«Жомеъ ут-таворих» («Солномалар мажмуаси») қомусий олим Рашидиддин Фазлуллоҳ ибн Имомуддавла Абулхайр томонидан 1302—1311 йилларда ёзилган. Уч қисмдан иборат. Биринчи қисми («Тарихи Ғозоний»)да турк-мўғул халқларининг Чингизхонгача бўлган тарихи, Чингизхон тузган йирик феодал давлат, Чингизхоннинг юришлари, унга қарам бўлган мамлакатлар тарихи, XII—XIII асрларда Шимоли-Шарқий Осиёда кўчиб юрган турк ва мўғул қабилаларининг келиб чиқиши ва уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда тутган ўрни кенг шарҳланиб, Ғозонхон (1295—1304) ўтказган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар батафсил ёритилган. Асарнинг иккинчи қисми Султон Улжойтухон (1304—1317) нинг топшириғи билан элхонийлар саройида истиқомат қилиб турган чет эллик олимлар (кашмирлик бахши Қамалашри, хитойлик олим Ли Да-чжи, франциялик бир монах, иккита форс олими ва ҳ. к.) иштирокида ёзилган. Асарда мўғул истилосига қадар мусулмон оламининг тарихи, шунингдек яҳудийлар, Оврупо, Византия, Рим, Хитой ва Ҳиндистон тарихи баён этилган. Учинчи қисм жўғрофий асар бўлиб, «Етти иқлим», яъни оламнинг инсон истиқомат қилиб турган тўртдан бир қисми тавсифига бағишланган. Бу қисм бизгача етиб келмаган.
Рашидиддиннинг «Жомеъ ут-таворих» асари Шарқ ва Ғарб олимларининг эътиборини кўидан бери жалб этиб келяпти. XV асрда Эроннинг йирик тарихчиларидан бири «Жомеъ ут-таворих»нииг давомини ёзиб, Эрон тарихини 1371 йилгача давом эттирган. Ҳофизи Абрунинг бу асари «Зайли жомеъ ут-таворих» («Жомеъ ут-таворих»га қўшимча») номи билан машҳур.
Асар 1937—1938 йиллари проф. Хонбобо Баёний томонидаи Теҳронда нашр этилган. Асарнинг биринчи қисми, яъни «Тарихи Ғозоний» француз шарқшунос олимлари М. Қатрмер (1816) Э. Блоше (1911) ва чех олими К. Ян (1941) томонидан чоп этилган. Рус шарқшуноси И. Н. Берёзин «Тарихи Ғозоиий»ни изчил ўрганди ва унинг форсча матни билан русча таржимасини нашр эттирди (1858, 1868, 1888). «Жомеъ ут-таворих» рус шарқшунос олимларидан А. А. Ромаскевич, Е. Э. Бертельс, Л. А. Хе-тагуров, А. А. Алнзода, А. К. Арендслар тарафидан, русча изоҳи билан 1968 йилда Москвада нашр қилинди.