loader

Европа папирусга ёзаётганда

Нафақат китобатчилик соҳаси, балки умумбашарий маданиятнинг шаклланиши ва ривожланишида қоғознинг кашф этилиши жуда муҳим аҳамият касб этади. Қоғоз ихтиро этилгунга қадар қадимда қўлёзма китоб учун ашё сифатида папирус, тери, пергамент, газлама-мато, суяк, сопол, дарахт пўстлоғи ва тахта кабилардан фойдаланиларди. Ҳар бири муайян давр учун ўзига хос аҳамиятга эга бўлган ушбу ёзув воситалари баъзи бир камчилик ва нуқсонлардан ҳам холи эмасди.



Хусусан, папирус енгил бўлса-да, ўта нозик, сопол эса салга синаверган, газлама мато эса тез тўзиб, чиришга мо­йил бўлган. Бундан ташқари, ушбу ёзув ашёларининг кўпчилиги қурт-қумурсқаларга ем бўлган. Қадимги қўлёзмаларнинг аксарияти бизгача етиб келмаганлигинининг сабабларидан бири ҳам шунда. Аждодларимиз ўз ёзувларини зарур ҳолларда тош ва қояларга ҳам ёзишган. Сопол тахтачаларга ёзиш кўпроқ Шарққа хос эди. Ёзув ашёси сифатида папирусдан фойдаланиш кенг авж олган даврларда ҳам Шарқ халқлари сопол тахтачаларни истеъмолдан чиқариб ташламаган. Улар баъзи хабар ва ­қайдларни ёзишда ҳамда ҳисобларни юритишда барибир қўл келаверган. Ҳар икки томонига мум суртилган ёғоч тахтачалардан мактаблардаги дарс машғулотларида фойдаланилган. Уларда ўқувчилар машқларни бажаришган. Катталар уни почта қоғози сифатида ишлатишган. Аммо бу ашёлар (сопол, мумли ва тоштахталар)га йирик бадиий асарларни ёзиш қийинчилик туғдирарди. Натижада доимий изланишда бўлган аждодларимиз папирусни кашф этишди.



Қадимги ўзбек китобатчилигида ҳам ўрама қоғоз кенг қўлланиларди. Бундан таш­қари, қўлёзма китоблар дафтар ҳамда бизга яхши маълум бўлган Шарқ қўлёзмалари шаклида тайёрланган. Шарқшунос олим Қосимжон Содиқов олиб борган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, китоб тайёрлашнинг ўрама қоғоз шакли қадимги туркларда, айниқса, моний жа­моаларида шуҳрат топган бўлиб, йирик ­ҳажмли моний ёдгорликлари ана шу усулда китобат қилинган. Ўрама қоғоз усулини буддийлар ҳам, сўғдлар ҳам қўллаган. Бундан маълум бўладики, ушбу китобат тури ҳудудий ўзига хосликка эга бўлиб, Марказий Осиё халқларининг ўзаро маданий алоқалари таъсирида юзага келган.



Дунё маданий тараққиётида Шарқ китобатчилик санъатининг ўзига хос ҳамда бетакрор ўрни бор. Кўҳна Шарқда, хусусан, Ўрта Осиёда китобатчилик соҳасининг шакл­ланиши ва тараққий этиши Шарқ ­дунёсида илк бор айни шу ҳудуд бағрида қоғоз ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилганлиги билан узвий боғлиқдир. Манбалардан маълумки, эрамизнинг ИИ асрида Хитойда қоғознинг кашф этилиши ва ишлаб чиқарила бошланиши дунё миқёсида китобатчиликнинг тез суръатлар билан ривожланишига туртки бўлди. Хитойликлар сердаромад соҳа ҳисобланган қоғоз ишлаб чиқаришни қанчалик сир тутмасинлар, ВИИИ асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан, Самарқандда ҳам Хитой қоғози сингари сифатга эга маҳсулот тайёрлана бошланди. Чунки Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш учун керакли бўлган хомаш­ёнинг барча турлари - ипак, пахта, каноп, қамиш, похол, тут новдаси пўсти кўп эди. Шу тариқа Самарқанд қоғозининг довруғи қисқа вақт ичида дунёга таралди.



Самарқанд қоғозининг яратилиши хусусида тарихий манбаларда турлича фикрларни учратиш мумкин. ВИИ асрда ҳали Европада папирус ва пергамент асосий ёзув ашёси сифатида фойдаланилаётган бир вақтда Шарқ мамлакатларида аллақачон қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Бу эса Араб халифалигига қарашли барча юртларда, айниқса, ҳозирги Ўрта Осиё ҳудудида қўлёзма китобларнинг ёйилишига кенг имконият яратди. Дамашқда энг сифатли қоғоз ишлаб чиқарилганлиги, бизгача етиб келган ва илк араб қоғоз китобининг Дамашқ (ўрама) китоби деб номланганлиги тарихий манбаларда далиллар билан асосланган. Баъзи олимларнинг фикрича, Ўрта Осиё ҳудудида, хусусан, Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш Араб халифалигига қадар ҳам мавжуд эди. 1931 йили Муғтепа тоғидан топилган Самарқанд ҳукмдорларига оид ҳужжатлар ҳамда Тупроққалъада қўлга киритилган Хоразм архив материаллари Сўғдиёна, Хоразм ва Бақтриядаги қоғозга ёзилган маҳаллий қўлёзмаларнинг араблар босқинидан авалги даврларга оидлигини асослайди. Баъзи тарихчиларнинг фикрича, самарқандликлар қоғоз ишлаб чиқариш сирларини 751 йили Таласда бўлиб ўтган жангда Зиёд ибн Солиҳ томонидан асирга олинган хитойлик қоғоз усталаридан ўрганишган. Туркиялик тарихчи олим, профессор Карабажек олиб борган тадқиқотларга кўра, қоғознинг эски увада ёки латта-путталардан тайёрланиши самар­қандликларнинг кашфиёти сифатида тал­қин қилинади. Чунки Самарқандда Х асрга қадар, аниқроғи 940 йилгача увададан қоғоз тайёрлаш иши йўлга қўйилган, деб эътироф этилади. Лекин баъзи манбаларда увададан қоғоз тайёрлаш технологияси Хитойда эрамизнинг иккинчи асридан эътиборан мавжуд бўлганлиги ҳақидаги фикрлар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, Х асрнинг охирларига келиб, Самарқанд қоғози ислом мамлакатларида папирус ҳамда пергамент ўрнини тамоман эгаллади.



Ўрта асрларда қоғоз ишлаб чиқариш сердаромад соҳага айланди ва бундан катта фойда олина бошланди. Самарқанд ўз қоғозини халифаликнинг бошқа вилоятларига ҳам сотишни йўлга қўйди. Бу қоғоз турининг Европа бозорига етказиб берилиши у ерда илгари ёзиш учун асосий ашё сифатида ишлатилиб келинган папирус, чарм, пергамент кабиларнинг ўрнини энди қоғоз эгаллашига ва бу эса нафақат Европа, балки бутун дунё маданий тараққиётининг юксалишига сезиларли туртки бўлди.



Самарқанд қоғозини тайёрлаш тахминан уч юз йил давомида сир тутиб келинди. Фақатгина ХИ асрга келиб бу қоғоздан андоза олган ҳолда, дастлаб, Ироқ ва Сурияда қоғоз тайёрлана бошланди. Кейинроқ тарихда «араб кўприги» деб ном олган Миср, Шимолий Африка ва Марокаш ор­қали Испанияга ҳам Самарқанд қоғозини тайёрлаш технологияси етиб келди. ХИИИ аср­га келиб маҳсулот тайёрлаш сирлари бутун Европага ёйилди. Испанияда ХИИ аср бошларида, Италияда 1276 йил, Франтсияда 1348 йил, Олмонияда 1390 йилларда илк қоғоз ишлаб чиқариш корхоналари қурилди. Рус давлатида ХИВ аср ўрталарида қоғоз ишлаб чиқарила бошланди.



Ўрта Осиёни Чор Россияси истило қилгач, бу ерда қоғоз ишлаб чиқариш тўхтатиб қўйилди. Ўрта Осиёда қоғоз Самар­қанддан ташқари Бухоро, Қўқон шаҳарларида ва уларнинг теварак-атрофида жойлашган қишлоқларда ҳам ишлаб чиқарилган. Венгер олими Ҳерман Вамбери Бухорода тайёрланган қоғоз ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Бухорода тайёрланган ёзув қоғозларининг шуҳрати нафақат Туркистонга, балки қўшни давлатларга ҳам таралгандир. Бу қоғозлар ипакдан тайёрланган бўлиб, силлиқлиги ҳамда нозиклиги билан араб ёзуви учун жуда қулай бўлган».



Қоғоз тайёрлаш учун керакли хомашё (эски кўрпа, тўн кабилардан ажратиб олинган увада ва латта)лар ранги бўйича саралаб олинган. Саралашдан мақсад рангли латталар алоҳида ажратилиб, улардан нарсаларни ўраш учун мўлжалланган дағал қоғозларни тайёрлашда фойдаланилган. Саралаб олинган латталар обжувозда икки соат давомида тортилган.



Қоғоз ишлаб чиқарувчи махсус тегирмонларга нисбатан форсча-тожикча сўз ясалишидаги жувози коғоз, оби жувоз, корхонаи коғозбардори терминлари қўлланган. Бундай устахоналарда тортилган латта уни сурпга солиниб, сувда яхшилаб чайилган. Кейин суви сиқиб ташланган. Сўнгра 5 пуд латта талқонига 1 пуд ишқор ва 1/2 пуд оҳактош қўшиб, яна обжувозда бир соат давомида тортилган. Ҳосил бўлган қоришма талқон 10 кун офтобга қўйилган. Бунда қоришма рангсизланган ва қуёш нури таъсирида ёғсизланган. Шундан сўнг қоришма яна обжувозда тортилган, сувда чайилган. Иккинчи бор юқорида кўрсатилган нисбатда ишқор ва оҳактош қўшилиб обжувозда тортилган. Сўнгра қоришма талқон яна 10 кун давомида офтобда сақланиб, яна обжувозга солиб, 15 кун мобайнида тортилган. Шу тариқа қоғоз хом ашёси - хамирсимон бўтқа тайёр бўлган. Тайёр қоғоз бўтқаси сиқилиб, махсус идишларга (қамишдан тўқилган қопга) солиб қўйилган. Айрим ҳолларда қоғозга сарғиш ранг бериш учун қоғоз бўтқасини охирги марта обжувозга солишдан олдин унга тухмак (қоғозга ранг беришда ишлатиладиган воҳаларда ўсадиган сариқ гулли ўсимлик гулидан тайёрланган сариқ ранг) ва ширач (сирач - пиёзгуллиларга мансуб, адир ва тоғларда ўсадиган кўп йиллик ўсимлик илдизи кукунидан тайёрланган ёпишқоқ бўтқа) қўшилган. Қоғозни қуйишда махсус тўрдан ва тут новдасидан тўқилган четандан фойдаланилган. Махсус тўрни тайёрлашда кўпроқ от қили ишлатилган. Қоғоз қуйилишидан олдин четан устига тўр тўшалган ва унинг устига қоғоз бўтқаси бир хил юпқаликда ёйиб чиқилган. Бунда қоғознинг қалинлигига алоҳида эътибор берилган, чунки унинг қанчалик қалин ёхуд юпқа бўлиши ана шу ерда белгилаб олинарди. Бу жараённинг осонроқ кечиши учун қоғоз бўтқаси ёйишдан аввал сувга қориштирилиб олинган. Зарур ҳолатларда қоғоз бўтқаси икки бор ёйилган. Четан устидаги қоғоз бўтқасидан сув тўла томиб бўлганидан кейин қуюқлашган қоғоз латта тўшалган тахтакачга кўчирилган. Тахтакач устига қоғоз ёймаси устма-уст қилиб тахланган. Бунда улар ўртасига латта қўйиш шарт эмасди, чунки анча силқиб қотиб қолган қоғоз ёймалари бир-бирига ёпишмаган. Шу тариқа бир кечада 240 саҳифадан иборат қоғоз бос­тирмаси юкнинг ортиб бориши ҳисобига сувдан тўла халос этилган. Ҳосил бўлган қоғоз варақларига юпқа қилиб буғдой унидан тайёрланган сирач елими сурилган ва қуритиш учун сувалган деворга ёпиштириб қўйилган. Маълум муддатдан кейин қуриган қоғоз варақалари девордан ажратиб олинган ва махсус пичоқ ёрдамида керакли ўлчам бўйича кесиб чиқилган. Сўнгра буғдой унидан тайёрланган оҳорли сирач олдин қоғознинг бир томонига, сўнгра иккинчи томонига суркаб чиқилган. Тайёр бўлган қоғозга ишлов бериш учун улар нок дарахтидан ишланган тахтакачга қўйилиб, тошўқлов ёрдамида пардозланган. Зарур бўлганда охирги жараён икки-уч бор такрорланган. Қоғоз тўлиқ қуриши учун дорга осиб қўйилган. Кўп ҳолларда, қоғознинг янада жилодор бўлиши учун уни етти мартагача пардозлашган.



Қоғозгарлик ХВ-ХВИ асрларда ҳу­нарманд­чиликнинг муайян бир тури сифатида тўлиқ шаклланди. Бу соҳа билан шуғулланувчи ҳунарманд-усталар авлоди вужудга келди. Хусусан, ХВИ асрда самарқанд­лик қоғозгар уста Мир Иброҳимнинг номи жуда машҳур эди. Ҳатто, уста Мир Иброҳим томонидан қоғоз тайёрлашнинг янги бир усули ишлаб чиқилди. Унга кўра тайёрланган қоғознинг ичида бир тангалик доира шаклидаги оппоқ «сув белгиси» бўлган. Ҳар қандай шароитда ҳам қоғозни мана шу белгисига қараб бошқаларидан осонгина ажратиб олиш мумкин эди. Буни ҳозирги тилда айтадиган бўлсак, маҳсулотнинг ўзига хос маркаси сифатида, унинг сохталаштирилишининг олдини олган бир чора деб ҳам қабул қилиш мумкин.



Иброҳимжон Йўлдошев,

Низомий номидаги ТДПУ профессори, филология фанлари доктори