loader
Foto

Мунавварқори Абдурашидхонов. Бизни жаҳолат - жаҳли мураккаб (1906)

Ҳар миллатнинг мактаб ва мадрасаси ўлдиғи каби, бизни ҳам мактаб-мадрасаларимиз гарчи бенизом ва беусул ўлса ҳам, йўқ демак даражада оз эмас. Ҳар миллат авлодини тарбиялаш ва таълими улумда кўрсатган ҳиммат ва ғайрати каби бизларда ҳам ўз маъсум авлодларини жаҳолат ва ғафлат зулматида қолмоқиға ҳеч бир ризолари ўлмай, қўлларидан келганча таълим ва тарбияти авлодда қусурлик кўрсатмакчи зотлар мавжуддирлар. Ва лекин дунёға нима учун келгонини билмай, илм ва маорифға асло рағбат қилмай, жонидин ширин болаларини кўча-бакўча кездириб, бечора маъсумнинг азиз умрини жаҳолат оташина ёндирғувчи беҳамият ва бедиёнат оталар ҳам орамизда оз эмасдур. Кўп диндошларимизни кўрармизки, ўз фарзандларини асло мактабға бермай орқаларидин эргаштириб, руслар эшигида ўзлари каби хизматчиликка ўргатиб, дунё ва охиратнинг саодати ўлғон илм ва маорифдин маҳрум қўймоқдин ҳеч бир ибо қилмаслар. Баъзи азизларимиз бордурки, ўғлини қўлидин тутиб мактабга олиб борур. Муаллимдан толиб қилурға: «Тақсир, шу ўғлимни гўшти сизники, устихони бизники, бир илож қилиб, тезлик ила нақд ва насия ёзмоқни ўргатиб берурсиз», дер. «Эшагига яраша тушови» деган ўзбек мақолича, муаллимлар ҳам аксарлари қонуни таълим-тарбиядин бутун-бутун бехабар кишилар ўлуб, балки ўқув ва ёзувни ҳам лозиминча билмасликлари важҳидан бечора маъсумаларни истеъдоди зотиясиға наззора икки йил зарифида жамиъ лавозумоти динияни билдирмоқ мумкин ўлғон ҳолда, тўрт-беш йилғача ҳижжа усули бирла дунё ва охиратга фойдаси бўлмағон Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз ва Бедил каби мушкул манзума китобларға умри азизини барбод этарлар.

Эй ватандошлар! Диққат назари ила боқинг! Бир болани мактабға бермакдан мақсуди вожибот диниямиз ўлғон илми қироат, масоили эътиқодия, фарз, вожиб, суннат мустаҳаб, ҳаром, макруҳ, намоз ва рўза, ҳаж ва закотларни ҳам заруроти дунявиямиз ўлғон илми ҳисоб, жуғрофия, таворих, хусусан, «Тарихи Ислом» каби фойдалик илмларни билдурмоқ ўлғон ҳолда жоҳил домлаларнинг «таълими фалоний, қоши қаро, қаро кўзи, қаро юзи, оҳ, сўзи ширин», деб болаларни фасод ахлоқиға биринчи сабаб ўладурғон манзума китоблар ўлмиш.

Бу хусусда отада айб йўқ, чунки бу бечорани эътиқодида болани ўқутмоқ ёлғиз нақд ва насия ёздурмоқдин иборатдур. Муаллимда ҳам айб йўқ, чунки бу зикр қилинғон улуми зарурияларни бечора муаллимнинг ўзи билмас, балки баъзиларини исмини ҳам эшитган эмас. Бечора на қилсун? Ночор, бефойда бўлса ҳам мактабларда болаларга ўқитгудек булардан бошқа бир китоб топилмағон замонларда ўзи ўқиб, билган китоблари шу китоблар ўлдиғи чун эски ўрунларда эски тушларин кўрмакдадурлар. Мани сўзимдан Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз, Бедиллар каби улуғ зотларни таҳқир қилди, деб гумон қилинмасун. Чунки мани ғаразим бу китобларни зотан бефойда демак эмас, балки ёш болаларға бу китобларнинг таълими бефойда, демакдир. Мисола бир болага Фузулий ўрнига илми қироат, Навоий ўрнига масоили эътиқодия, Хўжа Ҳофиз жойига масоили амалиёт, Бедил бадалиға илми ҳисоб ўқитилса, дин ва дунёси учун қанча фойдалар ҳосил қилиб, мусулмон ўлур. Билъакс, бу китобларнинг ўзи ўқитулғон ҳолда бу фойдалардин маҳрум қолиб, балки фасод ахлоққа мубтало ўлмоғи ҳам эҳтимолдир. Чунки бу китобларни тасниф қилғон зотлар Оллоҳ таолийға қурбат пайдо қилғон кишилар ўлғонлари учун айтган сўзларининг зоҳири шариатга мухолиф ўлса ҳам, ҳақиқати мувофиқдир. Чунончи мавлоно Фузулий дерки, фард:

Санамлар саждасидур бизда тоат тангри-чун, зоҳид, Киши кўрсанг сен, ўз динингда таклифи намоз айла.

Ёки

Хўблар меҳроби абрўсина майл этмаз фақиҳ, Ўлса кофирдур, мусулмонлар, анго қилманг намоз.

Мавлоно Ҳофиз дерки:

Май нўшки, умри жовидоний ин аст, Кайфияти рўзгори фоний ин аст. Ҳангоми гулу, лолау ёрон сармаст, Хушбош, дамеки, зиндагоний ин аст.

Бу каби сўзларнинг зоҳирий мухолифи китоб, суннат бўлса ҳам, ҳақиқати бир бошқадир. Аммо ёш болалар, шубҳа йўқдурки, буни ҳақиқатда билмаслар. Балки ўқитган муаллимлари ҳам билмаслар. Ночор зоҳири ила амал қилиб, фасод ахлоқға мубтало бўлмоқ хавфи бордур. Баъзи жуҳало дермишки, бу тартиб ҳазрат Имоми Аъзамнинг тартиблари, буни бузаман деган кишининг ўзи бузулур. Ажабо, бу каби жаҳолат ҳам бўлурми? Бу жаҳли мураккаб эмасму? Чунки бу жоҳиллар ҳазрат Имоми Аъзамнинг умрларида бу китоблардин ҳеч бир асар ўлмағонини билмаслар. Билмаганларини ҳам билмаслар. Қачон ул жанобнинг замонларида Фузулий ё Бедил, ё Хўжа Ҳофиз, ё Навоий бор эди? Қачон ул жаноб бу китоблардин болаларга таълим бердилар. Ул жаноб каби зотнинг ҳақлариға бу каби бўлғон ифтиро, туҳмат қилғон жоҳилни иншооллоҳ ўзи билур.

Баъзи нодонлар дермишки, шу китобларни ўқимагунча болаларнинг саводи чиқмас. Бу ҳам эътиқоди фосид ва даъвойи бедалилдур. Чунки бу эътиқод дуруст бўлса эди, Туркистон вилоятидин бошқа вилоятларда ҳеч кимнинг саводи ўлмас эди. Ваҳолонки, бошқа вилоятларда хат билмайдургон киши юздан ўн бўлса, Туркистон вилоятида юздан тўқсондир. Мундин ҳам маълум ўлурки, савод чиқмақ бу китобларни ўқумоққа муваққуф эмас, балки бу китоблар ғоят қийинликидин болаларни бесавод қолмоғиға ҳам сабаб ўлур. Чунки бу китоблар ўқилодурғон мактабларда эллик боладин ўн бола тўрт-беш йилда базўр ушбу китобларнинг ўзинигина хатини тануб чиқур. Бошқа китобларни яна дуруст билмас. Аммо бу китоблар ўқилмайдурғон жадид мактабларида икки йил ичида эллик болани қирқ тўққизи балки ҳаммаси алассавия неча хил илмлардан имтиҳон бериб чиқар. Боз бу китобларни ҳам билур. Хайр, дурустроқ ҳам билмасун? Лекин, билмагони бирла бу боланинг на дунёсиға ва на охиратиға ҳеч бир зарари йўқ. Чунки бу китобларнинг ўзини дунё ва охиратға ҳеч бир фойдаси йўқ. Балки зарарининг эҳтимоли болада зикр қилинди. Хайр, келайлик садади каломғаки, ўғлини мактабга бермакдин мақсади нақд ва насия ёздурмоқ ўлғон жоҳил отанинг ўғлиға қилғон муаллим бечоранинг тарбияти, чеккан машаққатини ва маъсум бечораға мактабда берган кулфатини ёзиб битирмак мумкин эмасдир. Кўргуси ва билгуси келган киши бизнинг Тошканд мактабларининг бирига кириб, икки соат истиқомат қилсун. Шунча демак мумкиндирки, муаллим афанди қўлида зўр бир таёқ, қайси боланинг боши ҳаракатдин қолса, ушбу таёқ шу боланинг бошида ўлур. Аммо ўқуғон-ўқумағони ила ҳеч кимнинг иши йўқ. Бошини қимирлатиб ўлтирса кифоя қилур. Ҳаттоки, ўтган йилларда бу тариқа золим муаллимларнинг таёқи остида вафот қилмоқ ҳам воқеъ ўлди.

Бу тариқа золим ва бадхулқ, жоҳил муаллимларнинг тарбиясида ўсган болалардин нима умид қилмоқ керак? Фасоди ахлоқдин бошқа бир иш ўрганмас. Жоҳил оталарни умид этдуклари нақд ва насия ёзмоқ ҳам танҳо ўндан бир, йигирмадан бир болага ҳосил ўлуб, бошқалари эса «мактабда ўқумоқ, игна ила чоҳ қазимоқдан ҳам қийин (мушкул) экан», дея-дея қочар-кетар. Бунга сабаб муаллимнинг бадхулқлиги, мактабнинг бенизомлиги ўлур. Агар бизларнинг мактабларимиз бошқа миллатлар мактаблари каби бир низомға қўйилиб, яхши муаллимлик вазифасини лозиминча адо қилурлик кишилардин муаллимлар тайин қилинса эди, маъсум авлодларимизнинг руҳини ҳаётиға, дунё ва охиратининг саодатиға биринчи сабаб ўладурғон илм ва маорифдин бу даражада маҳрум ўлмакиға сабаб бўлмас эдук.

Эй қардошлар, вой миллатдошлар!!! Кўзимиз ғафлат уйқусидин очиб, атрофимизға назар солмакимиз лозимдир. Ҳар миллат ўз саодат ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмакиға қаноат ҳосил қилиб, илм ва маорифға ортиқ даражада кўшиш қилган бу замонда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик ўлуб ҳамма оламга масхара ва кулгу ўлмоғимизда ҳеч шубҳа йўқдир. Балки, бу жаҳолат зулматида саодати ухравиядин ҳам маҳрум қолмоқ хавфлидир. Бу жаҳолат натижасидурки, ўзимиз ерлик мусулмонлардан ўлдиғимиз ҳолда мусофир рус ва яҳудийлар эшигида мардикор ва хизматчи ўлдук. Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмакдадурлар.

«Тараққий» газетаси, 1906 йил, 14 июн