Саддам Ҳусайн ҳам аста-секин ўз шахсига сиғинишни шакллантирди. Бу ҳолат айниқса, қуйидаги мисолларда ёрқин намоён бўлди:
Саддам Ҳусайн номи билан аталган Бағдод аэропортида мамлакат президентининг портретлари илиниб турар, шаҳар вокзалининг бетон устунларида эса «Аллоҳ ва Президент биз билан, йўқолсин Америка!» деган ёзув битилган эди.[1]
У Қадимий Бобилнинг тиклашда ишлатилган ҳар ўнта ғиштнинг бирига ўзининг исмини ёзиб қўйиш ҳақида буйруқ берди. Ушбу буйруқ натижасида Шоҳ Навухудоносорнинг қадимий саройи қайта қурилди, унинг ғиштларига эса Саддамнинг исми ёзиб чиқилди.
Саддам Ҳусайн давридаги кўплаб саройларнинг ғиштларига унинг имзоси ёки «Саддам Ҳусайн даврида қурилган» деб ёзилган саккиз бурчакли юлдуз ўйиб ёзилди.
1991 йилда мамлакатда Ироқнинг янги байроғи қабул қилинди. Ҳусайн бу байроққа ўз қўли билан «Аллоҳу акбар» деб ёзиб қўйди. Бу ёзувдан ташқари байроқда БААС партиясининг шиори – бирлик, озодлик ва социализм рамзи бўлган учта юлдуз ҳам бор эди. Байроқ 2004 йилгача шу кўринишда қолди, сўнгра янги Ироқ ҳукумати Саддам Ҳусайн даврини эслатиб турувчи белги сифатидан ундан воз кечди.[2]
Саддам Ҳусайн ҳукмронлиги даврида Ироқдаги деярли барча давлат муассасаларида унинг сон-саноқсиз ҳайкаллари ва портретлари ўрнатилди. Унинг биринчи ҳайкали 1989 йил 12 ноябр куни Бағдодда ўрнатилди. Бағдод кўчаларида, ҳар бир бино ва ташкилотни, ҳатто деворлар, дўкон ва меҳмонхоналарни ҳам унинг минглаб ҳайкаллари босиб кетди. Давлат раҳбарининг портрети турли-туман шакл ва кўринишларда бўлар, Саддам ҳали маршал мундирида, ҳали давлат арбоби либосида, гидроэлектрстанциялар ёки тутун чиқиб турган завод қувурлари олдида, қўлида милтиқ билан пальтода, деҳқон ёки бадавий ва ҳоказолар либосида тасвирланар эди.[3]
СССР ташқи ишлар министри Э.Шеварднадзенинг ёрдамчиси ва котиби Теймураз Степанов 1989 йилда раҳбари билан бирга Ироққа борганида кундалигига шундай деб ёзган эди: «Бағдод давлат раҳбарининг портретлари сони бўйича дунёда биринчи ўринда туриши аниқ (Пхеньян ва Дамашқдан ҳам олдинда)».[4]
Мамлакатдаги барча вазирликларда Саддамнинг у ёки бу вазирликнинг фаолиятига мос либос ва жиҳозлар билан тасвирланган улкан портретлари осилиб турарди. Вақт ўтиши билан Саддам Ҳусайннинг портретлари деярли барча жойда – калитнинг ҳалқасида, соч тўғноғичда, ўйналадиган қарталарда ва қўл соатларида пайдо бўла бошлади. Саддам Ҳусайннинг мисли кўрилмаган жасоратлари ҳақида романлар ёзилар, фильмлар суратга олинарди.
Телевидениеда экраннинг бир бурчида Саддам Ҳусайннинг масжид олдидаги сурати туриши шарт қилиб қўйилди. Ҳар намоз пайти бўлганида Қуръон тиловати қўйилиб, президентнинг намоз ўқиётгани тасвирланарди. 1998 йилдан бошлаб эса доҳийнинг ҳар туғилган кунида биттадан янги масжид очиладиган бўлди.
Ироқ оммавий ахборот воситалари Саддамни миллат отаси, мактаб ва шифохоналар қуриб берган зот сифатида тасвирлаши лозим эди. У ҳукмронлик қилган даврдаги кўпгина видеолавҳаларда ироқликлар президентнинг ёнига келиб, унинг қўлини ёки ўзини ўпаётгани тасвирланган. Мактаб ўқувчилар президентнинг шонли ҳаёт йўлини мадҳ қилувчи қасидалар ўқишарди. Мактабдаги дарсликларнинг биринчи саҳифасида Саддамнинг сурати босилар, китобларнинг Саддам Ҳусайн суратлари ва сўзларидан иқтибослар билан тўлиб-тошган саҳифаларида эса доҳий ва БААС партияси улуғланарди.[5] Газеталардаги мақолалар ҳам, илмий асарлар ҳам президентни улуғлаш билан бошланиб, яна шундай якунланарди.
Жуда кўплаб муассасалар, қурол-яроғлар ва туманларга унинг номи берилган эди: Саддам номли халқаро аэропорт, Саддам номли стадион, Саддам Ҳусайн номли кўприк (2008 йилда имом Ҳусайн кўприги деб номланган)[6], Бағдоддаги «Саддам-сити» мавзеси, «Ал-Ҳусайн» ракеталари (бунгача номи «Скад» бўлган), Саддам Ҳусайн университети (ҳозир «Ал-Наҳрайн» университети), Саддам санъат маркази, Саддам номли тўғон, 28 апрель кўчаси (Саддамнинг туғилган куни; 2008 йилда «Ал-Салҳия» кўчаси деб номланди).[7] Босиб олинган Кувайт Ироқнинг «Ас-Саддамия» номли 19-вилояти деб эълон қилинган эди.[8] [9]
Саддам Ҳусайн «миллат отаси» ҳисоблангани учун у махсус телефон жорий қилган бўлиб, фуқаролар шу телефон орқали у билан «маслаҳатлашиши», ўзининг норозилигини билдириши мумкин эди. Бироқ, бу телефон бироз вақтдан сўнг бекор қилинди.
Саддам шахсига сиғинишнинг энг ёрқин кўринишларидан бири – унинг сурати туширилган қоғоз пул ва тангаларнинг муомалага чиқарилиши бўлди. Саддамнинг сурати туширилган дастлабки тангалар 1980 йилдаёқ зарб қилинган эди. 1986 йилдан буён Ироқ президентининг портрети мамлакатдаги барча пулларда босила бошлади. Саддам Ҳусайн ҳукмронлик қилган давр мобайнида Ироқда икки хил валюта – эски ва янги динорлар муомалада бўлди. Саддамнинг сурати туширилган динорлар Форс кўрфазидаги урушдан кейин узил-кесил жорий қилинди (1991). Эски динорлар эса Ироқнинг шимолидаги мухтор вилоят – Курдистоннинг асосий пул бирлиги ҳисобланади.
Абу Муслим. "Шахсга сиғиниш" китобидан
[1] Олег Ермолаев. В Багдаде не все спокойно. Тюменская региональная интернет-газета «Вслух.ру» (10 октября 2001).
[2] С иракского флага уберут автограф Хусейна. «Подробности-ТВ» (23 января 2008).
[3] Ефим Шуман. Саддам Хусейн: на вершине власти. НЕМЕЦКАЯ ВОЛНА (29.01.2003)
[4] "Золотой век" Саддама Хусейна. Газета «Известия» (26 февраля 2003).
[5] В Ираке новый учебный — 1937 год «Коммерсантъ-Власть»
[6] С улиц Багдада стирают след Саддама Хусейна. ForUm (19 июля 2008).
[7] С улиц Багдада стирают след Саддама Хусейна. ForUm (19 июля 2008).
[8] Quoted in Lawrence Freedman. A Choice of Enemies: America Confronts the Middle East. New York: PublicAffairs. 2008. pp. 217—218. See also Rabinovich and Shaked, pp. 403—404.
[9] Кувейтский кризис и война в Заливе // А. В. Торкунов. Современные международные отношения