loader

Самарқандда Шарқ алломаларининг тарихий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади

2014 йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтади.



ЎзАнинг хабар беришича, Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 апрелдаги фармойишига мувофиқ ташкил этилаётган ушбу анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Япония, Ҳиндистон, Миср, Индонезия, Саудия Арабистони, Кувайт, Россия ва Озарбайжон каби элликка яқин мамлакатдан олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.



“Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган халқаро илмий конференция буюк аждодларимиз илмий меросига ҳурмат ва қизиқиш тобора ошиб бораётганига ёрқин далилдир”, — дейилади ЎзА хабарида.



Хабарда айтилишича, анжуман иштирокчилари аниқ ва табиий фанлар соҳасида фаолият юритган Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг илмий, тарихий ва фалсафий мероси, уларнинг астрономия, математика, география, геодезия, тиббиёт, фармакология, кимё, минералогия каби замонавий илм-фан шаклланиши ва ривожланишига қўшган улкан ҳиссасига оид масалаларни муҳокама қилади, фикр ва тажриба алмашади.



Конференцияда Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ва ижоди, тарихий мероси ва илмий мактабларнинг фаолиятига бағишланган фильмлар намойиш этилади. Анжуман қатнашчилари Самарқанддаги тарихий, илмий ва маданий обидалар, истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ўқув муассасалари фаолияти билан танишади.



Хабарда Интернет тармоғида мазкур халқаро конференциянинг сайти (www.msth.uz) ташкил этилгани айтиб ўтилган. Сайтда ҳозирча халқаро конференция дастури, Самарқанд, Шарқ алломалари ва мутафаккирлари ҳақида маълумотлар рус тилида берилган.

Манба: kun.uz