Сайёранинг биринчи рақамли космонавти қай тарзда ҳалокатга учради? Бу ҳодисанинг жумбоққа айланишига сабаб нимада? Бу саволларга жавоб топиш мумкинми?
Жумбоқ ҳақида қарашлар...
Расмий маълумотларга кўра, Гагарин ва Серёгиннинг УТИ МиГ-15 самолёти 1968 йилнинг 27 марти, кундузги соат 10:31да Владимирск вилоятининг Киржач шаҳридан 18 км узоқликдаги Новоселово раёнида қулаб тушди. Бу даҳшатли хабар бир зумда ер юзига тарқалди. Ердан 3000 метр баландликда самолёт булутлардан пастлай бошлади. Юқорига кўтарилган бир неча ёрдам самолёти учувчилар ҳаётини қутқаришига сонияларгина камлик қилди. Бутун воқеанинг гувоҳи бўлган Валентин Сурков шундай дейди: 1968 йилда мен Подолск электромеханика заводида ишлардим. Чилангар бўлишимга қарамай, РВО самолётини бошқарувчисига нисбатан ёмон билмасдим, — дейди у. — Фожеа арафасида мени Москвадан узоқ бўлмаган Дуброво ҳарбий қисмига хизмат сафари билан жўнатишди. 27 март куни соат 8.30 да офицерлар ётоқхонасидан чиқиб, қўшни ўрмондаги алоқа бўлимини таъмирлаш учун жўнадим. У ерга яёв 20-25 дақиқа ичида етиб олса бўларди. Ҳаво қуёшли, осмонда булут кўринмасди. Соат 8.45 да бутунлай тасодифий ҳолга гувоҳ бўлдим. Стромин шаҳарчаси йўлида қуёшга яқин жойда аллақандай ярқ этган чақнашни кўрдим. Қараб турдим: аста-секин шу томондан самолёт кўрина бошлади. Ҳа, жин урсин, ахир, бу учиш учун тақиқланган ҳудуд-ку, деб ҳам ўйладим. Чунки, бу жойда махфий объектлар худди, бочкага солинган салд балиғидек, сир тутилар эди. Кейин тушундимки, бу самолётда қандайдир носозлик юз берган. Фикримча, двигатели ишдан чиққан эди.
Самолёт арвоҳга ўхшаб, шимоли-шарққа томон 8 метр баландликда 300 км тезлик билан учиб ўтди. Хотирамга кўра (аниқ эслайман), сирли бу самолёт 40-43 градусга пасайиб борарди.
Учишини 30 ёки 40 сония кузатдим. Сўнг УТИ МиГ-15 самолёти уфққа сингиб кетди. Соат роппа-роса 9.00 да ишга келиб, навбатчи маёрга кўрган воқеаларимни айтганимда, у ҳам хавотирга тушди ва тез орада қаэргадир маълум қилди. Аппаратураларни текшириб, яна ётоқхонага қайтдим. Соат 10.00 да 3 та қидирув вертолётининг учиб ўтганини пайқадим. Ердан 50 метр баландликда у майдонни кўздан кечирар эди. Ғалати кун бўлди — тақиқланган ҳудудда ҳали самолёт, ҳали вертолёт учарди. Кейин эса, бу самолёт Гагарин ва Серёгин Чкалов аэродромидан кўтарилган самолёт эканлигини билдим.
Бу воқеалар шу билан тугаб қолмади, соат 11.00 да гарнизон оёққа турди, иккита «Зил» машинани аскарга тўлдириб қаёққадир олиб кетишди. Кун ярмига келиб радиодан, «Гагарин ҳалок бўлди», деган хабар янгради.
Гагарин самолёти Мелжа дарёси билан Торф ботқоғи оралиғида қулаб тушди. Воқеа содир бўлган пункт яқинидаги Крутетс шаҳарчасининг Рязантс қишлоғи аҳолиси воқеадан ҳайратга тушишди. Ҳалокат жойида пайдо бўлган чуқурлик тезда ботқоқ сувга тўлди. Ботқоқ чеккасида ўсаётган дарахтларда алюмин парчалари баргга ўхшаб осилиб қолди. Портлаш бўлмади — бўлса мен эшитар эдим. Самолёт шунчаки, дарахтга урилиб парчаланиб кетди.
Кейин маълум бўлдики, самолёт Чкаловдан Электростал шаҳригача учиши, сўнг Горкий шоссеси ёқалаб бориши керак эди. Мен ҳалигача тушунолмайман — Электросталда нима бўлди, самолёт нима учун тақиқланган ҳудуддан учиб ўтди. Тахминимча, мен самолётни кўрган вақтда ҳам Гагарин ва Серёгин тирик эмасди. Тирик бўлганда, улар самолётни бемалол ерга қўндира олмасмиди, машинани тўғрилашга уринмасмиди ёки бўлмасам, катапулта қилолмас эдими? Менга яна битта савол тинчлик бермайди. Қандай мақсадда узоқ вақт давомида бизга биринчи рақамли космонавт ҳақида ёлғон маълумот беришган? Ахир, Новоселовода ҳозир ҳам ҳалокат қолдиқлари мавжуд-ку...
Юрий Гагарин ўлимидан олдинги 19 дақиқа...
Қарийб, 40 йилдирки, сайёранинг биринчи рақамли космонавти қандай ҳалок бўлганлиги билан боғлиқ бир қанча тахминлар юради. Бу сирли жумбоқ юзасидан Гагариннинг бошлиғи генерал Николай Кузнетсовда шундай маълумотлар бор.
1968 йил 27 март, чоршанба.
Гагариннинг кун тартиби эрталабдан кечгача белгилаб қўйилган эди. Шу куни у 3 марта ҳавога кўтарилиши, биринчи марта полк командири билан, хуллас у учиш дастурини албатта бажариши керак эди. Аммо Гагарин ташвишда, чунки хотини касалхонада эди. Йўл-йўлакай унинг ёнига кирди, кейин генерал Кузнетсов билан аэродромга жўнади. Етиб келгач, ён-атрофга бошқача назар билан разм солди. Биринчи навбатда врач кўригидан ўтди, инженер олдига бориб қисмнинг «техник тайёргарлиги»ни кўздан кечирди. Синоптиклар маълумотларини олгач кабинага чиқди. Серёгин ҳам ишдан бўшамагани сабабли Чкалов гарнизони бошлиғи учишга рухсат бермаган эди. Транспорт самолётининг синовлари анчага чўзилди. Ниҳоят, Серёгин кабинага чиқди.
10.12 да самолёт ердан кўтарилди. Гагарин ва Серёгин ҳалокатига 19 дақиқа қолди. 5 минутдан сўнг Гагарин учиш бошқарувчисига маълумот берди:
— 625- чи, майдонни банд қилдим. Баландлик — тўрт!
— 625-чи, буйруқни бажаринг! — буюрди парвоз бошқарувчиси.
Белгиланган режани бажариш учун ҳаммаси бўлиб 20 дақиқа керак эди. Балки 23-25 дақиқа...
Лекин 5 дақиқадан сўнг Гагарин ерга маълум қилди:
— Майдондаги топшириқни бажардим.
У ҳушёр бўлиш ўрнига вақтдан тиғиз фойдаланарди. Кабинада турган полк командири топшириқни ўзгартириш ҳуқуқига ҳам эга эди. Шу сабаб ерга хабар бермаса ҳам бўлаверарди. Парвоз бошқарувчиси ҳеч нарса сўрамай қўйди.
Серёгин бирор маротаба ҳам алоқага чиқмади. 10.30 да Гагарин ва Серёгиннинг икки кишилик УТИ МиГ-15 самолёти ер билан алоқани узди. Айнан, соат 10.30 да космонавтнинг қўл соати ҳам тўхтаб қолди. Худди ҳаётига ҳам нуқта қўйилгандек.
Фожеа содир бўлган жойда ҳарбий қутқарувчи гуруҳлар пайдо бўлди. Атрофдан кучли керосин ҳиди анқиб турарди. Самолёт қанотларини кесиб ташлаган иккита қайин дарахти шохларида Гагарин курткаси бўлаклари осилиб турарди. Ҳамма ёқда самолёт парчалари сочилган, тор йўлакда пастки жағ тишлари ётарди...
Ҳозиргача биринчи космонавтнинг қандай ҳалок бўлганини ҳеч ким аниқ айта олмайди.
Суҳроб Шеров, Эркин Қодиров таржимаси