loader

Мунавварқори Абдурашидхонов. Жамиятлар қандай очилур (1914)

Маориф ва маданият боғчасининг биринчи дарвозаси мактабдир. Ер юзиндаги маорифли миллатларнинг ҳар бирлари маданият боғчасина шул дарвозадангина кирмишлар, яъни маориф ва маданият йўлина сафар проғроми ясалганда, биринчи моддасини шул «Мактаб очмак» масаласини қўймишлар. Ишларини шул «мактаб»дангина бошлайлар. Мактаб очуб, билфеъл иш бошлагонларидин сўнгра ҳар тарафдин турли-турли нуқсонлар ва эҳтиёжлар кўрила бошламишдир. Мактабни очуб қўя қолғон ила иш битмаслиги, балки анинг фарқи ва давоми учун моддий ва маънавий ёрдам ва маъованатлар, ғайрат ва ҳимматлар лозим эконлиги онглашилмишдир. Бунинг учун энг яхши чора ўлароқ «Жамият»ни тузмишлар. Яъни расмий бир қонун доирасинда халқцан иона йиғиб, очилмиш ва очиладурғон мактаб ва дорулулумларнинг нуқсон ва эҳтиёжларин енгиллик ила ислоҳ қилмоқ ва адо қилмоқ усулини ижод этмишлар. Бора-бора бу «Жамият» шул қадар тараққий қилмиш ва раҳмат касб этмишки, маданий миллатларнинг бутун тараққиёти диния ва эҳтиёжиёти миллиялари учун энг ишончли суянчиқ ва муттакои эттеҳоз ўлинмиш ва уларда маданият нарвонининг биринчи босқичи мактаб, иккинчиси жамият экон, ҳозир кўп ерларда мактабни иккинчиликка қолдируб, биринчи босқичлик номи муқаддасасини жамият ўзина олмишдир.

Маориф ва маданият йўлина янги қадам қўя бошлағон Туркистон мусулмонлари ҳам, табиий, шул босқичларни босмакка ва шул дарвозалардан кирмакка мажбурдурлар. Биноаналайҳ ҳозирда бизим Туркистон тараққийпарварони кўброқ шул мактаб ва жамият атрофида айланмакдалар. Лекин бу мактаб жамиятларни очмак учун қандай тадбирлар лозим? Ҳукуматдан қайси йўл ила ижозат олинур? Қандай устав ва проғрамлар ила очмак фойдали бўлур? Мана бу хусусларда идорадан йўл ва машваратлар сўраб мактуб ёзурлар. Бундай мактаблар ниҳоятда кўб бўлғонлиғи учун ҳар бирина айрим-айрим жавоб ёзуб ўлтирмак идора учун ҳийли мушкуллик бўладур. Тараққийи миллат ва маориф учун бундан фойдали ишларға ташаббус қила бошлағон зотларга ташаккур этмак ила баробар сўраган саволларининг жавобини хусусий мактуб ила бераолмағонимиз учун афуларини рижо қилурмиз. Ва жамият очмак хусусидаги саволларина жавобан ушбу мақолани такдим қиламиз: ҳозирда Тошканд, Ўренбурғ, Қозон, Боку, Боғчасарой каби мусулмони кўб бўлғон шаҳарларнинг ҳар бирида мусулмон жамиятлари бор. Бир ерда жамият очмоқчи бўлғон кишиларға аввало шул шаҳарлардағи жарида идораларина ёхуд машҳурроқ кишиларға мактуб ёзуб, жамият қонунномасини, яъни уставини сўрамак лозим. Мактуб олғон зотлар ҳам бундай фойдали илтимосни аҳамиятсиз қолдурмасдан, уставни топуб юборадурлар. Мана бу уставлардан бир нечасини қўлға киритгандан сўнгра беш-олти киши бир ерда ўтуруб, шул уставларни ўқуб чиқурлар. Машварат қилишуб, шунлардан бирини айнан ёхуд бир оз ислоҳ ила қабул қилурлар. Ёхуд бунлардан интиҳоб қилуб, янги бир устав ясарлар. Жамиятға муносиб бир исм топуб қўюрлар.

Устав сайламоқ ёхуд интиҳоб қилмак қайси моддаларини нима учун киритилганлигини аҳли мажлисға яхшилаб тушундирмак учун мажлисда замондан ва илми ҳуқуқдан, ҳеч бўлмағонда, жамият ишларидан хабардорроқбир кишининг вужуди (иштироки) лозимдир. Устав ясолуб, тамом бўлғондан сўнгра: «Ушбу аризамиз баробаринда топширилмиш қонун доирасинда бир жамият очмакка рухсат берсонгиз экон», мазмунида бир ариза ёздируб, лоақал беш кишидан устав ҳам аризани имзолатиб, военний губернатўрға топширилур. Ушбу ариза ва уставға қўл қўйған кишилар жамиятнинг муассислари деб аталурлар. Ҳукуматнинг рухсат бермоғи осонроқ бўлсун учун уставнинг кўб кенгайиб кетмаслиги ҳамда муассисларнинг ҳукумат қошида эътиборлироқ кишилардан бўлмоқлари яхшироқдур. Бундай кишилар топилмоғон такдирда, суд ҳукми ила айбланмоғон ва ҳукумат қошида сиёсий жиҳатдан шубҳали саналмағон ҳар бир кишининг муассисликка киришмоғи мумкиндир. Ариза берилғондан сўнгра муассисларни тафтиш ва исправка қилуб кўрмак учун аризалари палиса идорасина топширилур. Бу вақтда, эҳтимолки, баъзи билмағон кишилар тарафидан қўрқитувлар ҳам воқеъ ўлур. Жамиятга ижозат сўрамак мухолифи низом бир иш ўлмай, халқ учун ҳам, ҳукумат учун ҳам фойдали бир иш бўлғонлиғи учун бунда қўрқиш ва қўрқутишларға сабаб бўладурғон ҳеч бир нарса йўқдур. Биноаналайҳ ҳеч бир қўрқмасдан, чарчамасдан, бу ишнинг орқасидан юрмак лозим.

Агарда бирор сабаб ила биринчи мартабада тасдиқ қилмасдан рад қилинса, они тузотиб, иккинчи мартаба, иккинчи мартаба рад қилинса, учинчи мартаба мурожаат қилмакка аввалдан жазм ва қарор беруб қўймак керак. Агарда масъул муассислар орасинда бу ишнинг орқасиндан юрурға лойиқ кишилар бўлмаса, ёнларина бир адвокат ёллаб, шунинг воситаси ила юрутулса, яна енгилроқ бўлур. Жамиятға рухсат берилғондан сўнгра, аввало, масъуллар йиғилишиб, ўз оралариндан бир садрнишин, бир саркотиб ва бир хазиначи сайларлар. Қолғонлари идора аъзоси ҳисоб ўлинурлар. Бу кундан эътиборан жамиятнинг ҳақиқий хизмати бошланур. Пул топмак, аъзо кўпайтирмак ва қонун доирасида жамият воситасила манфаати умумияға хизмат қилмак каби улуғ ҳиммат, ғайрат ва фидокорликларға навбат келур. Фақат иш бу даражаға етганда, муассис ёнина бир неча ўзлари каби фидокор миллат ходимлари тўпланғон бўлиб, мақсудларина оҳиста-оҳиста етуша бошлайлар. Ишда миллий бир жамиятни вужудға чиқармак учун керак ўлан йўл, тартиб ва тадбирлар шундан иборатдур.

Кўшеш бадасту по ё ин аз асар навмид нест, Ин зори дом охир мекашад нахжирро[1].

«Садойи Туркистон» 1914 йил, 14 июн