Биз телевидениэ ёки матбуотда классик шеърият, асар ҳақида баҳс юритганимизда ҳам патқаламнинг довотга солинган суратини беришга одатландик. Ёки янги чоп этилаётган китобларимизнинг муқовасига ҳам патқалам расмини тушириб қўядиган бўлдик. Мен 30 йилга яқин давр давомида таълим тизимида меҳнат қилиб келаман. Шу боис, аксарият ҳолларда Алишер Навоий ёки Бобур таваллудлари муносабати билан чиқарилган деворий газеталарда ҳам патқалам тасвирини кўп учратаман.
Талабаларга бу ҳақда тушунтиришга ҳаракат қиламан. Қисқача айтганда, патқалам бизнинг ўтмишимизда, айниқса, Ислом дини кириб келгандан кейинги даврларда деярли ёзув ишида қўлланилмаган. Асосий ёзув қуроли қамиш қалам бўлган. Буни классикларимиз асарларидан тўлиқ англашимиз мумкин. Энди савол туғилади: патқалам тасвири ўзбек адабиётига тимсол сифатида рус классиклари орқали кириб қолмаганмикан? Ахир, Пушкин, Гогол сингари рус классиклари патқаламда ёзишган. Шу боис, рус адабиёти тарихида патқалам тасвирининг рамз сифатида берилиши тўғри. Яқин ўтмишда ўзбек адабиётининг рус адабиётидан таъсирланганлиги ҳаммамизга маълум. Бунинг натижасида, рус адабиётидаги патқалам тасвири ўзбек адабиётига ҳам кириб қолган бўлиши мумкин.
Патқаламнинг Шарқ дунёсида, нафақат Шарқда, балки Европа ёзув маданиятида қўлланилганлиги ҳақида турли фикрлар мавжуд. Маълумки, дунё тараққиётининг турли босқичларида турли ўлкаларда турли хилдаги ёзув қуролларидан фойдаланилган. Улар хусусида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган. Хусусан, рус тадқиқотчиси А.Каждан ўзининг «Книга и писател в Византии» номли китобида бу борада жуда қимматли маълумотларни келтиради. Унинг ёзишича, Миср котиблари эрамиздан олдинги учинчи асрда ҳам қамиш қаламдан фойдаланишган, унинг уч қисми қийшиқ ҳолда кесилган бўлиб, ёзувни янада нафис ёзиш имконини берган. Қадимда котиблар қамиш қалам билан бирга суяк ёки металлдан ишланган қалам турларидан ҳам фойдаланишган. Ғарб дунёсида бу қалам турлари ўрнини аста-секинлик билан паррандалар патидан тайёрланган патқаламлар эгаллай бошлаган. А.Кажданнинг фикрича, антик давр котиблари, эҳтимол, патқаламдан фойдаланишмагандир; ҳар ҳолда, у даврларга оид юнон ёки рим ёдгорликларининг биронтасида ҳам патқаламдан фойдаланилганлиги қайд этилмаган, аксинча, барча матнларда қамиш қалам ёдга олинган, рассом суратларида ҳам, асосан қамиш қалам тасвирланган. Ғарбда ХИ асрга қадар яратилган диний миниатюраларда евангелист (инжилчи)лар сурати қўлларида қамиш қалам билан тасвирланган. ХИИ асрдан эътиборан яратилган диний миниатюраларда қамиш қалам тасвири акс этмаган. Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ғарбда қамиш қалам ўрнини патқалам эгаллаши ХИ асрда ўз ниҳоясига етган. Бундай хулосага келишимизга ХИИ асрда яратилган Ғарб қўлёзма асарларида фақат ғоз, оққуш ёки товус патларидан тайёрланган қаламлар ҳақида баҳс этилганлиги асос бўла олади. Лекин Византияда патқалам турларининг ишлатилганлиги ҳануз номаълум, аммо қамиш қаламнинг узоқ вақтларгача асосий ёзув қуроли сифатида ишлатилиб келинганлиги маълум. Масалан, ХИИИ асрда яратилган ва бугунги кунда Париж кутубхоналаридан бирида сақланаётган «Инжил»да стол устида ётган бир нечта қамиш қалам тасвири берилган. Ёки ундан анча кейин, аниқроғи, ХИВ аср ўрталарида яратилган ва ҳозир Москва тарихий музейида сақланаётган қўлёзмаларда тасвирланган 407 евангелист (инжилчи)нинг сурати қўлларида қамиш қалам билан тасвирланган. Поляк олими Л.Винничук ўзининг «Люди, нравы и обычаи Древней Гертсии и Рима» номли китобида А.П.Кажданнинг юқоридаги фикрларини тасдиқловчи далилларни келтиради. Унинг фикрича, юнонлар қадимда папирус ва пергаментга, асосан, қамиш қалам билан ёзганлар.
Мисрликлар қамишнинг фақат шўр ботқоқликда ўсганларинигина танлашган. Қамиш поясидан керакли узунликдаги қисми кесиб олинган ва унинг бир учи қиясига кесилган. Сўнгра қамишнинг бу қисмига ишлов берилган. Қадимги мисрликлар қаламнинг ҳар икки томонидан ҳам фойдаланишган. Тарашланиб ишлов берилган қисми билан ингичка ёзувларни, текис кесилган томони билан эса қалин ёзувларни қоралашган. Милоддан аввалги икки мингинчи йилнинг биринчи ярмига қадар, яъни Ўрта подшоҳлик даврида Миср котиблари чўпининг узунлиги 40 см.гача, учининг эни 2.5мм.гача бўлган қамиш қаламларда ёзишарди. Қадимги Сурияда асосий ёзув қуроли қамиш қалам бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Қамиш қаламдан фойдаланиш Ўрта Ер денгизи атрофидаги халқларда эрамиздан олдинги даврларда ҳам маълум эди. Тахминан учинчи асрдан эътиборан қамиш қаламнинг учи тарашланган ҳолда ишлатила бошланди. Қадимда ёзув қуроли сифатида суяк ҳамда металлдан ишланган қаламлардан ҳам фойдаланилган, аммо қамиш қалам ишлатилиш жиҳатидан уларга нисбатан қулай бўлган. Чунки қамишнинг ғовак қисми сиёҳни тутиб туриш ҳамда унинг ҳадеб томиб кетмаслик имкониятларини сақлаган. Сурия қаламларининг яна бир афзаллиги шунда эдики, уларнинг учи тарашланиш билан бирга икки қисмга ёриб қўйилганлиги натижасида ҳар доим ҳам бир хил ҳажмдаги ингичка ҳарфларни равон ёза олиш имконини берар эди. Қаламнинг ушбу тури дунё бўйлаб кенг тарқалган эди. Ундан яҳудий, юнон, копт, араб халқлари ёзув ишида фойдаланишар эди.
Рус китобатчилигида, қамиш қалам деярли қўлланмаган. Ушбу фикрни рус китобшунос олими И.Баренбаум ҳам тасдиқлайди. И.Баренбаум қадимги рус котиблари ёзув ишларида, асосан патқалам ишлатганлигини, унинг ғоз, оққуш, ҳатто, товус патларидан тайёрланганлигини ёзади. Тўғри, қадимги Русда яратилган инжилларга ишланган миниатюраларда евангелист (инжилчи)лар қўлларида қамиш қалам тутган ҳолда тасвирланган. А. Кажданнинг фикрича, бу қадимги анъаналарга уйғун шаклда ишланган, холос. Бу анъана Русга Византиядан ўтган бўлиши мумкин. Рус тадқиқотчиси В. Янин қадимги Русда папируснинг ишлатилмагани, унинг ўрнида эса, қайин пўстлоғи (береста) қўлланилганини ҳамда ёзув қуроли сифатида суяк, металл, тахта каби ашёлардан тайёрланган қаламлар ишлатилганини далиллар асосида ёритиб беради. Унинг ёзишича, қадимги Русда бундай ёзув қуроллари «писала» термини билан ифодаланган. Писалалар теридан ишланган махсус ғилофда сақланган. Рус археологлари писалаларни Новгород, Псков, Смоленск, Рязан, Саратов каби шаҳарларда олиб борилган қазилма ишларида топишган. Дастлабки вақтларда уларни «тўғноғич», «терига ишлов беришда қўлланиладиган асбоб», «билагузук қолдиғи» деб ҳам тахмин қилишган.
Араб қўлёзма китобатчилигида ёзув қуроллари сифатида қамиш қалам биринчи ўринда турган. Араблар ушбу ёзув қуролини қалам, мизбар, яра каби терминлар билан аташган. Бу номга ҳамда предметга тарихда жуда катта ҳурмат-эътибор билан қарашган ва унга ҳар доим ҳамду санолар айтилган. Ислом дунёсида қаламнинг илк таърифи муқаддас Қуръони каримда айтилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган сураларидан бирининг номи ҳам «Қалам» сураси бўлган.
Арабшунос олим А. Халидовнинг фикрича, қалам, асосан, қамишдан тайёрланган, унинг уч қисми қиялатиб кесилган ва тарашланиб, ўртасидан ёриб қўйилган. Араб адабиётида қаламга ижод ва гўзаллик илҳомчиси сифатида нисбат берилиб, мадҳ этилган. Сифатли қалам бебаҳо бойлик ҳисобланган, унинг сифати қамишнинг қаэрда ўсганлиги, сақланиши, қалинлиги, ранги, хуллас, танлаб олинишига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган. Қамиш қалам ёзиладиган ёзув турига ҳамда хаттот дидига уйғун бўлиши керак эди. Албатта, араб китобатчилиги билан ўзбек китобатчилиги ўртасида тарихий муштараклик мавжуд. Ўрта Осиёга муқаддас Ислом дини билан бирга араб тили ва у орқали кўплаб арабча сўзлар кириб келди. Арабча ўзлашма қатламнинг миқдори соҳаларга кўра турлича бўлган. Хусусан, ўзбек китобатчилигида унинг миқдори анча салмоқлидир. Тарихимизда асосий ёзув қуроли қамиш қалам бўлганлиги ва уни ифодалашда араб тилидан ўзлашган қалам термини қўлланилгани маълум. Қалам сўзи асли юнонча (қаламос) бўлиб, «қамиш» сўзини ифодалаган. Бу лексема ўзбек тилига араб тили орқали ўзлашган. Араб тилида қалам сўзининг маъно англатиш кўлами анча кенг бўлган. Унинг асосий маъноларидан бири ёзув қуроли эканлиги ҳаммамизга яхши маълум. Араб тилида қалам сўзининг луғавий маъноси «кесилган, тарашланган, кесик»дир. Шу маънода қалам ёзма адабиётда кўплаб учрайди. Қалам сўзининг ушбу маъно ифодасидан Алишер Навоий ўз асарларидаги бадиийликда усталик билан фойдаланади: «Раиятқа қилса қаламзан ситам, Қаламзаннинг илгини қилсун қалам. Яъни: «Халққа ситам қилган котибнинг қўлини кессин (ёки кесилсин). Ёки: «Муфтиким, ишига музд олиб қилса рақам, Музд ортуқ эса, майл керак қилғай кам, Фатвода чу бўлди музд учун «ло» ву «наам», Қилмоқ керак ул қаламзан илгини қалам.» Яъни: Муфти агар иши учун ҳақ олиб қалам сурса, Ҳақ ортиқ бўлса, камайтирмоғи керак. Йўл кўрсатишда пул учун «ҳа» ё «йўқ» деган ҳукмни берса, У қалам тебратувчи қўлини қаламдек кесмоқ керак.
Қалам ҳақида ёзиш ва уни таърифлаш Ўрта аср ижодкорлари орасида анъанага айланган эди. Шу боисдан, ҳар бир муаллиф асарида бу ҳақдаги фикрларни топиш мумкин бўлади. Албатта, буюк сўз устаси Алишер Навоий бобомиз асарлари бундан мустасно эмас. У қаламнинг фақат эзгу ишларга хизмат қилишини, ҳар кимнинг қаламидан доимо шакар томиб туришини орзу қилади. Бу ҳақда «Фарҳод ва Ширин»да шундай дейди:
«Қалам баҳри кафида турфа ишдур,
Магар дарё аро бутган қамишдур.
Ажаб эрмас қамиш бўлмоғ шакаррез,
Ва лекин бу қамиш бўлмиш гуҳаррез.
Учидин ҳам гуҳар оламға сочиб,
Ичиндин ҳам шакар дўкони очиб.
Саросар гўйиё ул най гуҳардур,
Ғалат қилдим, лаболаб найшакардур».
Қаламнинг ўз даври учун ниҳоятда муҳим ёзув қуролларидан бири эканлиги юқорида келтирилган фикрлардан ҳам кўриниб турибди. Шу сабабли, ёзув ишидаги асосий қурол саналган қаламга ҳамда уни тайёрлаш жараёнига катта эътибор берилган. Ўрта асрларда қалам тайёрлаш иши муҳимлиги жиҳатидан қоғозгарлик каби ҳунармандчиликнинг бир соҳасига айланган эди. Айрим ҳолларда хаттотларнинг ўзлари ҳам бевосита бу иш билан шуғулланганлар. Таъкидлаш лозимки, ўта сифатли қалам тайёрлаш иши кўп ҳолларда махфий сақланган. Чунки бу соҳада ҳам рақобат мавжуд бўлиб, кимнинг моли сифатли бўлса, унинг харидори ҳам кўп бўлган. Қалам усталари ўзларининг доимий мижозларига эга бўлганлар.
Қалам ясаш учун ажратиб олинган қамиш бўлаги сувда тўқ жигарранг олгунга қадар бостирилган ҳолда сақланган. Сўнгра унга бироз ишлов берилгач, бўғин пастидан махсус пичоқ ёрдамида қамишнинг учи тарашланган. Қаламни қаламтарош билан тарашлаш жараёни ўта муҳим ҳисобланиб, кўп ҳолларда бу жараённи хаттотнинг шахсан ўзи бажарган. Чунки хаттотнинг дастхати ва ёзувининг сифати бевосита ана шу жараёнга боғлиқ бўлган. Шу сабабли, баъзи хаттотлар қаламтарош билан ишлаш жараёнини ўта сир тутганлар.
Дастлабки вақтларда довот термини фақат «сиёҳдон» маъносинигина ифодалаб қолмасдан, унинг маъно англатиш кўлами кенгайиб, сиёҳ билан қалам сақланадиган қопқоқли, бежиримгина ишланган қутичани ҳам англатган. Хаттотлик ишининг янада такомиллашиб бориши билан ёзув қуролларининг турлари ҳам кўпайиб борди. Шу туфайли, кейинчалик довот термини фақатгина «сиёҳдон» маъносини ифодалашга хизмат қилган бўлса, «ёзув қуроллари сақланадиган қутича» учун арабча қалам сўзига «ясаш асосидан англашилган нарсаларни сақлашга хосланган, шу каби нарсалар солинадиган нарсани англатувчи отларни ясовчи» форсча-тожикча - дон қўшимчасини қўшиш орқали ясалган қаламдон термини муомалага кирди. Алишер Навоий ўз асарларида ушбу терминдан ҳам ўз ўрнида фойдаланади: «Ямон котиб манзили қаламдонидек чоҳ аро бўлсун, Қаламидек боши яро ва юзи қаро бўлсун».
Қаламдон кўпинча қоғоз бўтқасининг гипсли аралашмасидан ёки мисдан ясалган бўлиб, унинг уст қисми турли бадиий зийнатлар, хусусан, кумушдан ишланган қадама нақшлар билан безатилган. Қаламдонда довот ва қаламдан ташқари яна бир қанча ёзув ашёлари сақланган ва уларнинг ҳар бири ўз номига эга бўлган.
Қаламдонда сиёҳни қуритишда ишлатиладиган қум (рих) ва уни сақлашга мўлжалланган «рихдон», елим учун идиш, бигиз, қисқич, қалам учини артиш учун латта, довотга сув қуйиш мосламаси, чизғич, қайроқтош, таглик кабилар сақланган. Бундай ёзув ашёларини тайёрлашга алоҳида эътибор билан қаралган. Улар тропик юртларда ўсадиган обнус ёки сандал дарахтидан, бронза, жез, пўлат, олтин, кумуш кабилардан тайёрланган. Бу ашёлар шундай ноёб нарсалардан тайёрланса-да, улар оддий ва кўзга ташланмайдиган қилиб ишланган.
Тарихда хаттотлик ва матбаачиликда ишлатиладиган сиёҳ ёки бўёқнинг сифатига эътибор кучли бўлган. Чунки хаттотликда ҳуснихатни таъминлашда қоғоз билан бирга сиёҳнинг ҳам ўзига хос ўрни бор эди. У даврларда сиёҳнинг икки тури кенг тарқалган. Улардан бири суюқроқ бўлса, иккинчиси ҳозирда биз «туш» деб атайдиган сиёҳ турига ўхшаш қуюқроқ ва ялтироқ бўлган. Сиёҳ тайёрлашда хом ашё сифатида аччиқтош, қора куя, ёнғоқ, олча елими кабилар ишлатилган. Сиёҳ рангининг қай кўринишда бўлишига қараб унга хина, ўсма суви, дарё кўпиги, тухум, асал, қанд, туз, нил бўёғи, сирка кабилар илова қилинган. Шунингдек, сиёҳнинг ёки у орқали ёзилган китобнинг доимо хушбўй ҳид таратиб туриши учун атиргул сувидан тортиб анбаргача қўшилган. Ўрта Осиёда энг сифатли сиёҳ тури Бухорода тайёрланган. Бухоро сиёҳи қорамтирлиги, ялтироқлиги, ўчмаслиги, айниқса, хушбўйлиги билан бошқа сиёҳ турларидан ажралиб турган. Бу сиёҳ таратаётган хушбўй ҳид қоғоз ранги билан уйғунлашган тарзда кишига янада яхши кайфият, тетик руҳ бахш этган.
Иброҳимжон Йўлдошев,
Низомий номидаги ТДПУ профессори