loader

Абдулҳамид Чўлпон. Театр – санъат (1922)

(«ҚИМОРБОЗЛАР ҲАЁТИ», «ХИЁНАТКОРЛАР ЖАЗОСИ», «ЭР-ХОТИН», «АРШИН МОЛОЛОН») УМУМИЙ ҚАРАШ

Ўртоқ Уйғур Бухородан келгандан бери саҳнамиз жонлана бошлади. Шу бир-икки ҳафта ичида яна бурунги каби камчиликлар, қарғиш ва лаънатлар билан бўлса-да, бир неча томоша кўрдик.

Матбуотимизда исми кўрунуб келатурғон «С» (Санжар) ўртоқ томонидан таржима қилинғон «Қиморбозлар ҳаёти» — Оврупо қиморбозлиғининг қўрқунч ёқларини яхши кўрсатадир. Бунда қиморбозлиқнинг қайнағон жойи, қиморбозларнинг иш устидаги «фаолиятлари» кўрунмайдир. Бунда бу ёмон одатнинг оилага қилғон таъсири кўбрак кўрсатиладир. Таржима текисгина чиққон. Ғудур-будурлиқ кўб сезилмади. Фақат бунда ўйнағучи артистларимиз (Аброр, Сайфи қори, Зиё Саид, Шокирлар) нимагадир хийла ёт ва бегона бўлуб ўйнадилар. Самимийлик, рўлни англаб ўйнашлик, саҳнада эркин бўлишлиқ — мана буларни кўра олмадик. Халқ оз эди, кирим ёмон бўлғон, эҳтимолким шунинг учун артистларимиз «барибир» деб ўйнағон бўлсалар...

Давлат труппасининг бу «барибир» томошасидан сўнг Эски шаҳар ишчилар факультети талабаларининг бир «Томоша ва консерт кечаси»ни ҳам кўрдик. Томоша қисмида қўюлғон тўрт пардалик «Хиёнаткорлар жазоси» деган нарсани ёзиб ўлтириш ҳам вақт исроф қилишдир. Баъзи бир пардаларнинг 3—5 минут қадар давом этишлари бунга катта гувоҳдир. Фақат консерт қисмида миллий чолғи мактабининг биринчи имтиҳонини кўрдикким, бу хийла умидликдир. Болаларнинг кўбайишиб айтган ашулалари заиф бўлса ҳам, бир боланинг ёлғиз ашуласи, бир йигит томонидан ёлғиз айтилган «Гулёр» яхши эди. Шу «Гулёр» айтган йигитда яхши кучлик товуш бор. Фақат, ишланмаган.

Миллий чолғи мактаби ғолибо 3-4 йилдан бери давом этадир. Фақат сўнг чоққача унда муаллимлар ўрнига «тўнкалар» ўлтурғони учун ҳеч самараси кўрулмаган. Яқинда ясалғон ислоҳот ва таълим ишига қўюлғон муқтадир муаллимлар (Қурбон ва Шожалиллар) мактабни умидли йўлға қўйғонлар.

Яна ҳам диққат, яна ҳам кўбрак аҳамият берилмаги керак.

Саҳнамизда неча маротаба ўйналғон «Эр-хотун» ва «Аршин мололон» томошалари тўғрисида қайта-қайта ёзишни ортиқ топаман. Бу тўғрида шунигина айтаманким, бизнинг саҳнамизнинг энг зўр камчилиги — драм ўйнағучиларнинг ўперада чиқишларидир. Мана бу камчилик ҳар икки томошада ҳам энг қаттиғ сезилди. Билмадим, қачон бизнинг саҳнамиз ўперада бошқа, драмда бошқа ҳайъатга эга бўлур экан. Ҳар ҳолда, сўнгги икки томоша саҳнамизнинг яна жонланиб, тузалиб борғонини кўрсатадир. Саҳнамиз яна тирилмакчи. Халқ саҳнада яна руҳига озиқ топа бошлади. Энди шу ҳаракатни тўқтатмай, оқсатмай олиб бориш — (ҳар бир санъат — Д.Қ.) арбобининг вазифасидир.

Энди умумий суратда бир нарса ёзиб ўтмакчи бўламан: умумий деганим саҳна ва санъатимизнинг моддий жиҳатидир. Қиш яқинлашиб, юпқа кийимлар ярамай бошлағон бир вақтда ҳам халқимиз ўзи тубданда ўлгундек зах бўлғон ёзлиқ «Турон»да томоша кўрмакка мажбур. Қишлоқ «Турон» қатъиян ярамайдир. ТошПО ўрни тилга ҳам олинмоғон, янги бино эса маҳаллама-маҳалла кўчуб, ҳар кун бир камисия томонидан бир тўқтатилиб, бир рухсат этилиб, сарсон ва саргардон бўлуб гурадир. Билмадим, бу иш жиддий бир йўлға тушарми, йўқми? Қиш келганда кўчада қолғон саҳнадан нима умид қилмоғ керак?

Бухородан чақиртириб олинғунча минг ваъда, минг хил роҳат ва таъминотлар тақдим қилинғон Уйғур ҳануз турғали бир жой, баъзи тажрибалар учун икки газ ойнаға эга бўлмағон. «Уйғурни Бухородан олиб келиш учун пул сарф қилиб Ғози Юнус ўртоқни Бухороға юборған» Эски шаҳар ижроқўми унинг қўл остиға келиб кирган санъаткорга жой топиб беролмайдир-да, «Шарқ» кутубхонасининг жойиғача бир якатчига ижарага қўядур. Санъатнинг қиймати шу эса, ундай санъатдан умид узмаса керак эди!



____________

Театр — санъат — «Туркистон» газетасининг 1922 нил 29 сентябрь сонида эълон қилинган.

«Қиморбозлар ҳаёти» — француз драматурги Виктор Дюканж (1783—1833) қаламига мансуб асар. Аслида «Ўттиз йил ёки қиморбознинг ҳаёти» деб номланувчи бу асар 1828 йилда ёзилган.

«Хиёнаткорлар жазоси» — бу ўринда қайси асар назарда тутилаётганини аниқлашга муваффақ бўлмадик. Тахминимизча, гап Ҳамзанинг «Туҳматчилар жазоси» пьесаси ҳақида бормоқда.

«Эр ва хотин», «Аршин мололон» — Озарбойжон композитори ва драматурти Узеир Ҳожибеков (1885—1948) асарлари. Булардан кейингиси айниқса катта шуҳрат топган.

Зиё Саид — тахаллуси, ҳақиқий исм-шарифи Қосим Солиҳов (1901—1938), ўзбек драматурги, журналист ва танқидчи.