loader

Маҳмудхўжа Беҳбудий. Оҳ, бонкалар бизни барбод этди (1914)

ОҲ, БОНКАЛАР БИЗНИ БАРБОД ЭТДИ



— Шундайми?



— Албатта йўқ.



— Бас, нима бизни барбод этди?



— Нозоалла, ҳисобсизлик. Тўғри, ақл ва тарбиясизлик бизни барбод этди. Айб бонкада йўқ, бизда. Чунки бошқа миллатлар бонкалар сабаби ила обод бўлур. Давлати ва мулки ортур. Аммо биз, зоҳиран бонкалар сабаби ила барбод ва фақир бўлармиз. Аввалги бор мулкимиз қўлдан кетарки, мунинг асл сабаби бонка эмас, ўзимизни тарбиясизлигимиз ва донишсизлигимиз ва беҳисоблигимиз ҳамда нафъ ва зараримизни билмаганимиз, тижорат иши ва аҳли замонадан бехабарлигимиздан, хулоса, жаҳолат ва нодонлигимиздандур.



Бонка сабаби ила яҳудий, армани ва бошқалар давлатлик бўлур. Биз бўлса, болакс давлатимиздан, мулк ва обрўйимиздан айрилармиз. Чунончи, қўлдаги бор нимарсамизни тўй ва азоға, беҳуда одатларға сарф этармиз. Кўрпамизга қараб оёқ узатмаймиз. Қарз ила иморат, тўй, фисқ ва бойлик қилармиз. Исроф қилармиз. Охири «Хаср ад-дунё ва-л охира»[1] бўлурмиз. Бу сабаб ила фақирлик даражасинда тушуб, сўнгра бонкадан Додхоҳлик қилармиз. Бир карра диққат қилинсун, бир яҳудий, бир ўрус, бир армани ҳеч вақт тўй деган балоға беш минг сўм, ҳатто, бир-икки минг сўм сарф қилгани эшитилмайдур. Биз бўлса, йигирма минг сўмлаб сарф этармиз. Қошки бу пул ўзимизники бўлса эдики, ялғуз исроф гуноҳи ила қутулардук. Йўқ, балки биз ҳақ-ул-абд[2]дан қўрқатургон мусулмонлар бошқалар оқчасини барбод этиб, охиратға қарзи дунёға кулфат ортдурармиз. Мундан номаъқул ҳаракот, албатта, шаръан ва ақлан гуноҳи азимдур, девоналикдур.



Ҳўқанддан жаноб М. Д. Р. М. афанди ёзадурларки, бонкадан фойдалик оқча олмоқ дурустми? Ва биз, мусулмонлар нима учун бонкадан пул олиб синармиз? Аввалги савол учун жавоб берармизки, шаръан бонкадан пул қарз олмоқ тўғрисинда мўътабар «Шўро» мажалласинда тафсили илан кўб ёзилди. Хоҳласангиз «Шўро»дан ўқуб огоҳ бўларсиз ва ул сиз учун ҳозиржавобдур. 2-саволға қисқалик ила шуни ёзармиз: масалан, Абдуллабой баззозни ўзидан беш минг сўм сармояси бор. Дўконидан 500 сўмлик молни олти ой ваъда ила нася сотди. Албатта, бу сотилган молға ақлан 50 сўм фойда қўюб эдики, юз-да ўн юзасидан бўлур. Энди дўкондаги мол оз эди, яна мол олмоқ учун оқча йўқ. Қантурдан нася олса, аввалда нақдаға нисбатан 7—8 ҳисса қиммат қилиб берур, Масалан, 400 сўмлик молни олти ойға 470 сўм, балки зиёда қилиб берар ҳамда яхши молға ямонни қўшар, агарда Абдуллабой баззоз бонкаға сотган моли учун олган векселини қўйса, олти ойға бонка 500 сўм нақд бериб, фақат 15 ё 20 сўмгина фойда сахлайдурки, бизни баззозимиз ушбу пулға 4—5 кантурдан чеккасиға чертиб, сийлаб молни арзон нархга олур. Ана бонка ҳикмати ва кераклиги шундан иборатдур ва ҳам шундай ўлчав ила муомала қилинса, ҳар ким бонкадан фойда кўрар. Йўқ, бонка уни учун эмаски, бир пулсиз дўкон ўлтуруб ва бонка пулини нася қилиб, тўй ва зиёфат ва иморат ва шароратға, кўбкари ва азоға сарф қилиб ё бонкадан қарз олиб, ҳаж бориб, дунёға баобрў ва охиратға қарз юклаб кетмоқ учун эмасдур.



Муҳтарам М. Д. Р. М. афанди! Мундан бошқа яна синмоқимизға сабаб тарийқи тижоратни, молни олиш ва сотиш жойини билмаганимиз, пахта ва бошқа ғалла тўғрисинда Амриқо, Африқо ва Оврупо бозор ва зироатларини ҳолидан, бўлган ва бўлмаганидан бехабарлигимиздур. Бизни тожирлар аксарият ила ҳеч жойдан бехабар «таваккал» деб иш қиладурларки, ташаббуссиз таваккал ила иш қилмоқни шаръан манҳийлигидан бехабарлигимиз боисдур. Энг охирги сабаб синмоқимизға шулки, тижорат майдонинда нодонлигимиздан бошқалар тарафидан алданармиз. Хулоса, бизлар коммерсант, яъни тожири замоний эмас, балки бизларға деҳқонлик лозим. Аммо маатаассуф унга ҳам илми басират ва ҳисоб лозимки, бизға шу илми замоний йўқ, бинобарин келаримиз ниҳоят қоронғудур. Мулкларимиз аксари қўлдан кетар ва қора меҳнаткаш бўлуб қолурмиз. Аллоҳ басират берсун. Шайх Саъдий деюр: «... мадоҳили ўн саккиз ва махорижи йигирмалик киши ҳолиға йиғламоқ керак. Кундуз чироғ ёққан аблаҳнинг оқшом қоронғуда ўлтурганини яқинда кўрарсан».



«Ойна» журнали, 1914 йил, 19-сон, 342—344-бетлар.







[1] Дунё ва охиратни барбод этиш.



[2] Киши ҳақи.