loader
Foto

Қозоғистонда Гитлернинг 125 йиллигига бағишланган журнал чоп этилди

Қозоғистонда «Жулдыздар отбасы — Аныз адам» («Юлдузли уй – Афсона-одам») журналининг апрель сони Адольф Гитлернинг 125 йиллигига бағишланди. Бу ҳақда REGNUM ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Агентликнинг хабар беришича, журналда нацистлар Германияси етакчисининг «кўп қиррали шахс» эканлиги муҳокама қилинади: хусусан, «Гитлер – фашист эмас» мақоласида муаллиф нацистлар доҳийсини оқлаб чиқади. Яна бир мақола эса Гитлернинг «Майн Кампф» китобига бағишланган (Қозоғистон ёшлари медиа-иттифоқи мувофиқлаштирувчиси Руслан Минулиннинг сўзларига кўра, журналда, жумладан, «Майн Кампф»да «кўплаб муаммолар тўғри баён қилингани»ни тасдиқловчи таъкидларни топиш мумкин).

«Жулдыздар отбасы — Аныз адам» журнали қозоқ тилида чоп этилади. Медиа-иттифоқ вакилининг маълумотларига кўра, журнал адади 25,2 минг нусхани ташкил этади. Журнал нархи – 250 танга (тахминан 2,5-3 минг сўм).

2013 йили самолётда маст ҳолатда жанжал келтириб чиқарган Жарилкап Калибай журнал бош муҳаррири ҳисобланади. Калибайнинг ўзи кейинчалик айбини қисман тан олиб, самолётда у ўзининг «хизматларни давлат тилида қабул қилиш» ҳуқуқидан фойдаланишга ҳаракат қилганини таъкидлаганди (унинг айтишича, авиакомпания ходимаси у билан фақат рус тилида гаплашишга ҳаракат қилган).

Журналнинг Гитлерга бағишланган сони Қозоғистон Алоқа ва ахборот вазирлиги эътиборига тушган. Zakon.kz’нинг хабар беришича, агентлик журнал мундарижасида «Қозоғистон Конституцияси ва қонунчилигининг ижтимоий, миллий, ирқий ёки диний ғараз келтириб чиқаришга доир қисмлари бўйича қоидабузарликлар» борлигини маълум қилган. Шу муносабат билан, амалдорлар журналга нисбатан чора кўришга ваъда беришган.

«Интерфакс» ахборот агентлигининг хабар беришича, журнални Олма-Ота ички сиёсат бошқармасида ҳам ўрганиб чиқишмоқда. «Журнал столимизда турибди. Журнал экспертизадан ўтказилиши ва унда фашизм тарғиботи бор-йўқлиги тасдиқланиши керак», – дейишди бошқарма вакиллари.

Нашр муҳаррири журналнинг янги сони атрофида юзага келган шов-шувни изоҳларкан, у Гитлер каби шахслардан халққа қанчалик зарар етиши мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ушбу мавзуга эътиборни жалб қилишдан мақсад – «Қозоғистонни қўшни мамлакат – Россия империяси ҳукмдорининг хавфли сиёсатидан ҳимоя қилиш истаги» бўлган.

Манба: kun.uz