Адабиёт ҳар бир миллатнинг ҳисли кўнгул тарихининг энг қоронғу хоналарида маишат (тирикчилик)нинг кетишига қараб ҳар хил тусда ва рангда етишган, файзли тил бирла тақдир этула олмайдирғон бир гулдир. Ушбу яшадигимиз муҳит доирасинда анинг тўлқуни одамнинг ҳар хил маишатига қараб ўзгарадир.
Ҳар синф, халқнинг ўзига махсус оҳанги, ўзига таъсир қиладурғон зори бўлур. Мана шул муҳит бўшлигинда бўлган қатъий тўлқуннинг бир-бирига бирлашмагидан ҳар одамга ҳар хил шодлиқ ва ё кўб аччиқ таъсир этмагиндан одамнинг кўнглида ўзи билмасдан ўрнашуб қолғон ва ҳар вақт, умрининг охирига қадар сақланатурғон қайғуланмак ва ё кўкрак кериб қўб дам олурдай оҳ урмаклар — ҳамаси кўнгилда ҳар хил рангда, ҳар хил кайфиятда тўлуб ётқон адабиёт хосасиндан саналур. Киши баъзи вақтда шодликдан кулур ва баъзи вақтда кўз ёшин тўкуб йиғлар, оҳ тортар. Одамнинг мундоғ ҳар хил кайфиятга кируб турмоғи ўз ихтиёри нла бўлмай, балки маишати йўлида ҳар вақт учраб турадурғон фалокатнинг анга баъзи вақтда зулм кўрсатмоғи ва баъзи вақтда бир яхшилик кўрсатуб суюндирмоғидин келуб — яхши кўрганда суюниб, ёмонлиқ кўрганда йиғлаб — шундоғ бўлуб икки турли ўзгаруб турар, баъзи вақтда фалак бир одамни қайғуга солар, ул ўзи тушуниб, ўйлаб туруб, оҳ тортуб йиғлар. Бу ҳасратларни ўз ичига сиғдиролмас. Бировга айтса, «Вой бечора» деюрмукин, деб ўз қайғусини бировга айтмакка тилар. Тўп тўғри айтганда у қадар таъсир қилмас. Адабиёт ила айтганда албатта таъсир қилар. Менинг бир ошнамнинг ўлдиги хабари келар. Мен ҳеч хафаланмайман. Бир вақтда мактуб келар, мактубда аларнинг кўрган кунлари адабиёт ила бундай ёзилур:
Гуллар била пок қайғули маҳзун боқурди Кўз ёшларимиз тўхтамай тун-кун оқурди.
Мана шуни ўқуб албатта бир таъсир ила аларнинг қайғусига қўшулурмиз. Бир бола ухламаса алла айтарлар. Бола тез ухлаб кетар. Чунки ул андин бир лаззат ҳис қулур. Эски боболарининг бир маъшуқа учун Қошғар тарафларига яёв борганини ва йўлда ўғрилар тарафидан ўлтурулгани ғоят яхши оҳанг билан айтилур. Ул вақтда бола таъсириндан ухлаб кетар. Шунга ўхшаш ўзининг шавкат ва ғайрати ила замонасида бутун дунёни ҳавор ва даҳшатга солғон жаҳонгирларнинг ўтказган кунларин ва даврларин тарихларда кўрса ва эшитса ҳар киши юрагида бир ботирлиқ ва бир фидокорлик ҳис этар ва қаҳрамонона умидларда бўлинур.
Мана шундай қаҳрамонона умид, қаҳрамонона ҳис ва қаҳрамонона ғайрат —барчалари тарихий адабиётнинг натижасидан бошқа нарса эмасдир. Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар. Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас. Инкор қилғон миллат ўзини инқирозда эканун билдирур.
Биздан бошқа миллатларга кўз солсак кўрамизки, аларнинг олти ёшдан олтмиш яшар қариларина қадар адабиётдан бир лаззат олуб охир умрига қадар адабиёт ўқуб эшитмакни вазифаи миллиясидан ҳисоб қилур. Мана шунинг учундирки, Оврўпонинг ҳар шаҳар ва қишлоқларида ҳар кун, ҳар ҳафта адабиёт кечалари қилинур, адабиёт ўқилур, нутқ сўйлануб халқ кўб кируб таъсирланурлар. Мана тотор қардошларимиз йилда бир дафъа бўлса ҳам шаҳар ва қишлоқларида «Адабиёт кечалари» қилуб халқға руҳ беруб кўб олқишлар, офаринлар олдигини ғазеталардан ўқуб турмакдамиз. Бизлар эсак адабиётдан лаззат олмак бир тарафда турсун, ҳатто боболаримиз ва болхоса «Ислом маданияти» замонинда катта рўл ўйнағон ва аларнинг маишатларин кўрсатган таърих умумийларни ўқуб англамоқдин ҳам кўб йироқ турамиз.
Бизни уламо ва эшонларимиз тўн киймакдан, авомларимиз чойхоналарга чиқуб чой ичмакдан ва зиёлиларимиз эса Оврупо кийумликларидан ва қийматлик папирўсларидан лаззат олурларки, «адабиёт нима?» десанг, жавобида юқорида айтилганча «яъни, масалан»дан бошқа жавоблари йўқдир. Мана шунинг учундирки, кундан-кунга руҳимиз тушуб, келадирғон истиқболимизга умидсиз қараб, бошқа миллатлар каби шод ва умидли яшамаймиз ва бизда шодлик ва руҳ бўлмагани учун бир ишни қиламиз деб энди ўйлаганимизда ўй йўқ — фикрлар чочилуб, ақлларимиз паришон бўлуб кетар.
Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган қаралган, ўчган, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткур юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладирғон, чанг ва тупроғлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдирғон булоқ суви бўлғонликдан бизга ғоят керакдир.
Энди, эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, «адабиёт кечалари» ясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук. Агарда «баёз» ва бемаъни бир-икки дона китоблар ила қолсак, маҳву инқирозий бўлурмиз. Юрагимиз кундан-кун тошдан ҳам қаттиғ бўлур. Юракни эритайлук, руҳ берайлук, инқироз бўлмайлук. Меним бу ожизона фикрима қўшилатурғонлар бўлса адабиётнинг фойдаси тўғрусинда «Оина» ва «Садо»ларимизга тарихий ва адабий мақола ва шеърлар ёзсунлар, китоблар тартиб берсунлар. Ҳозирда бизга бирдан-бир лозим бўлғон нарса — адабиёт, адабиёт, адабиёт...
_______________________
Адабиёт надир? — «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 4 июнь сонида босилган.
Ҳавор — асоратга солмоқ, эзмоқ.
Болхоса — хусусан.
Баёз — асримиз бошларида юртимизда кенг тарқалган шеърий мажмуалар назарда тутиляпти. Баёз — бирор шоир томонидан таркиб берилган шеърий тўпламларнинг бир тури. Масалан, «Баёзи Ҳазиний», «Баёзи Камий»...
«Оина ва садоларимизга» — 1913—1917 йиллар орасида Самарқандда жадидларнинг маънавий отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида чиқиб турган «Оина» журнали ва «Садои Туркистон» ҳамда «Садои Фарғона» газеталари назарда тутилмоқда.