Ризо Тавфиқбекни танимағон қайси турк қавми бор? Жаҳон урушидан бурун турк матбуотини таъқиб қилғонлар, унинг тўғрисида жуда кўп нарсаларга йўлиқарлар эди.
Унинг ошиқ тарзида ҳижо вазнида ёзғон тасаввуф ҳидли шеърлари баъзи бир танқидлари, фалсафий асарлари унинг ўзини ҳар ерда, ҳар кимга яхши танитқон эди. Жаҳон урушидан бери яна кўб нарсаси чиққондур. Лекин, биз, машҳур шоир Абдулҳақ Ҳамид тўғрисида ёзилғон «Ҳамиднома» отлиқ танқид китоби билан, сўни замон содда адабиётчиларининг 8 китобдан иборат шеър; мажмуаларида қисқа-қисқа, лекин маънолик бир-икки шеърларидан бошқа нарсасини кўра олмадиқ.
50—60 жилдлик (ёки жузлик) «Қомус фалсафа» ёзғон эмиш деган ривоятлар эшитилди, у тўғрисида ҳам аниқ бир хабарга йўлуқмадиқ.
Шундай қилиб, Туркияда бу киши кўб катта ҳурмат қозонғон эди. Адабиёт оламида унинг эътибори жуда зўр эди. Бир вақтлар, бир иш тўғрисида қамоққа олиниб, қамоқхонадан сўроқхонага келтурилар чоқда аҳолининг қўллари устида кўтарилиб келтурилган; қамоқхонадаги ҳужраси бир зиёфат дастурхонига айланган. Сўзнинг қисқаси, жаҳон урушининг сўнггигача унинг шуҳрати, ҳурмати ва эътибори катта эди.
Инқилоб — ғоят кучлик бир омил экан. Қандай зўр шуҳратлар ерларда судралмади?
Бечора Ризо Тавфиқ ҳам шундай шуҳратларнинг бири бўлди.
Туркиянинг янги шоирларидан энг кучлиги бўлғон Яҳё Камолбек билан Истанбул дорилфунунининг форс (эрон) адабиёти мударриси Ҳусайн Донишбек орасида миллият жанжали бошланиб кетгандан сўнг, Эрон миллиятпарвари бўлғон Ҳусайн Дониш тарафидан Ризо Тавфиқ ҳам турк миллиятпарвари бўлғон Яҳё Қамолга қарши чиқди. Даъвосини исбот қилиш учун, бу муқтадир файласуф машҳур Фузулий Бағдодий тўғрисида дорилфунун саҳнида бир лексия ўқуб, Фузулийни турк эмас, эронли (форс) қилиб чиқарди.
Фузулийнинг асарларини Эроннинг машҳур бир шоиридан олғонлиғини даъво қилди. Мана шу кундан тортиб Ризо Тавфиқнинг шуҳратда, ҳурматда пастлаши бошланади.
Жаҳон уруши тугагандан кейин Франсиянинг Севр шаҳрида мағлуб Туркия учун бир муоҳада ҳозирландиким, у муоҳадани Туркия матбуоти «Турк мнллати учун ўлум муоҳадаси» деб, жуда тўғри айтган эди. Шул хўрлағучи муоҳадаги имзо қилатурғон бадбахтлар Туркияда тезгина топилмади. Ҳар ким, шу разил вазифани бўйнига олмоқдан бош тортар эди. Шу вақтда ўша кунларнинг аъён-аъзоси бўлғон Ризо Тавфиқ майдонга отилиб чиқди ва индамасдан бориб муоҳадага қўл қўйиб келди. Шу ҳодисани франсузларнинг бир газети жуда кулги қилиб ёзғон эди. Бу иш бечора файласуфнинг эътиборини тамом тушурди.
Истанбулга Мустафо Қамолнинг ғолиб ўрдулари киргандан сўнг шу масалалар яна бир дафъа қўзғалиб, турк матбуотида файласуф ҳақида кўб қаттиғ нарсалар айтилиб ўтди. Бир вақтлар, дорилфунун талабалари уни мударрислигидан ҳайдадилар.
Яқинда олинғон бир хабарга қарағонда, бу бечора файласуф дорилфунундан чиқкондан сўнг бўлса керак, Истанбулдаги Амриқо қўллежига (қуллиясига) кириб, талабаларнинг ғалваси орқасида ундан ҳам кетмакка мажбур бўлғон экан. Ундан чиққач Зунғулдоқ деган жойга бориб у ердаги бир қўллежда турк тили ва адабиёти дарсларини бера бошлагон экан у қўллежнинг талабалари ҳам уни ҳайдашга уруна бошлағонлар.
Шундай қилиб, Туркиянинг адабиёт ва илм олмидаги энг катта бир кишиси, замоннинг қизиғон қонли ёшлари билан чиқиша олмасдан, кенг фикрини мия ҳуржунига солиб, саёқлик-дарбадарлик кўчасига кириб қолғон...
________________
Ризо Тавфиқбек — «Фарғона», 1924 й. 10 март.
«Жаҳон урушидан бурун...» — 1914 йилдан илгари Туркистонда турк матбуоти анча кенг тарқалган. Жаҳон уруши вақтида Туркия Россияга душман лагерида бўлгани боис бу нарса анча чекланган.
«Ошиқ тарзида ва ҳижо вазнида ёзғон» — «ошиқ» деб турк ва озарбойжон элида бахшиларни айтилади.
Ҳижо вазни — бармоқ вазни демак.
Абдулҳақ Ҳамид (1851—1937) — XIX аср охири ва XX аср бошларида жуда машҳур, бўлган турк адиби.
«Қомус фалсафа» — фалсафа энциклопедияси назарда тутилаётган бўлса керак.