loader

Мунавварқори Абдурашидхонов. Туркистонда вақф ишлари (1922)

Туркистонда ҳозирғача маълум бир йўлга қўйилмаган чатоқ ишлардан бири вақф ишларидир. Инқилобдан бери вақф ишлари учун юзларча комиссиялар тузилди. Турлук лойиҳалар ясалди. Лекин кутилган бир натижа чиқмади.



Кейинги вақтларда вақфларни халқ қўлига бериш сиёсати майдонга чиқди. Бунинг учун ТуркЦИК томонидан бир лойиҳа тузилиб, қози ва мударрис қурултойидан ҳам ўтказилди. Самарқанд, Фарғона областларида вақф шўролари тузилиб, ишга ҳам киришди. Сирдарё областида ҳам мундан бир ой муқаддам турлук ташкилотлар тарафидан вақф шўроси учун вакиллар сайланиб тегишлик ўртоқларга топширилди. Эски шаҳар ижроқўмида сайлов қарорномалари ойлаб ётгандан сўнгра тасдиқ қилинуб, музофот ижроқўмига топширганлиги эшитиладир. Ҳар ҳолда у ерда ҳам ёта-ёта зерикгач, ундан ҳам тасдиқ қилинуб, Сирдарёмизда ҳам вақф шўроси ишга киришса керак.



Вақф шўролари ишга киришган билангина кутилган натижа чиқарми, йўқми? Унисини келгуси кўрсатур. Ёлғуз ҳозиргача вақф ишларини бу тариқа чатоқ ҳолда қолдириб келган кўп сабабларнинг энг каттаси вақфларни сарф ва бошқариш тўғрисидаги фикрларнинг турликлигидир. Бир-бирига тамом тескари бўлган бу фикрлар бирлашмаган тақдирда вақф ишлари тағин чуволур. Ҳар ким ҳар томонга қараб тортар, уришилур, сўкишилур, натижада такрор вақфларнинг тоғ каби мадрасалар бино қилишдан ва улардаги ўқувчи ва ўқитувчиларнинг таъминоти учун қолдирган миллионларча вақфларидан кутган мақсад-муқаддаслари шу чоқғача бўлиб келганидек поймол бўлур. Бунчалик вақфлар, бунчалик мадрасалардан халқнинг маориф ва маданияти номига фойдаланиш мумкин бўлмас.



Бошқа мутараққий ислом мамлакатларида кўпдан буни тушуниб, бу тўғридаги ихтилофи афкорни орадан кўтарганлар, вақф ишларини маълум бир йўлға қўйиб, маориф бюджетининг буюк бир қисмини вақфдан керагича истифода қилмоқ, вақфларнинг руҳларини шодлантирмоқ бўлсак, аввало бу тўғридаги ихтилофларни бир ёғлиқ қилиб, фикрларни бирлаштиришимиз керакдир. Вақф ишлари тўғрисида инқилобдан бери бошлуча тўрт фикр роль ўйнаб келди:



1-ҳасадчилар, 2-тафритчилар, 3-ифротчилар, 4-мўътадиллар фикри.



Ҳасадчилар кимлар? Маълумки, Туркистон вақфлари мусулмонлар тарафидан дин, маориф ва маданиятлари учун тахсис этилуб, қолдирилғон хос ва холис сармояъи миллияларидир. Бошқа миллатлар қаторида умумий маориф-сармоясидан фойдаланиш устига ўзларининг ушбу миллий сармояларини ҳам яхши бир йўлга қўя олмаслар, эҳтимолки, тез кўтарилиб (тараққий қилиб) ўзларини мустамлакачилар қуллиғидан қутқарсалар. Ерлик халқнинг доимо жаҳолатда қолуб, қул бўлиб туришларини истаган мустам-лакачилар, албатта, буни кўролмайдурлар. Ҳасад қилурлар. Шунинг учун қайси йўл билан бўлса-бўлсун вақфларни ё бутунлай хазинага олмоқ ва ё ҳеч бир яхши йўлға киришга йўл бермасдан, ҳамиша чатоқ бир ҳолда қолдириш ҳаракатида бўлурлар.



Вақф ишлари дуруст йўлға кира бошладими, дарров бир чатоқ чиқориб, ишни бузадилар. Бу жиноятни тўғридан-тўғри ўзлари қилмасдан, ерликлардан бир неча алданган ёки сотилган кишилар топиб, улар воситаси билан ишлайдилар-да, лабларини ялаб, «ерлик ишчиларнинг ўзлари шундай истайдирлар», деб кўзларини лўқ қилиб қараб тура берадирлар, жуда бўлмаган тақдирда отини «Шарқ сиёсати» қўйиб, вақфларни подшоҳ замонасининг бутун муллоларни ўз ихтиёрларига қолдириш фикрини қувватлайдирлар. Бундан мақсадлари эса бир оз вақт шундай қолдириб, замони келганда: «Қачонгача муллолар вақфни ўринсиз еб ётадирлар, буни хазинага олмоқ керак», деган бир фикрни қувватлаб ўткаришдир.



Мана бу фирқани биз ҳасадчилар, мустамлакачилар, деб таъбир этамиз. Инқилобдан бери вақф ишлари шул фирқанинг ҳабис фикрларига қурбон бўлиб келди. Кейинги, ТуркЦИК лойиҳаси ила шояд бу фирқанинг фикрига эҳтимом берилган бўлур, деб умидланамиз.



Тафритчилар кимлар? XIX асрнинг бошларидан то Русия инқилобигача бўлган бир муддатда Туркистон мадрасаларининг тарихини ва бундан бўлган таълим-тадрис йўлларини, вақфларда бўлган суиистеъмолларини ва етиш-тирган шогирдларини бир даража назардан кечирилса, кўнглида андак миллий ва диний ҳис бўлган ҳар кишининг кўзидан беихтиёр ёш оқадир. Бу хусусда ҳозиргача кўп ёзилди, сўзланди, такрор тафсиллаб ўлтирмакни лузуми йўқ, фақат шунигина айтиш мумкинки, сўнг асрларда кўп мадрасаларимиз диний ва дунёвий уламолардан тамом тозаланиб, холис илмсизлар еткузатурган бир танбалхона ҳолига келган эди. Ўтганда Буали, Форобий, Тафтазоний каби ҳакимлар ва олимлар етишдирган Туркистон мадрасалари кейинги кунларда тузукроқбир мударрис ёхуд имом ҳам етиштира олмайтурган бир ҳолга тушган эди. Ҳозирда мавжуд баъзи дурустроқ мударрис ва имомларимиз эрса мадрасаларнинг тартиблилиги соясида эмас, мадрасаларнинг тартиб ва қонуний хорижда ўзларининг қилғон хусусий ташаббус ва ғайратлари орқасидагина фавқулодда заколари соясидагина етишгандирлар.



Вақф тўғрисида шундай бир фикр борки, вақфларни илгаридек ҳар бир мадрасанинг ўзига бериб ва ҳар бир мадрасага икки-уч мударрис белгилаб, уларнинг шогирдлари бўлсун-бўлмасун, мадраса вақфини боҳузур еб ётишларига пул берилсун эмиш. Шундай бўлғон тақдирда тадрижан шогирд ҳам йиғилар эмиш ҳамда вақфнинг шартига ва шароитига мувофиқбўлар эмиш, қисқаси, Николай замонида мадрасалар ва вақфлар қандай идора қилинган бўлса ва нималар ўқитилган бўлса, ҳозирда ҳам шундай бўлсун эмиш[1]. Ислоҳ-мислоҳдан ҳеч бир оғиз очилмасун эмиш.



Бу фикрнинг бошида турувчилар ҳар кимга маълум, биз буларни тафритчилар ва инфишочилар, замондан хабарсиз, халқни қоронғуда қолдирғувчилар, деймиз.



Ҳасадчилар ила тафритчилар баъзи моддаларда бирлашиб ҳам кетарлар. Фақат ҳасадчилар билиб ва тафритчилар алданиб бирлашурлар.



Ифротчилар кимлар? Ҳасадчиларнинг сиёсати ҳабисасига тушунган ва тафритчиларнинг жаҳолат ва таассубидан куйганлардан бир фикр келиб чиқодурки, булар «Қўй, бу мадрасаларингдан ва бу муллоларингдан ҳеч бир умид йўқ. Модомики, вақфлар ўз ихтиёримизга берилди, халқ назарига бир неча мадрасаларни лиқиллатиб қўяйлик-да, вақф бадаллари ила бир неча ибтидоий мактабларни тарбия қилойлик. Бизнинг ҳаётимиз ва нажотимиз шул мактабларға боғликдир, эскини ҳар қанча ямасанг-да, эски, эскини ямаб овора бўлуб ўтиргандан кўра, бутун ташлаб, янгисининг ҳаракатида бўлган яхши, дейдирлар. Биз буларни ифротчилар, узоқни кўра олмағучилар, янги қилиб бераман деб уҳдасидан чиқолмай, халқни эскидан ҳам маҳрум этиб, яланғоч қолдирувчилар, деб таъбир этамиз. Мўътадиллар кимлар? Бу ҳақда келар сонда[2].



«Ҳақиқат» журнали, 1922 йил, 2-сон



[1] Чор қироат деган эски юнон мантиқини ва унинг ҳошияларини уқуб кун кечириш бўлмаса керак. Идора.



[2] «Ҳақиқат» журналининг бошқа сонлари чиқмагани учун ушбу мақоланинг давоми босилмаган. (С. А.)