қаттиқ танқид қилади. Ҳатто газета маъмурияти ушбу мақолага жавоб ҳам ёзишга мажбур бўлган.