loader

Мунавварқори Абдурашидхонов. Никоҳ тўғрисида (1906)

Жаноб муаллиф ва муҳаррири «Тараққий»дин илтимос қилурманким, никоҳ масаласи хусусида мани бу беш-олти калима сўзимға «Тараққий» саҳифасидан жой берсалар.



Қола набиййи саллоллоҳи алайҳи васаллам никоҳ суннати «Фаман рағба ан суннати фолис мани» мазмунича бир оқил ва болиғ кишига тазаввиж, яъни уйланмоқ суннат муаъкадаларини бири бўлмоқиға ҳеч шубҳа йўқдур. Бунга биноан ҳар ким ўз кафуввини топиб, оли қадарал ол тўй-томоша қилиб, имом афандиларимиз фасиҳ ва мавзун иборатлар бирла ақди шаръий қилиб, бир важҳи суннат хутба ўқилиб, қизни куёв қўлиға таслим қилурлар. Хўб яхши, аммо икки-уч моддаи мувассафаси бордурки, анинг фасхига кўшиш қилмоқ уламойи зулэҳтиромларимизға ва ағниёларимизға вожиб даражасида муҳим ва зарурдир. Биринчиси, қалмоқ ва хитой тоифаларидан қолғон бир расми қабиҳадурким, никоҳдан бир кун муқаддам беш-ўн нафар созанда ва жувонларни жам қилиб, неча хил афъоли қабиҳа, ғайримашруълар бирла ўз ёру биродарлариға базм қилиб кўрсатиб, офаринлар уюштирар эдилар. Бу ишни шаръан ҳаромлиғи изҳори минал шамсдир. Аммо авомунносға чинон шойиъ бўлмишдирки, мартабаи истиҳлолдин ўтуб, суннат, балки вожиб даражасиға етубдур.



Закот бермоқ бўлғон ҳолда бир бой закот бермаса, ҳеч кимнинг иши йўқ, аммо ўғлини уйлантириб, базм бермаса, авомлар ўртасида маломатга мустаҳиқ бўлур.



Иккинчи никоҳ куни келинни куёв ҳовлисиға олиб борурда кўриладиргон бир расми шаниъадурки, бир аробаға келинни солиб, ул аробанинг олдида икки-уч нафар хотунлар беибо чирманда чалиб ва ҳофизлик қилиб бормоқлари. Агарчи куллиятан бўлмаса ҳам аксар жойда кўрилмоқдадур. Бу бадбахтларнинг аврат овозини эшитиб, кўп мусулмонлар гунаҳкор бўлмоқдадур.



Учинчи, даллол ва ялочи масаласидурким, муни ҳаромлиғидин зиёда зарарлари ҳам бор. Чунончи бир ҳовлида ялочи ўйнаса, жамиъ хотунлар ани атрофида туруб ўртаға маъжусий оташпарастлардек оташ ёқурлар, баъзи жойларда ул бадкирдорларнинг ўйинини эркаклар ҳам бир тарафда туруб томошо қилурлар ва баъзи нодонлар қўллариға танга олиб ўюнчисини чоқириб, бир аъло фоҳишабозлик қилурлар. Буларнинг бу ишларини бўлак мастура хотунлар кўриб турурлар. Мазкур эркакларнинг бир кўзлари ўюнчида бўлса ҳам, бир кўзлари бошқа хотунларда бўлур, ҳосили калом, тоқати исломиятдан хориж бир хилоф шаръидурки, буни шафеъи ва давоми аҳолии исломни ғайрат ва ҳамиятдин бутун-бутун жудо қилур. Бас, бу афъоли қабойиҳларни фасхига уламолар кўшиш қилмасалар, бу ишларни шаръан жоиз эконлиғини авомунносға билдурмасалар, авомуннос бул хилофи шаръий ишларни истиҳлол ва истиҳфонида мудовомат қилсалар керак ва бул эътиқод фосидалари бора-бора уламоларға ҳам таъсир қилса, бул хилофи шаръиларда авомунносға мутобаат қилсалар керак, балки мутобаатлари ҳам кўринмакдадир. Ҳаттоки баъзи аҳли илмлар бу ишларни жавозият ва шаръилигини таважжуҳ қилмоқдадурлар. Ё раб, мундай фасо ахлоқ ва мундай беҳамиятликдурки, шундай хилофи шаръиларни манъиға эллик-олтмиш минг мусулмондин бир ғайрат соҳиби топилмас.



«Тараққий», 1906 йил, 3 феврал



Ҳар беша гумон мубарки холист, шоядки паланг хуфта бошад[1]. Мазмунича: ғайрат ва ҳамият соҳиблари алҳамдулиллоҳ мавжуддурлар. Чунки бундин муқаддам базм ва ялочилар ҳақида ёзғон мақоламизни «Тараққий» саҳифасида ўқуғон кишилар хаттики муҳофизи шаръийи шариф бўлғон қозийи исломимиз бул тўғрида изҳори мамнуният қилдилар. Баъзи маҳаллаларда ижтимоъ бўлиб, ҳар ким тўйида бачча ва ялочи ўйнатса, маҳаллаға қўшилмасун ва аралашмасун деб фотиҳа ўқуғонлари эшитилди. Бул жанобларнинг амсоллари кўпаймоғини самим бирла вожибул вужуддин тилаб ва истидоъ қилиб дермизки, бораколлоҳ, яшосун ғайрат, яшосун ҳамият, олами исломият. Бул тариқа хилофи шаръиларни манъиға энг аввал ғайрат қилғон жанобларни табрик ва таҳсин қилиб, бошқа маҳаллаларнинг ҳам бул жанобларға лоҳақ бўлмоқларини илтижо қилурмиз. Аммо фуқароларни соҳиби ғайратлари «паланг хуфта» манзалласидадурларки, «паланг хуфта»ни қуввати ҳеч ерга етмас. Мисола, бир маҳалла имоми ё элликбошиси бош бўлиб манъ қилсалар, иккинчи маҳаллаға таъсир қилмас, иккинчи маҳаллаға таъсир қилса, учинчи маҳаллаға йўл топилмас ва бул хилофи шаръилар чунон шойиъ бўлмишдирки, баъзи беҳамиятлар маҳаллаға қўшилмасликға рози бўлиб, базм ва ялочини таркиға рози бўлмас, чунки ота-боболаридин қолғон расм эмиш, бас, бул расми қабиҳаларни манъ ва фасхи уламойи зулэҳтиром ва қуззоти ислом ва ҳукуматдорон некномларимизға лозимдурки, бул жаноблар ҳар бир ижтимоъларида иттифоқ қилиб, фалон ва фалон ишларни мухолифи шаръиййи шариф бўлгон важҳидин манъ қилдук ва ҳар ким қилса фалон жазоға мустаҳиқ бўлур, деб ҳукм қилмоқлари бирла бул хилофи шаръилар бутун орамиздин кўтарилиб ва бул ишларни сабаби бирла дунёъи ва охиратда сазовори охири азим бўлмокларида шаръан ва ақлан ҳеч шубҳа йўқдир. Яҳудийлар забиҳни ман қилмоқ тўғрисида қилғон ҳамият ва жасоратлари бутун Туркистон мамлакатиға таъсир қилғондек буни ҳам таъсири бутун Туркистон мамлакатиға хусусан, Фарғона музофотлариға таъсири маълумимиздур. «Хайрун нос ман янфаън нос» — ҳадиси шариф маолинча, сифоти хайруннослик бирла мутассиф бўлмоқларида ҳам шак йўқдир. Зероки, бул ишларни ман қилмоқ — мусулмонларни дин ва дунёлариға фойда еткурмакдур. Дунёлариға фойда шулки, бул хилофи шаръиларини сабабидин охиратда тортадурғон дўзах азобларидин холос бўлурлар, дунёлариға фойда шулки, бачча ва ялочини бир кечалик муздиға берадурғон ўттуз-қирқ сўмлари ўз киссаларининг манфаатиға қолур.



Ҳамадин бул моддаси ажаброқдурки, мухолифи шариат ва бидъат бўлғон бадбахт ва баччаларни муздлари ўттиз сўм, қирқ сўм бўлиб, куёв-келин қўшулмоқларини хилтиға энг амада зарур бўладурғон хутба ўқуғувчи имом афандиларимизни муздлари йигирма тийин ё ўттиз тийин бирла бир ўн тийинлик даструймолдир. Ё раб, мундай бетартиб ва бенизомлик бўлурму.

Фарёд аз замонаи бемеҳр каж ҳаром,

Хунрези жонистони ғамангез бенизом[2].



«Тараққий», 1906 йил, 7 феврал

Ўзинг бедор қил, ё раб, бизни бу хоби ғафлатдан,

Ҳидоят қил тариқи ҳақ сори роҳи залолатдан.



1905 нчи, 17 нчи октябрда берилмиш манифест, яъни ҳуррият жумла Русия фуқароларини асирлик зиндонидан озод қилиб, ўз ҳуқуқи диния ва дунявияларини талаб қилмоқда ва ўз мамлакатларини ислоҳида ва ўз мактаб ва мадрасалариға тартиб ва низом ижро қилмакда. Ҳурлик, мухторлик ато қилинди ва бул ҳуррият воситаси ва соясида жумла Русия фуқаролари оли алалхусус неча замонлардин бери ҳар гўшада сиқилиб ётқон мусулмонлар қафасдин озод бўлғон қушлардек ҳар тарафға парвоз қилиб, ўз ҳуқуқи миллия ва маолияларини талабида чунон ғайрат ва ҳамият қила бошладиларки, ёлғуз мусулмонлардин Петербурғ шаҳриға юборилган аризалар 500 дин зиёдаға болиғ бўлди. Ҳеч бир шаҳар, вилоят қолмадики, давлат Думасиға мусулмонлар тарафидин вакиллар сайланмоққа маслаҳат ва машварат қилинмағон бўлса ва ҳеч бир вилоят қолмадики, ислоҳи мамлакат ва ижройи аҳкоми шариат хусусида мажлис-мушоваралар қурулмоғон бўлса. Аммо биз Туркистон вилоятининг мусулмонлари ҳануз асирлик зиндонида туфроғ емакдамиз. Жумла вилоятлардин миллати-миллати садолари эшитилмакдадур. Аммо бизнинг вилоятимизда нафси-нафси наволари тараннум этилмакдадир. Ҳаммада изҳори ҳаққоният, бизларда исрори нафсоният, ҳаммада ғайрат ва ҳамият зуҳури, бизларда ихтилоф ва ғафлат ҳузури.

Биза нечун иттифоқ ўрниға одати ихтилоф ўлмиш,

Магар бизларға рўзи ўлмамиш миллатда ғайратдан.



Ҳамманинг мактаб ва мадрасалари мураттиб ва мунзим, бизларға усул ва тартиб макруҳ ва маҳрум, оли алалхусус биз Тошканд мусулмонлариға суннат ўрниға бидъат, уфоқ ўрниға нифоқ, ваъз ва насиҳат ўрниға жанг ва шикоят, ғайрат ва ҳамият ўрниға хавфу ғафлат. Истеъмоли мажлисларимизнинг энг амада заруриётидин ўлмиш ибодат учун бино қилинғон масжидларимизнинг дарвозахонаси шикоятхонаға мубаддал ўлмиш. Ваҳоланки, шикоятни рамлиғида шак ва шубҳа йўқдир. Имомларимизнинг вазифалари қавмлариға ваъз ва насиҳат бирла аҳком шариатни билдируб, ғайри-машруъ ишлардин қайтармоқ бўлғон ҳолда ўз вазифаларини адо қилмоққа тўй ва маърака ахтармоқдин қўллари бўшамас. Агар қавмларини олдиға тушуб тўй ва маъракаға юрмасалар ўшал куни имоматдин маъзул бўлур эмишлар. Чунки авомунноснинг эътиқодида имомлик қавмнинг олдиға тушуб тўй ва маърака ахтармоқдин иборатдур ва аъёни қавмға хушомад қилиб, гирдин экмакдан киноятдур.



Ваҳоланки, имомлар ноиби Расуллулоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдурлар. Оллоҳ таолий анбиё алайҳим-ус-саломға ўз аҳкомларини бандалариға еткузмакни ваъз ва насиҳат бирла одамларни динга ва яхши амалларға далолат қилмакни амр қилди. Ул жаноблар ҳар қайсилари маъмур бўлғон вазифаларини адо қилмак учун ўз нафслариға турлук-турлук жафоларни раво кўрдилар. Ҳаргиз ва ваъз насиҳатдин забони муборакларида қусурлик кўрулмади, хусусан, ҳазрат Расули акрам саллаллоҳи алайҳи васалламнинг даҳани муборакларидин тўти руҳлари парвоз қилғунча «умматим», «миллатим» калималарини забони муборакларидин қўймадилар. Қани бизларда ул жанобларға мутобақат, қани ул жанобларға мувофақат. Қачонки ул жаноб «Кулли нафси зоиқатул мавт» мазмунича дорулфанодин дорулбақоға риҳлат қилдилар. Умури ҳидоят ва муҳофазатдин ва миллати хулафойи рошидин алайҳим ар-ризвонни вазифалари ўлди. Ул жаноблар ҳам ҳар қайсилари ўз замонларида миллат учун чунон ғайрат ва жасорат кўрсатдиларки, бутун Форс ва Туркистон балки, аксар Ҳиндистон мамлакатлари бул жанобларнинг замонларида шарафи Ислом бирла мушарраф бўлди. Ҳаммалари ўзларини миллатға қурбон қилдилар. Бас, бул жанобларни ноиб ва ворислари уламойи киром ва умаройи зулэҳтиромлар ўлдилар.



Бул жанобларда ҳам яқин замонларғача ўзлариға лозим бўлғон вазифаларни адосида қусурлик кўрилмади. Аммо бул замондин юз йилдин зиёдроқ муқаддам замондин бошлаб оҳиста-оҳиста миллат деворининг ҳар тарафиға раҳналар пайдо бўлди. Мунга сабаб уламо ва умароларимизнинг ўз нафсларини риоясида ҳаракат қилмоқлари бўлди. Подшоҳ ва хонларимиз бўлса, миллатға қилғон хизматлари танҳо хотун олмоқ ва кучук уруштирмоқ ва беғайрат ва ҳаққоният диндор кишиларни бадарға қилмоқ ва тутуб ўлдирмоқ бўлди. Миллат нима, шариат нима, билмадилар ва қарамадилар. Шунинг учун миллат деворини раҳналари тобора зиёда бўлди. Бўзахўрлик, қиморбозлик, баччабозлик, базм қилмоқ ва ялочи ўйнатмоқ, эркакни хотун қилмоқ ва хотунни эркак қилмоқ, зино қилмоқ, шикоят қилмоқ ва бир-бирларини ҳақорат қилмоқ, хусусан, оғизга ҳақорат қилмоқким, куфри сариҳдур ва шуларға ўхшаш ҳаром амаллар ўрталарида чунон шойиъ бўлдики, ҳаромлиғи ҳеч кимнинг дилидин хатир қилмади. Бу ишларни алҳол бизларнинг ота-боболаримиз расмларидур, деб истеъмол қилмоқдадурлар, ҳаттики баъзи мўйисафедларимиз бизлар йигитлик вақтимизда мундай ишларни қилар эрдук ва мундай базмларни қилур эрдук, бизларнинг баччаларимиз мундай ўюнчи эрди, қани ул баччалар, замона фосид бўлди, йигитлар хотун бўлди, деб ўтган замонларға фахр ва бу замонға афсус ва надомат қилурлар. «Инноллоҳа йағирмо ба қавми йағир мо ба нафсиҳум». Мазмунича: охирул амр бу афъоли қабиҳаларимизни сабабидан мулк-мамлакатимиз тағаййур ва табаддул бўлиб, асир-у, хор-у залил бўлдук.



Вақтики ҳукуматдорларимиз бизларни бул тариқа ғафлатда ва жаҳолатда топдилар. Миллатимиз деворининг қолғон ерлариға раҳна солиб, шариатимизни ободлиғина энг амада сабаб бўладургон масжид ва мадраса вақфларини таваққуф қилиниб, қозиларимизнинг номларини «народний судья» ном қўйилиб, уч юз сўмдан васиқа қилмоқ қозиларимиздин олинди. Қозиларимиз ҳукмларини положениега мувофиқ қилмоққа мажбур бўлдилар ва соира-соира раҳналар пайдо бўлди. Аммо ўз ҳукуматдорларимизнинг кўзларини ғафлат чунон қопламишки, ҳануз ўз нафсларининг фойдасини ахтармоққа машғулдирлар ва ул фойдадин миллат ва шариатға хоҳ фойда ўлсун, хоҳ зарар ўлсун ҳар бир ҳаракатларидин манфаати шахсиялари мақсуддир. Ва ҳар фикрларида риояни нафслари мавжуддир.



Уламоларимизда ҳукумат йўқки, миллат деворини раҳналарини ислоҳ қилсунлар ва ҳукуматдорларимизда ғайрат йўқки, бу ислоҳда уламоларимизға ёрдам берсалар, алалхусус, ҳар миллат соҳиблари ўз ҳуқуқи миллия ва маолияларини талабида ҳур ва мухтор бўлғон бу замонда ва ҳар вилоятда ислоҳи мамлакат учун мажлис, мушоваралари қурулғон бу асрда бизнинг Тошканд шаҳрида ислоҳи мамлакат хусусида на бир ижтимоъимиз бор ва на бир маслаҳатимиз бор ва на ҳуқуқи диния ва дунявиямизни талабида бир ариза бердук ва на давлат Думасиға вакил сайламоқ хаёлимизға келур. Ёлғон бўлмасун, мундин бир-икки ой муқаддам уламо ва ҳукуматдорларимизнинг ғайрат то-мурлари ҳаракатга кириб, ўз ҳуқуқларини талабида ариза бермоқ учун икки-уч бор ижтимоъ қилдилар. Афсуски, ул ижтимоълари ҳам ёлғуз палов ва зиёфатхўрлик бирла нафсониятдин иборат бир мажлис бўлди. Ариза бермоқ мунда турсун, аризани тартибиға ҳам иттифоқ қила олмадилар. Чунки ҳар ким ўз манфаати шахсиясини мулоҳазасида сўз сўзлади.



Қўрқурманки, биз бечоралар шул ғафлат ва шул ихтилоф ва шул нафсоният соясида ҳама мустафид бўлғон ҳурриятнинг неъматларидин ҳам маҳрум қолмасак деб. Агар шундан ҳам маҳрум бўлсак, миллатимизнинг девориға солинган раҳналар тобора зиёда бўлмоғида ҳеч шубҳа йўқдир. Агар шул ҳол бирла кетсак, тонгла қиёматда биз, аҳли исломни қўлларимиз кимнинг яқоларида бўлса керак.



Биз фуқаролар, қўйдек мусулмония, амалдорларимиз чўпон мисллик бўлиб, тонгла бизларнинг аҳволимиз борасида масъул бўлсалар керак. «Кулликум раоъ ва кулликум масъул ан раията», орамизда бўлган раҳналарни ислоҳи ҳукуматдорларимизнинг қувват ва ғайратлари бирла мумкиндир. Лоақал шунга ҳам бир ғайрат қилмасалар, мисола бу раҳналарни бир нечаси бачча ва ялочиларни ўйнатмоқдурки, мундан муқаддам газетларда ёзилиб эрди ва ул газеталарни ўқуғон кишилар ғайрат ва ҳамият қилишиб, неча ерларда бу ишларни манъиға фуқароларни ўзлари кўшиш қилишлари, аммо ерларда манъиға мувофиқ ўлсалар ҳам баъзи жойларда қўлларида ҳукумат бўлмағон важҳидин манъ қилмоққа қодир бўлмадилар. Агар ҳукуматдорларимиз бул ишларда уламо ва фуқароларга ёрдам бериб бош қўшсалар эрди, бутун Туркистон вилоятидин бу ишларни барҳам бермоқ мумкин эрди. Бас, бу ишларни тўғрисидин қиёматда савол ўлса, кимнинг доманин тутармиз. Иккинчи дўхтур масаласидурки, боқияси бор[3].



«Тараққий» газетаси, 1906 йил, 7 март







[1] Ўрмонни тинч деб ўйлама, шоядки бир йўлбарс ухлаб ётгандур.



[2] Бемеҳр, ҳаром, жонлар қонини қонунсиз тўкиб, ғамга ботирувчи замондан фарёд.



[3] Газетада Мунаввар қорининг дўхтирларга бағишланган мақоласи босилмаган.— С. А.