Қадимдан Дашти қипчоқнинг шарқий қисмида, хусусан Ғарбий Қозоғистон, Тобольск, Тура ва Тюменда кўчиб юрган турк-мўғул қабилалари: арлот, баҳрин, буркут, дўрмон, ийжон, хитой, қорлуқ, можор, қипчоқ, қиёт, қўнғирот, манғит, найман, нукуз, танғут, қушчи, туман минг ва бошқа қабилалар XIII аср охири ва XIV—XVI асрларда яшаб нжод этган Шарқ тарихчилари томонидан умумий бир ном билан «ўзбек» деб аталган. Ҳамдуллоҳ Муставфийи Казвиний (1281 —1350) нинг «Тарихи тузида» («Танланган тарих») асарида Олтин Ўрда хони Ўзбекхонга тобе ерлар ва халқлар ҳақида фикр юритилади ва бу қабилалар «ўзбекиён» («ўзбеклар»), улар кўчиб юрган ерлар, яъни Шарқий Дашти қипчоқ эса «мамлакати ўзбек» («ўзбек мамлакати») деб аталган. «Ўзбек» атамаси қабилалар уюшмаси ва шу қабилаларга қарашли ерларнинг номи сифатида Ўзбекхонга қадар ҳам қўлланилган. Масалан, Мирзо Улуғбек ўзининг «Тарихи арбаъ улус» («Тўрт улус тарихи») номли тарихий асарида Узбекхоннинг ҳокимият тепасига келиши зикрида «узбек улуси унга берилди» деб ёзади. Амир Темурнинг замондоши тарихчи олим Низомуддин Шомийнинг «Зафарнома» китобида Оқ Ўрда хони Урусхон «ўзбек подшоси» дейилган. Араб тарихчиси ал-Калкошандий (1418 йилда вафот этган) Олтин Ўрда хони Тўхтамишни «ўзбек мамлакатининг подшоси» деб атайди. Ғиёсиддин Хондамир яна ҳам аниқроқ маълумот келтирган: у Тўхтамиш хоннинг қўшинини у«сипоҳи ўзбек» («узбек қўшини») деб номлайди. Хондамирнинг бу сўзларини султон Муъинуддин Натанзий ва Абдураззоқ Самарқандийлар ҳам тасдиқлайдилар. Улар Тўхтамишдан кейин Олтин Ўрдада хон бўлган Темир Қутлуғ, Шодибек, Пўлодхон, Улуғ Муҳаммадхонни «Дашти қипчоқ ва узбек вилоятининг ҳукмдори» деб атагамлар. Жувайний (1226—1283), Рашидиддин ва улардан бирмунча вақт кейин ўтган тарихнавислар: Масъуд ибн Усмон Кўҳистоний, Камолуддин Биноий, Рузбеҳон, «Таворихи гузида, нусратнома» китобининг номаълум муаллифи (XVI аср боши) ва Маҳмуд ибн Валилар Дашти қипчоқ ўзбеклари ва улар кўчиб юрган ерлар, уларнинг ўзаро муносабатлари ҳақида жуда кўп маълумотлар ёзиб қолдирганлар. Шайбонийхоннинг замондоши Рузбеҳоининг «Меҳмонномайи Бухоро» китобида ҳам муҳим маьлумоглзр учрайди. У Дашти қипчоқ ўзбеклари уч тоифадан: Шайбонийлар (Шайбон улусида кўчиб юрган ўзбеклар), қозоқлар ва манғитлардан ташкил топганлигини айтади.
Шайбон улуси, ишончли манбаларнинг маълумотларига кура, 1238 йили ташкил топтан ва Урал тоғининг жанубий этакларидан то Тобол ва Сарисув дарёлари соҳилларигача бўлган ерларни ўз ичига олган. Унинг жанубий ҳудуди Орол денгизининг шимолий соҳили, шимолий чегараси эса Чинги Турада (Тюмень) бўлган.
Манғит улуси эса Эмба билан Ейиқ дарёлари оралиғидагя ерларни ўз ичига олган. Манғитлар XV асрнинг 30-йилларида кўчманчи ўзбеклар давлатининг асосчиси шайбоний Абулхайрхонга бўйсунганлар.
Дашти қипчоқ ўзбеклари асосан чорвачилик билан машғул бўлганлар, воҳаларда қисман зироатчилик билан ҳам шуғулланганлар. Ҳайвон терисидан турли буюмлар тикканлар. Дашти қипчоқ ўзбеклари фақат Ўзбекхон замонида ислом динини қабул қилганлар, лекин уларнинг урф-одатларида маъжусийлик (зороастризм)нинг айрим аломатлари («яда тоши»нинг кароматларига ишониш, Қуёшга сиғиниш ва ҳоказо) сақланиб қолган. Дашти қипчоқ ўзбекларининг фаолиятида талончилик урушлари муҳим ўрин эгаллаган. Улар Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистонинг бир неча халқнинг таркибига ҳам кирган.
Бўривой Аҳмедов