Маълумдирки, ҳар нарса ўз аҳли (яъни ўз касб-корлари — У. С.) тарафиндан ёзилса яхши ёзиладур. Шукрлар ўлсунки, бизнинг орамизда ҳам сўнгги йилларда миллий тиётр ва рўмон китоблари ёзилуб босдирилувлар кўрилмакға бошлади... «Падаркуш» ёзилғондин кейин ёшларимизда катта бир рағбат ҳосил бўлуб ҳар шаҳарнинг саҳналарида ўйналди. Тошканд, Самарқанд, Хўқанд каби марказларда 2—3 маротаба ҳам ўйналди. Ишта булар миллатнинг интибоҳига хайрли бир фолдир. Аммо мунинг илагина суюниб ўзимизни юпатмайлук. Ҳали бизга кўб тиётр ва рўмон китоблари ёзмоқ керакдурким, бу қарз бир ҳовуч зиёли ёшларимиз ила аҳли қаламимиз устларига тушадир.
Муҳтарам қалам аҳллари, миллий маишатни ёмон деб ёзмай, зоҳирда бўлса ҳам тўйларда, гапхоналарда, баччабозлар мажлисида, базмларда ва шунга ўхшаш миллатнинг энг танқид қилатурғон ўринларинда бирга аралашуб юрмаклари керакдурки, токи комил ўшал одатларни китоб саҳифаларида чиройлироқ қилуб ёзгундай бўлсунлар. Миллий маишатдан безган билан безилуб, кўмилуб кетаберадир. Онда аралашиб юрулса, ондаги сўзларни, одатларни ўрганмоққа бўладурки, китоб бетларига кўчируб ёзмоққа материёлларнинг энг асллари халқ орасидан олунадир. Оврупонинг катта-катта муҳаррирлари ўшал ўзларининг яхши-ёмон одатлари орасида юрубдирлар. Сўнгра қўлларига қалам олуб, яхшисини яхши, ёмонини ёмон кўрсатуб ёзубдурлар.
Ишта муҳтарам ёшларимиз машаққат бўлса ҳам халқимизнинг ичида оралашуб юруб китоблар ёзувға материёллар тайёрласалар. Бу йўлдаги иҳтиёжни бир қадар адо қилғон бўлур эдилар.
Бизим бу арзимиз бир муҳаррирларгагина эмас, муҳтарам артистларимизға ҳам бордир.
Улар ҳам саҳна керакларини халқ орасида юруб ўрганмаклари лозимдир.
Ожизона бу фикримни ҳурматли ёшларимизга арз қиламан.
________________
Муҳтарам ёзғувчиларимизга. Мазкур мақола-очиқ хат «Садои Туркистон» газетасининг 1915 йил 6 февраль сонида эълон қилинган.
«Падаркуш» — Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шу номли пьесаси назарда тутилмоқда. Илк бор 1913 йилда саҳналаштирилган бу асар Туркистоннинг кўплаб шаҳарларида жадид ёшлар томонидан саҳнага қўйилган.
Интибоҳ — сезгирлик, ҳушёрлик.