1880 йил январида тегинларга қарши ҳарбий экспедиция қўмондони этиб генерал-лейтенант Скобелев тайинланди. Скобелев тузган режа тасдиқланди ва намунавий деб тан олиниши лозим эди. Унинг мақсади Ахал-Тегин воҳасида истиқомат қилувчи тегин Туркманларига ҳал қилувчи зарба бериш эди. Ўз навбатида, кампания ҳақида билиб олгач, тегинлар Денгил-Тепа (Гўк-Тепа) қалъасига кўчиб ўтишга қарор қилишди ва ўзларини фақат шу нуқтани ҳимоя қилишни чеклашди.
Денгил-Тепа қалъасида 45 минг киши, шундан, 20-25 минг қуролли ҳимоячи, жумладан, 7-10 минг отлиқ аскар бўлган. Қалъа ҳимоячиларининг қуроллари энг ибтидоий, асосан совуқ қуроллар эди. "Тезотар қуроллар билан қуролланган замонавий турдаги армияга қарши, - деб ёзади А. Н. Куропаткин, - ҳар бир эркак жангчи ҳисобланган, лекин қилични ўзининг асосий қуроли деб, қўл жангини асосий жанг тури деб ҳисоблаган аҳоли курашди". Гўк-Тепа ҳимоячиларида фақат 4-5 мингта милтиқ бор эди, шу жумладан, 1879 йилдаги биринчи экспедиция давомида қўлга киритилган 600 рус «берданка»си. Тегинлар асосан тунда чиқиб, русларга катта зарар етказган, ҳатто бир марта байроқ ва иккита тўпни қўлга киритган.
Скобелев ўзи қўққисдан чиқиш қилиб, ҳамма ёққа бориб, ҳамма қудуқларни, йўлларни текшириб, кейин қўшниларига қайтди. Кейин ҳужум бошланди. Қалъага штурм 1881 йил 12 январь куни бошланган. Соат 11 дан 20 дақиқ ўтганда биринчи мина портлади. 70 пуд порохнинг кучли портлаши Шарқий деворнинг катта қисмини кўкка кўтарди ва Гўк-Тепа ҳимоячиларини ҳайратга солди. Полковник Куропаткиннинг колоннаси ҳужумга кўтарилганда портлашдан чиққан чанг ҳали ерга қўнмаганди. Подполковник Гайдаров Ғарбий деворни қўлга олишга муваффақ бўлди. Қўшинлар эса умидсиз қаршилик кўрсатган душманни босдилар. Ҳужум деярли бутун кун давом этди, қалъа ҳимоячиларининг жасорати "ғалаба умиди йўқолгани учун ҳамма ҳурматга лойиқ эди". Подшо қўшинларига буйруқ берилди: "ҳеч қандай асир керак эмас". Шунинг учун улар қўлга олинган одамларни ажратиб олишди, олдинга олиб чиқишди ва уларга бараварига ўқ отиб ўлдиришди. Узоқ давом етган жангдан сўнг тегинлар, қалъада қолган ва жанг қилиб ҳалок бўлганлар бундан мустасно, шимолий йўлаклар орқали қочишга тушди. Қалъа қулаганидан сўнг Скобелев отлиқларни шахсан қалъага олиб кириб, ундан ўтиб, чекинаётган ҳимоячиларни қоронғу тушгунча 15 чақиримгача қувиб борди. Пиёдалар уларнинг ортидан эргашиб 10 чақирим юришди. Қўшинлар қочаётганларни, асосан тинч аҳолини ҳеч қандай раҳм-шафқатсизларча отиб, чопиб ташлашди. Таъқиб давом этаркан, қалъанинг ўзида "тозалаш ишлари амалга оширилди: ҳужраларга яшириниб олган тегинлар топилиб, охиргисигача қириб ташланди". Кўпчилик аёллар раҳм-шафқат сўраб, ўтовлар оралаб у ёқдан бу ёққа югурарди.
Ҳужум куни қалъа ҳимоячиларининг йўқотишлари ҳақидаги маълумотлар турлича. Аммо аксарият муаллифлар бу кўрсаткични 8 минг киши деб аташади. Ҳужум билан қамал давомида русларнинг йўқотишлари 1104 кишини ташкил этди, ҳужум пайтида 398 киши йўқолган эди (шу жумладан 34 офицер). Қалъа ичкарисида 5 минггача аёл ва бола, 500 форс қуллар ва 6 млн рублга баҳоланган ўлжа қўлга киритилди. Гўк-Тепа қулаганидан бир кун ўтиб Скобелев қўлга олинган шаҳарни талон-тарож қилиш учун тўрт кун давом этадиган баранта эълон қилди. Гилам, кумуш, қурол-яроғ ва бошқа талон-тарож қилинган буюмлар арзимаган пулга сотилди. Аскарлардан ташқари форслар ҳам талончилик билан шуғулланганлар. Курдлар айниқса шафқатиз эди
Гўк-Тепа қўлга олинганидан кейин, тез орада Скобелев полковник Куропаткин амри остида отрядларни юборди; улардан бири Ашхободни ишғол қилди, бошқаси эса шимолга 100 чақирим кўпроқ юриб, аҳолини қуролсизлантириб, воҳаларга қайтарлиб ва ўлкани тез тинчлантириш учун ҳаракат қилди. 14 январь куни Скобелев инфантерия генерали даражасига кўтарилди, 19 январда эса 2-даражали Авлиё Георгий ордени билан тақдирланди. Бироқ, у тез орада, эҳтимол, фуқаро аҳоли орасида катта қурбонлар ва шафқатсизлик туфайли қўмондонликдан четлатилди. Гўк-Тепани қамал қилиш чоғида Скобелев агар унга буйруқ берилса, "худди ҳозир тегинларни отиб ташлаганидек, Рязан деҳқонларини ҳам хотиржам отиб ташлаши"ни айтганди. Ҳатто ўлим олдидаги талваса пайти ҳам, руҳонийнинг Гўк-Тепада бегуноҳ 8000 одамни қириб ташлагани учун виждон азоби ҳис қилиши ҳақидаги саволига Скобелев: "80 минг кишини қириб ташламаганимга пушаймонман" деб жавоб берган
Туркманистонда Гўк-Тепа жангининг сўнгги куни бўлган 12 январь санаси миллий байрам бўлиб, хотира ва мотам куни сифатида эъзозланади.
1881 йил 6 май куни вилоят Россия империясининг Закаспий вилояти таркибига киритилди. 1883 йилда генерал Комаров қўмондонлигидаги қўшинлар Тежен воҳасини эгаллаб, 1884 йилда майор Алихонов Мервни ҳийла билан қонсиз эгаллади.
Абу Муслим таржимаси