Эрамизнинг бошларида қадимги Тошкент воҳасида шаҳар маданияти кенгайиб, Қорасув, Салор ва Жўн-ариқ суғориш тармоқлари бўйлаб қатор шаҳар тусидаги аҳоли яшайдиган мавзелар қад кўтаради. Бу, шубҳасиз, Чирчиқ дарёсининг қадимги табиий тармоқлари ҳисобланган Қорасув ва Салор анҳорларининг ҳар икки соҳили бўйлаб чиқарилган канал ва ариқ сувлари ёрдамида обод этилган деҳқончилик майдонларининг кенгайиб бориши билан чамбарчас боғлиқ эди.
Афтидан айни худди шу даврларда Қорасув ва Салор анҳорларининг Чирчиқ дарёсидан ажралиб чиққан ерида бош тўғон қурилиб, қадимги Тошкент ва унинг атрофлари доимий сунъий суғориш тармоғига айланган. Бу икки анҳорнинг йиллик сув таъминоти тартибга солинган. Ёзма манбаларда тилга олинишича, бу тўғон «Банди подшоҳ», яъни «Подшоҳ тўғони» номи билан юритилиб, шаҳардан 3 фарсах (24-27 км.) узоқликда Ўнгқўрғон яқинида, Чирчиқ дарёсининг ўзани ичида бўлган.
Бу қадимги анҳорлар соҳилларида қад кўтарган шаҳар тусидаги обидалар Кўгайтепа(Нўғойқўрғон), Тавкаттепа, Бўзгонтепа, Мингўрик ва бошқа жойлардан топилиб текширилди. Афсуски, Нўғойқўрғон каби Тошкентнинг қадимги тарихи билан боғлиқ бўлган ёдгорликлар бизнинг давримизгача яхши сақланмаган. Бунинг устига, уларнинг, айниқса, Кўгайтепанинг остки қатламлари ҳар томонлама кенгроқ очиб ўрганилмаганлиги туфайли бу ёдгорликлар тўғрисида муфассалроқ маълумотлар келтириш ҳамда пойтахтимизнинг қадимги манзарасини тиклашда улардан иложи борича тўлиқроқ фойдаланиш имконига эга эмасмиз. Ёдгорликлар орасида энг йириги ва бирмунча яхшироқ ўрганилгани Мингўрик бўлиб, у Тошкент темир йўли Шимолий вокзали яқинида, Салор канали бўйида жойлашган. Мингўрикдаги шаҳар харобаси 1865 йилдан сўнг қад кўтарган «Янги шаҳар» деб аталган қисмида бўлиб, 1871 йили туширилган шаҳар тарҳига қараганда, у 30 гектардан ошиқроқ майдонга эга бўлган.
ХИХ асрнинг 70-80-йилларида Мингўрик тепалиги аста-секин бузилиб, унинг тупроғидан қуйилган хом ғиштлардан янги шаҳар бинолари қад ростлаган. Ўша вақтлари Мингўрик тепалиги тупроғини 30 йил давомида аравалаб ташиган мўйсафидлардан бирининг ҳикоясига қараганда, шаҳар қурилишини пудратга олган Тошкент бойлари Мингўрик тепалигини Чор ҳукуматининг Туркистондаги маъмуриятидан ижарага олиб, уни қурилишга ишлатганлар. Ўша даврларда тупроғи қазиб ташилаётган Мингўрик тепасидан чиққан ашёвий топилмалар: пишиқ ғишт, канализатсия қувурлари, шиша ва сопол идишлар, қадимги чақа ва тангалар тўғрисида маҳаллий матбуотда эндигина Тошкентга кўчиб келган ҳаваскор ўлкашунос, илғор рус зиёлиларининг хабарлари тез-тез босилиб турган.
Мингўрикдаги тепалик тошкентликлар ўртасида «Афросиёб тепалиги» номи билан машҳур эди. Бу тепаликни шаҳарликлар Турон мамлакатининг қадимги афсонавий шоҳи Афросиёб номи билан боғлайдилар. Айтишларича, тепалик ўрнида қадимда Афросиёбнинг «ошхона»си бўлган эмиш, унинг тахтда ўтирадиган қароргоҳи эса Чиғатой яқинида қадимги Жарариқ бўйида жойлашган иккинчи Афросиёб тепалигида бўлган эмиш. Шунинг учун ҳам халқ бу иккинчи тепаликни «Шоҳнишин», яъни «Шоҳ ўтирган жой» деб атармиш, деган ҳикоя шаҳарликлар ўртасида кенг тарқалган эди. Аввало шуни айтиш керакки, «Афросиёб» тарихий шахс эмас, у Турон мамлакатининг афсонавий шоҳларидан биридир. Ўрта аср ёзма манбалари, айниқса, Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома» эпоси туфайли Афросиёб Шарқда, айниқса, Ўрта Осиёда шуҳрат топган. У Эрон аҳмонийлари тажовузига қарши муттасил кураш олиб борган жанговар қаҳрамон ҳукмдор, Туронда кўплаб шаҳар ва қишлоқлар барпо этган шоҳ сифатида тасвирланади. Дарҳақиқат, бу афсонавий подшо исми қадимги Турон диёрида илк давлатлар барпо этиб, дастлабки шаҳарлар бино қилган ҳукмдорлар силсиласининг умум рамзий номидир. Шу боисдан бўлса керак, кўпинча қадимги шаҳар харобаларини Афросиёб номи билан боғлаб талқин этиш халқ оғзаки адабиётида кенг ўрин олган. Чунончи, Самарқандда Сиёб анҳори соҳилидаги машҳур «Афросиёб» шаҳри харобаси ҳам, Тошкентда Салор ва Жарариқ бўйларида жойлашган ҳар икки «Афросиёб» тепаликлари ҳам афсоналарга асосан сўнгги асрларда пайдо бўлган топонимлардир. Қадимдан халқимиз сизот сувлар ва булоқлардан ҳосил бўлган сой ва анҳорларни «сиёҳоб» ёки қисқартириб «сиёб», яъни «қорасув» деб юритиб келган. Бундай анҳорларнинг соҳиллари бўйлаб жойлашган мавзелар «Афросиёб» ёки «Сиёб соҳиллари», яъни «Қорасув бўйлари» демакдир. Шундай экан, Самарқандда Сиёб сойи соҳилидаги машҳур «Афросиёб» шаҳар харобаси ҳам, Тошкентнинг Салор ва Жарариқ бўйларида жойлашган ҳар иккала Афросиёб тепаликлари ҳам «Сиёб ёки Қорасув бўйидаги жойлар» деган маънони англатади.
Афсуски, Тошкентда янги шаҳар қурила бошлаган вақтлардаёқ Мингўрик ёдгорликлари деярли бузилиб, унинг остки маданий қатламлари шаҳарнинг янги иморатлари ва кенг кўчаю хиёбонлари остида қолиб кетган. Ушбу қадимги шаҳарлар харобасини археологик жиҳатдан ҳар томонлама кенгроқ ўрганиш имконияти эса аллақачон йўқолган эди. Ўз вақтида ҳозирги Мовароуннаҳр, Сайидбарака, Моштабиб ва Фарғона йўли (аввалги Пролетар, Павлов ва Куйбишев) кўчалари оралиғида каттагина майдонни эгаллаган Мингўрикдаги қадимги «Афросиёб» шаҳар харобаларидан бизнинг давримизгача фақат 100х40 метрли кичик бир қисмигина аввалги «Шарқ» мебел фабрикаси ҳовлисида тепалик шаклида сақланиб қолган, холос. Тошкентнинг қадимги тарихи билан бевосита боғлиқ бўлган археологик ёдгорликнинг ҳозирги кундаги сақланиш ҳолати бу ҳудудда шаҳар маданиятининг шаклланиш тарихини чуқурроқ ўрганиш ва унинг тараққиёт босқичларини аниқроқ белгилаб чиқишга имкон бермас эди. Шу сабабли бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида кейинги вақтларда археологларимиз кенг кўламдаги қазиш ишларини асосан археологик жиҳатдан бирмунча яхши сақланиб қолган Шоштепа шаҳар харобасида олиб бормоқдалар.
Шунга қарамай, Мингўрик ёдгорлигида олиб борилган археологик қазиш ишлари Тошкентнинг қадимги тарихига, айниқса, шаҳарнинг умумий тарҳи (планировкаси) ва унинг тараққиёт босқичлари: мудофаа иншоотлари ва тураржойларнинг тузилиши, шаҳар ҳунармандчилиги ва унинг ташқи ўлкалар билан олиб борган савдо-сотиқ муносабатларига доир жуда қизиқарли ашёвий далиллар берди.
Мингўрикнинг ўн тўққиз ерида археологик шурф (кесма) ташланиб, икки еридан кенг кўламда қазишлар олиб борилди. Археологик қазишлардан маълум бўлишича, Салор анҳори бўйида милоднинг I-II асрларида даставвал атрофи девор билан ўралган, унчалик катта бўлмаган чорбурчакли қўрғон қад кўтарган. Қўрғон ичида ташқи девор бўйлаб йўлаксимон ҳамда равоқли, сохта дарчалар ишланган хоналар бўлган.
Археологик тадқиқотлардан маълум бўлишича, Мингўрик шаҳар харобасининг остки қатламидан очилган обидалар милоднинг биринчи асрларига тааллуқли бўлиб, ундаги дастлабки бинолар ҳозирги кундан роса 19-20 аср бурун қад кўтарган.
Афтидан, милоднинг III-IV асрларида Мингўрикдаги қадимги қўрғон бирмунча кенгайиб, унинг ташқи мудофаа девори таъмир этилган. Бу даврда лойига сомон қўшилган йирик хом ғишт ва пахсадан янги бинолар қурилган. Очилган хоналардан топилган, чала ёнган ёғочларга қараганда, хоналарнинг томи тўсин ва устунли бўлиб, саҳни(поли) сомонли лой билан сувалган. Мингўрикда илк ўрта асрларга оид қаср биносининг бир қисми яхши сақланган. Бу ердан бир неча хона очиб, текширилди: хом ғишт ва пахсадан бино қилинган деворлар баландлиги 2 метргача сақланиб қолган. Хоналарда эни бир метр, баландлиги 0,5 метр ва усти сомонли лой билан сувалган супалар бўлиб, улардан бирининг супаси ва саҳни(поли)га 25та хум қатор териб қўйилган. Хумларнинг бирида куйиб кўмирга айланган мош донлари сақланган. Ҳатто кавлаб очилган хоналардан бирининг деворларида оқ бўёқ билан ҳошия тортилиб, устига қизил ранг билан ислимий нақш берилган деворий расмларнинг қолдиқлари қайд этилган. Бу деворий расмлар VI-VII асрларга мансуб бўлиб, яхши сақланмаганлиги сабабли унинг манзарасини аниқлаб бўлмади.
Хуллас, Мингўрик тепасидан сақланиб қолинган қисм унинг қадимги аркининг қолдиқлари бўлиб, майдони 0,5 гектарга тенг бўлган. Арк нишон туйнуклар ўрнатилган ва равоқсимон қилиб ёпилган айланма галерея ва қўшқатор мудофаа девори билан ўралган. Девор ташқарисида унга ёндоштирилиб қурилган чорбурчакли бурж, бору ва мўлалар бўлиб, уларнинг ораси 12 метрга тенг эди.
Тарихий манбалардан маълум бўлишича, милоднинг III асрида Қанғ давлати бир-бири билан иқтисодий жиҳатдан боғланган бир неча майда мустақил вилоятларга бўлиниб кетади. Шу вақтларда Тошкент воҳасида мустақил Чоч давлати ташкил топади. Мингўрикдаги қадимги маскан унинг марказий шаҳарларидан бирига айланади. III асрга оид ёзма манбаларда кўрсатилишича, шаҳар теварагининг умумий ўлчами бу даврда 4 километрга етган. Мингўрикдаги шаҳарнинг мудофаа деворлари шаҳар аслзодаларининг деворий расмлар билан нақшланган саройларию савдогарларнинг ҳашаматли уйлари ҳамда ҳунармандчилик маҳаллалари, корхоналари жойлашган шаҳристонни тўрт томондан ўраб турган. Манбаларда шаҳар худди шу асрлардан бошлаб «Чоч» номи билан тилга олина бошлайди. Афсуски, Ўрта Осиёнинг бошқа воҳалари қаторида Чоч вилоятида ҳам ҳамма вақт осойишталик бўлмаган. Ташқи ҳужумлар, босқинчиларнинг юришлари Чоч аҳолисини доимо безовта қилиб турган. Шарқ солномачиларининг таърифлашларича, Чочнинг эрксевар ва жанговар аҳолиси бундай тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида илк ўрта асрлардаёқ бутун Чоч вилоятини дашт тарафдан мустаҳкам бўлган девор (бир неча юз километр чўзилган) билан ўраб олган. Бу деворнинг қолдиқлари айрим жойларда бизнинг давримизгача сақланиб қолган. У халқ орасида "Кампир девор", яъни "Гирди хандақли девор" номи билан машҳурдир.
VIII аср бошларида юртимизнинг Араб халифалиги қўшинлари томонидан босиб олиниши оқибатида бошланган талон-торожлик даврида Чоч ўлкаси ва теварак-атрофидаги шаҳар-қишлоқлар ўт ичида қолади. Бу воқеалардан кейин Мингўрикдаги вайрон бўлган қадимги Чоч шаҳри неча ўн йиллар давомида бўшаб, ўзини ўнглаб ололмайди. Бу ерда шаҳар кейинчалик ҳам тикланмайди.
Абдулаҳад Муҳаммаджонов,
академик