XVI аср охири ва XVII аср бошларида кечган кескин ижтимоий-сиёсий воқеалар интиҳосида Мовароуннаҳрда янги сулола – Аштархонийлар сулоласи қарор топди. Бу давр воқеаларида Нақшбандия тариқати пирлари сиймоси яққол кўзга ташланади. Сўнгги шайбоний ва илк аштархоний ҳукмдорлари оғир вазиятларда мамлакатда сиёсий барқарорликка эришиш учун шайхларнинг диний обрўйидан фойдаланишга интилдилар.
Ўз даврининг кўзга кўринган шайхи, Нақшбандийлик тариқати пирларидан бири Ҳазрат Хўжа Имганакий (1512-1602) фаолиятида маънавий-руҳий томонлар билан бирга ижтимоий-сиёсий қирраларни ҳам кузатиш мумкин. Ўттиз йиллик шайхлик маснадида турган даврда кўпгина подшоҳлар бу зоти шариф остонасига келиб, унинг дуосига мушарраф бўлдилар ва баъзи масалаларни ҳал қилишда шайх маслаҳатига таяндилар. Аштархонийлар сулоласининг биринчи вакили Боқимуҳаммадхоннинг (Султон Боқий) (1601-1605) олий ҳукмдор бўлишига Хўжа Имганакийнинг панд-насиҳатлари, йўл-йўриқ ва кўрсатмалари қўл келди[1]. Маълумки, шайбонийлар давлатининг ҳукмдори Абдуллахон II (1557-1598) вафот этгач, тож-тахт унинг ўғли Абдулмўминга (1567-1598) ўтди. Абдулмўминнинг қаттиққўллик билан юргизган сиёсатидан норози бўлган гуруҳлар олти ой ўтгач, Зоминда уни ўлдирдилар[2].
Шундан сўнг шайбонийлар салтанатида бебошлик бошланади. Бухоро тахти Абдуллахон II нинг амакиваччаси, Жонибек султоннинг ўғли Пирмуҳаммад II ибн Сулаймон султон (1598-1601) қўлига ўтди. Балх Аб дуламин, Ҳирот ва Марв эса Абдуллахон II нинг опаси Зуҳрахоннинг ўғли Динмуҳаммадхон тасарруфига кирди. Динмуҳаммадхон ҳалок бўлгач, унинг икки укаси – Боқимуҳаммад (1601-1605) ва Валимуҳаммад (1605-1611) Хуросондан Бухорога келдилар. Бу вақтда Бухоро остоналарида қозоқ хони Таваккалхон (1586-1598) билан Бухоро хони Пирмуҳаммад II ўртасида қонли жанглар кетаётган эди. Оғир жанглардан сўнг сулҳ тузилиб, унга мувофиқ, Пирмуҳаммадхон Таваккалхонга Тошкентни берди[3].
1599 йилдаги жангларда Пирмуҳаммадхон II томонида туриб жасорат кўрсатгани учун Боқимуҳаммадхонга Самарқанд ҳукмронлиги ҳадя этилди. У Самарқандда мустаҳкамланиб олгач, Пирмуҳаммадхон II га бўйсунмай қўйди ва мустақил ҳукмдорга айланди. Бу нарса Пирмуҳаммадхош II га маъқул бўлмади ва у Самарқандга, Боқимуҳаммад устига юриш қилишни режалаштира бошлади[4].
Боқимуҳаммадхоннинг мухолиф билан жанг қилишга етарли қуввати йўқ эди. Шу боис, у Хўжа Имганакийга мурожаат этиб, икки ўртада воситачилик қилишни ва Пирмуҳаммадхон II ни ўз ниятидан қайтаришни сўрайди. Хўжа Имганакий Пирмуҳаммад II олдига бориб, панд-насиҳат қилди, Самарқанд тахти даъвосидан воз кечишни сўради. Лекин шайх илтимоси қабул қилинмади. Хўжа Имганакий Боқимуҳаммадхон олдига қайтиб, унга инсоф-адолат билан иш юритишни, халққа озор бермасликни ва зулму ситам қилмасликни буюрди ҳамда Пирмуҳаммадхон II билан бўладиган муҳорабада зафар қучишини башорат қилиб, дуога қўл очди[5].
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу тарихий жанг Самарқанд яқинидаги Боғишамол мавзеида 1601 йилда бўлиб ўтди. Боқи Муҳаммадхон ўзининг тўрт минглик қўшини билан Пирмуҳаммадхон II нинг эллик минг қўшини устидан ғалаба қозонди ва Мовароуннаҳр тахтини узил-кесил эгаллади[6].
Шайбонийлар ҳукмронлигининг сўнгги ва аштархонийлар ҳукмронлигининг дастлабки даврларида Жўйбор хўжаларининг кўзга кўринган вакили Хўжа Тожиддин (1574-1646) мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юқори мавқе тутарди. Илк аштархонийлар даврида ҳам Бухоронинг хўжалар яшайдиган Жўйбор маҳалласи алоҳида ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этган. Талабалар қаҳрига учраган мударрислар, хон илтифотига талабгор шахслар маслаҳат ва паноҳ сўраб Жўйборга, Хўжа Тожиддин ҳузурига келишарди.
Хўжа Али Рометаний авлодларидан бўлган Хўжа Тоҳир Рометанийга омонат даъвосини қилиб, кўпсонли толиби илмлар уни ўлдириш пайига тушадилар. Хўжа Тоҳир Рометаний эса, паноҳ излаб Жўйборга, Хўжа Тожиддин ҳузурига келади. Дарғазаб толиби илмлар бундан хабар топиб, Хўжа Тожиддиндан «гуноҳкор»ни беришни талаб қилганларида, Хўжа Тожиддин уларни адлу инсофга чақириб, ғазабларини пасайтиришга муваффақ бўлади ҳамда эртасига Бухоро уламо ва қозиларини чақириб, масалани тинч йўл билан ҳал этади. Хўжа Тоҳир Рометаний айбсиз деб топилиб, қатлдан асраб қолинади[7].
Саййидқули девонбеги бир мажлисда Мирза Шариф аъламни ҳақорат қилиб, толиби илмлар қаҳрига учраганда ва ҳаёти хавф остида қолганда, Хўжа Тожиддин аралашуви билан қутқариб қолинади[8].
Кўплаб соҳиби мансаблар Хўжа Тожиддинни ўзларининг пирлари ҳисоблаб, унга маънан итоат этганлар. Абдуллахон амирларидан бири Дўстим қушчининг Хўжа Тожиддинга ихлос-эътиқоди кучли эди. Ҳиндистон подшоҳларидан Шоҳ Салим, Султон Хуррам, Хоразм подшоҳларидан Арабхон ва Исфандиёрхон, Тошкент ҳукмдорларидан Турсун Дўстимхон, Андижон подшоҳларидан Абулой султон, Қошғар ҳукмдорларидан Оппоқхон ва Абдулкаримхонлар Хўжа Тоджиддинга бўлган ихлос-эътиқодлари юзасидан бир неча бор унга қимматли туҳфалар жўнатганлар[9].
Аштархоний Имомқулихон (1611-1642) ҳам Хўжа Тожиддиннинг диний-маънавий обрўси билан ҳисоблашар ва унинг илтимосларини инобатга оларди. «Матлаб ат-толибин» асарида келтирилишича, бир пайтлар Имомқулихон Қоқлик мавзеида оҳу ови билан машғул эди, лекин ов бароридан келмади. Дарғазаб бўлган хон ўз лашкарларига шу атрофда яшовчи ўзбекларнинг мол-мулкини талон-торож қилишни буюрди. Оқибатда аксарият аҳоли азият чекди. Шунда Имомқулихон хизматидаги Шукурбий оталиқ ва Нодир девонбегилар таланган аҳолига хайрихоҳ бўлиб, Хўжа Тожиддин олдига келдилар ҳамда ундан аҳолинннг мол-мулкини қайтариб беришни хондан сўрашни илтимос қилдилар. Хўжа Тожиддин аралашуви билан аҳоли мол-мулки ўз эгаларига қайтаришди[10].
Ўз навбатида Бухоро хони Имомқулихон ҳам баъзи ишларни Хўжа Тожиддин билан бамаслаҳат қиларди. Айрим шахслар Хўжа Тожиддин тавсияси билан лавозимларга тайинланган. Имомқулихон амалдорларидан бири, нақиб вазифасини эгаллаб турган Турсун Хўжа нақиб вафот этгач, бу лавозимга киши тайинлаш учун Имомқулихон Хўжа Тожиддиндан маслаҳат сўраган ва унинг тавсияси билан бу лавозимга кекса бўлишига қарамай Иброҳим Хўжа тайинланган[11]. Бу шахс саййид Атоийлар авлодига мансуб эди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Хуллас, XVI аср охири-XVII аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётни Нақшбандия тариқати шайхлари иштирокисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
Ҳалим Тўраев
Бухоро Давлат университети доценти,
тарих фанлари номзоди
[1] Муҳаммад Носириддин Бухорий. Туҳфат аз-зоирин. Тошбосма. Бухоро нашри, 64 б.
[2] Абдуллахон билан унинг ягона ўғли Балх ва Бадахшон ноиби Абдулмўмин ўртасидаги муносабатлар 1589 йилдаёқ ёмонлашган эди. Чунки Абдуллахон Ҳиротни эгаллагач, уни Абдулмўминга эмас, балки ўз амири Қулбобо кўкалдошга беради. Бунинг устига Абдуллахон ўзининг Хуросон ноиблари Қулбобо кўкалдош ва Динмуҳаммад султонга Абдулмўминга итоат этмаслик ҳамда қулай вазият туғилганда уни жисмонан йўқ қилиш тўғрисида фармон беради. 1598 йил бошларига келиб, Абдулмўмин отаси Абдуллахонга қарши очиқ кураш бошлайди. Лекин Бухоро ва Балх шайхлари аралашуви билан ота ва ўғил ўртасида юз бериши мумкин бўлган ҳарбий тўқнашувнинг олди олинади. Қаранг: Ахмедов Б.А. Историко – географическая литература Средней Азии XVI-XVIII вв. – Т.: «Фан», 1985. – 61-65 б.; яна қаранг: Мухаммад Юсуф Мунши. Муким-ханская история / Перевод с таджикского, предисловие, примечания и указатели А.А.Семенова. – Т.: «Изд-во АНУзССР», 1956. – 69-71 б.; яна қаранг: Муҳаммад Толиб Хўжа. Матлаб ат-толибин. ЎзФА ШИ, қўлёзма, инв. №3757, 152 а
[3] Ахмедов Б.А. Историко – географическая литература, 105 б.
[4] Ўша асар, 106 б.
[5] Туҳфат аз-зоирин, 65 б.
[6] Туҳфат аз-зоирин, 65 б.; яна қаранг: Ахмедов Б.А. Историко – географическая литература, 106 б. Қўшинлар сони бўрттириб кўрсатилган бўлиши керак.
[7] Матлаб ат-толибин, 146 аб
[8] Матлаб ат-толибин, 147 аб
[9] Матлаб ат-толибин, 159 аб
[10] Матлаб ат-толибин, 147 б, 148 а
11 Матлаб ат-толибин, 149 аб