loader

Абдурауф Фитрат. Ёпишмаган гажжаклар (1919)

(Ўртоқ Бойбўлатовга очиқ хат)[1]



Дўстим, ойлар, йиллар тиришиб, бир асар чиқарған муҳаррир[2] дўстларнинг шу асар ҳақидағи муҳокамаларини тинглашдан, асарнинг камчиликларини ўрганишдан, албатта, мамнун бўлади.



Менинг «Ўзбек адабиёти намуналари» аталған арзимас бир асарим[3] ҳақинда фикрингизни билдирмаслик учун анча уриниб, 3-сон газетни тўлдирганингизни кўриб мамнун бўлдим[4], ўқиб ҳам чиқдим. Ҳамма гапдан бурун Сизга ташаккуримни билдираман. Лекин бахтга қарши мақолангизни шунчалар кенгайтиргансизким, кенглиги асл мақсаднинг йўқолишиға сабаб бўлған. Бизда болалар орасида «Кўзим кўрмайдир» деган бир ўйун бор: Бир бола кўзини қаттиқ боғлағандан кейин қўлиға узун бир таёқ олиб, ўртада туради. Бошқалар унинг оёғини олмоқ учун атрофдан ҳужум қиладилар. Таёқли бола таёғини кўтариб «кўзим кўрмайдир» деб, тез-тез айланаберадир, таёқ кимга тўғри келса, шунга тегадир. Мақолани ёзғанда сизнинг қаламингиз ҳам шул кўзи кўрмас боланинг таёғига ўхшаған: айланған, айланған, кимга тўғри келса, шунга теккан, орада менинг китобим унутилган, жуда оз ўрин олған.



Ҳар ҳолда мақолангиз кўбрак менинг шахсимга қаратилғани муносабати билан жавоб тарзида эмас, дардлашув шаклида бир нарса ёзаман. Менинг асаримни бошлаб тартибиға эътироз қилғанингиз кўриладир. Адабиёт тарихимизни қоплови[5] «Феўдализм», «Савдо сармояси» каби даврларға ажратишимға қарши каби кўринасиз. Лекин ўз фикрингизни, яъни қандай тақсим қилиш лозимлигини ёзмағансиз. Адабиёт мутахассиси ёки адабиёт тарихи билан машғул бир одам бўлса эдингиз, шу баҳона билан сизга «ёпишмоқ» мумкин эди. Лекин мен биламанким, сиз адабиёт тарихининг одами эмассиз, мақолангиз эса тасодифий бир ҳодисадир. Шунинг учун бу тўғрида маъзур кўраман сизни. Лекин шуни айтиб ўтаманким, адабиёт тарихини тақсим қилишда марксизм усулининг талаб қилғани йўл менинг тақсимимдир. Бу тақсимни ўзбек адабиёти тарихиға тадбиқ қилишнинг ўзи катта ҳам янги бир иш. Бунинг ҳудудини тайин қилишда баъзи янглишларнинг бўлуви мумкин. Лекин уларни кўрсатиб, исбот қилиб, сўнгра тил текириш[6] керак эди. Сиз мақолангизда бу томонға яқинлашған даврларни бир-биридан ажратған хусусиятларнинг йўқлиғидан шикоят қилғансиз, лекин сиз ҳар даврнинг намуналарини ўқидингизми? Масалан: «Савдо сармояси» даври билан «Феўдализм» даврининг намуналари орасидағи Шаклда ва мазмундағи айирмаларни кўра олдингизми? Ёки кўриб, қаноатланмадингизми? Қаноатланмаган бўлсангиз сиз бу даврларни бир-биридан ажратган қандай хусусиятлар истайсиз (ки намуналари бўлмасин). Масъаланинг бу томонларидан (яъни энг муҳим ва фойдалиқ томонларидан) мақолангиз сукут қиладир. Ҳолбуки, шу томонларни очиқ кўрсатганингиздагина менинг китобимнинг камчиликларини кўрсатган ва менга бир нарса ўргатган бўлур эдингиз. Буни ҳам сизнинг адабиёт тарихининг одами бўлмасдан тасодифан майдонға чиқғанинғизга бағишлайман. Мақолангизда чиғатой адабиёти ва унинг пролетар адабиётига асос бўлиши тўғриларида кўбрак туриб, бор кучингиз билан ҳужум қиласиз. Фитрат сўз бошида «Чиғатой адабиёти пролетариат адабиётиға асос бўладир деган» деб, қоравул қичқирасиз, ҳатто менинг бош сўзимда ўзингизга ёрдам қилгудек кўринган бир-икки жумла ҳам келтирасиз. Чиғатой адабиётининг пролетар адабиётиға асос бўлишини даъво қилмоқ нари турсин, бош сўзимда чиғатой адабиётини мафкура ёғидан ярамағанини сўйлаганман. Менинг «намуналар»им босилмаса эди, сиздан бошқа ҳеч кимнинг қўлида унинг нусхалари бўлмаса эди, бош сўзимдан кўчирганингиз бир-икки жумланинг балки сизга фойдаси бўлур эди. Нима чораки, китоб Ўзбекистонда босилиб тарқалған. Сизнинг мақолангизни ўқуған ҳар ким менинг бош сўзумни ҳам ўқуй оладир. Ўқуғач, сизнинг менга туҳмат қилиб турганингизни ҳам онглайдир. Мен сўз бошимдағи ибораларнинг масъалаға дахлдорлиқ қисмини тамоман кўчираман, янгидан ўқишингизни ва эътирозингизни шунга таяндириб, янгидан майдонға чиқишингизни талаб қиламан: «Биз ўзбекларнинг ва, умуман, Ўрта Осиё туркларининг тарихига оид арабий, форсий, туркий тилларда бир кўб асарлар ёзилған. Бироқ бу асарлар бизнинг сиёсий ҳаракатларимизни тор бир рамкада кўрсатмакдан бошқа ишга оз ярамакдадир. Халқимизнинг, ўлкамизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳоллариға оид хабарларни бу асарлардан истаб топиш жуда қийиндир, баъзан мумкин ҳам бўлмайдир, чунки йўқдир. Адабий тарихимизни текшириш эса, мана шу камчиликларни тўлдиришга катта ёрдам қиладир. Феўдалларнинг, умуман, ҳоким синфнинг омма билан муносибатларини, оммаға қарашларини, зиёлиларнинг, шоирларнинг ҳоким синфга муносибатларини, ҳоким синф фойдасиға қараб оммани қандай овутғанларини, олдағанларини, ҳоким синфнинг кайф-сафони (Бобирча, «айш ва фисқи») қайси даражаларға чиқарғанларини ёлғиз адабиёт тарихимизда кўришимиз мумкиндир.



Бундан бошқа, тарихий санъаткорларимизни текшириш, уларнинг тажрибаларидан қўрмоқ истаганимиз пролетар адабиёти учун фойдаланиш ҳам кераксиз бир ҳаракат бўлмайдир. Мана шу қисқағина изоҳот бу китобни қандай тилак билан тартиб қилғанимизни билдирған бўлса керак.



Мана шу сўз бошимда менинг томонимдан айтилган гаплар. Мана шу гапларга эътирозингиз бўлса, айтишга ҳақлисиз. Йўқса, менинг сўзларимни бош-оёғини кесиб ташлаб, ўз мақсадингизга яроқлиқ бир ҳолға киргизиб, сўнгра эътироз қилишингиз илмий бир ҳаракат саналмайдир.



Китобимнинг 3-бўлимиға «Савдо сармояси» даври исмини берғанимдан ҳам рози бўлмайсиз, шу истилоҳотнинг охирида каттакон бир ? (сўроқ) аломати қўясиз. Биз темурийлар даврини «савдо буржуазияси» даври деймиз. Темурийларнинг жаҳонгирлиги(ни) Ўрта Осиё савдо сармоясининг тараққийси билан изоҳ қилмоқчи бўламиз. Бунинг учун қўлимизда етарлик материаллар бор. Сиз шунга рози эмаслигингизни чиройли бир савол аломати билан ифода қиласиз, бу даврни нима деб атамоқ тўғрисида фикрингизни билдирмайсиз. Сиз шуни унутасизки, савол аломати қанча чиройли бўлса бўлсин, илм учун бир нарса бермайдир. Бизнинг фикримизга қарши экансиз, фикрингизни билдиринг. Айтинг-чи, темурийлар даврига қандай исм берасиз?



Бундан сўнг мақолангизда менинг таржимайи ҳолимни текширишга киришасиз. Менинг бир вақтлар мутасаввиф, панисломист, пантуркист бўлғанимни турли далиллар билан исбот қилмоқчи бўласиз. Пилонингиз яхши. Мақтанарлиқ пилон, агар сиз менинг «Намуналар»имни бурунги панисломистлигимнинг, пантуркистлигимнинг давоми эканини, бу асарим билан мазкур фикрларнинг биттасини ўзбек оммасига тақдим қилғанимни исбот қила олса эдингиз, ишингиз кўб муваффақиятли чиқар эди. Лекин буни қила олмағансиз. Бу кун бир кўб кишиларнинг мозийлари ҳақида гапириш мумкин. Лекин, бу гапиришгина етарли эмас. Уларнинг мозийлари билан бугунги ишлари орасидаги муносибат ва алоқани кашф этиш керак!



8—, 10— йилларда (яъни, 18—20 йил бурун) ёзилған асарларимдан шоҳидлар келтирасиз. Азизим, менинг қўлимға қалам тутиб, асар ёзғанимга йигирма йил тўлғанини ўзингиз ҳам эътироф қиласиз. Бу йигирма йил орасида мен ўзбекча, тожикча юз ўн печатний листлик асар ёздим (мақолалар ҳисоб эмас). Буларнинг ҳаммасини Шўро ҳукуматиға, пролетариат мафкурасига ярарлиқ асарлар эканини ҳеч даъво қилмадим ва қилмайман-да. Ишнинг бу томонини онгламоқ учун таржимайи ҳолимни ўзимдан тингланг.



Мен Осиёнинг энг қора диний марказларидан ва қора бир усули идораға тобеъ бўлған Бухорода 1884 йилда туғилдим[7]. Биринчи тарбияни эски усулдаги диний бир мактабдан олдим. Мактабдан чиқғач, диний бир мадрасага кириб олдим, намоз ўқидим, мутаассиб бир мусулмон эдим. Ҳатто Бухорода янги бошланған жадидлар ҳаракатиға қаршилиқ ҳам қилдим. Сўнгралари жадидлар ҳаракатиға оралашдим. У замондағи зеҳнияхнинг таъсири эски жадидларнинг ташвиқ ва ёрдами билан Туркияга таҳсил учун бордим. Мана шу вақтларда мен диний реформа тарафдори эдим: динни фан билан келиштириш, фанға тўғри келмайтурган хурофот қисмини диндан чиқариш, динни тозалаш хаёллариға ишонған эдим. Воқеан эса, панисломизм ғоясининг чуруган бир хаёл эканин кун сайин оча бордим. Панисломизмнинг бўлмағур хаёл эканини онглағач, пантуркизм хаёлиға берилдим. Бу вақтларда ёзғаним асарларда диний реформистик фикрлар кўрилиб турадир. Сиз эса, мазкур асарлардан менинг мутасаввиф эканимни чиқарасиз. Тасаввуф билан озғина таниш бўлса эдингиз, у китобларда мазкур маслакнинг асарини кўра олмағанингизни ўзингиз онглар эдингиз.



Мен ҳеч бир вақт тасаввуфга мансуб бўлмадим. Лекин адабиёт тарихини текширучи бир муаллим бўлғаним сифати билан тасаввуфни жуда кўб текширдим. Бу кун тасаввуфнинг ҳар томонини, энг қоронғу сирларини биламан. Ҳатто, шу кунларда «Ўрта Осиёда тасаввуф тарихи» исмли бир китоб[8] вужудга келтирмак учун тиришмакдаман. Тасаввуфнинг қандай заҳарли, қандай зарарли бир маслак эканини ҳар кимдан ҳам яхши билиб олғанман. Лекин ҳеч вақт мутасаввиф бўлмаганман.



Сўнгралари ҳаёт мени пантуркизмда қотиб қолишда қўймади. Мен ўзбек миллатчисига айландим. 17—18-йилларда Ўрта Осиёда пантуркизм ҳаракати кенгаймоқда эди, айниқса, Тошкентда пантуркизм фикри билан суғорилган турли тўдалар ташкил бўлди.



Турк тилларини, турк адабиётини бирлаштириш шиори остида «иш» кўрилди. Мактабларда усмонли адабиёти она тили дарслари ўрнида қабул қилинди. Мана шу ҳаракатга қарши ўзбек тили, ўзбек адабиёти шиорлари остида «Чиғатой гурунги» ташкил қилинди. «Чиғатой гурунги» ўзбек миллатчилиги: ўзбек тили, ўзбек адабиёти шиорлари остида пантуркист тўдаларга ва шунга берилған ўнг жадидларга қарши курашди. Сиз «Чиғатой гурунги» пантуркист эди» деб қичқирасиз. Айниқса, шу кунларда «Чиғатой гурунги»ни пантуркист дейиш мўда ҳолиға кириб борадир. Ҳолбуки, «Чиғатой гурунги» ўз замонида пантуркизм, панисломизм ҳаракатлариға қарши курашмоқда эди. Сизга иккита факт кўрсатай: бутун мактабларимизда «Умумий турк тили, умумий турк адабиёти» шиорлари ҳукм сурганда «Чиғатой гурунги» ўзбек тили, ўзбек адабиётини ўргатиш учун Ҳадрада пулсиз дарс беришни эълон қилди. Муаллимликка мен, Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон тайин этилдик. Дарсга бир кўб муаллимлар давом этмакчи бўлиб келдилар. У вақтларда Тошкент маориф шўъбасида пантуркистларнингтўдачилик ёрдамчилари ҳукм сурар эди. Мана шулар бир дарсдан кейин бизни қувдилар, талабаларни тарқатдилар.



Бир кеча «Чиғатой гурунги»нинг мажлиси бўлған эди. Гурунг аъзолари томонидан ёзилган асарларни ўқиб, муҳокама қилмоқда эдик. Тошкентнинг энг катта ташкилотининг бирида турған бир ўртоқ[9] винтовка кўтариб келиб, мажлисимизга бирдан кирди. «Чиғатой гурунги»нинг мақсадини сўради. «Сиз динга қарши фикр тарқатар экансиз, Муҳаммад пайғамбарнинг меърожини инкор қилар экансиз» деб тафтишга киришди ва бизни «мундоқа йўлсиз ҳаракатлар»дан манъ қилиб кетди. Мана буларнинг ҳаммаси пантуркистларнинг иғвоси билан бўлар эди: «Мен «Чиғатой гурунги» пролетар мафкурасини ташир эди» демайман, буни даъво қилиш жинниликдир. Тузук, «Чиғатой гурунги» бевосита сиёсат билан машғул бўлмоқни истамади, ёлғиз тил, имло, адабиёт билан шуғулланди. Лекин унинг айрим аъзолари ўша вақтда сўл миллатчи эдилар. Шунинг учун айта оламизким «Чиғатой гурунги» жадидларнинг сўл қаноти бўлиб, у жадидлардан тил, имло, адабиёт ва динга қарши ҳам пантуркизм ва ўзбек миллатчилиги билан ажралар эди. Мана бу тафсилот «чиғатой гурунги»нинг кўрсатилган илмий ишларда пантуркист, панисломистларга нисбатан инқилобий йўл тутганини кўрсатади. Агар сиз «Бу илмий тўгаракнинг аъзолари ўзбек миллатчилари эдилар, шунинг учун бу тўгарак қарши қурулған бир ташкилот эди» десангиз, нон орасидан кир изламакдан бошқа бир иш қилмаған бўлурсиз. «Чиғатой гурунги» 20-йилларғача давом қилди. Бу вақтғача унинг ўз олдиға қўйған илмий юмушлари бажарилган эди. Янги имло шўро маориф комиссарлиги томонидан мактабларга киргизилган шўро ҳукумати томонидан «Ҳар миллатнинг мактаб тили ўз она тилида бўлсин» деб эълон этилган асос билан ўзбек тили таъмин этилган эди. Бир тарафдан, коммунистлар фирқасининг миллий масъалани тўғри ҳал қилмоқда бўлғани ва мустамлакачилик асосларини емиришда кескин йўл тутгани кун сайин очиқ кўрина бошлаған, ўзбек миллатчиси бўлиб туришда ҳам маъқул бир сабаб қолмаған эди. «Чиғатой гурунги» тарқалди. Унинг аъзолари битта-битта ўз хатоларини эътироф қила-қила фирқа сафига ўтдилар ва бор кучлари билан бу кунгача хизмат қилмоқдалар.



Эмди ўзимнинг дин билан муносибатим ҳаққинда сўзлашайлик. Мен юқорида айтғаним каби бир вақтлар диний реформа тарафдори эдим. Динни хурофотдан ажратиш деган хаёлга берилған эдим. Мана шу диний реформа кетидан юриш, мени динсизлиққа[10] олиб борди. Дин хурофотдан ажралса, нари томонда ҳеч бир нарса қолмағанини кўрдим. Диннинг фан билан ҳеч бир вақт келиша олмағанига ишондим ва шунинг натижасида диндан қайтдим, динга қарши фикр тарқатдим. Менинг динсизлигим ўзбеклар ва тожиклар орасида ҳаммадан бурун, ҳаммадан кўбрак машҳур бўлған. Бу нуқтани инкор қилиб бўлмайди. Динсиз, худосиз бўлған бир кишининг мутасаввиф бўла олмаслигини онгламоқ учун жуда оз бир муҳокама кучининг сизда борлиғини, рухсат берсангиз, қабул қилайлик.



Мақолангиз бир ерида мени Туркия султониға мактуб ёзиш билан айблайсиз. Мен умримда Туркия султониға мактуб ёзмадим, бу менга тамоман туҳмат! 1908 йилда ёзғаним бир асаримда Бухоро хонлигида ҳукм сурган диний таассубни ва шунга таянган идора усулини эслайсизми? У вақтда Бухорода бир калла 2 тийин эди. Ҳибс қилиш, ўлдириш, сангсор[11] қилиш кундаги одатлардан эди. У замонларда китоб ёзишнинг ўзи «кофир»лик эди. Мен шу вақтларда биринчи асаримни ёздим[12]. Бухоронинг идора усулини, таълим-тарбия усулини, бир кўб расмий идораларни танқид қилдим. Бу китоб Бухорода тарқалар эди.



Унинг ноширлари бўлған Бухоро жадидларини таҳликага туширмаслик учун амирға қаратиб бир сўз боши ёздим ва шунинг билан, гўё, танқиднинг унга эмас, маъмурлариға оид бўлғанини кўрсатдим. Бу замондағи Бухоронинг жавоби эди. Шунинг билан мени Бухоро амирининг тарафдори дейиш ҳам мумкин эмас, меним Бухоро амирига қарши ҳар вақт курашганим ва курашган ташкилотларга раҳбарлик қилғанимни билмаган йўқ.



Сўнг тўрт-беш йилда ёзғаним «Арслон», «Умар Хайём» каби асарларимни, ҳатто танқид қилғанингиз «Намуналар»дағи даврлар тақсимини шу йўл билан олиб боришга тиришдим. Мазкур ишларимда янглишлар бўлуви мумкин. Лекин буларни(нг) воқеаларини таҳлил қилганда бўлған янглишлардан ҳисоб қилиб, танқид қилиш, хато жойларни кўрсатиш керак. Ҳар бир янглиш янги янглиш деб ўйланган нуқтани, менинг йигирма йил бурунғи панисломистлигим билан изоҳ қилиш тўғри илмий бир ҳаракат бўлмайдир. Азизим, Ўрта Осиёнинг оламға маълум бир маданияти бўлған, бу маданиятнинг туркий асарлари қолған. Бу асарларнинг ҳаммасиға бирдан «ахлатлар» дейиш, сизнинг муҳокамангизнинг кирлигидан чиққан янги бир истилоҳ бўлса керак.



Мен ўзимнинг йигирма йиллик мутолаам, жуда кучсиз бўлмаған кутубхонам соясида шу йўлда ишламоқдаман. Албатта, ишларимда янглишлар бўлуви мумкин. Янглишларимни жой-жойи билан кўрсатиш керак, кўзни юмиб, оғизни очиб сўкишнинг илмий фойдаси йўқ.



Мақолангизда катта ҳарфлар билан «Маориф ва ўқитғучи» журнали Фитратнинг ношири афкори эди дейиш мумкин» деб ёзасиз. Буниси эмди уёт! «Маориф ва ўқитғучи» Рамздан бурун бор эди. Рамз замонида ҳам давом қилди. У ҳар вақт маориф комиссарлигининг ношири афқори бўлиб давом қилди. Журналнинг бутун давом муддатида мен ёзған мақоламнинг сони ўнга бормайдир. У қандай қилиб менинг ношири афкорим бўлсин?! Бироз ўйланг, Ўзбекистоннинг марказида фирқа ва шўро идораларининг кўзлари остида чиқған бир журнал уч-тўрт йил менинг ношири афкорим бўлади-ю, шуни сиздан бошқа ҳеч ким онгламайдими? Сиз бу демагўги билан кимни таҳрир қилғанингизни ўйладингизми?!



«Маориф ва ўқитғучи» журналида Яссавий ҳақида ёзғаним мақоладан сўз очасиз[13]. Мен у мақоламда Яссавийни санъат ёғидан, мафкура томонида қаттиқ танқид қилдим, унинг зарарли эканини, унинг таъсирига қарши курашмоқ кераклигини сўзладим. Ёлғиз унинг баъзи шеърлариға олданиб, унинг йўқсуллар томонида турғанин қабул қилмоқчи бўлдим. Сўнгралари эса, фикримнинг янглиш эканини онгладим. Сизга ёқмаған «Намуналар»имнинг муқаддимасида Яссавий ҳақинда бошқача фикр юргиздим. Сиз «Намуналар» ҳақинда танқид ёзмағанингиз ҳолда Яссавий ҳақинда унинг муқаддимасидағи сўзларимдан кўз юмиб, «Маориф ва ўқитғучи»даги мақоламға ёпишасиз.



Бундан кейин Чиғатой адабиётининг «мундарижаси» ва «шакли» ҳақинда фикр юргузасиз. Бошлаб Чиғатой шоири деб Навойи билан Яссавийни кўрсатасиз. Азизим, сизда чиғатой сўзига қарши қизиқ бир ҳолат пайдо бўлған, ўзингизга ёқмаған ҳар кимни чиғатой деб сўкмоқчи бўласиз, ишнинг бу қадари чегарани ошишдир. Яссавий Чиғатой шоири эмас. У Чиғатой адабиётидан бурун ўткан бир шоир. Сўнгра Навойидан намуналар олғанда менинг тартиб қилғаним ва сизнинг танқид қилғанингиз китобдан олмайсиз-да, Навойининг ўз девонидан, диний мавзудаги байтларни оласиз. Сизнинг у намуналарингизни кўрган киши менинг китобимдан олғанингизни гумон қиладир-да, менга ҳужумларингизни қисман ҳақли кўрадир. Сиз ҳам шуни истайсиз. Ҳолбуки, Навойининг динсиз бир шоир эканини мен даъво қилмадим. Унинг диний парчалари бор ҳам кўбдир. Лекин менинг «Намуналар»имдаги асарлари бу қатордағи асарлар эмас.



Навойидан олған байтларни таржима қилишингиз бир оз «вадудона» бўлған, кўби тўғри эмас. Сўнгра Навойи билан Яссавийдан берганингиз намуналарға суяниб, «Чиғатой адабиётининг шаклидан ҳам фойдаланиш мумкин эмас» дейсиз. Лекин сиз шакл билан вазнни бир-биридан ажрата олмағансиз. Шакл деб вазн билан айрим сўзларни оласиз. Ҳолбуки, шаклга ифода тарзи, мажоз, истиора ва шеърнинг бутун (поэтик) хусусиятлари кирадир.



Навойининг вазнидан фойдаланиш, албатта, мумкин. Мундан бошқа(си) Яссавийнинг вазнидир. Яссавий ва Яссавий мактаби шоирларида бармоқ вазнининг чиройлик намуналари бор, фойдаланиш мумкин. Сиз Яссавийни чиғатой шоирларининг аруз вазнида ёзғанлари ўйлаб, шу хатоларға тушгансиз. Ҳатто кўчирганингиз Навойи билан Яссавий шеърлари орасида бўлған вазн айирмасиға ҳам диққат қилмағансиз...[14]







[1] «Жалил Бойбўлатовга очиқ хат» шаклида ёзилган ушбу мақола 1919 йил «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 15—16 сентябр (215—216) сонларида эълон қилинган бўлиб, Ж. Бойбўлатов қатор чиқишларида Фитратни «пантуркизм» ва «панисломизм»да айблайди. Айниқса, Фитрат томонидан тузилган «Ўзбек адабиёти намуналари, I жилд» (1928) ва сўз боши муаллифи Отажон Ҳошим кескин танқид остига олинган эди.



[2] муҳаррир — муаллиф маъносида.



[3] Абдурауф Фитрат. Ўзбек адабиёти намуналари. 1 китоб. Самарқанд — Тошкент, 1928 йил.



[4] Фитратнинг «Ўзбек адабиёти намуналари» китоби муносабати билан «Қизил Ўзбекистон» рўзномаси саҳифаларида Ж. Бойбўлатов чиқиш қилиб, фақатгина ушбу китобни эмас, умуман, Фитрат ижодини кескин танқид қилган эди.



[5] қоплови — қамрови.



[6] текириш — текизиш.



[7] Бошқа кўпгина манбаларда Фитратнинг туғилган йили деб 1886 йил санаси кўрсатилган. Хусусан, С. Айний шундай маълумот беради: «Абдурауф Фитрат Бухорий — туғилган йили 1304 ҳижрий» (яъни милодий 1886 га тўғри келади). Қаранг: С. Айний. Намунаи адабиёти тожик. — М.: 1926, III қисм. Шунингдек, Фитрат ҳаёт пайтида эълон этилган «Катта Совет қомуси»да ҳам шу сана келтирилади. Қаранг: Фитрат Абдурауф. БСЭ, М., 1936, т.57. 6.656.



[8] «Ўрта Осиёда тасаввуф тарихи» номли китоб ёзаётгани ҳақида бир неча бор маълумот беради, бироқ бу иш охиригача етмаган. Тугалланмаган қўлёзманинг тақдири эса номаълум. Фитрат томонидан келтирилган «заҳарли», «зарарли» сўзлари унинг тасаввуфга муносабатини белгиламайди. Бу фақат давр тақозоси билан юзага келган, ноҳақ танқиддан ўзини ҳимоя қилишнинг бир йўли, холос. Фитратнинг ўзбек адабиёти тарихи ҳақидаги қатор ишлари билан танишишнинг ўзиёқ бу фикрни тасдиқлайди.



[9] Юсуф Алиев (1891 — 1946) назарда тутиляпти. Туркистон Компартиясининг арбобларидан бўлиб, ўша пайтда Туркистон Ички ишлар халқ комиссарининг ўринбосари эди.



[10] Бу ўринда динсиз сўзини атеист сўзи билан алмаштирмаслик керак. Чунки Фитрат томонидан ёзилган асарларни синчиклаб кузатганда бу нозик айирма очиқроқ кўринади.



[11] сангсор — тошбўрон қилиш.



[12] Гап «Мунозара» хусусида кетяпти. «Мунозара»нинг Истанбул нусхасида ўзига хос «Муқаддима» ва «Хотима» ёзилган бўлиб (Ҳожи Мўйин таржимасида бу тушиб қолган), унда Фитрат Бухоро амирига мурожаат этиб, мамлакатнинг қолоқ аҳволини баён қилган эди.



[13] Тилга олинган мақола «Маориф ва ўқитғучи»да босилган. Қаранг: журналнинг 1927 йил, 6—8-сонлари.



[14] Фикрнинг нотугаллигидан ва Фитрат услубидан (у деярли ҳар бир илмий ишининг бошланишида тилга олинган истилоҳга қайтади ва кўпинча, унга бўлган муносабатини такроран таъкидлаш билан асарини тугаллайди) сезиладики, «хат»нинг давоми бўлган. Буни Фитрат замондошларидан Л. Азиззода ва М. Раҳим қизи тасдиқлаган. Мақоланинг якуни таҳририят томонидан «қайчиланған» бўлиши мумкин. «Идорадан» номи остида берилган редакцион мақолачадан газетанинг ўша пайтдаги адабиётга нисбатан тутган «позиция»сини билса бўлади:



«Идорадан» — Фитратнинг бу мақоласи Чиғатой адабиёти масаласига оид бир неча муҳим пайтларини очиб беради, бироқ бу билан чиғатойизм унсурлари ва уларнинг қолдиқлари билан кураш тамом бўлмайди. Идора бу масала теварагида очган музокарани давом эттиришни лозим топади.