loader
Foto

Иккинчи жаҳон урушини ким бошлаган?

Ким СССРни урушга тайёрланмаган дея олади? Уруш бошлангандан 4 кун ўтгач, Қизил армия Эронга бос­тириб кирди. Бир неча кун ичида шимолий-ғарбий Эрон (пойтахти Теҳрон билан) Шўро армияси назоратига ўтди.



Жанубий Эронни эса АҚШ ва Англия армияси эгаллади. Бунақа ишлар тўсатдан тайёргарликсиз бўлмайди. Ғарбий фронтда армияси яксон бўлаётган бир вақтда стратегия нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим бўлган ҳудудга бостириб кириш Эрон орқали АҚШ ва Англия билан алоқа ўрнатиш учун керак эди. Айни вақтда Афғонистонда ўрнашиб олган немис агентлари йўқ қилинди. Улар зарурият бўлса, жанубдан учинчи фронт очишга тайёргарлик кўришлари лозим эди...



Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 60 йилдан ошди. Салкам эллик миллион кишининг ҳаётига завол бўлган бу қирғин ҳақида таҳлиллар ҳеч қачон тугамайди. Яқин вақтгача биз коммунистик тузум тақдим этган фикрлар билан чекланган эдик. Бунга кўра, уруш оловини ёқувчилар — Гитлер Германияси, унга ҳомийлик қилганлар — Англия, Франтсия, урушнинг жабрдийдаси эса Шўролар мамлакати эди. Бу урушда ярим миллион навқирон йигитлари ҳамда бутун моддий ва ишлаб чиқариш потентсиали билан Ўзбекистон ҳам иштирок этди. Шунинг учун бугунги кунда, мустақил давлат фуқаролари сифатида ўзимиз ҳам Иккинчи жаҳон уруши хусусида мустақил фикр айта оламиз.



Иккинчи жаҳон урушининг илҳомчилари кимлар? Жабрдийдалари-чи? Уруш бошланишининг сабаблари нимада? Урушнинг олдини олиш мумкинмиди? Нима учун ғолиб мамлакат мағлуб мамлакат садақасига муҳтож? Ўрта Осиё фронти чизиғига қанчалик яқин эди? Уруш кимга нима берди?

Иккинчи жаҳон уруши маълум факт­лар асосида айтиш мумкинки, коммунистик ва фашист режимлари ўртасида яқинлик ва тафовут туфайли юзага келган, унинг илҳомчилари Гитлер ва Сталин бўлган!



1939 йил 22 август куни Гитлер тўсатдан Сталинга телефон қилиб, Ташқи ишлар министрини шошилинч Москвада қабул қилишини сўрайди. Розилик берилгач, бир неча соатдан кейин Германия Ташқи ишлар минист­ри Риббентроп Москвага етиб келган. У Кремлда жуда яхши кутиб олинган. Оддий министрни СССР Халқ Комиссарлари Советининг раиси Молотов, мамлакат раҳбари Сталин дарҳол қабул қилишади. Музокаралар Ташқи ишлар министрлигида эмас, Кремлда — Сталин хонасида олиб борилади. Риббентроп бу ерда Сталиннинг иш стулига ўтириб, Гитлерга қўнғироқ қилади. Гап орасида министр мақтаниб: “Мен Сталиннинг ўриндиғида ўтирибман” деганда, Гитлер: “Табриклайман! Кремл­ни забт қилиб бўлдингми?” деган! Бу ҳазил бўлса ҳам, унда аччиқ ҳақиқат бор эди.



Шу куни СССР ва Германия ўртасида тузилган “Ҳужум қилмаслик ҳақида” шартнома билан, Иккинчи жаҳон урушига фотиҳа берилган. Унга кўра, СССР Болтиқ бўйи мамлакатлари Корелия, Полшанинг шарқий қисми, Молдавия ва унга яқин жойларни ўзига қўшиб олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Германия эса Чехославакия, Ғарбий Полша, Норвегия, Люксембург, Дания, Белгия, Голландияни забт этишга рухсат олди.



Бир ҳафтадан сўнг 1939 йил 1 центябр куни Германия Полшага бостириб кириши билан Иккинчи жаҳон уруши бошланди. 17 центябр куни СССР “Ғарбий Украина ва Ғарбий Белоруссияни озод қилиш” баҳонаси билан Полшага бостириб кирди. Шўролар 2 ойдан сўнг Финляндияга қарши уруш очди. 1940 йил баҳорида Литва, Латвия, Эстонияга аскар киритиб, “Халқ ихтиёри билан” деган ёлғон баҳона соясида уларни ўзига қўшиб олди. Кейин Молдавия ҳамда Руминиянинг шимолий ҳудудлари босиб олинди.



Германия ҳам 1940 йил баҳорида Дания, Норвегия, Голландия, Белгия, Люксембургни босиб олди. Фронт Франтсия чегарасига яқинлашгач, немислар бу мамлакатга ҳам бос­тириб кирдилар. 1941 йил Югославия СССР дан ёрдам сўраб, юқори мартабали делегатсияни Москвага юборди. Лўттибозликни қаранг. 7 апрел куни Кремлда “СССРнинг Югославияга ҳарбий ёрдам бериши ҳақида” шартнома имзоланди. Айни шу дақиқаларда Германия армияси Югославияга бостириб кирди. СССР Германияга ҳатто дипломатик норозилик ҳам билдирмади. Чунки Болқон ҳудудидаги Югославия ва Гретсия тажовузкор Германиянинг таъсир доирасига кириши зарур эди.



Англия ва Франтсия ўзларини панага олиб, икки девни бир бирига қайрай бошладилар. Ғарб кузатувчилари уруш энди Англияга қарши эмас, (Гитлер бир неча марта Ангияни босиб олмоқчи бўлган эди) Германия ва СССР ўртасида бошланишини башорат қилдилар.



Иккала томон урушга тайёрлана бошлади. Германия “Барбароса режаси”ни ишлаб чиқди. СССРда эса Германияга кучли зарба бериб, уни енгиш ва Қизил армияни Франтсия чегарасига, Англия ва Франтсия армиясига қарама-қарши қўйиш режаси тузилди. Германия матбуоти СССР давлат тузуми, афзаллиги, колхоз қурилиши, республикалар ҳақида мақтов материалларини кўплаб босиб чиқарар, СССРда эса Германия энг яқин дўст мамлакат сифатида кўкларга кўтарилар эди. 1939 йил 21 декабр куни Сталин таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Гитлер йўллаган табрикнома “Правда” газетасининг биринчи саҳифасида ярим бетни эгаллаган эди. Бу беҳуда эмасди. Иккала томон бир-бирларини мақтаб, заиф томонларини излар эдилар.

Яна бир жиҳат: Германия армияси дастлабки йиллари (1933-36) СССРда ишлаб чиқарилган танклар ва замбараклар билан таъминланган, Германия учувчилари СССРда билим олишган эди.



Шўролар Германияга руда, нефт, пахта, ёғоч, ғаллани талаб даражасида етказиб берган. Мамлакатнинг машҳур трактор заводлари Германия мутахассислари томонидан қурилган ва зарур бўлганда, ҳарбий машина ишлаб чиқариши мумкин эди. Умуман, ўша даврда Шўро заводларидаги фрезер, токорлик, тошқирқар станоклар асосан Германиядан олиб келинган, яъни ўттизинчи йилларда оғир тангликка учраган Германия саноати Шўро буюртмалари ҳисобига қаддини ростлаб, кейин Гитлер армияси учун энг замонавий қурол-аслаҳа ишлаб чиқара бошлаганди.



Гитлернинг усталигини қаранг. Даст­лаб 1937 йили найранг қилиб, гўё Қизил армия қўмондонлари Сталинга қарши ҳарбий фитна тайёрлаётганлиги ҳақида ишончли “маълумот” етказди. Кейин бошқа йўллар билан яна турли иғво-хабарларни тарқатди. Натижада унинг асосий душмани — Қизил армия раҳбарияти пароканда қилинди: мамлакат ҳарбий кенгашининг 85 аъзосидан 76 таси — 5 маршалнинг 3 таси, 4 та 1-даражали армия қўмондонидан (армия генерали) 2 таси, 12 та 2-даражали армия қўмондонларининг ҳаммаси (яъни генерал-полковниклар), 21 та комкор (яъни генераллар) отиб ташландилар. Улар ичида дивизия командири Миршарипов ва яна бошқа ўзбек генераллари ҳам бўлишган).



Полшани парчалаб, бўлиб олишда Гитлер навбатдаги ўйин кўрсатди: мамлакат ҳудудининг 60 фоиздан кўпроғини СССРга берди!



Кейин Брест шаҳрида совет ва Германия қўшинларининг биргаликдаги ҳарбий паради ўтказилди. Бир йилдан сўнг бир-бирини жон-жаҳди билан яксон қиладиган икки мамлакат қўшинлари бу ерда елкама-элка саф тортиб ўтдилар.



Парадни Гитлер қабул қилди. Узун­қулоқ гапларга қараганда, бу тантаналарда Сталин ҳам иштирок этган, дейишади. Аммо бирорта фото ёки ёзма ҳужжат топилмаган. Бир томондан, Сталин умуман расмга тушишни ёмон кўрарди. Махфий келган бўлиши ҳам мумкин. Чунки у Гитлернинг фаолиятидан доим ҳайратланиб, юқори баҳоларди. Сталин жуда бўлмаса, ҳарбий парадни радио алоқа орқали Кремлда кузатган бўлиши мумкин.



Германияда рус тилини ўрганишга қизиқиш кучайган. СССРда эса мактабларда асосан хорижий тил сифатида немис тили ўқитиларди.



Хуллас, 1941 йил 22 июнгача ҳар иккала мамлакат урушга баробар тайёрландилар. Гитлер Германияси немис халқига хос педантизм — аниқликка риоя қилиб, урушни аввалроқ бошлади ва дастлабки кунлариёқ рақибини эсанкиратиб қўйди.



Ким СССРни урушга тайёрланмаган дея олади? Уруш бошлангандан 4 кун ўтгач, Қизил армия Эронга бос­тириб кирди. Бир неча кун ичида шимолий-ғарбий Эрон (пойтахти Теҳрон билан) Шўро армияси назоратига ўтди. Жанубий Эронни эса АҚШ ва Англия армияси эгаллади. Бунақа ишлар тўсатдан тайёргарликсиз бўлмайди. Ғарбий фронтда армияси яксон бўлаётган бир вақтда стратегия нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим бўлган ҳудудга бостириб кириш Эрон орқали АҚШ ва Англия билан алоқа ўрнатиш учун керак эди. Айни вақтда Афғонистонда ўрнашиб олган немис агентлари йўқ қилинди. Улар зарурият бўлса, жанубдан учинчи фронт очишга тайёргарлик кўришлари лозим эди...



Урушдан кейин дипломатия йўли билан ҳал қилинадиган масалалар (урушдан кейинги чегаралар, оккупация ҳудудлари, Германия ва Япония тақдири, Хитой, Корея ва ҳакозо...) ҳали жанглар Днепр бўйларида давом этаётган вақтда, 1943 йил ноябр ойида Теҳронда, кейин 1945 февралда Ялтада Сталин, Рузвелт учрашувида ҳал бўлган эди. Ҳали ўлдирилмаган айиқ териси хомталаш бўлиб олинганди. Гарчи Ғарб мамлакатлари иккинчи фронт очилишини 2 йил орқага сурган бўлсалар ҳам, уларнинг СССРга ҳарбий ёрдами салмоқли бўлган. Эрон, Шимолий Атлантика ҳамда Аляска орқали 17500 га яқин самолёт, 13000 танк, 450 хил кема, 2000 паравоз, 376000 автомашина, кийим-кечак, озиқ-овқат, хом­а­шё етказиб берилган...



1945 йил 1 май куни Берлин таслим бўлди. Сўнгги жанглар Прага ёнида 9 май куни юз берди. 8 майда эса Германия, 2 центябрда Япония таслим бўлиш ҳақидаги ҳужжатни имзоладилар.



Энди дунё тинч яшаши мумкин эди. Аммо 1946 йили совуқ муносабатлар уруши бошланди. Бунда отишма, бос­тириб кириш, қон тўкиш каби ҳолатлар йўқ. Аммо “тинчлик учун кураш” мамлакатларни ҳолдан тойдирарди. Одамлар митинглар қилиб, тинчлик учун чақириқларга имзолар тўплашар, саноат эса энг янги моделдаги ҳарбий самолётлар, танклар, ракеталар ишлаб чиқаришни шошилинч ўзлаштирар эди. Оқибатда аҳолининг қорни тўймас, нон, озиқ-овқат, ки­йим-кечак етишмасди.



АҚШ учун охирида, яъни 1945 йил 6 августда мағлуб Япониянинг Хиросима, 9 августда Нагасаки шаҳарларига атом бомбасини ташлаш зарурмиди? Аслида бу СССРга пўписа эди. Сабаби Германияни енгган СССР армияси Европага катта хавф соларди.



Ўз навбатида СССР ҳам 1949 йили атом бомбасини, кейинроқ нейтрон бомбасини портлатиб, Ғарбни эсанкиратиб қўйди. Саксонинчи йилларда дунёдаги барча атом қуроллари бир йўла портлатилса, Ер юзи бир неча бор яксон бўлиши, куррамиз ўз ўқидан чиқиб кетиши мумкин эди!

Яна бир ҳайратланарли ҳолат



Урушни Шўролар енгди. Герма­ниядаги оддий арра станоккача олиб кетилди. Япония атом ҳужумидан хонавайрон бўлди. Бу икки мамлакат тақдири аянчли эди. Қаранг, энди бу икки мамлакат жаҳонда энг тараққий этган мамлакатлар ичида 2-3 ўринни эгаллаб, халқининг турмуш даражасини осмонга чиқариб қўйдилар.



Ғолиб СССР да эса барча турдаги озиқ-овқат, кийим-кечак етишмас, дўконларда навбат кутиш, олиб сотарлик авж олганди.



Ғолиб мамлакат ворислари мағлублар садақасига муҳтож бўлиб қолди. Тараққиёт борасида эса уларни ҳали-бери қувиб етолмайдиган даражага тушиб қолди.

Анвар Тожиев

"Ҳуррият" газетасидан олинди