Кутайба Ҳоразмшоҳ билан сулҳ тузганидан кейин Мүжашшир ибн Музоҳим ас-Суламий Кутайба ҳузурига келиб, махфий равишда шундай деди: «Агар бир куни Суғдликларга қарши юриш қилмоқчи бўлсанг, дарҳол — ҳозироқ юришга чиқ; чунки улар бу ердаги омил (ҳоким) уларга қарши юриш қилмаслигидан хабардор ва хотиржам. Сен билан улар орасида ўн кунлик масофа бор». Кутайба ундан: «Бу фикрни сенга бошқа кимдир айтдими?» деб сўради. Мүжашшир: «Йўқ», деб жавоб берди. Кутайба яна сўради: «Бу сўзни сендан бошқа ким эшитди?» Мүжашшир яна: «Йўқ», деди. Шунда Кутайба: «Агар бу ҳақда бошқа кимдир айтганини эшитсам, Аллоҳга қасамки, сенинг бошингни оламан», деди.
Эртаси куни Кутайбанинг амри билан унинг укаси Абдурраҳмон отлиқлар ва ўқчилар билан йўлга чиқди, ўша куниёқ юклар ва бошқа буюмлар Мервга юборилди. Кечга бориб Кутайба шундай мактуб ёзди: «Эрталаб бўлиши билан юклар ва қимматли буюмларни Мервга юбор. Отлиқлар ва ўқчилар билан Суғд томонга йўл ол ва бу ҳақда ҳеч кимга гапирма. Мен ҳам сенинг орқандан чиқаман». Абдурраҳмон Кутайбанинг буйруғини бажарди. Кутайба аскарларга қилган нутқида шундай деди: «Суғдликлар ҳозир сизлар билан урушиш аҳволида эмаслар. Улар биз билан бўлган шартномани буздилар, ўзинглар биладиган ишлар ҳам содир бўлди. Мен Ҳоразмликларнинг ҳолати Қурайза ва Надир қабилаларига ўхшайди, деб умид қиламан». Шундан кейин юришга чиқди ва Суғдга қараб йўл олди. У ерга Абдурраҳмондон уч ёки тўрт кун кейин етиб борди. Кутайба билан бирга Ҳоразм ва Бухоро аҳолиси ҳам бор эди. Суғдликлар муҳосарада бўлган ҳолда бир ой давомида Кутайба билан фақат бир тарафдан жанг қилдилар.
Суғдликлар муҳосара чўзилиб кетишидан қўрқиб, Шош ҳокимига, Хоқонга ва Фарғона ахшидига мактуб ёзиб шундай дедилар: «Агар араблар бизни енгадиган бўлсалар, улар бизга келганидек сизларга ҳам келишади. Шундай экан, ўйланг, тафаккур қилинг, ўзингиз учун яхшисини танланг ва қўлингизда қанча қувват бўлса, уни кўрсатинг». Улар эса ўз ҳолатларини кўриб чиқиб: «Бу хабарлар бизга ўхшамаган пасткаш одамлардан келмоқда. Улар бизда бор нарсаларга эга эмаслар», дедилар ва подшоҳ фарзандларидан, марзбонлар, усварлар фарзандлари орасидаги яхши от миниб, ўқ ота оладиган мардлардан саралаб, уларга Кутайбанинг қароргоҳига бориб тунги ҳужум қилишни буюрдилар ва Кутайба Самарқандни муҳосара қилиш билан банд эканлигини ҳисобга олиб, унинг қароргоҳини ҳимоя қила олмаслигини билдирдилар. Уларнинг бошига эса бир хоқон фарзандини қўмондон қилиб қўйдилар. Шундай қилиб, бу кишилар йўлга чиқдилар.
Кутайба бу ҳолатдан хабардор бўлганида, аскарлари орасидан жасур, бақувват, кучли ва жанг қобилияти юқори бўлган тўрт юз — бошқа ривоятга кўра олти юз — кишини танлаб олди ва уларга вазиятни тушунтириб, душманларига қарши юриш қилишни буюрди. Улар Солиҳ ибн Муслим бошчилигида йўлга чиқдилар. Улар душман келадиган йўл устидан, ўз қароргоҳларидан икки фарсах узоқликдаги жойда тўхтаб, қароргоҳ қурдилар. Солиҳ икки жойга аскарларни махфий равишда жойлаштирди. Тунда, ярим кечадан кейин душманлар ўша жойга етиб келишди. Солиҳни кўришлари билан унга ҳужум қилишди. Улар орасида жанг бошланди. Шу пайт махфий жойлаштирилган аскарлар ўнг ва чап томондан душманга ҳужум қилишди. Аммо душманлар матонат билан қаршилик кўрсатишди.
Солиҳ билан бирга бу жангда қатнашган кишилардан бири шундай ривоят қилади:
«Улар билан жанг қилиб турган чоғимда, тунда Кутайбани кўриб қолдим. У махфий равишда бизнинг орага қўшилган эди. Урган зарбамдан мамнун бўлиб, унга: “Онаму отам сизга фидо бўлсин, бу зарбамни қандай деб ўйлайсиз?” деб сўрадим. У эса: “Жим тур! Аллоҳ оғзингни йўқ қилсин,” деди. Жангимизни давом эттирдик. Қочиб қутилганлардан ташқари ҳеч ким тирик қолмади. Улардан бор жиҳозларини, қуролларини олдик, бошларини кесдик ва баъзиларини асирга олдик. Биз асирга олганларимиздан ўлдирилганлар ким эканини сўрадик. Улар: “Сизлар ўлдирганлар ё подшоҳ, ё катта зотларнинг фарзандлари ёки бир қаҳрамон эдилар. Улардан ҳар бири юз кишига тенг саналади,” дейишди. Исмларини қулоқларига ёзиб қўйдик. Тан атрофи ёруғлашганида қароргоҳимизга қайтдик. Ҳеч ким биз каби — на ўлик, на асир, на отлиқ, на тилла белбоғ ва қуроллар билан қайтмаган эди. Кутайба менга ва мен билан бирга бўлган гуруҳга кўпроқ эҳтиром кўрсатди. Менимча, у менда кўрган қаҳрамонликни уларда ҳам кўрган эди».
Суғдликлар бу ҳолни кўриб тор-мор бўлдилар. Кутайба қурдирган манжаниқлар (катапултлар) билан уларни ўққа тутди ва қалъа деворида бир ёриқ очди. Бир одам ўша ерга келиб, Кутайбага ҳақорат қилди. Бир ўқчи отган ўқ билан уни ўлдирди. Кутайба ўша ўқчига ўн минг дирҳам берди.
Мусулмонлардан бир киши Кутайбанинг ўз-ўзига гапираётгандек айтган қуйидаги сўзларини эшитиб қолди: «Эй Самарқанд! Шайтон сенинг ичида қачонгача ўз иналарини қуриб турмоқчи? Аллоҳга қасамки, тонг отиши билан сенинг аҳлингга қилоладиганимнинг энг кучлисини қилишга ҳаракат қиламан». Бу одам ўз дўстларининг олдига бориб, шундай деди: «Ким билади, эртага қанча одам ўлдирилар?» ва эшитганларини баён қилди. Эрталаб бўлиши билан Кутайба аскарларга жиддийлик билан жангга киришишни буюрди. Жуда қаттиқ жанг бўлди. Кутайба қалъа деворида очилган ёриққа боришни амр қилди, аскарлар қалқонларини юзларига тутган ҳолда ҳужумга ўтишди ва ўша ёриққача етиб бориб, унинг олдида тўхташди. Суғдликлар уларга ўқ отган бўлсалар ҳам, улар ўша жойдан чекинмадилар. Шунда Суғдликлар Кутайбага хабар юбориб: «Бугун биздан чекин, кет; эртага сен билан сулҳ тузамиз», дейишди. Лекин Кутайба: «Йўқ, одамларимиз ўша ёриқ олдида туришар экан, биз сулҳ тузамиз, бошқа ҳолда қабул қилмаймиз», деди.
Бошқа бир ривоятда Кутайбанинг гаплари бундай бўлгани айтилади: «Бу қуллар қўрқувга тушдилар энди; келинглар, ғалаба сизлар томонда экан, чекининглар». Шундан кейин аскарлари чекинишди ва эртаси куни улар билан шундай шартлар билан сулҳ тузди: «Ҳар йили икки миллион икки юз минг мисқол тўлашлари, шу йили эса оттиз минг отлиқ беришлари». Бундан ташқари, шаҳарни бўшатишлари ва уни уларга топширишлари, ичида ҳеч қандай жангчи қолмаслиги, мусулмонлар шаҳарга кириб масжид қуришлари, ўша масжидда намоз ўқишлари, хутба айтишлари, таом ейишлари ва чиқишлари ҳам шарт қилинди.
Сулҳ тузилгандан сўнг Суғдликлар шаҳарни бўшатдилар. Мусулмонлар у ерда масжид қурдилар. Кутайба танлаб олган тўрт минг киши билан шаҳарга кирди, масжидда намоз ўқиб, хутба айтди. Овқат еганидан кейин Суғдликларга шундай хабар юборди: «Мол-мулкини олиб кетмоқчи бўлган киши келиб олсин. Мен бу ердан чиқмайман ва сизлар билан тузилган сулҳдан ташқари ҳеч нарса олмайман. Лекин шуни билингларки, аскарларим бу ерда яшайди.»
Ривоят қилинишича, сулҳ вақтида Кутайба улардан юз минг отлиқ беришларини, оташкадаларни ва бутларнинг безакларини ҳам олишни шарт қилган ва уларни олган. Бутлар олиб келиниб, устма-уст йиғилганида катта сарой каби кўринган. Бутлар устидаги қимматбаҳо ашёларни олгандан кейин Кутайба уларни ёқишни буюрди. Ғавзек Кутайбанинг ҳузурига келиб, шундай деди: «Сенга чин дилдан раҳмат айтишим лозим, лекин айтаманки: бу бутларга тегма, чунки улар орасида ёққан одамни ўлдирадиган бутлар ҳам бор.» Кутайба унга: «Унда мен бу бутларни ўз қўлим билан ёқаман,» деди ва ўт олиб келишни буюрди. Такбир айтганидан кейин бутларни ёқди. Ёқилган бутларнинг куллари орасида қолган олтин михларнинг оғирлиги эллик минг мисқол бўлган.
Кутайба Суғдликлар орасида Яздижирд авлодидан бўлган бир жорияни қўлга туширди ва уни Ҳажжожга юборди. Ҳажжож эса бу жорияни Валида юборди. Валиддан ундан Язид исмли бола туғилди.
Кутайба Ғавзекка Самарқандни тарк этиб кетишини буюрди. У ҳам тарк этиб кетди.
Ривоят қилинишича, Самарқанд аҳли фатҳ куни мусулмонлар қаршисига чиқиб жанг қилишди. Кутайба ўша куни бир тош тахт чиқарилишини буюрган ва ўша тахт устига ўтирган эди. Мизроқлар билан жанг қилиш даражасига келгунча икки томон бир-бирига яқинлашдилар, ҳатто Кутайбанинг ҳузуригача келишди; лекин Кутайба бундай ҳолатда ҳам истигносиз бўлиб, қиличига таяниб ўтиришда давом этди. Мусулмонларнинг ўнг ва чап қанотлари марказий қисмни мағлуб этган мушрикларга ёпирилди ва уларни қароргоҳларига чекинишга мажбур қилишди. Бу пайтда мушриклардан жуда кўп киши ҳалок бўлди. Ниҳояда мусулмонлар шаҳарга кириб, сулҳ туздилар. Ғавзек бир таом тайёрлаб, Кутайбани унга таклиф қилди. Кутайба ҳам ўз йўлдошларидан маълум миқдордаги одамлар билан бу таомга борди. Кутайба кетишидан олдин Ғавзекдан Самарқандни унга ҳадя қилишини сўради ва унга: «Сен ҳам бу ердан кет,» деди. У эса буни қабул қилишдан ва Кутайбага итоат этишдан бошқа чора тополмади. Шундан кейин Кутайба Улуғ Аллоҳнинг қуйидаги сўзини ўқиди:
«Ва у, албатта, аввалги Од қавмини ҳалок қилди. Самуд қавмини ҳам қолдирмади.» (Қуръон, Нажм сураси, 50-51-оятлар)
Кутайбанинг Самарқандни фатҳ этгани ҳақида хабар етказиш учун Ҳажжож ҳузурига юборган кишидан ривоят қилинишича, у шундай деган:
«Ҳажжож мени Валид ҳузурига юборди. Тонгдан олдин Димашққа етиб бордим, масжидга кирдим. Ёнимда кўзлари кўрмайдиган бир киши бор эди, у мендан: “Қаерликсан?” деб сўради. Мен: “Хуросонликман”, деб Самарқанднинг аҳволини айтдим. У киши шундай жавоб берди: “Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақ билан юборган Зотга қасамки, сизлар у ерни шартномани бузиб фатҳ қилдингиз. Ва сизлар, эй Хуросонликлар, Умайявийлардан мулкни тортиб оласизлар, кейин эса Димашқда тош устида тош қолдирмайсизлар.”»
Кутайба Самарқандни фатҳ қилганида: «Бу — икки эшакни ҳам ерга йиққандир», дейишди. Чунки у шу йили ҳам Самарқандни, ҳам Ҳоразмни фатҳ қилган эди. Араблар бу иборани отлиқ бир зарбада икки душманни ерга йиқитган ҳолатда ишлатишар эди. Кутайба Самарқандни фатҳ қилгач, Наҳор ибн Тавсани чақириб унга шундай деди:
«Эй Наҳор! Ҳа, сен айтган эдин:
“Эй, энди бойитган ғазолар ўтди;
Муҳаллабдан кейин сахийлик ва эҳсон ўлди.
Улар Марв ар-Рузда қабрига гаров бўлиб қолдилар;
Энди Шарқ ҳам, Ғарб ҳам улардан узоқ.”
Бу сўзларинг қаерда қолди? Ахир бу ҳам ғазо эмасми?»
Наҳор шунда: «Бу ўшалардан ҳам яхшироқ. Мен бир вақтлар бу байтларни ҳам айтганман,» деди ва қуйидагиларни ўқидӣ:
«Бизнинг давримиздан ва биздан олдин ҳам,
Ҳатто биздан кейин ҳам Кутайбага ўхшаш бирор кимса йўқ.
У кофирларни қиличи билан бирин-кетин ҳалок қилди,
Бизга эса бирин-кетин ғанимат тақсим этди.»
Бу ҳақда шоирлар кўплаб шеърлар айтганлар. Кумайтнинг бир қасидасида қуйидаги байт ҳам келади:
«Самарқанд узоқ асрлар давомида Яманийларники эди,
Бугун эса Мударликлар уни Қайсга нисбат бермоқдалар.»
Каъб ал-Ашқарий ёки Жуғолийлардан бири ҳам шундай деган:
«Ҳар куни Кутайба бир ярабон қилмоқда,
Мол-дунёга мол қўшмоқда.
Баҳилийлардан бўлиб, бошига тож кийди,
Оқиб, сийоҳ сочлари охири оқарди.
Суғдликларни ўз аскарлари билан айлантирди,
Охирида Суғдликлар жойида туриб қолдилар.
Болалар оталарини йўқотганидан йиғлайди,
Музтар оталар эса фарзандлари учун…»
Шундан сўнг Кутайба Марвга қайтди.
Хуросонликлар: «Кутайба Самарқандликларга берган ваъдасида турмади ва у ерни шартнома шартларини бузиб эгаллади,» дейишарди.
Кутайбанинг Ҳоразмда қолдирган уруш қўмондони Ийёс ибн Абдуллоҳ ожиз бир киши эди. У ерда хараж йиғиш вазифаси Муслимнинг озод қилинган қули Убайдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ зиммасида эди. Ҳоразм аҳли Ийяснинг ожизлигини кўриб, унга қарши тўплана бошладилар. Убайдуллоҳ Кутайбага мактуб ёзди. Шундан сўнг Кутайба укаси Абдуллоҳни у ерга омил қилиб юборди ва Ийяс ҳамда Ҳайён ан-Набатийга юзтадан калтак уришни буюрди. Абдуллоҳ Ҳоразмга яқинлашганида Ийясга хабар жўнатиб, уни қўрқитди, шу сабабли у чекинди. Абдуллоҳ келиб Ҳайённи тутиб олди ва унга калтак уриб, сочини олдирди.
Сўнгра Кутайба Муғир ибн Абдуллоҳ билан бирга Ҳоразм устига аскар юборди. Ҳоразмликлар буни эшитдилар. Муғир улар ҳузурига етиб боргач, Ҳоразмшоҳ томонидан ўлдирилган кишиларнинг фарзандлари ундан ажралиб чиқиб: «Биз сенга ёрдамчи бўла олмаймиз,» дейишди. Ҳоразмшоҳ эса турклар юртига қочди. Муғир келиб, баъзиларини ўлдирди, баъзиларини асир олди. Қолганлар у билан жилзия тўлаш шартида сулҳ туздилар. Муғир кейин Кутайбанинг ҳузурига қайтди, Кутайба эса уни Нисо (Найсобур) шаҳрига омил қилиб тайин қилди.
Ибни Асирнинг "Комил фит тарих" китоби, 4-жилдидан
Абу Муслим таржимаси