Бу Самарқанд аҳли фойдасига қарор чиқарган ва унинг шарафи билан шаҳар аҳли Ислом динига киргани ҳақидаги буюк бир маҳкама тарихидир. Мусулмон ва ғайридинлар орасида ҳар қандай вазиятга қарамасдан Ислом адолатига далил бўлган Ислом тарихининг ёрқин саҳифаларидан бири ҳамдир.
Маълумки, Самарқанд – Марказий Осиёнинг гўзал шаҳарларидан бири. Ислом келишидан олдин бу ўлка аҳолиси мушрик эди. Уларнинг бутлари тошдан ясалган бўлиб, қимматбаҳо тошлар безаб турарди. Бутларга сиғиниш жойи тоғлар ораси эди. Бу олий коҳинлар сиғиниши учун мўлжалланган жой, ундан ташқари, Самарқанд марказида ҳам сиғиниш учун майда-чуйда жойлар кўп эди.
Ўша даврларда зоҳидлиги, солиҳлиги бошқаларга мисол қилиб кўрсатиладиган одам мўминлар амири эди. У адолатли, тақводор ва зоҳид бўлиб, жуда кўп ибодат қиларди. Исми Умар ибн Абдулазиз (680-720) эди (раҳимаҳуллоҳ).
Рум қайсари ва форс шоҳлари эга бўла олмаган ерлар унга тобеъ, у бошқарган мамлакат чегараси Атлантика уммонидан бошланиб, Хитойгача етган эди.
Машҳур саркарда Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги мусулмонлар қўшни Самарқанднинг шарқий тарафига келганларида, шаҳар аҳолиси хабар топиб, мудофаага ўтмаслиги учун шаҳар ортида жойлашган тоққа қараб юришади. Орқа тарафдан ҳужум қилиш имкониятига эга бўлишади. Сўнг улар бўрон каби шаҳарга бостириб киришади ва зикр айтган ҳолларида тезда Самарқанд марказини эгаллашади. Аҳолини эса тўлиқ бўйсундира олишмайди. Шаҳар ҳокими, коҳинлари ва қўмондонлари тоғлар орасидаги бутларга сиғинадиган жойга қараб қочишади, аҳоли эса мусулмонлардан қўрқиб уйларига беркиниб олишади.
Озроқ муддат ўтиб, улар сув ва таом учун уйларидан аста-секин чиқа бошлайди, аввалига бу иш учун ўз болаларини ташқарига чиқаришади; мусулмонлар эса уларга тегмас, аксинча, керакли нарсаларини уйларига олиб келишда ёрдамлашиб ҳам туришар эди. Болалар эса хурсанд ҳолларида уйларига емак ва ичмакларини келтиришар эди.
Шу тариқа қалбларига хотиржамлик иниб, ўз ер ва мулкларига қайтишни бошлашади. Ажабки, мол-мулкларини қандай ҳолатда қолдиришган бўлса, қайтиб уларни шундай ҳолатда топишади. Улар олдинги одатий ҳаётларини давом эттирадилар. Мусулмонлар ва самарқандликлар орасида савдо-сотиқ ва бошқа муносабатлар ўрнатилиши бошланади. Улар мусулмонларда омонатдорлик ва тўғриликни кўришади, мусулмонлар тарафидан уларга ҳеч қандай зулм ҳам бўлмайди.
Бир самарқандлик билан мусулмон ўртасидаги баҳсда шаръий маҳкама самарқандликнинг фойдасига қарор чиқаради. Бу шаҳар аҳолисининг чексиз ҳайратига сабаб бўлади.
Ушбу воқеа ҳақидаги хабарлар тоққа қочиб кетган роҳибларга ҳам етиб боради. Ўшанда улар агар босқинчилар адолат билан ҳукм қилаётган бўлса, уларнинг амирлари ҳам солиҳ киши эканига шубҳа йўқ, дейишади ва ўзларидан бир кишини бўлган воқеаларни унга етказиш учун юборишади.
Шу топшириқ билан ёш коҳин юраги қўрқувга тўла ҳолатда Дамашққача етиб боради. Бир катта саройга кўзи тушади ва буни амирнинг саройи деб ўйлайди, бироқ одамлар негадир бу саройга бемалол кириб чиқишмоқда. Сўнг у ҳам дадилроқ бўлиб ушбу саройга киради. Бу чиройли ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган, узун минорали машҳур Уммавийлар масжиди бўлиб, унда кимдир сажда қилган, кимдир эса рукъуда эди... Бундай мўъжизавий жойни кўрган элчи улар ҳақида фикр юрита бошлади. У мусулмонлар тезда саф-саф бўлаётганини кўриб, бунчалик кўп одам текис саф тортаётганидан анча ажабланди.
Намозни адо қилиб бўлгач, одамлар масжиддан чиқа бошлашди. У мусулмонлардан бирининг олдига бориб, мўминлар амири саройи ва амирларингиз қани деб сўради. Мусулмон киши: “Намозда имом бўлди-ку, наҳотки сен уни кўрмадинг?” деб жавоб берди. Йигит намоз дегани нима? деб сўради. Мусулмон эса, Ягона ва шериклари бўлмаган Аллоҳ таолога таслим бўлиш ва унга ибодат қилиш, дея жавоб берди. Сўнг у: “Сен мусулмон эмасмисан?” деб сўради. Элчи йўқ, деб жавоб берди. Мусулмон эса табассум билан “Сен қайси диндасан?”, деб сўради. Йигит: “Мен Самарқанд коҳинлари эътиқод қилаётган диндаман. Улар эса бутларга сиғинишади”, – деди. Мусулмон: “Биз мусулмонлар Аллоҳ таолога ибодат қиламиз ва унга шерик қўшмаймиз”, деб жавоб берди.
У мўминлар амири уйининг манзилини тушунтириб берди. Элчи йигит унинг айтганлари бўйича бир уйни топиб борди, уй олдида қандайдир одам деворини таъмирлаётган экан. Унинг кийимига лой теккан, абгорроқ бир ҳолда эди. Йигит масжидга қайтади ва ҳалиги мусулмонни топиб: “Устимдан куляпсанми, мен мўминлар амири ҳақида сўраяпман, сен эса деворини таъмирлаётган бир фақир одамга йўллабсан”, деди.
Мусулмон элчи йигит билан Умар ибн Абдулазиз уйига келиб, амирул мўмининни кўрсатди. У эса деворини тузатмоқда эди. Ўшанда элчи яна унинг ҳазиллашаётгани айтди. Мусулмон эса Аллоҳ номи билан қасам ичди. Элчи йигит эса, коҳинларнинг кибрини ёдга олиб ҳайратга тушди. У шундай ўйлар ичра хаёлга шўнғиган пайтда, бир аёл боласи билан мўминлар амиридан “Байтул мол”дан берилаётган нафақасини кўпайтиришларини сўраб келиб қолди. Шунда унинг ўғли амирул муъминийннинг боласи ўйнаётган ўйинчоққа талпинди ва унинг қўлидан тортиб олди. Амир муъминийнинг ўғли ўйинчоғини қайтариб оламан деган пайтда аёлнинг ўғли уни уриб юборди. Шунда боланинг юзи қонади ва ҳар қандай она каби амирул муъминийнинг завжалари ҳам боласи томон чопди ва уни бағрига босиб ярасини боғлади. Кейин аёл ва боласига бақира кетди.
Халифанинг хотини ким эканини биласизми? У сарой ва подшоҳ тарбияланувчиси, отаси, эри ва иниларининг ҳаммаси мусулмонларнинг буюк халифалари бўлган Фотима бинти Абдулмалик эди. Шунда Умар ибн Абдулазиз нима қилдилар?
Аёл ва боласининг юзига боқдилар. Уларни қўрқинч чулғаб олганди, тинчлантирдилар. Ўғилларидан ўйинчоқни олиб боланинг қўлига бердилар. Аёлга оладиганига қўшимча қилиб берилишини буюрдилар. Сўнг ўз ўғилларини юзидан ўпиб уни ҳам тинчлантирдилар. Сўнг хотинларига боқдилар ва: “Меҳрибоним, уни, боласини қўрқитиб юбординг. Пайғамбар (с.а.в.) айтганлар: “Ким бир мусулмонни қўрқитса, Аллоҳ уни қиёмат куни қўрқитади”, дедилар, сўнг деворни тузатишни тўхтатдилар.
Йигит ҳалимлик оғушида эканини ҳис қилиб амирул муъминийнга яқинлашишга журъат этди. Умар ундан нимага келганини сўраганларида, у шундай жавоб қилди: “Хўжам, Самарқанд аҳлининг ҳаққини сўрайман. Сизга Қутайба ибн Муслим устидан шикоят қилиб келдим. Биз сизнинг адолатингизни биламиз, инсоф қилишингиздан умидвормиз. Қутайба тўсатдан бизга ҳужум қилди. Биз сизларнинг уч кун душманга муҳлат беришингиз ва ислом, ёки жизя ёхуд уруш ўртасида ихтиёрли қилиш одатингиз эканини билардик”.
Умар: “Бу бизнинг одатимиз эмас, балки у Аллоҳнинг амри ва Расулининг (с.а.в) суннатларидир”, дедилар. Шунда йигит: “Қутайба бундай қилмади”, деди.
Буларни тинглаган амир қарор чиқаришга шошгани йўқ, чунки у зотнинг фақат бир тарафни тинглаб қарор чиқарадиган одати йўқ эди. Бир парча қоғоз олди ва икки қатор сўз ёзиб деди: “Буни Самарқанд ноибига етказ, у сизларга зулм қилишдан тўхтайди”. Йигит Дамашқдан Самарқандга қараб йўлга отланди. Чўл ва тоғлардан ўтиб борар экан, ўзича: “Шу бир мактуб Қутайба қиличлари олдида нима қила олар экан? Самарқандга келгач у мактубни коҳинларга беради. Улар эса, бу мактубга кўра қарор чиқариши учун уни ноибга беради. Ноиб мактубдан хайратга тушса ҳам у мўминлар амири қўлини (ёзувини) танир эди. У, ҳақиқатан ҳам, мактуб амирдан эканига ишонч ҳосил қилиб, хатни очди, унда эса қуйидаги сўзлар битилган эди: “Мўминлар амиридан Самарқанд ноибига. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ! Самарқанд коҳинлари билан Қутайба ўртасидаги мубоҳасани ҳал қилиш учун қози тайинла. Ўзинг эса, Қутайба ибн Муслим ўрнини эгалла”. Ноиб Қутайбани ғалаба ва фатҳлардан чалғитмаслик учун уни орқага қайтаришни истамас эди.
Бироқ на чора, амирнинг буйруғини бажариш керак. У тезда қози тайин қилади. Қози Қутайбага тез қайтишни буйради. Маҳкама масжидда бўлиши тайин қилинади. Коҳин ва аҳолини ҳам масжидга йиғишади, Қутайба ибн Муслим ҳам келтирилади. Унга қозининг буйруғи етиб борганида, у қайтиш учун икки кун отдан тушмасдан шаҳарга қайтиб келади. Коҳинлар Қутайбанинг қайтиб келганини эшитиб, қўрқувдан сув терга ботишади.
Қутайба масжидга кирди, қиличини қўйди ва қози олдига келиб турди. Қози эса, Қутайбага даъвогар ёнида ўтиришга амр этди. Маҳкама жараёни бошланди.
Сўнг қози коҳинга юзланиб даъвосини арз қилишни айтди. Коҳин: “Бу қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов; ислом ёки жизя ёки ҳарбни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди”, деди.
Қози Қутайбага юзланди ва: “Бу шикоятга нима дейсан?”, деди. Қутайба унга жавоб қилди: “Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Ҳарб бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли. Фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Мен билардимки, агар икки томон урушадиган бўлса қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ мени бу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга исломни танитдик!”
Қози унга: “Эй Қутайба, уларни исломга ёки жизяга ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?”, деди. Қутайба жавоб қилди: “Йўқ. Айтган сабабларимга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик”. Шунда қози деди: “Эй Қутайба, сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса муҳокама тугайди. Эй Қутайба, Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолатла туриш дин буюкликларидандир. Аллоҳга қасамки, биз уйимиздан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учунгина чиққанмиз. Ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва ноҳақ унда олий бўлиш учун чиқмаганмиз!”.
Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: “Мусулмон қўшинининг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва ислом ёки жизя ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва пайғамбари (с.а.в.)нинг суннатининг татбиқи бўлади”. Мусулмонлар шаҳарни тарқ қила бошлашди, қози ҳам туриб коҳинлар олдида чиқиб кетди. Коҳинлар ўз кўзларига ишонмай қолишди, Самарқанд аҳли эса мусулмонлар шаҳарни қандай тарк қилаётганини кузатиб қолишди. Ўшанда ўша йигит: “Аллоҳга қасамки, уларнинг дини – ҲАҚ”, деди ва калимаи шаҳодатни айтди. Йигит орқасидан коҳинлар ҳам Аллоҳнинг ягоналигига шоҳдат келтирди ва Исломни қабул қилди.
Ўшанда иш узоқ чўзилмай Самарқанд аҳлининг ҳаммаси Исломни қабул қилганди. Ҳа, бу Аллоҳнинг барҳаёт дини Исломдир! Бу бизнинг умматларнинг яхшиси бўлган кунларимизда нур, раҳмат ва адолат билан ёзган тарихимиздир!..
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади