loader
Foto

Ҳусайн ибн Мансур ал-Ҳалложнинг ўлдирилиши

Бу йили машҳур тасаввуф арбоби ал-Ҳусайн ибн Мансур ал-Ҳаллож ўлдирилиб, ёқиб юборилди. Ҳусайн ибн Мансур илк даврларида жуда тақводор бир сўфий эканини намоён қилган ва халққа кўплаб кароматлар кўрсатган: қиш мевасини ёзда, ёз мевасини қишда топиб уларга едирган, қўлини ҳавога кўтариб туширганда кафтда пуллар пайдо бўлгани кўрилган. Бу пулларда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» (Айт: У Зот Аллоҳ бир зотдир) (Ихлос сураси, 1-оят) деган ибора ёзилгани айтилар эди. У бу пулларга «қудрат дирҳамлари» деб ном берган.



Шунингдек, у халққа уларнинг уйларида еган-ичганларини, қилган ишларини айтиб берган ва уларнинг кўнглидан ўтган нарсаларни баён қилган. Унинг бу ҳолатлари сабабли кўп одамлар унга алданиб атрофига тўпланган ва У Зот (яъни Аллоҳ) унда ҳулул қилганига ишона бошлаган эдилар. Шу тариқа одамлар ҳазрати Масиҳ (а.с.) ҳақида ихтилофга тушганлари каби, у ҳақда ҳам ихтилофга бордилар.



Улардан баъзилари У Зот (Аллоҳ)дан бир жуз унда ҳулул қилган деб иддао қилар, у эса бу ҳоли билан илоҳлик даъвосида эди. Баъзилари уни Аллоҳнинг бир валий бандаси деб ҳисоблар, бошқа солиҳ бандалар кўрсатган кароматларни бу ҳам кўрсатган деб таъкидлар эдилар. Яна баъзилари эса уни жалб қилинган, атрофидагиларни алдаувчи, ёлғончи жодугар ва коҳин, деб билиб, жинлар унга бошқа диёрлардан мева олиб келишини иддао қилар эдилар.



Ҳусайн ибн Мансур ал-Ҳаллож Хуросондан Ироққа келган, у ердан Маккага кетган ва бир йил давомида Ҳижр маконида қолган эди. У ерда бўлган вақтида ёз-қийш пайти ҳеч бир соя ёки пана жойга кирмасдан, доим рўза тутар эди. Хуфтон вақти яқинлашганда унга хизмат қилувчи шахс бир мешк сув ва бир дона нон олиб келиб қўяр, у бу мешкдан сув ичар ва нондан фақат уч луқма чақиб ейди, қолганини эса эртаси кун шомгача яна емасдан тарк этар, яна рўза тутишга ният қилар эди.



Ўша пайтларда Маккада сўфийлар шайхи Абдуллоҳ ал-Мағрибий эди. Мансурнинг бу ҳолатларидан хабардор бўлгач, одамларини йиғиб унга зиёратга борган, аммо уни Ҳижрда топа олмаган. Қаерда эканини сўраганда, Абдуллоҳга у Абу Кубайс тоғига чиққани айтилади. Абдуллоҳ ал-Мағрибий ва одамлари бирга Абу Кубайс тоғига чиқиб, Ҳусайн ибн Мансурнинг ҳузурига етиб бордилар.



Абдуллоҳ уни пинҳона, ёлғиз ҳолда бир тошнинг устида ўтирганини, боши очиқ ҳолда Аллоҳга илтижо қилиб турганини ва танидаги тер ерни намлаб юбораётганини кўриб, ҳеч гап айтмай одамларини олиб қайтиб кетган ва шундай деган эди:



«Бу одам жуда сабрли экан, Аллоҳнинг қазосига чидаяпти ва У Зотдан қўрқиб, тақво қилияпти. Лекин Аллоҳ уни юклай олмайдиган ва кўтара олмайдиган бир синов билан синаб қўяди».



Бир муддат ўтгандан сўнг, ал-Ҳусайн Багдодга қайтган эди.



ал-Ҳусайн ибн Мансурнинг ўлдирилиши ҳақида шундай хабар ривоят қилинади:



У Багдодга келганида баъзи одамлар вазир Ҳомид ибн ал-Аббосга Ҳаллож бир гуруҳ ўликларни тирилтиргани, жинлар унинг хизматида бўлгани ва барча хоҳлаган нарсаларини дарҳол унга етказиб бергани ҳақида айтганлар. Улар, шу йўл билан Ҳаллож халифанинг юқори даражадаги одамларига яқинлашиб, уларни ўзига тортаётганини вазирга етказган эдилар. Ҳатто ал-Ҳожиб Наср ва унга ўхшаган кишилар ҳам Ҳалложга эргашгани ҳақида эшитган вазир Ҳомид, ал-Муқтадир биллоҳдан Ҳаллож ва унинг одамларини ўзига топширишини сўраган эди. Аммо Ҳожиб Ҳаср Ҳалложни ҳимоя қилган, вазир қаттиқ туриб олганидан сўнг ал-Муқтадир Ҳалложни топширишни буюрган эди.



Вазир Ҳомид ибн ал-Аббос Ҳусайн ибн Мансур ал-Ҳалложни ва “аш-Шимриййун” деб танилган унинг бир одамини ҳамда бошқа тарафдорларини қўлга олди. Ривоят қилинишича, бу одамлар Ҳалложнинг илоҳ эканига ишонган эдилар. Ниҳоят вазир Ҳомид ал-Аббос бу одамларни сўроқ қилиб, улар ҳақиқатан ҳам Ибн Мансурнинг илоҳ эканига ишонганликларини тан олдилар. Улар Ҳусайн ибн Мансурнинг ўликларни тирилтира олишига ишонган эдилар.



Ҳаллож бу масалада сўроқ қилинганида, у бундай даъволарни кескин рад этиб шундай деди: “Аллоҳ сақласин! Мен қандай қилиб илоҳлик даъво қилай? Ёки қандай қилиб ўзимни пайғамбар деб айтай? Мен фақатгина Жаноби Аллоҳ (Жалла Жалалуху)га ибодат қилувчи бир бандаман!”



Шундан сўнг вазир Ҳомид қозилардан Абу Амр ва Абу Жаъфар ибн ал-Баҳилийни, шунингдек Багдоднинг таниқли фақиҳларини йиғди ва улардан бу масалада фатво беришларини талаб қилди, шунингдек гувоҳлар ҳам тайинлади. Аммо бу фақиҳ ва қозилар шундай дедилар: “Ҳозирги ҳолатда у ҳақида ҳеч қандай ҳукм чиқариш мумкин эмас. Унинг ўлимига далолат қилувчи ҳеч қандай далил бўлмас экан, бу иш мумкин бўлмайди. Бу фақатгина унинг ўз оғзи билан бирор гап айтишидан кейингина мумкин бўлади. Акс ҳолда, унинг ҳақида илоҳлик даъво қилди, деган гап уни ўлдириш учун далил бўлолмайди.”



Вазир Ҳомид Ҳалложни қамоқдаги жойидан чиқариб, мажлисига олиб келар, уни гапга солишга уриниб кўрар, лекин Ислом шариати Ҳалложни ўлдиришни мубоҳ қилиши учун етарли бўладиган ҳеч қандай сўз айтганини кўрмас эди.



Бу ҳол узоқ давом этди, вазир Ҳомид доимо Ҳусайн ибн Мансур билан банд бўлиб, уни ўлдириш йўлларини излаб юрар эди. Уларнинг орасида бу ерда келтирсак гап чўзилиб кетадиган анча воқеалар содир бўлди.



Ниҳоят, энг охирги ҳолатда вазир Ҳомид Ҳусайн ибн Мансур ёзган бир мактубни қўлга киритди. Бу мактубда шундай ёзилган эди: “Агар бир киши ҳаж қилишни хоҳласа-ю, унга имкони бўлмаса, ичида ҳеч қандай нажосат ёки ифлослик бўлмаган ва ҳеч ким кирмаган бир уйни танлаб, ҳаж мавсуми келганида, Маккадаги ҳажилар бажарадиган тавофдек бу уйнинг атрофини тавоф қилади. Тавоф тугагач, щттиз етти нафар болани топиб, имкони борича уларга шу уйда таом беради ва ўзи шахсан уларга хизмат қилади. Таом тугагандан сўнг уларни яхши кийимлар билан кийдириб, ҳар бирига етти дирҳамдан берса, у ҳаж қилган бўлади.”



Бу мактуб вазир ҳузурида ўқилганида, қози Абу Амр Ҳаллождан: «Бу мактубни қаердан олдинг?» деб сўради. Ҳаллож эса: «Ҳасан ал-Басрийнинг “Китоб ал-Ихлос”идан олдим», деб жавоб берди. Бунга жавобан қози: «Ёлғон гапиряпсан, қони мубоҳ бўлган! Биз Ҳасан ал-Басрийнинг “Китоб ал-Ихлос” номли асарини Маккада эшитганмиз, сен айтган нарсалар унда йўқ», деб жавоб қайтарди. Қози Ҳалложга «Эй қони мубоҳ бўлган!» деб мурожаат қилганида, вазир Ҳомид бу гапни дарҳол эшитди ва қозига: «Айтган гапларингни ёз», деди. Қози Абу Амр Ҳалложни ҳимоя қилмоқчи бўлган бўлса-да, вазир Ҳомид уни шу сўзи билан маҳкум қилди. Шундан сўнг қози айтган гапларини фатво тарзида ёзди ва Ҳалложнинг қони мубоҳ, деб топилди. Қозининг ёзганларига қўшимча равишда ўша мажлисда ҳозир бўлганлар ҳам бу масалада ўз фикрларини билдирдилар.



Ҳаллож ўзи ҳақида ўлим фатвоси ёзилганини кўриб шундай деди: «Қоним сизларга ҳеч қачон ҳалол эмас. Диним Ислом ва мазҳабим аҳли суннат йўлидир. Мени ўлдиришингиз сизлар учун жоиз иш эмас. Мен Ислом ва аҳли суннат мазҳаби ҳақида китоблар ёздим. Қонимни тўкишда Аллоҳ менинг вакилим бўлсин!» Унинг бу гаплари устига у ерда бўлганлар тарқалиб кетдилар.



Вазир Ҳомид халифага мактуб ёзиб, Ҳалложни ўлдиришга рухсат беришини сўради ва қозилар ҳамда бошқалар томонидан берилган фатвони юборди. ал-Муқтадир уни ўлдиришга рухсат берди ва вазир Ҳомид Ҳалложни қўриқчига топширди. Қўриқчи унга мингта қамчи уришига қарамай, у ҳеч таъсирланмади. Кейин унинг бир қўли, кейин оёғи, кейин иккинчи қўли ва иккинчи оёғи кесилди, охирида ўлдирилди ва жасади ёқиб юборилди. Тўлиқ ёниб кулга айланганидан сўнг, кули Дижла дарёсига сочилди. Калласи найзанинг учига илинди ва Багдодда кўрсатилди, сўнгра у ердан Хуросонга юборилди. Чунки Мансурнинг Хуросонда унга эргашган муридлари бор эди.



Ҳаллож ал-Мансур ўлдирилганидан кейин, баъзи одамлар келиб шундай деган эдилар: «У ҳеч қачон ўлдирилган эмас, унинг бир ўхшаши от минган ҳолда кўрилган, ва у қирқ кундан сўнг яна чиқиб келади.» Бошқаси эса шундай деган: «Мен уни Наҳравон йўлида эшак миниб кетаётганини кўрдим.»



Ҳусайн ибн Мансур ал-Ҳаллож ўлдирилишидан олдин ўз муридларига шундай дегани ривоят қилинади: «Сиз менинг ўлдирилишимга ва ўлишимга ишонган бу сигир одамлардек бўлмангиз.»

​Ибн ал-Асирнинг «ал-Камил фи-т-Тарих» асаридан

Абу Муслим таржимаси