loader

Абдулҳамид Чўлпон. Увайсий (1936)

Классик мақомлар орасида кўпчилик ичига энг кўп ёйилгани, шубҳасиз, «Ироқ» куйидир. Уни Бухоронинг шашмақомчи ҳофизлари кўп айтар эдилар. Тўйчи акав а унинг жўралари ҳам уни бошқача қилиб ишлаб, омма орасига ёйдилар. У саҳнамизда энг аввал «Ҳалима» воситаси билан жаранглади. «Ҳалима»нинг биринчи — дастлабки вариатида «Ироқ» куйи йўқ эди, кейинча пиесани бир қадар ншлашга тўғри келган вақтда Ҳалима (қиз) нинг арияси бўлиб саҳнага чиқди. «Ҳалима» пиесасида уни марҳум Турсуной, сўнгра Ҳалима Носир қизи, Назираойлар; айрим нўмер ўлароқ Абдулҳақ Султонов, Раҳимберди Бобожонов, Бобораҳим, Карим Зокирий, Қўлдошев ва бошқалар айтдилар. Кўпчилик ёқтирди ва у, том маъноси билан гражданлик қозонди.



«Ироқ»ни айрим нўмер ҳолида ўқувчи ҳофизларимиз у куйга Увайсийнинг:



«Забонингни кетургил, эй шакарлаб тўти гуфтора,

Нечикким марҳамат бўлсин неча мандек дилафгора»[1].



деб бошланатурғон машҳур ғазалини ўқуб келадилар.



Ана ўша ғазални ёзган Увайсий Умархон даврида яшаган аёл шоирлардан бўлиб, номи Жаҳон отин эди. У, «эваз» баҳрли бир ғазалининг охирида ўз тахаллуси, (шоирлик номи) ва исмини мана бундай қилиб билдиради:

Йўқотиб ўзни фано мартабасига ета кўр,

Вайсий номим менинг ул номи Жаҳонимга эваз»[2].



Жаҳонойи асли ўзи Марғилонлик бўлган. Умархон ўрдасида хоннинг ўзи бошлиқ бир неча шоир бўлганини (Фазлий, Адо, Ҳозиқ, Гулханий ва бошқалар), уларнинг тез-тез тўпланиб мушовара қилишғанларини эшитгандан кейин, ўша шоирлар мажлисига кирмак ҳавасига тушади. Бунинг учун Қўқонга бормоқчи бўлиб отасидан ижозат сўраганида отаси унинг талабини қайтармаса-да, қизнинг саройдаги шоирлар мажлисига киришига ёрдам кўрсатар деган умид билан Қўқондаги обрўли одамлардан бир дўстининг ҳовлисига юборади. У одам, қизнинг шоира бўлса ҳам ҳали ёш эканини кўриб, иккиланади:



— Бу ҳолингизда бориб киролмассиз. Биронта қари хотин қиёфасида бориб кўрсангиз, — деди.



Жаҳонойи қари кампир кийимларини кийиб, эски паранжи ёпиниб ўрдага боради. Уни киритмайдилар. Сўнгра, у, юқорида кўрсатганимиз «Забонингни» дея бошланган ғазалидан мана бу икки йўлни ёзиб шоирлар мажлисига киритади:

«Мени «Латакҳули» деб маҳрум этма боғбон аҳли,

Азал дегони бағрим қонини тўккан бу гулзора».



Шундан сўнг уни шоирлар мажлисига киритадилар, Фақат у ерда унинг қари кампир эмас, ёш бир жувон экани билингандан кейин, бирор «фитна» чиқмаеин деб бўлса керак, уни дарҳол сарой ичкарилигига киритиб юборадилар. Шу бўйича Жаҳонойи Умархон саройида қолиб кетади ва сўнгроқ «Жаҳон отин» деб шуҳрат чиқаради.



Саройда яшаган даврида Марғилоннинг Қаландархона деган жойига яхши сиркорлик бир уй солдирган экан. Ўша уй ҳали ҳам сақланган дейдилар.



Унинг «Карбалонома»си, «Девон»и ва ҳам Муҳамадали хонга (Умархоннинг ўғли, шоир) бағишланган «Хитой сафари» номли асарлари бор.



Жаҳон отинга бир кун, дастурхон устида анорни кўрсатиб, шу тўғрида бир нарса демакни илтимос қилғанлар. Жаҳон отин ўша минутнинг ўзида анор тўғрисида тўрт йўллик бир шеър ёзган. Бадеҳагўлик (экопромт) йўли билан ёзилган бу тўрт йўллик байт анорни қандай гўзал ва санъаткорона тасвир қилади:



«Бу на гумбаздир, эшиги туйнугидан йўқ нишон,

Неча гулгунпўш[3] қизлар манзил айлабдир макон,

Синдириб гумбазни қизлар ҳолидан олсам хабар:

Юзларига парда тортиғлиқ, турурлар бағри қон».



«Юзларига парда тортилган «қизларнинг» бағрлари қон» бўлганини айтган, сарой чўриқизларининг оҳи зорини тасвирлаб берган.







[1] Эй шакар лабли тўти, тилингни сўзга келтиргилки, менга ўхшаган қанча кўкси яралиларга марҳамат бўлсин.



[2] Ўзликдан кечиб йўқлик даражасига эриш, менинг «Вайсий» деган номим, Жаҳон деган номимнинг ўрнидадир.



[3] Қизил кийган.



Увайсий — Мазкур мақола «Ёрқин турмуш» журналининг 1936 йил 4—5 қўшма сонида эълон қилинган.



Тўйчи ака — Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов (1868—1943), ҳофиз, ўзбек қўшиқчилик санъатининг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ ҳофизи.



«Ҳалима» — драматург Ғ. Зафарийпинг (1889—1944) шу номли драмаси. Илк бор 1920 йилда саҳналаштирилган бу асар 20—30-йилларда бир неча ўн марталаб ўйналган.



«Эваз» баҳрли — Чўлпон бу ўринда янглишиб кетган, чамаси. Тўғриси «эваз радифли» деб ёзилиши керак.



Адо — XVIII асрда яшаган Умархон саройи шоирларидан. Ўзбекча ва форсча ғазал, муҳаммаслари бизгача баёз ва мажмуаларда етиб келган.



Ҳозиқ — тахаллуси, ҳақиқий исми шарифи Жунайдулло Исмоилшайх ўғли (18 аср охири — 1843) — шоир, асли ҳиротлик. 1799—1900 йилларда Бухорога келган. Хоразмда Мунис, Огаҳий адабий гуруҳида бўлган. Амир Насруллохон томонидан қатлга буюрилган.



Муҳаммад Алихон (Маъдалихон) — Умархоннинг ўғли. 1810 йилда туғилган. 1822 йилдан Қўқон хони. Унинг хонлик даврида суғориш ишлари яхшиланган, хонлик ҳудуди кенгайтирилган. 1840 йилда Бухоро амири Насруллохон билан урушда енгилиб, унинг вассали бўлиб қолган. 1842 йилда амир Насрулло томонидан қатл эттирилган.



Бадиҳагўйлик — ар., бадиҳа сўзидан. Бирор воқеа, ҳодиса муносабати билан тайёргарликсиз айтилган шеър, экспромт. Шарқ ҳукмдорлари саройларида ўтказилган мушоираларда бадиҳа йўли билан шеър айтиш баҳслари расм бўлган.